Telegram Web Link
АЛДАГАН ...

Гулдай умринг кулдай тўзиб кетмоқда,
Кимни кутиб ёшинг қирқдан ўтмоқда,
Ёлғизмисан энди сен бу чорбоқда,
Энди йўқлаб келмасму у алдаган?..

Ўт ҳам ўсар бир-бирига суйкалиб,
Сен на ёрсан, сен на тулсан, эй ғариб,
Ҳеч бўлмаса кўнгил учун ахтариб,
Бир бор келса бўлмасму у алдаган?..

Очил гулим, айт ўзимга дардингни,
Гулфурушлар қайдан билсин қадрингни.
Ёмғирман деб юзинг силаб, баргингни
Тўкиб кетган дўлмасму у алдаган?..

Не мунчоқ, у тенги йўқдир, тизимсиз,
Не олчоқ, у, руҳи жонсиз — жисмсиз,
Йиллар билан ич-ичингга исмсиз
Чўкиб кетган кўлмасму у алдаган...

Гулдай умринг кулдай тўзиб кетмоқда,
Кимни кутиб ёшинг қиркдан ўтмоқда.
Елкангдаги етти қатор сиртмоқда
Осилибгина ўлмасму у алдаган...

Юзларингни кўргандайман қайдадир,
Қўл ушлашиб юргандайман қайдадир,
Неки қилсанг, ахир бир кун қайтадир,
Айт, мабодо менмасму у алдаган?!

©Муҳаммад Юсуф
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ОҚИБАТ

Меҳр юракларда қотса ичикиб,
Оқибат ҳам бўлгай анқо уруғи.
Элнинг кичигини ғажир кичиги,
Улуғини эса улуғи...

Полвони полвонин чалмоққа маҳтал,
Дорбози дорбозин кўролмай яшар.
Ҳофизлари қўшиқ айтишдан аввал,
Бир-бирларин қарғаб овоз созлашар.

Зиёлиларига керакмас майдон:
Тинчитар бир-бирин сал ғойибона,
Олими олимин олимлик билан,
Шоири шоирин ҳам шоирона!...

Меҳр юракларда қотса ичикиб,
Оқибат ҳам бўлғай анқо уруғи,
Элнинг кичигини ғажир кичиги,
Улуғини эса чайнар улуғи.

Андиша деган бир боғ бўлар вайрон,
Гўё бу чамандан ялмоғиз ўтган.
Оналар қизларин танимай ҳайрон,
Қизлар оналарин исмин унутган.

Бир умр елкада кўтариб ўзи,
Ўзи боласининг раҳмига муштоқ.
Ўғиллар муштидан кўкариб юзи,
Оталар йиғлагай сочлари оппоқ...

Бўлди. Шеърим тамом. Ахир  сиз чидаб
Юрибсиз-ку, нима қипти мен юрсам.
Томоғимда жоним турибди йиғлаб,
Жондан айриламан энди гапирсам!..

© Муҳаммад Юсуф
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
МУДДАО

Кузда гўзал бизнинг Фарғона,
Қиёси йўқ жаннат маскандур.
Уйимизни соғиндим она,
Боғимизда беҳи пишгандур…

Елар елдек, қирда беармон,
Туёқлари чақноқ қулунлар.
Сойда танга сочардур ҳамон,
Ўғил сўраб сулув келинлар.

Сизчи, юрибсизми, ғимирлаб,
Кўнглингизда ғаройиб ҳислар.
Олдингиздан ўтса қиқирлаб,
Сочига қўл тегмаган қизлар.

Мен ҳам ўша ўшаман, нодон,
Гоҳ панд бериб, гоҳида панд еб.
Машҳур қил деб сўраб Худодан,
Сўрамабман бахтли бўлай деб.

Кузда гўзал бизнинг Фарғона,
Қиёси йўқ жаннат Ватандир.
Хатим тамом. Айтгандек, она,
Зеби эрга тегиб кетгандир?!

© Муҳаммад Юсуф
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
*  *  *
Салом. Омонмисан...
Жонгинанг соғми,
Мен учун, юракдан айтар сўз, борми?

Балки эсламадинг, ўйламай бир бор,
Менсиз ҳам ҳаётинг гўзалдир нигор.

Нафрат кўзи кўрдир, исёндир, фироқ,
Меҳрингсиз яшашдан, ўлим, яхшироқ!

Йўқ дейсан биламан, соғингандирсан?
Қай ҳолда экан деб, оғрингандирсан?

Йўллар чизгисида, бош эгмас тақдир,
Йиллар ўтган сайин муҳаббат, бахтдир.

Чўлнинг саҳросида, бир дарахт толган,
Соғинч ҳижронидан, ёнгани-ёнган.

Ўтмишга айланди, энг бахтли онлар,
Ўлсам ҳам барибир...
Отаркан тонглар!

Умр кемасида, тўфондир ҳар он,
Қирғоқлар чорлови гоҳ қилди сарсон.

Бугун сен хуш кўрган - ёмғир тинмади,
Сен ёдимга тушдинг, юрак ингради...

Мактуб юбормоқлик, истайман...
Кечда!
Ёзилган мактублар, ёқилур печда...

© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Онасиз уй - ойсиз тун
Экан энди ўйласам,
Қалбни ўртар дардларим,
Қай бирини сўйласам?
Сизсиз кўчам бефайз,
Ҳаловат йўк уйда ҳам,
Фариштаси тарк этган
Остонаман, онажон!

© Муҳаммад Юсуф
🎤 Муҳаммад Юсуф ўқиган
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Қаерда муҳаббатсиз оила бўлса, ўша ерда оиласиз муҳаббат ҳам бўлади.

© Бенжамин Франклин


https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Агар сени дўстларингдан ташқари душманларинг ҳам пинҳона ўқиётган бўлсалар, демак, ҳақиқий ёзувчи бўлибсан...

©Ф. М. Достоевский
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Бўм-бўш кўчада тунда ёниб турган чироқдек бўлма!
Ким учун ёниб турганинг аниқ бўлсин...

© Нажиб Фозил
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Идеал аёл топилмагунча уйланмасликка қарор қилдим. Кейин уни топдим. Лекин қарасам у ҳам идеал эркак қидираётган экан.

© Анис Мансур
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Яшашни давом эттиришнинг ягона усули – хотираларнинг сени азоблашига йўл қўймаслик...

© Габриэл Гарсиа Маркес
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Чиройли қизлар ва аёллар камдан кам вазиятларда холи қолишади, лекин аслида улар батамом ёлғиздирлар. Сабаби, уларга эркаклар нафс билан, бошқа аёллар эса ҳасад билан муносабатда бўлишади.

© Стендаль
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ХАЁЛИМДА БЎЛДИНГ УЗУН КУН...

Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер, деб ойга ёлвордим.

Ишон, бунда сени доимо
Эсга солар чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солар бахтиёр кунлар.

Толеимнинг ошиноси сен,
Сен севгимнинг кўкарган боғи.
Сенинг билан бирга иқболим,
Ишончимнинг сен вафо тоғи.

Мени қуршар салқин бир ҳаво,
Сув устидан тун қуюлади.
Шунда қанча-қанча гапларни
Эсга солиб ой ҳам тўлади.

Кеча жим-жит, ёлғиз тўлқинлар
Пишқиради билмай тинимни.
Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,
Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

©Хамид Олимжон
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Сен совуқ плашда кўриндинг бир кун –
Булутлар осмонда оқарди оғир,
Куз бўлиб, дам-бадам ёғарди ёмғир…
Сен совуқ плашда кўриндинг бир кун,
Соҳир кўзларингда баёнсиз бир ун.

Нетардинг тикилиб?
Нетардим қараб?
Айт, киргинг келдими менинг қалбимга?
Ланг очиқ эшикдан киргандек, ажаб
Ва ё мен кирдимми сенинг қалбингга,
Сен совуқ плашда кўринган бир кун?

Ёдимда сақланар ҳаммадан бурун:
Қизардинг,
Кўзларинг яширдинг кўп бор.
Ёғиб ўтар экан ёмғир кечқурун,
Энтикиб тикилдинг менга ногаҳон.
Сўнгра шивирладинг ғамгин, беозор:
“Мен сени… қанчалар кўраман ёмон!”

Худойим,
Менга бу келарми малол?!
Ўттиз йил умрнинг телба бир пайти
Мени оламдаги биронта аёл
Оҳ кошки, сен каби ёмон кўрсайди!
Тилига келсайди шу кескин сўзлар,
Муҳаббат ўтидан ёнаркан кўзлар!

Муҳаббат!
Ўзга бир санам бор, унга
Мен қалбни берганман, девона бўлиб.
Мен унинг йўлида кетарман ўлиб,
Гарчи бир умрдан фақат бир кунга
Мени севолмади, ёниб сен қадар!
Ёниб севолмади ва лекин уни
Етса севмасликка қудратим агар,
Балки
эркин бўлиб, худди шу куни
Сенга севмасликни дадил айтардим,
Чўкиб ётмас эди юракда дардим.

Гарчи қалбим бўлсин туйғуларга бой,
Ваъда қилолмайман бу дам сенга бахт –
Ваъда қилолмайман ҳеч қачон, ҳеч вақт
Порлоқ бир муҳаббат ва қалбимдан жой!
Бағрингда тўлқинлар бесас ухларди,
Бағрингда исёнкор тўлқинлар бари.
Гувиллаб шиддаткор,
Ногоҳ уларни
Балки мен уйғотдим бўрон сингари.

Бағрингда ҳайқирар энди тўлқинлар,
Сенга ҳаёт йўқдир осойишта, тинч.
Энди кўзларингда ойдин ўқилар
Олдин ўқилмаган илоҳий севинч!
Бағрингда тўлқинлар бесас ухларди,
Бекор мен уйғотдим, балки, уларни…

© Омон Мухтор
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Nilüfer Acılarım - Gözyaşlarım hesabını kim soracak
[muzvil.com]
#лирика

Баъзи қўшиқлар шунчаки яратилмаган, шунчаки тинглаб ҳам бўлмайди...

Улар сенга туйғуларни, хотираларни ва умринг давомида оташ лаҳзаларни ёдга солажак...

https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ЁМҒИР ЁҒАР, ШИҒАЛАБ ЁҒАР

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Охир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.

© Рауф Парфи
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Менсиз ҳам кунларинг ўтмоқда, эркам,
Қайга қўл узатсанг етмоқда, эркам,
Юришларинг қайси маликадан кам,
Фақат қийин бўлди шўрлик юракка...

Менинг ҳам ҳажрингда ёнганим ёлғон,
Яшарман ўзимча, саройда султон.
Гўёки йўқ мендан бахтли бир инсон,
Зўрлик бўлса бўлди зўрлик юракка.

Энди кўришиб ҳам кўришмасмиз биз,
Гўё мен ёт йигит, сен бегона қиз,
На қўллар титрамас, на қизармас юз,
Эвоҳ, бу қандайин хўрлик юракка!

Қошинг ўсма ўпсин, кўзингни сурма,
Буни тақдир дерлар, ёр, лабни бурма,
Эслама, эслатиб тушимга кирма,
Жонимни ришталаб минг бир бўлакка.

Гарчи бўлмасам ҳам у кун тўйингда,
Ёнингда ёру мен бўлдим ўйингда,
Aлпомиш ўғиллар ўстир уйингда,
Муҳаммадинг қурбон шу бир тилакка!

© Муҳаммад Юсуф
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
#Таваллуд

Бугун Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо таваллуд топган кун. Устозни чин кўнгилдан қутлаймиз яқинлари бахтига омон бўлсинлар. Шеърларидаги содда туйғу, самимият юракларга ҳис ҳаяжон доимо балқиб турсин...

Ҳурмат билан
© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
“…Оч нигоҳдан ва паст назардан,
Шарманда тор қилган шаҳардан,
Узук кўзидаги заҳардан
Ўзингизни эҳтиёт қилинг...”

© Иқбол Мирзо шеъри
🎤 Абдувоҳид Сувонов ўқиди
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ЗУЛФИЯ

«Зулфияга қарама,
Нақ энангни кўрасан!
Мени яхши кўради,
Сўра, кимдан сўрасанг!»
Калтак ерди Абдулла,
Калтак еб ҳам қайтмасди.
– Ол-э, ўша Зулпини,
Керакмас! – деб айтмасди.

Ақлли қиз Зулфия,
Ҳаммасини билади:
Менга кўзи тушганда
Мийиғида кулади,
Дарслар кирмас қулоққа,
Самоларда хаёлим:
Зулфиянинг қўллари
Ипакдайин мулойим...
Китобимнинг ичида
Жилмаяди суврати.
Мени яхши кўради,
Мени яхши кўради...

...Йиллар ўтди, Абдулла,
Ҳаёт биздан кулди-я.
Сену мендек йигитдан
Воз кечди-я Зулфия!
«Зулфияга қарама,
Нақ энангни кўрасан!
Мени яхши кўради,
Сўра, кимдан сўрасанг!..»

Ақлли қиз эди-ку,
Ҳаммасини биларди:
Менга кўзи тушганда
Мийиғида куларди.
Мен-ку, майли...
Сениям
Тоза аҳмоқ қилди-я.
Биз ҳарбийда юрганда
Тегиб кетди Зулфия...

Китобимнинг ичидан
Учиб тушар суврати,
Севмаганман мен уни,
Абдул яхши кўради!
Йиртаман деб сувратин,
Йиртолмайман ҳар куни,
Севмаганман мен уни!
Севмаганман мен уни!..

© Иқбол Мирзо
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
2025/07/01 05:32:20
Back to Top
HTML Embed Code: