Telegram Web Link
Кино саноати доим актуал соҳа бўлиб келган. Шунга яраша талаб, талабга яраша савияли кино маҳсулот бўлиши керак.

Бу йўналишда Ўзбекистонда яқинда қилинган ишлардан бири — Маънавият ва маърифат маркази ва Кинематография агентлиги ўртасида “Кинокарвон” акциясини ташкил этилиши ва ўтказилиши бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бу йилги "Кинокарвон" таркибида нафақат актёр ва актрисалар, балки адиблар, ижодкорлар ҳам бўлиши кўзда тутилган. Сўнгги пайтларда "101 рейс", "Илҳақ", "Ўзбек қизи", "Абдулла Орипов" каби фильмлар кино ихлосмандларига манзур бўлган эди. "Кинокарвон" иштирокчилари бу йил ҳам энг яхши янги фильмларни намойиш этади.

Бундан ташқари, энди ҳарбий сериаллар ва фильмларга ҳам урғу берилади. Бу борадаги ишларни давом эттириш мақсадида агентлик ўнга яқин ҳарбий олий ўқув юртлари масъуллари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича меморандум имзолади.
Электромобиль ва янги машина эгаларига яшил стикер почта орқали юборилади

Ҳукумат экология зарарланишининг олдини олувчи қарор қабул қилди. Унга кўра, 1 июндан бошлаб барча тоифалардаги транспорт воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини назорат қилиш бўйича "Экологик транспорт" тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Эндиликда экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситалари "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга ажратиб борилади. Тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган машиналарга нисбатан жарималар жорий этилиши ёки улардан тегишли ҳудудда фойдаланиш чекланиши, тақиқланиши мумкин.

Белгиланишича, "Экологик транспорт" тизими уч босқичда жорий этилади. Дастлабки босқичда электромобиль ва электромотоцикллар ҳамда ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига уларнинг эгалари томонидан онлайн ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида реал вақт режимида "яшил" экологик тоифасига мансуб стикерлар алоҳида тўлов ундирилмасдан, диагностик текширувсиз берилади ва почта орқали юборилади.

Аҳолига "зарарли" тоифадаги транспорт воситаларини "тоза" тоифадаги уловларга алмаштириш учун субсидия бериш тизими ҳам жорий этилади.

@AsanovEldar
Асанов формати
​Бугун Рим ҳақида ўйладингларми? Болалигимда (ва ўсмирлигимда) стратегиялар ўйнашни яхши кўрардим. Бир сатҳли ва икки сатҳли стратегиялар бўларди. Уларнинг асосий фарқи: - бир сатҳли (ўлчамли) стратегияларда битта харита бўлади, ўша харита юзасида жангчи…
Болаларим YouTube'да турли ўйинларнинг ўтилишини (walkthrough) томоша қилиб ўтиришини кўриб, "фойдалироқ видео кўринглар" дердим. Қайси кун ўзим бир каналга дуч келиб қолдим — мен каби бир олдскул Rome: Total War ўйнаб ўтираркан. Кўришни бошлаб, менам экранга ёпишиб қолдим, эринмай бир нечта кампанияни кўриб чиқдим — ҳар бири 10 соатдан кўпроқ, "олимларимиз нима иш билан банд?" деган саволга яхши жавоб. Енгиллаштирадиган ҳолат — ўтказиб-ўтказиб кўрдим.

Бу ўйин ҳозирги ёшларга оддий туюлиши мумкин, лекин мен ностальгияга берилдим, видеоларни кўришдан улкан роҳат олдим. Ҳам ёшликни эсладим, ҳам ўзим жуда қизиқадиган мавзу ва ўйиндан роҳат олдим.

Total War туркумининг янги ўйинлари бўйича олинган стримларга ҳам кўз ташладим — ҳеч қандай туйғу йўқ, маза қилмадим, қизиқмадим (графикаси зўр, механизмлари мукаммалроқ бўлишига қарамай). Қарияпман шекилли.

@AsanovEldar
Total War ўйинлари орқали қадимги замоннинг уруш маҳорати ҳақида жуда кўп нарса ўрганса бўлади. Албатта, Теодор Моммзен, Карл фон Клаузевиц, Ганс Дельбрюкларнинг китобларидан оладиган билимларингизнинг ўрнини босмайди, аммо ҳарбий тарих ҳавасмандига етарли нарса оласиз.

Дейлик, Rome: Total War ўйини ва Barbarian Invasion аддони антик даврда ва илк ўрта асрларда турли давлатларда, халқларда қандай қўшин турлари бўлганини, қуролланиши, жанг тактикалари қанақа бўлганини кўрсатади; умуман жангни қандай олиб бориш, кимни кимга қарши қўйишни ўрганасиз. Масалан, отлиқларга қарши найзали пиёдаларни ишлатиш, қиличли пиёдаларга қарши отлиқларни ишлатиш; тепаликдан туриб ҳужум қилиш, кўприк устида ёки дарвоза киришида ҳимояланиш самаралироқ эканини; отлиқларни найзасимон тизиб, катта тезликда пиёдаларга зарба бериш сафни бузиб юборишини; Кантабрия чамбари нималигини шу ўйиндан ўрганганман.

Катта армия таркибидаги гуруҳларни бошқариш ҳам жуда қизиқ — кимни қайси қанотга қўйиш, вақтида сафлаш, вақтида позициясини алмаштириш, вақтида ҳужумга ўтиш ёки чекиниш, вақтида захира ва пистирмани жангга киритиш муҳим. Бунинг барчасига вақтида улгуриш ва тўғри қарорлар қабул қилиш эса катта маҳоратни талаб қилади.

Total War'да, шунингдек, машҳур тарихий жангларни ўйнаб кўриш мумкин: Карр жанги, Аскулум жанги, Тевтобург ўрмонидаги жанг, Киносцефал жанги ва ҳ.к.

Қолаверса, ўйин давомида моҳиятан альтернатив тарих яратасиз: бир оилани танлаб, уни дунё ҳукмдорига айлантирасиз, бошқа давлатларни йўқ қиласиз, янги шаҳарларни босволасиз, ўз шаҳарларингизни ҳимоялайсиз. Бу жараёнда шундай жанглар бўладики, сиз учун тарихий жанглардан ҳам қадрлироқ бўлиб қолади. Айтайлик, кичик қўшин билан катта қўшинни мағлуб қилсангиз, кичик отряд билан шаҳарни ушлаб қолсангиз, бундан оладиган роҳатингизни тасвирлаш қийин.

Бир сафар Парфия билан ўйнаганимда ана шундай эпик жанг бўлганди. Парфиянинг муаммоси шундаки, унинг пиёда қўшинлари — найзали зирҳланмаган енгил пиёда жангчилар яхши урушолмайди, сифатли отлиқ жангчилари — катафрактларини эса ўйиннинг бошидан ёллаб бўлмайди, бунинг учун шаҳарларда узоқ йиллар давомида ҳарбий қурилиш қилиш керак. Ўйиннинг бошроғи эди, бу ишларни қилишга улгурмагандим, кутилмаганда Хатра шаҳрига Селевкийлар қўшини ҳужум қилиб қолди. Ёрдам етказишга улгурмайман, шаҳарда фақат енгил найзадорлар ва бир гуруҳ камончилар бор. Селевкийларда эса қўрқинчли куч — узун найзали оғир зирҳли гоплитлар бор. Беихтиёр жангни қабул қилдим. Найзадорларни дарвоза олдига тўпладим. Гоплитларнинг асосий кучи ҳарбий саф тортиб, фаланга ҳосил қилишида, аммо шаҳарнинг тор дарвозасидан киришда саф бузилади, бир киришда озгина аскар кира олади. Шунинг ҳисобидан жуда кўп фалангитни найзадан ўтказдим. Камончиларни дарвоза устига тўплаб, ташқаридаги юнонларни ўққа тутавердим. Дарвозадан кира олмаган ва ўқ ёмғири остида қолган юнонлар қочишга мажбур бўлди. Бу ғалабани ҳалигача эслаб, маза қилиб юраман. Ёшликдаги майда қувончлардан бир хотира бўлиб қолган.

@AsanovEldar
Qurultoy'нинг иккинчи мавсуми охирги сонида андак провокацион мавзуни кўтардик Ғайбулла ака билан бирга. Мавзу — тарих бўйича баҳслар.

Бу ҳолат ҳақида охирги постларимдан бирида ёзгандим: ўзи тарихни биздан ўрганган жипириқлар келволиб, "палонча бобомизни ҳурмат билан тилга олмадинг, нега тарихимизни бузяпсан, ватан хоинисан" қабилида аҳмоқона, ҳақоратли комментлар ёзиб кетади. Ҳаётда бирортаси жавобгарликка тортилмаслигини аниқ билгани учун бемалол ҳақоратлаб, сўкишади.

Аммо у жипириқлар — муаммонинг жуда кичик қисми. Зиёлилар баъзида худди оми халқдай туйғуга берилиб кетяпти. Зиёлилар — санъаткорлар, адиблар, ўқитувчилар майли, баъзида олимлар ҳам улардан қолишмаяпти. Улар тарихни тадқиқот соҳаси эмас, ўз эгосини мустаҳкамлаш, комплексларини ёпиш ва сохта буюкликка даъво қилиш воситасига айлантириб юборишяпти.

Qurultoy'нинг бу сонида конкрет илмий тадқиқот мавзусини олмай, мана шу, бир қарашда умумийроқ, тадқиқотдан ташқаридаги, аммо муҳим масала ҳақида гурунглашдик. Албатта кўринг.

Энг қизиғи, худди шу сон остига яна юқорида тилга олинган жипириқлар етиб келиб, яна ўша айблов ва ҳақоратларини такрорлаяпти ("хоинлар, тарихни бузманглар"). Ваҳоланки, уларнинг бу қилиқлари қай даражада нотўғри экани, аслида тарихни тушунишга қандай ёндашиш кераклиги ҳақида эринмай икки соат гапирганмиз. Улар ё эшитмаган, ё эшитсаям тушунмаган, хуллас, бундай каслар одам бўлмаслигига комментлар яна бир далил. Бутун умидимиз ҳақиқий ўқимишли, зиёли инсонлардан, шояд улар бизни тинглаб, тушуниб, тўғри хулосалар қилса, бошқаларгаям етказса, натижага эришган бўламиз.

@AsanovEldar
Асанов формати
Qurultoy'нинг иккинчи мавсуми охирги сонида андак провокацион мавзуни кўтардик Ғайбулла ака билан бирга. Мавзу — тарих бўйича баҳслар. Бу ҳолат ҳақида охирги постларимдан бирида ёзгандим: ўзи тарихни биздан ўрганган жипириқлар келволиб, "палонча бобомизни…
Мавзу бўйича ҳазилларни кичик каналда ўқишингиз мумкин. Бу ерда эса битта жиддий гап.

Бу сондан норози бўлган бир-икки одам "ярамас хоин Элдор содда беғубор Ғайбулла домланинг миясини заҳарлабди" деб ёзибди.

Қизиғи, аслида менинг миямни Ғайбулла ака "заҳарлаган": барибир ёши катта устоз, билим ва тажрибаси каттароқ, у кишидан кўп нарса ўрганганман. 15 йил бўлиб қолди танишганимизга.

Лекин бошқа томони бор. Мен аслида Ғайбулла аканинг умумтуркий тарих, умумий мерос ҳақидаги фикрларига унча қўшилмайман. Шунчаки Qurultoy'да доимам баҳс келтириб чиқармай, эксперт тўлиқ гапириб олишига имкон берамиз, баъзи фикрларига қўшилмасак-да.

Мен тарих масаласида ўзбекпарастроқман. Ҳазил, ўзбекпарастмасман, аммо фактларнинг ўзи кўп ҳолларда ўзбеклар фойдасига ишлайди. Айтайлик, Қорахонийлардан бошлаб умумтуркий тарих, умумтуркий мерос йўқ деб ўйлайман. Қорахонийлар, ҳатто улардан олдинги қарлуқ, тургаш, басмил, уйғурлар — бугунги ўзбек ва уйғурлар тарихи. Меросийлик нуқтаи назаридан ҳам. Дейлик, туркман, қозоқ, қирғиз ёки қорақалпоқлар бошқа йўлни босиб ўтган. Минг йилча муқаддам турли қабилаларнинг йўллари айрилган.

Чиғатой улуси иккига бўлиниши эса ўзбек ва уйғурларнинг ҳам йўлларини айро туширган. Бу энди жуда қўпол тушунтирганда.

Менгаям баъзида бошқа халқлар каттароқ меросга шерик бўлишга уринаётгандек туюлади (Навоий, Темур, Шайбоний, Ялангтўш кабилар умумий мерос деб гапирганларида). Аммо бу шунчаки туйғу, аслида кимнинг мақсади қанақалигини билмайман.

Бир нарса аниқ — ўзбеклар ва уйғурлар минг йиллик, балки ундан олдинроқ бошланган сиёсий, лисоний ва маданий анъанани сақлаб келган, баъзи халқлар эса Темур ёки Навоий кимлигини 100 йил олдин билди.

Шунчаки мен учун тарих миллий ғурур қидириш макони бўлмагандай, биродарлик қидириш макони ҳам эмас. Тарих мен учун ўтмишни тушуниш, фактларни талқин қилиш ва қонуниятлар кашф қилиш воситасидир. Ўз ғуруримни мустаҳкамлайман, кимнингдир буюклигини исботлайман, кимнингдир ёмонлигини кўрсатаман деб ўрганмайман тарихни. Ҳаммасини борича қабул қилишга интиламан. Юқорида кимлардир бировнинг меросига асоссиз даъво қиляпти деб айтганимдек, ўзбеклар ҳам кимгадир асоссиз даъво қилса, буни очиқ айтаман, бундай даъводан осон воз кечаман. Менга ўзимга ёқадиган тарих ёзиш эмас, тарихни бор бўйича тушуниш муҳим.

@AsanovEldar
Замонавий урбанистикада экологик ечимлар алоҳида ўринга эга. Шаҳарларни лойиҳалаштиришда яшил ва автомобилсиз ҳудудлар, аҳолининг сайр қилиши учун боғлардан ташқари, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар миқдорини ҳам иложи борича камайтиришга урғу берилади.

Экологик жиҳатдан зарарсиз бўлган автомобиллар хариди учун бериладиган субсидиялар, солиқ имтиёзлари, эски русумдаги ва дизелда юрадиган транспорт воситаларининг “яшил” зоналарда ҳаракатланишини чеклаш каби экологик ташаббуслар дунёнинг етакчи давлатлари томонидан аллақачон жорий этиб бўлинган.

Бу бўйича бизда ҳам илк қадамлар ташланяпти. Маълумки, бугундан бошлаб электромобилларни рўйхатдан ўтказиш учун бошқа турдаги транспорт воситаларига нисбатан беш баравар камроқ тўлов ундириларкан. Бундан аҳолини зарарсиз транспорт воситаларини сотиб олишга ундаш мақсад қилинган.

Масъуллардан шаҳарларимиз қиёфасини яхшилайдиган, энг аввало экология ва одамларнинг соғлигини ўйлаб амалга ошириладиган лойиҳаларни кутиб қоламиз.

@AsanovEldar
Аввалроқ 2024 йилнинг шовшувли сериали бўлган Shogun ҳақида гаплашгандик. Энди эса Хитой киноси ҳақида.

Хитой кинематографини Жеки Чан орқали яхши биламиз. Бундан ташқари, Хитойда кўп яхши тарихий фильмлар ишланади. Умуман, Узоқ Шарқ давлатларининг киносида ўхшаш жиҳатлар, ўхшаш мавзулар кўп.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги хитойликлар билан тарихий фильмлар ишлашни бошлаб юборгани мен учун янгилик бўлди. "Мени кут" фильми 1911 йилдан бошланган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларни намойиш этади.

Бундан ташқари, хитойликлар Ўзбекистон томонини ХI Ипак йўли кинофестивалига ҳам таклиф этди. У ерда баъзи ўзбек фильмлари намойиш этилади.

@AsanovEldar
Эроний тиллар тарвақайлаб кетиш бўйича тил гуруҳлари ичида чемпионлардан бири деса бўлади. Жуда кўп тил бор, жуда кўпи ўзаро тушунарли эмас. Албатта, йирик тиллар — форс-тожик, курд кабилар таъсирида кичик тиллар, биринчидан, форслашяпти ва курдлашяпти, иккинчидан, секинлик билан сиқиб чиқариляпти, лекин ҳали ҳам хилма-хил эроний тил кўп.

Мана бу видеодан асосий эроний тилларнинг эшитилиши бўйича тасаввур ҳосил қила оласиз. Бир эшитишда фарқ қанчалик катталигини пайқаш қийинмас.

@AsanovEldar
Telegram'нинг ўзбек сегментида ҳуқуқ, санъат, илм-фан, ижтимоий ҳаёт, бизнес ва бошқа соҳаларга ихтисослашган энг фаол блогерларнинг каналларини тавсия қиламан. Бу каналлардан янги билимлар, қизиқарли фактлар, чиройли таҳлиллар топасиз.

Барча блогерларнинг каналларини битта ҳаволага жойлаб қўйдик. Уни босиб, истаганингизга ёки бирдан ҳаммасига обуна бўлишингиз мумкин.

Telegram'да кўп вақт ўтказсангиз, бу вақтни унумли сарфлашга ва фойдали маълумотлар олишга ҳаракат қилинг. Ушбу каналлар сизга мана шундай маълумот манбалари бўлиб хизмат қилади.

👉 https://www.tg-me.com/addlist/ZfguWo576HwzYjdi
Rome: Total War'ни эслаб олганимдан сўнг Турк хоқонлиги даврида туркларнинг ҳарбий қурол-яроғи, қўшин турлари, тактикаси қандай бўлганини ҳам эслаб олишга қарор қилдим. Натижа — туркларнинг ҳарбий санъати кўп жиҳатдан олдинги халқларнинг — скифлар ареалидаги қабилалар, Парфия кабиларнинг ҳарбий санъатини такрорлайди. Асосий куч — енгил отлиқ камондозлар ва катафрактлар (зирҳли отлиқлар). Енгил қуролли пиёда жангчиларам бўлган, улар кўпроқ бошқа халқлардан тўпланган.

Хоқонларнинг зирҳли катафрактлардан иборат махсус гвардияси — бўрилар армиянинг энг жанговар зарбдор қисмини ташкил қилган.

@AsanovEldar
Бир муддат олдин Ishonch.uz'га маҳаллийчилик ҳақида интервью бергандим. Яна бир неча зиёлининг интервьюлари билан қўшилган ҳолда кўрсатув қилинибди, кўрилиши ёмонмас — бир ҳафтада 30 минг.

Сиз ҳам кўринг, мавзуга қизиқишингиз бўлса албатта.

@AsanovEldar
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Рим империясининг 117 йилдаги ҳудудлари. Максимал қудрати. Эътибор берсангиз, Евросиё цивилизациясининг асосий марказларини эгаллаган. Маданиятлар, динлар, технологиялар вужудга келган, дунё бойликлари тўпланган, савдо ривожланган ҳудудлар. Бу — жаҳон тарихининг аксарият буюк воқеалари рўй берган минтақа (Буюк географик кашфиётларга қадар). Албатта, бошқа цивилизацияларни ҳисобга олмаганда.

Ўрта Ер денгизи атрофи минтақасини ўрганиш кўп фанларда муҳим ўрин тутади — тилшунослик, диншунослик, маданиятшунослик, тарих, антропология, ҳарбий тарих, биология, иқлимшунослик.

Бир сўз билан айтганда, Рим империясининг чегаралари тасодифий эмас. Circum Mediterraneum — табиий омилларга кўра цивилизациялар марказларига тўла бўлган, уларни илк бор Рим ягона чегара ичида бирлаштириб, цивилизациялар ўсишини кучайтирган. Бу ишни (шу минтақани ягона чегара ичида ушлаб туриш, маданият ва моддий ресурсларни аккумуляция қилиш) бошқалар давом эттирган — масалан ,Араб халифалиги, сўнг Усмонлилар.

@AsanovEldar
Кундуз авқотим санинг ҳажрингда нолон кечадур,
Кеча ҳам зулфинг киби ҳолим паришон кечадур.

Анбарин зулфинг хаёлидин кўзумга, эй пари,
Йил-у ой-у соат-у кун, бори яксон кечадур.

Улки жондин кечадур шамъи висолингни кўруб,
Ваҳ, на хуш вақт-у на хуш соат, на осон кечадур.

Равшан ўлгай давлати васлинда ҳижрон оқшоми,
Гар гуноҳимдин билиб ул моҳи тобон кечадур.

Хожа янглиғ нола қил зулфи ғамидин кечалар,
Ким маҳалли нола-ву фарёд-у афғон кечадур.

Мактаб ёшида классик форс ва чиғатой адабиётига жуда қизиқардим, топганимни ўқирдим, жуда кўп шеър ёдлардим. Бир қарашда классик шеърий жанрлар ўта қаттиқ ва қатъий қолипга солинган — вазн, шакл, ҳатто ишлатиладиган образ ва сўз санъатларигача белгиланган, ундан чиқиб кетиб бўлмайди. Аммо маҳоратли шоирлар шу қолиплар ичидаям оригиналликка эришган — янги топилмалар қилган, сўз ва санъатларни нозик ифодалаб, жонли ҳиссиётларни ифодалаган. Кўп ғазаллар шаклбозлик бўлиб туюлиши мумкин, аммо шундай ғазаллар борки, бугунги лирик шеърларданам таъсирчанроқ чиққан.

Бобурнинг замондоши Хожа дарсликларда ибратли ҳикоятлар муаллифи сифатида таништирилади. Лекин унинг лирикаси жуда зўр. Юқоридаги ғазалини у Бобурга йўллаган — баҳосини олиш учун. Бобур тириклигидаёқ машҳур шоир бўлган, шунга унинг фикри Хожага муҳим бўлган.

Шу ғазални ўқиганимда аллақандай ғалати ҳиссиёт туяман. Ўзига яраша атмосфераси бор ғазал — шоирнинг маҳзун кайфиятини жудаям яхши очиб беради.

@AsanovEldar
Кеча Самарқандга бориб-келишда шу китобни эшитиб чиқдим.

Китоб номи машҳур тарихчи Эрик Хобсбаумнинг "Узоқ XIX аср" китобига ўхшатма қилиб қўйилгани кўриниб турибди.

1968 йил жаҳон урушларидан кейинги тарихнинг энг муҳим йилларидан биридир. Аслида воқеалар 60-йилларни қамраб олади, лекин энг шиддатли ҳаракатлар 1968 йилда рўй берган. Европада, АҚШда, яна бошқа баъзи давлатларда йирик намойишлар, иш ташлашлар, ижтимоий жараёнлар, талотўплар бўлган. Биринчи галда талабалар ҳаракатга келган, университетларни эгаллаш, норозилик акциялари, анъанавийликка қарши кураш авж олган. Ишчилар, касаба уюшмалари, миллий озчиликлар, айрим католик гуруҳлар фаоллашган. Сўл ҳаракатлар гуллаб-яшнаган. Қаердадир асосан иш ташлаш, университетларни эгаллаш урфга кирган бўлса, Ирландияда, Германияда, Италияда қуролли гуруҳлар вужудга келиб, давлат кучлари билан отишмаларга кирган, терактлар уюштирган.

Урушдан кейинги йилларда иқтисодий ўсиш бўлган, аммо ижтимоий муаммолар тўпланиб қолган. Бундан ташқари, урушдан кейинги бэйби-бум туфайли Ғарб жамиятларида ёшлар улуши кўпайиб кетган. Бу ёшлар эски анъаналарга қарши чиққан, оиладан, жамиятдан эркинликка интилган, янгича маданият, янгича мусиқа яратган.

Университетларда талабалар кўпайгани билан, уларни иш билан таъминлаш, умуман иш, пул муаммолари ҳам бўлган албатта. Қолаверса, Совуқ уруш, унинг доирасидаги таҳликали ҳолатлар (Кариб инқирози) Вьетнам уруши тинчлик йўлидаги ҳаракатларни кучайтирган. Урушдан сўнг ҳокимиятга келган, қариб қолган сиёсатчиларга (масалан, де Голлга) қарши норозилик ҳам бўлган. Маоистлар, сталинистлар фаоллашган, уларга жавобан консерваторлар ҳам фаоллашган.

Охир-оқибат бу ҳаракат енгилган. Китобда ёзилишича, тилга олинган ҳаракатлар барибир кўпчиликни қамраб ололмаган — уларга қарши чиққан консерваторларнинг намойишларида одам кўпроқ бўлган. Лекин барибир 1968 йил одамлари дунёда туб бурилиш ясаб бера олди. Ўзи ўзгаришларни кўпчилик эмас, озчилик амалга оширади ҳамиша.

Пацифизм — тинчликсеварлик ҳаракати, хиппи ҳаракати, яшиллар ҳаракати айнан 1968 йил мевасидир. АҚШда Мартин Лютер Кинг бошчилигидаги қора танлилар ва ишчилар ҳаракатлари ирқий сегрегацияга якун ясади. Рок ривожланиб, энг оммабоп мусиқий жанрга айланди. Контрмаданият вужудга келди. Европада социал сиёсат кенг тарқалди. Вьетнам уруши тугади. Талабалар ҳаракатларининг раҳнамолари кейинчалик катта сиёсатга кириб келди. Бугун жаҳон сиёсатини белгилаётган йирик шахслар орасида ҳам улар бор, баъзиларини танийсиз.

Хуллас, ҳар томонлама буюк, аммо бизда кўпчилик билмайдиган воқеаларга бағишланган китоб. Мавзуга қизиққаним учун шахсан мен китобдан маза қилдим, аммо бирламчи танишув учун ҳам бўлади.

@AsanovEldar
Шунингдек, сизга фойдали шартларда:
- ҳисоб рақами очиш — бепул
- маблағлар ўтказиш ва нақд пул ечиш — комиссия тўловларисиз
- абонент тўловисиз амалга оширилади.

Таклиф Капиталбанкнинг янги мижозлари учун 2024 йил 30 июнга қадар амал қилади.

Менежер билан учрашиш учун www.business.kapitalbank.uz'да ариза қолдиринг ёки (+998) 78–148–11–33 телефон рақамига қўнғироқ қилинг.

Реклама
2024/06/05 06:33:12
Back to Top
HTML Embed Code: