Forwarded from Muyassar Arzımatova
🙏2
ТИЛБУЗАРЛАР
(Ярми ҳазил)

Энг олдин тилимизни, сўнг –йўлимизни, ва ниҳоят, уйимизни буздилар. Охирида ўзимиз ҳам бузилдик...

(Муаллиф)

Юртбузарлар бўларди,
Бўларди дил бузарлар.
Бугун пайдо бўлгандир,
Маданий тилбузарлар.

Ота-бобоси ўзбек,
Ўрисча чулдирайди.
На эплар ўзбекчани,
На русчага ярайди.

Обед дейди тушликни,
Кечки овқатни – ужин.
Нонуштани – завтрак,
Тилини чалганми жин?

Подвадить қилдинг, дейди,
Гар бировдан панд еса.
Гапи йўқ, классний дер,
Ширинроқ бир қанд еса.

Давай десам сенсираб,
Хафа бўлар деб катта,
Дейди: “ака, давайинг”
Билет дер, демас патта.

Ташқи реклама деган,
Балою офат чиқди,
Тилни тўқсонга буклаб,
Тириклай гўрга тиқди.

Ҳар бир сўзда ўн хато,
Тилга беради зарба,
Оддийгина феълни ҳам,
Ёзишади бош ҳарфда.

Телевизор ва компьютер,
Тилнинг кушандасидир.
Бугун Навоий тили,
Тилнинг шармандасидир.

Киноларни кўрсангиз,
Қийналиб, босади тер.
“Вотти” дер бухоролик,
Қўқонлик ҳам “вотти” дер.

“Баракалла” – унут сўз,
Унга “маладес” дуруст,
Кўзойнакни “очки” дер,
На ўзбекдир, на ўрис.

Тили бузилган зотнинг,
Дили бузуқ бўлади,
Бундай чала ўзбекка,
Шундай дегим келади:

“Короче, братишка,
Гапимни қулоққа қуй:
Раз тилни билмайсанми,
Вабше гапирмагин, қўй!”

Абдунаби Ҳамро
👍72
ҲЕЧ БЎЛМАСА

Гар яқин бўлмас эсанг, бўлгин йироқ ҳеч бўлмаса,
Гар висол бўлмас экан, бўлсин фироқ ҳеч бўлмаса.

Ойда-йилда ой жамолинг кўрмадим, не кўргулик,
Ҳафта, кунда ёд этиб, қил қўнғироқ ҳеч бўлмаса.

Ўнгда ўртанган билан, ўнгланмагайдир қисматим,
Тушдаги васлинг менинг-чун яхшироқ ҳеч бўлмаса.

Бул қаро ранглар аро бир нур кўринмайдир, қара,
Кошки бўлса сен сабаб бошимда оқ ҳеч бўлмаса.

Айт, жафо илмин мукаммал ўрганурсан не учун,
Кел, вафо қилгувчилардан ол сабоқ, ҳеч бўлмаса.

Ярқираб тургувчи ҳар нарса эмас тилло, вале –
Мис бўлиб алда кўзим, бўл ялтироқ ҳеч бўлмаса.

Бенаво Абдунабининг кўкида кун бўлмадинг,
Майли, ҳижрон тунларида бўл чироқ ҳеч бўлмаса.

Абдунаби Ҳамро
👍82👏1
Forwarded from Muborak madaniyat markazi ️ (Sherali hofiz Xolliyev cheksiz ovoz soxibi)
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Mohichehra Shomurodova jonli ijrosi va dildagi so'zlari bahramand bo'ling Muborak madaniyat markazi kanalimizga a'zo bo'ling ajoyib kanal
@MuborakMadaniyatMarkaz
👍4🥰2
ОНА ТИЛИМ

Отам ҳам, онам ҳам ўзбек эдилар
Аммо, гўдакликда мен қуш эдим-ов.
Чуғур-чуғур қилдим, «чумчуқ» дедилар,
Кейин ғўлдирадим –дедилар «соқов».

Сен эса абадий ғолиб жангчидай
Сездирмай забт этдинг руҳим, кўнглимни.
Алланинг бетимсол дард-оҳангидай
Куйга ошно этдинг охир тилимни.

Мен куйлай бошладим булбул тилида
Табиийки, яна «Бу –қуш!» дедилар.
Ўзбекчанинг булбул тил эканлигин
Бечора ғофиллар билмас эдилар.

Куйлайвердим тинмай она тилимда
Кимлардир хўрсиниб, кўзин ёшлади.
Қушмас, инсонлигим англаб етдию
Булбул ҳам ўзбекча куйлай бошлади.

Ўғилларим, қизим –барчаси ўзбек
Ўзбек туғилгандир набираларим.
Ёқимли сўз борми ўзбекча сўздек
Ўзбекча уйғонар хотираларим.

Она тилим, мақтай олмасам –кечир
Сен ўзинг руҳимнинг қуёши, ойи.
Ахир, мени юз бор дуо қилгандир
Тушларимга кириб ҳазрат Навоий.

Тилим, абадийсан, мен ҳам ўлмайман
Тилнинг ривож йўли – миллат йўлидир.
Ҳатто қарғадан ҳам хафа бўлмайман:
Қағиллаш –қарғанинг она тилидир.

Абдунаби Ҳамро
7👍7
ЖОНИМ ТИТРАБ ТУРАР СЎНГГИ ЯПРОҚДА...

Тилларанг япроқлар салтанатида
Ўйчан кезинади чарчаган руҳим.
Баргнинг кузга битган заррин хатида
Навбат кутар умрим сарҳисоби жим.

Юлдузли осмонни зардўз қалпоқдай –
Бошига кийган бу дарахтлар сокин.
Ҳаёт оқиб ўтар боғдан пайдар-пай
Донишманд илдизлар олаётир тин.

Шовқинзор бу дунё ўқраяр боққа
Олам ғазабнокдир, ҳаволари дим.
Боғ хотиржам боқар кунботар ёққа
Бағрида сеҳрлар оқади лим-лим.

Кунларим йиллардай борар чўзилиб
Саволларга жавоб топилган боғда.
Ҳирсли дунёлардан буткул узилиб
Жоним титраб турар сўнгги япроқда.

Энг сўнгги саволни бердим бетоқат:
“Мен қайдан келгандим, қайга борарман?”
Еттинчи фалакдан сас келди фақат:
“Ҳар кимга муносиб ажрин берарман!”.

Бошим эгилмасми сўрар чоғингда
Номингдан айланай, Яратган эгам,
Умр деб аталган кўҳна боғингда
Бир ожиз япроқдай яшадим мен ҳам...

Абдунаби Ҳамро
4👍3🔥1
ХОТИРАЛАР ОҚАР ЙИРОҚ-ЁВУҚДАН...

Заъфарон айтимлар инграган боғда,
Тентирарман Сенга тавалло айта:
Тангрим, жон ипимни илдизга боғла,
Токим баҳор келгач, уйғонай қайта.

Мен япроқ бўлдимми, бўлдимми илдиз,
Ё бўлдимми пўсти тилинган поя?
Бу дунёда мендан қолармикан из,
Бир мўмин бошига бўлдимми соя?

Саратондай чирмар хаста руҳимни,
Бош-кети кўринмас сонсиз саволлар.
Тонг нуридай ёруғ, чўнг андуҳимни
Қамал қилаётир сарғиш хаёллар.

Нигоҳим талпинар илдизлар томон,
Ботиб бораётир ерга оёғим.
Тангрим, дарахт қилгин мени бегумон,
Шамширга айлансин ҳар бир бутоғим!

Токим ёлғонлардан иборат лашкар,
Бу беғубор боққа қўймасин қадам,
Ҳар битта новдамни этиб сафарбар,
Бир ҳушёр навкардай турайин ҳар дам.

Хотиралар оқар йироқ-ёвуқдан,
Уйғотиб ҳаётбахш ёмғирларимни.
Тангрим, Ўзинг асра қорасовуқдан,
Теран умидларим – томирларимни...

Абдунаби Ҳамро
2021 йил
👍71
ТИЛИМ

Бобил, Шумерлардан бошланиб асли
Мангуликка қараб кетган йўл эдинг.
Ўрхун-Энасойнинг тош битигида
Абадий нақш бўлиб қолган тил эдинг.
Олис мозийларга боғлиқ тилимсан
Қирғинлардан бағри доғлиқ тилимсан.

Улкан дарахт эдинг Туркий Тил деган
Не яшил шохларинг кетдилар сўлиб.
Бугун яшаяпсан ўзбеку туркман
Қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз бўлиб.
Қипчоқ, қорахитой, мажор тилимсан
Тазйиқлардан ҳоли абгор тилимсан.

Сенинг боланг эди кўкўғиз, ҳазор
Сени она дерди хокосу чувош.
Бағрингдан узилди булғору тотор
Қалмоқ, қўмиқ аро бўлдинг сен талош.
Тўқсон икки уйли уруғ, тилимсан
Туркий заминимдай қутлуғ тилимсан.

Қошғорий, Югнакий, Хос Ҳожиб айтсин
Асрлар бўйи сен тортган аламни.
Яссавий, Оллоҳёр, Боқирғонийлар
Ёзди дил қонига бўяб қаламни.
Танритоғдай юксак, буюк тилимсан,
Суюклардан ўзинг суюк тилимсан.

Илк бора “ўзбак” деб аталди отинг
Ҳазрат Навоийнинг сардафтарида.
Етти иқлим кезиб юрди баётинг
Аллоҳнинг Машрабдай қаландарида.
Бойқаро боғига боғбон тилимсан
Бобурнинг бағрида девон тилимсан.

Қуршовда қолгандинг, чиқдинг зулматдан
Фитратнинг фикрати чарақлаган он.
Айний озод этди сени кулфатдан
Қанот берди сенга Усмону Чўлпон.
Қодирий қатлига гувоҳ тилимсан
Бўғзимдаги фарёд, оҳ-воҳ тилимсан.

Тилим-тилим бўлсанг ҳамки ўлмадинг
Ойбекдай бир чақноқ кўз бўлдинг, тилим.
Саргардон бўлмадинг, гулдай сўлмадинг
Ғафур Ғуломдай ҳур сўз бўлдинг, тилим.
Қаҳҳор қаламидай заргар тилимсан
Ифорсан, мушк ила анбар тилимсан.

Рауф Парфисан сен, Эркин Воҳидсан
Сен Абдулла Ориф, Омон Матжонсан.
Туркистон аталган чўнг Боботутсан
Нурали Қобулсан, Шавкат Раҳмонсан.
Жамол Камол, Тоғай Мурод тилимсан
Истиқлолдан топган имдод тилимсан.

Мен СЎЗга бандиман, сен озод ва ҳур
Сен –янгроқ, мен эса хаста нолангман.
Таъриф этолмадим, онажон, узр
Абдунаби деган нодон болангман.
Руҳим билан бир жон-бир тан тилимсан
Ўзбекистон деган Ватан тилимсан!

Абдунаби Ҳамро
👍8
МЕН ШУ ТИЛДА СЎЗЛАДИМ

Мен шу тилда “Ватан” дедим,
“Унга садқа жон-тан” дедим,
Унинг тоғу саҳроси ҳам,
Менинг учун чаман дедим,
Руҳимдаги икки гулим –
Бобо юртим, туркий тилим.

Мен шу тилда “ота” дедим,
Дунёда энг катта дедим,
Елкасида униб-ўсдим,
Меҳрин тота-тота дедим,
Икки тоғим, икки йўлим -
Отажоним, ота тилим

Мен шу тилда “она” дедим,
Онамдир ягона дедим,
То тирикман, она мадҳин –
Куйлай ёна-ёна дедим,
Икки боғим, жаннат сўлим –
Онажоним, она тилим.

Мен шу тилда “ёрим” дедим,
Ўзинг йўғу борим дедим,
Садоқату меҳринг билан
Номусимсан, орим дедим,
Янгроқ сўзим, шоир дилим –
Сулув ёрим, гўзал тилим.

Мен шу тилда “болам” дедим,
Боғимдаги лолам дедим,
Бир дам йироқ кетса агар,
Бўғзимдаги нолам дедим,
Икки кўзим, икки қўлим –
Жоним болам, жоним тилим.

Мен шу тилда “тангрим” дедим,
Бош устига амринг дедим,
Сен жон бердинг, сен тил бердинг,
Сўнг бахт берди даврим дедим,
Сайраб турар шу булбулим –
Тангритоғдай юксак тилим!

Абдунаби Ҳамро


* * *

MEN SHU TILDA SO‘ZLADIM

Men shu tilda “Vatan” dedim,
“Unga sadqa jon-tan” dedim,
Uning tog‘u sahrosi ham,
Mening uchun chaman dedim,
Ruhimdagi ikki gulim –
Bobo yurtim, turkiy tilim.

Men shu tilda “ota” dedim,
Dunyoda eng katta dedim,
Elkasida unib-o‘sdim,
Mehrin tota-tota dedim,
Ikki tog‘im, ikki yo‘lim -
Otajonim, ota tilim

Men shu tilda “ona” dedim,
Onamdir yagona dedim,
To tirikman, ona madhin –
Kuylay yona-yona dedim,
Ikki bog‘im, jannat so‘lim –
Onajonim, ona tilim.

Men shu tilda “yorim” dedim,
O‘zing yo‘g‘u borim dedim,
Sadoqatu mehring bilan
Nomusimsan, orim dedim,
YAngroq so‘zim, shoir dilim –
Suluv yorim, go‘zal tilim.

Men shu tilda “bolam” dedim,
Bog‘imdagi lolam dedim,
Bir dam yiroq ketsa agar,
Bo‘g‘zimdagi nolam dedim,
Ikki ko‘zim, ikki qo‘lim –
Jonim bolam, jonim tilim.

Men shu tilda “tangrim” dedim,
Bosh ustiga amring dedim,
Sen jon berding, sen til berding,
So‘ng baxt berdi davrim dedim,
Sayrab turar shu bulbulim –
Tangritog‘day yuksak tilim!

Abdunabi Hamro
👍5
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Вақтинчалик жазони ўташ муассасаси (Тоштурма)да Устоз Раҳимбой Жуманиёзов "Тилбузарлар" шеъримизни ўқибдилар. Устозга ташаккур изҳор этаман!
👍8
“Энг қисқа ҳикоялар” туркумидан

ДАҲШАТЛИ КЕЛАЖАК

2185 йил, Галактикалар Иттифоқининг Марсдаги Марказий архиви.
-Хўш, мана бу тил – инглизча, буниси эса немисча деб аталган бир пайтлар, -деди лаборант-робот экрандаги матнларни сарғайган қоғоз ҳужжатлар билан солиштираркан, - бу ерда яна французча, хитойча, ҳиндча матнлар бор экан. Ия, мана бу қайси тил бўлди?
-Қайсини айтяпсан? –деди мудир-робот бошидаги қийшиқ антеннасини тўғрилаб, оромкурсидан бир қўзғалиб қўяр экан. –Қани, қоғоздаги матнни ўқи-чи!
Лаборант бир экранга, бир кўҳна қоғозга қараб, бирпас анграйиб турди-да, сўнг ўқий бошлади: “Инновацион технологияларни модернизациялашнинг оптимал методларини глобаллаштириш вариантлари...”
-Компьютер нима деяпти? –сўради мудир-робот эринчоқ товушда.
-“Бу ўзбек тили” деяпти...- деди лаборант аста.
-Нима? Қанақа ўзбек тили? Бу матнда биронта ўзбекча сўз борми ўзи?
-Йўқ.
-Демак, ўзбек тили аллақачон ўлик тиллар архивидан жой олган экан, биз бўлсак уни...-мудир шундай деб қўлини ҳавода тўлғади, рангли чироқлари ёниб-ўчиб турган улкан тошойнанинг “Ер сайёрасидаги фаол тиллар рўйхати” бўлимидан “Ўзбек тили” деган ёзув лип этиб ўчди...

Абдунаби Ҳамро
👍10
БАЙРАМ ТАБРИГИ

Бугун қуёш ўзгача чиқди,
Совуқ еллар бирпас олди тин,
Дилга кўкдан бир сурур юқди:
Тил байрами муборак бўлсин.

Бир бошқача куйлар андалиб,
Қарға, зоғлар қолди уялиб,
Қумри сайрар созини чалиб:
Тил байрами муборак бўлсин

Донишмандлар, хикматпарварлар,
Мулозимлар, давлатпарварлар,
Ай-й ўзбеклар, миллатпарварлар,
Тил байрами муборак бўлсин.

Сўз мулкининг энг саралари,
Ижод билан оворалари,
Навоийнинг неваралари,
Тил байрами муборак бўлсин.

Тил яшаса – миллат яшайди,
Тилда, дилда ҳикмат яшайди,
Ўзбекистон – давлат яшайди,
Тил байрами муборак бўлсин!

АДАБИЁТ, МАЪНАВИЯТ, МАЪРИФАТ, МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ БАЙРАМИ БАРЧАГА ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

Абдунаби Ҳамро
👍7
УХЛАБ ЁТАР

Эй одамзот, қалбингда не ҳолат ухлаб ётар
Куфру исёнга ғарқсан, ибодат ухлаб ётар.

Тўрт тарафга югурдинг бир кунлик ҳузур истаб,
Қалбингнинг тубида чин ҳаловат ухлаб ётар.

Тегрангга бир назар сол, бу дунё -шошқин бозор,
Хиёнат пештахтада, диёнат ухлаб ётар.

Савобу инсоф унут бўлган бу тарозуда,
Ноҳақлик тош босгайдир, адолат ухлаб ётар.

Киприк қоқмай алдайди эркак-аёл бир-бирин,
Маишат тўрга чиқмиш, муҳаббат ухлаб ётар.

Манфаатсиз, беғараз бир қадамни кўрдингми,
Миннат байроқ кўтаргай, пок ният ухлаб ётар.

Андиша, ҳаё танқис Анқонинг уруғидек,
Ғурур, номус -ерпарчин, ҳамият ухлаб ётар.

Эй одамзот, уйғотгин ғофил юрак мулкини,
Бир сен эмассан, қара, жамоат ухлаб ётар.

Аллоҳни танимас зот ўзин қандоқ танисин,
Токайгача Роббингга итоат ухлаб ётар?

Пешонангни саждага қўяр чоғи ёлвориб,
Илтижо қил, уйғонсин, саодат ухлаб ётар.

Уйғон, оламни уйғот бу ғафлатнинг хобидан,
Тезроқ бўл, уйғонмасин, ҚИЁМАТ ухлаб ётар...

Абдунаби Ҳамро
🔥10👍53
КЎРДИК
(Ушбуни қадрдон акам, бетакрор адиб Нортўхта Қиличга атадим)

Биз ҳам яшаб қўйибмиз анча
Шоду ношод давримиз сурдик,
Гулзор кўрдик қанчадан-қанча
Шабнамнинг хор бўлганин кўрдик

Парво қилмай қашшоғу бойга
Ҳеч ким билан қилмадик пойга,
Ҳатто кимдир туғ тикди Ойга
Қадамнинг хор бўлганин кўрдик.

Кимлар отда, кимлар пиёда
Сурон солиб юрди дунёда,
Ғариблар зор бўлган саҳрода
Санамнинг хор бўлганин кўрдик.

Нурдай ўтди йилдирим умр
Минг синовга отди бу тақдир,
Ойлар, йиллар йитдилар бир-бир
Ҳар дамнинг хор бўлганин кўрдик.

Тошдан қаттиқ йўқсиллик нони
Тошдан қаттиқ одамнинг жони,
Беғамларнинг келиб даврони
Илдамнинг хор бўлганин кўрдик.

Не улуғлар зиндонда, дорда
Ҳақгўй борки – мудом озорда,
Ҳаёт деган сурбет бозорда
Одамнинг хор бўлганин кўрдик.

Ай дўст, не бор қалб бисотингда
Айт, не кўрдинг бу ҳаётингда?
Тангрим, кафтдек коинотингда
Оламнинг хор бўлганин кўрдик...

Абдунаби Ҳамро
2015 йил
👍52🔥1
РИВОЯТ ВА ИБРАТ

Минг йиллар нарида воқе бўлган иш
Иброҳимдан қолган кўҳна ривоят...
Эй халқ хотираси, сенгадир олқиш
Бунчалар гўзалсан, қадим ҳикоят!

“Аллоҳ ризолиги учун ўғлимни -
Қурбон қиламан!”, деб тиғ тутган мўмин,
Ҳақ учун бўйнига олиб ўлимни
Бошини кундага қўйган ўспирин...

Тошни сариёғдек ўтса ҳам кесиб
Боланинг бўғзига ботмаган ханжар,
Ва Улуғ Фаришта, булутлар ошиб
Жаннатдан келтирган Мангу Хушхабар...

Бу қандай мардликдир, нечук садоқат
Қандайин иймон бу, тошдек мустаҳкам?
Бу қандай тезликдир, мисли хаёлот
Етти қат кўкни забт айлаган илдам?

Бу - ханжар дамидек ўткир тасаввур
Падар кўз ёшидек зилол ибрат бу,
Ўғилнинг руҳини ёритган бир нур
Жабройил шитоби каби суръат бу.

Муқаддас Китобнинг саҳфаларидан
Шуъла сочиб турган илоҳий пайғом,
Омон етиб келган минг йил наридан
Иймон сабоғи бу, барҳаёт калом.

Топилгай буларни чўпчакка йўйган
Аммо, замирида қойим бир ибрат:
Ҳақ учун бошини кундага қўйган -
Ўғлонлар бор экан, ўлмайди миллат!

Абдунаби Ҳамро
👍8🔥21
* * *

У худди ўлимдай муқаррар,
Азроилдай, қайсар, шафқатсиз,
Келма деб минг ялинсанг ҳам гар,
Билганидан қолмас. Келар куз.

Ва пойингга сочар хазонни,
Тиллоларин сепган бой каби,
Шунда бир ўй ўртайди жонни,
Шунда ногоҳ титрайди лабинг.

Англайсанки, таърифга йўқ сўз -
Содда, буюк фалсафа учун:
Яна бир бор эслатади куз,
Умрингнинг мўрт, омонатлигин...

* * *

Тушимда воз кечдим баридан шартта,
Ҳою-ҳавасидан, шуҳрат-шонидан,
Ортга боқиб, кўрдим охирги марта:
Бахт балиқдай сузиб кетди ёнимдан!

Сарҳаддан нарида манзил қурди ул,
Ва товланди минг хил чирой, бўй билан,
О, бунчалар гўзал бўлмаса Бахтгул!
“Нима бўлса-бўлар!” деган ўй билан -

Худди телбалардай ортидан чопдим,
Воз кечиб ҳаловат, ҳузур, жаннатдан,
Аммо, чегарани нимадир ёпди:
Оёғимга маҳкам ёпишди Ватан...


Абдунаби Ҳамро
👍5
АБДУЛЛА ОРИПОВ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Лабзилол эй сарварим, мен дарбадар кетмоқдаман
Қош ҳилол, жодугарим, ёпганча дар* кетмоқдаман,
Бемалол дунёсига силкдим-да бар*, кетмоқдаман,
Яхши қол,эй дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман
Ишқ аро энди ҳолим зеру забар, кетмоқдаман.

Ишқ гулин этдинг хазон сен, энди гулдин очма гап,
Гар олов сўнган эса не фойда, кулдин очма гап,
Қул эдим, бошим мудом пойингда, қулдин очма гап,
На ишончу на қувончу, на кўнгилдан очма гап
Барчасидин ушбу кун йўқдир самар, кетмоқдаман.

Овчининг домига тушган қуш каби дил жонсарак,
Қисмат ошкор айлади, боқ: қайда пуч, қайда сарак,
Дарду ғамдин қон бу кўнгил, шубҳасиз ўлсам керак,
Мен қуёш юзлимга деб тун кечалар бердим юрак
Оқибат отганда тонг қондир жигар, кетмоқдаман.

Ўйладингми бўйла* шўриш, хаста иқболимни бир
Кўрмадингми зерипо* бул қомати долимни бир,
Қил томошо кўз уза ашкимдаги олимни бир,
Неча кунлар ўтди, лекин сўрмадинг ҳолимни бир
Охирида ҳол сўраб келсанг магар, кетмоқдаман.

Бўлганимда ташна ишқ саҳросида, сен бехабар
Сўлганимда илтифотдан маъни йўқ, келсанг агар,
Ўлганимда не керакдир тобут узра сийму зар
Келганимда дедиларки, бу йигит кони зарар
Кетмагимдин охир айт, борми зарар, кетмоқдаман.

Ибтидоси бўлган ҳар ишда аниқ бор интиҳо,
Ёр десанг, Абдунаби, ёруғ этар дилни Худо,
Дор дединг ёр зулфини, шул дард эдими муддао
Билмадим, ҳеч бормикан асли дардимга шифо
Хаста бу Абдулладин олгин хабар, кетмоқдаман.

*Дар – эшик, дарча. Бар – этак. Бўйла – бундай, бу каби. Зерипо – оёқости.

Абдунаби Ҳамро

www.tg-me.com/abdunabihamro
🔥32👍2
Бугун – Ички ишлар ходимлари куни

МЕН МИЛИЦИОНЕРМАН

(Эл-юрт осойишталиги учун фидойи укаларим - Ички ишлар ходимларига бағишлайман)

Сиз мени танийсиз, кўп бор кўргансиз
Тўйда, маъракада бирга юргансиз,
Менга ўқ текканда, йиғлаб тургансиз
Туну кун тинмаган манглайи терман
Мен ўша йигитман, милиционерман.

Мен ҳам бир онанинг азиз фарзанди
Бир отанинг ўғли, жон жигарбанди,
Ака-укаларнинг дарддош, дилбанди
Фарзандимга ота, ёримга ёрман
Мен ўша йигитман, милиционерман.

Гоҳ шаҳар-қишлоқда, тоғу дарёда
Баъзан саҳро кезим пою пиёда,
Қоним ҳам тўкилди Сурхондарёда
Ёвлар тулки бўлса, мен йўлбарс, шерман
Мен ўша йигитман, милиционерман.

Гоҳ ҳафталаб кўрмай ўғил-қизимни
Соғинчнинг ёшлари ювар юзимни,
Хатар келган ёққа тикиб кўзимни
“Эй бало, юртимдан нари кет!” дерман
Мен ўша йигитман, милиционерман.

Қўлимда қуролу, дилимда қасам
Эл-юрт тинчлиги деб яшарман ҳар дам,
Асли мен ҳам сиздай оддий бир одам
Юртга, миллатимга содиқ аскарман
Мен ўша йигитман, милиционерман.

Абдунаби Ҳамро
👍9👏5
АЛПОМИШ: СЎНГГИ ОЛИШУВ

Вақт ўтиб борар... Айланаяпман
Қалмоқнинг ёқасин жуфт ушлаб қўлим,
Кўкалдош зўр экан, берсаммикан тан
Қорачиқларидан ўқраяр ўлим.

Майдон тўлқинланар, гувлар оломон
Рақибим қилт этмас, қанча силтамай,
Қалмоқнинг гавдаси нақ ўн тўрт ботмон
Олпинбий бобомнинг парли ёйидай.

Вужудим зил-замбил, бир умидсизлик –
Жону жаҳонимни тутиб борар, ёр,
Ойбарчин, Ойбарчин, эй лола юзлик
Сўзларинг жонимдан ўтиб борар, ёр:

“Йиқолмасанг, тўрам, навбат тилайин
Эркак либосини ўзим кияйин,
Бор кучимни билагимга йиғайин
Бу қалмоқни пора-пора қилайин!”*


Оҳ, бу не кўргулик! Оҳ, бундан кўра –
Дунёдан бенишон ўтсам бўлмасми,
Қайдасан, Қоражон? Қайдасан, жўра
Яна қирқ йил чоҳда ётсам бўлмасми?!

Қудрат оқа бошлар мушакларимда
Юрагимда олов гуриллар такрор,
Юртимнинг номуси билакларимда
Кўзларинг кўзимни куйдирдику, ёр!

Бир чирпандим, ердан уздим қалмоқни
Бир зўр бердим, отдим уни осмонга,
Она ерга маҳкам тираб оёқни
Нуқта қўяжакман энди достонга.

Ёшли кўзларингдан айланай, Барчин
Таънангдан дарёдай тўлғондим мен, ёр,
Энди розимисан тўрангдан, айтгин
Мудраган вулқондай уйғондим мен, ёр.

Мен – Алпомиш, юртнинг ғурури, ори
Ёмонлар бор экан, тўхтамайман, ёр,
То халқ уйғонгунча яшарман бедор
Рўзи маҳшаргача ухламайман, ёр!

(Дўмбира симлари узилар бир-бир
Улғаяр бахшининг зор, армонлари,
Кўзлари ўнгида, ёраб, бу не сир:
Улғая бошлайди юрт ўғлонлари...)

*(”Алпомиш” достонидан).

Абдунаби Ҳамро
.
👍6
ЙИҒЛАЁТГАН АЁЛ

Мен сени севаман, йиғлаётган қиз...
Йўлдош Эшбек

Зилол, оқ шабнамлар тўсиб кўзингни,
Ичикиб, хўрсиниб бағринг тиғлайсан,
Тунлари болишга босиб юзингни,
Ҳеч кимга билдирмай, сассиз йиғлайсан.

Биламан, қисматнинг ҳукми беомон,
Билмайсан бошингни қайга уришни,
Одам қиёфали итлар ҳар қачон,
Қўймас этагингдан тишлаб ҳуришни.

Чидайсан, тошлардан қаттиқдир бошинг,
Кўзёшга айланар аёлнинг оҳи,
Агар билсанг, сенинг ҳар қатра ёшинг –
Қай бир нобакорнинг улкан гуноҳи!

Тишингни-тишингга босиб яша жим,
Биласан, беҳисоб эмас бу дунё,
Бир томчи ёшингга арзимас ҳеч ким,
Арзиганлар – сени йиғлатмас асло...

Абдунаби Ҳамро
👍7🔥1
2025/10/27 12:05:41
Back to Top
HTML Embed Code: