Telegram Web Link
МОВАРОУННАҲР ДИЁРИДАГИ САҲОБАЛАРНИНГ
МАҚОМ ҚАБРЛАРИ


****

Ўрта Осиё, хусусан, қадимий Мовароуннаҳр, бугунги Ўзбекистон ҳудудида бир қанча саҳобаларнинг қабрлари ёки мақом қабрлари мавжуд. Мақом қабр ёки рамзий қабр дейилишининг маъноси шуки, булардан баъзилари қадамжо деб эътиқод қилинади. Баъзиларининг эса Соҳибқирон Амир Темур даврларида муборак хоклари келтирилган бўлиши мумкин. Ана шу йўсин бу диёрда ҳазрати Абу Ҳурайра, ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф, ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳум) каби саҳобаларнинг қабрлари пайдо бўлган ва зиёратгоҳга айланган.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ЕР ЮЛДУЗЛАРИ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍11🔥3😢1
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг мақом қабрлари

****
Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Узун (эски Сариосиё) туманида ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган қабр ва меъморий ёдгорлик мавжуд. Бу мақбара Оқостона бобо деган ном билан машҳурдир. Гарчи қабр бу азиз саҳобага нисбат берилса-да, қабр устига қурилган обида – меъморий ёдгорликнинг қурилиши X аср охири – XI аср бошларига оид эканлиги қомус китобларида қайд этилган .

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу 602–679 йилларда Мадинаи мунавварада яшаб ўтганлар. Асли исмлари Ибн Саҳр ад-Давсий – Абдушамс бўлиб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотни Абдурраҳмон деб атаганлар. У киши мушукларни жуда севганлар. Бир кун жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишининг этакларида мушук боласини кўриб, мушукларнинг меҳрибони маъносида Абу Ҳурайра (Мушук отаси) деб лутф қилганлар, у зот ҳам бундан ифтихор қилиб, шу лақабни севганлар ва шу ном билан шуҳрат қозонганлар.

“Саҳиҳи Бухорий”да Асҳобус-суффа ҳақида ҳадислар келади. Бу аҳли суффа Мадинаи мунавварада, Масжиди Набавий ҳовлисидаги супада яшайдиган фақир саҳобалар бўлиб, ҳазрати Абдурраҳмон ибн Абу Бакр (розияллоҳу анҳумо) улар ҳақида: “Асҳобус-суффа (яъни, масжиднинг ҳовлисидаги супада яшайдиган) уйсиз кишилар ниҳоятда фақир кишилар эдилар”, деганлар . Уларга жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илтифотлари улуғ бўлган. Ўша азиз зотлардан бири бўлмиш ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари: “Аҳли суффалардан бирор етмиш нафарини кўрдим”, дейдилар ва уларнинг ўта фақирлигини баён қиладилар . Улар Аллоҳнинг дини учун, илму ирфон учун, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимлари ва ҳадислари учун ўзларин сафарбар қилган шахслар эдилар. Улар Дорул-ирфондан таълим олганлар ва жаноб Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳузурларидан асло ажралмаганлар.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу нодир фақиҳ бўлиб, ифто (фатво берувчи) мақомига эга бўлганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида Баҳрайн (Эфиопия) волийси қилиб тайинланганлар, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврларида Макка шаҳри қозиси, ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо даврларида Мадина волийси бўлганлар .
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илтифотлари билан фавқулодда қувваи ҳофизага эга бўлганлар ва жаҳон тарихида энг кўп ҳадис ривоят қилган зотга айланганлар. У зот жами 5374 та ҳадис ривоят қилганлар. Шундан 335 таси “Саҳиҳай픬да, яъни Имом Бухорий билан Имом Муслимда, 93 таси фақат Имом Бухорийда, 189 таси фақат Имом Муслимда, қолган 4757 та ҳадис бошқа китобларида баён қилинган.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ЕР ЮЛДУЗЛАРИ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍27🔥5
****

Даврлар, замонлар, асрлар ўтар,
Қалъалар, қўрғонлар, қасрлар ўтар,

Жаҳонга Ҳақ нурин таратган диёр
То рўзи қиёмат яшар барқарор!

Пайғамбар сўзини сақлаган ватан
Мангу безаволдир, безавол маскан!


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍36🙏4👏1
Аср ошган шеърлар

ТАСКИН


Насиб этгай сенга олий бахт –
Ўз осмони бўлмиш бир лочин!
Сен ҳам уни эркалаб хушбахт,
Қанотида куйламоқ учун
Ел бўласан, шамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан!

Бошгинангнинг оғриғи қолар,
Асаб дарди бўлур фаромуш.
Ва аксингни тортқилаб кулар
Тиниқ сувлар, сен боқсанг хомуш.
Сувда қувноқ ҳилол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Бегинг мамнун ишдан, ўзидан,
Гоҳ сархуш, гоҳ хушёр келади.
Бир кун... унинг тўрхалтасида
Тўрт донами анор келади:
Ўқтин-ўқтин беҳол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Унутасан заҳил рангингни,
Тўлишасан, ғамларинг кетар.
Баъзан тонглар орзуларингни
Тебратади бешиктебратар.
Тағин соҳибжамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Гулга кўмар бир гўдак даҳо
Умрингни бўш кўчаларини...
Мен ҳам сева биларманми, о,
Унинг жажжи қўлчаларини?
Унда такрор аён бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Бахт шу сенга – тинч бўлур жонинг,
Юпатишмас, бу – вақт шиори.
Бахтдир сенга Ўзбекистоннинг
Ёзи, кузи... биринчи қори.
Ўзинг бахтга тимсол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан!

Тугамайди ҳаёт эртагинг,
Кўп йилларни тилаб яшайди.
Умр бўйи масрур эркагинг
Сочларингни силаб яшайди!..
Сен бир бахтли аёл бўласан,
Менинг учун хаёл бўласан.

1981

Мирзо Кенжабек

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍20😢8🔥2
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Рамазон ойининг 9-куни.
Милодий 2025 йил, 9-март.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍12🤝3🔥2
****

«ҲАР УММАТНИНГ БИР АМИНИ – ИШОНЧЛИ КИШИСИ БОРДИР, ИСЛОМ УММАТИНИНГ АМИНИ АБУ УБАЙДА ИБН ЖАРРОҲДИР».


Устоз Мирзо КЕНЖАБЕКнинг
«ЕР ЮЛДУЗЛАРИ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍11🔥6
МОВАРОУННАҲР ДИЁРИДАГИ САҲОБАЛАРНИНГ
МАҚОМ ҚАБРЛАРИ


****
Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳнинг
мақом қабрлари
(розияллоҳу анҳу)


****
Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) ашараи мубашшара, яъни жаннатий бўлишлари башорат қилинган ўн нафар саҳобаи киромнинг биридирлар.
Мақом қабрлари бугунги Ўзбекистон диёри, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида, Қарши шаҳрига яқин жойдадир. Соҳибқирон Амир Темур ҳарбий сафарлари вақтида у зотнинг муборак мозорини зиёрат қилиб, хокларини Туронзаминга олиб келган.

Асл қабрлари эса бугунги Иордания (Урдун) мамлакатида, унинг пойтахти Аммон шаҳридан 60 чақирим чамаси нарида, Фаластинга яқин ердадир. У Яқин Шарқда, Осиёнинг ғарбий қисмида жойлашган давлат бўлиб, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги (А1-Mamlaka al-Urduniuah al-Hashimiuah) деб аталади. Бу минтақанинг ҳар икки томонида Сурия-Фаластин тоғлари қад ростлаб туради.

У зот Аминул-умма – умматнинг ишончлиси номи билан машҳур бўлганлар. Чунки жаноб Рacулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар умматнинг бир амини – ишончли кишиси бордир, Ислом умматининг амини Абу Убайда ибн Жарроҳдир”, деб марҳамат қилганлар. Бу муборак ҳадис “Саҳиҳи Бухорий”да мавжуддир.

“Пайғамбарлар тарихи” китобида: “Абу Убайда ибн Жарроҳ зирҳсиз аскарларга қўмондон тайинланиб, унинг қўшини Макка водийсининг ўртасини қароргоҳ тутди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам шу қўшинда эдилар”, дейилади.

Ҳижратнинг 8-йили, Ражаб ойида Сифъул-баҳр сафари содир бўлди. Қўшин қўмондони ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) эдилар. Бу юриш Жайшул-Ҳабат (Япроқ аскарлари сафари) ҳам дейилади. Ҳабат денгизи соҳилидаги бир манзилда бўлгани учун Ҳабат сафари деб ҳам аталади. Мадинадан беш кунлик йўлдадир.
Лашкар Сифъул-Баҳрга етиб келганда Аллоҳ таоло денгиздан бир наҳанг балиғини чиқариб, соҳилга ташлади. Бу худди қумтепа каби баҳайбат бир балиқ эди. Қўшин қўмондони Абу Убайда ибн Жарроҳ аввал: “Бу бир ҳайвон ўлигидир, буни еманглар”, деди. Кейин: “Муҳаққақки, биз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг элчиларимиз, Аллоҳ йўлида жангга чиқиб, очликдан қийин аҳволга тушдик. Балиқдан енглар”, деди. “Саҳиҳи Бухорий”да: “...Лашкар у (балиқ)нинг гўштини ўн саккиз кун еди. Сўнг Абу Убайда наҳангнинг икки қовурғасини ерга санчиб қўйишни буюрди. Уларнинг тагидан туя етаклаб ўтилган эди, туянинг бўйи ундан паст келди”, дейилган.

Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳнинг Қарши шаҳри яқинидаги мақом қабрлари муҳаббат ва маърифат аҳлининг зиёрат масканидир.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ЕР ЮЛДУЗЛАРИ» китобидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍19🔥4
****

Азиз Ўзбекистон! Сени ким севмас,
Азизлар бешиги, эй шонли юрак!
Эл бахти сен билан бўлса чамбарчас,
Сенинг ҳам эл билан бахтинг муштарак.


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍25🔥5🙏2
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Рамазон ойининг 10-куни.
Милодий 2025 йил, 10-март.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍10🤝5
ПАЙҒАМБАР ОРОЛИ,
ҲАЗРАТИ ЗУЛ-КИФЛ АЛАЙҲИССАЛОМ


****

Ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло томонидан турли қавмларга юборилган пайғамбарларнинг саноғи 124 минг нафар эканлиги айтилади.
Албатта, улар биз турган мана шу заминда, биз яшаётган мана шу Ер сайёрасида дафн қилинганлар.

Халқ нақлларига кўра, қадимий Мовароуннаҳр, бугунги Ўзбекис­тон ҳудудида муқаддас Каломда ва набийлар тарихларида номлари келган баъзи пайғамбарларнинг қабрлари мавжуд: Термиз яқинидаги Пайғамбар оролида Қуръони каримнинг «Анбиё» ва «Сод» сураларида эсланган Зул-Кифл алайҳиссалом, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида – Амударё бў­йида «Қисас ул-анбиё» китобида тарихи келган Шамъун Набий алайҳиссалом, Самарқанд шаҳрида Дониёл алайҳиссаломнинг қабрлари борлиги айтилади. Бунинг асл ҳақиқати ёлғиз Аллоҳ таолога маълум.

Термиз шаҳри чеккасида, ҳазрат Термиз ота – Ҳаким Термизий мақбаралари рўпарасида Пайғамбар ороли (ёки Пайғамбаророл) деган қўриқхона бор: Амударё иккига бўлиниб, икки орада орол пайдо қилиб оқади, шу оролда қадимдан табаррук ҳисобланган узун қабр ва кўҳна мақбара мавжуд. Бу қабр ке­йинчалик шу Оролда пайдо бўлганми ёки қабр қадимдан мавжуд бўлиб, кўҳна Жайҳун кейинчалик ҳурмат юзасидан бу қабр­ни зиёрат қилиб, иккига бўлиниб оққанми – бу тадқиқталаб масаладир. Чунки кўҳна Амударё асрлар давомида бир неча бор ўз ўзанини ўзгартириб оққани тарихдан маълум. Хуллас, бу табаррук қабрни Қуръони каримда муборак номи келган пайғамбар Зул-Кифл алайҳиссаломга нисбат беришади.

Уламолар тафсирларда Зул-Кифл алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбарлар қаторида зикр қилгани боис у зотни пайғамбар деган фикрда тўхталган. У кишини бир солиҳ зот деган муфассирлар ҳам бўлган. Лекин пайғамбар эканликлари ҳақидаги далил барча тафсир ва тарих китоб­ларида устунлик қилади.


ИНСОНЛАР ВА ҚАЛБЛАР КЎПРИГИ


Термиз Ғазнавийлар тасарруфида бўлган даврда, 1025 йилда Маҳмуд Ғазнавий буйруғига кўра Пайғамбар оролида дарёнинг икки соҳилини боғлаб турувчи понтон кўприк қурилган. Кичкина қайиқлар бир-бирига мол терисидан тикилган занжирлар билан боғланган. Атрофига Сеистондан келтирилган лифлар – тошлар қўйиб чиқилган. Кўприк шу қадар мустаҳкам бўлганки, ҳатто узоқ йиллар ўтса-да, ундан фойдаланишган. 1038 йили Термиз қутволи Бектегинга Жайҳун орқали кўприк қуриш топширилганда, у Султон Маҳмуд замонидан қолган кўприк мустаҳкам эканини, душман зарар келтирмаслиги учун кечаю кундуз қўриқлаб турилганини маълум қилади.

XVII асрда яшаган балхлик машҳур қомусий олим Маҳмуд ибн Валий «Сирлар денгизи» асарида пайғамбар Зул-Кифл алайҳиссалом дафн этилган Термиз яқинидаги орол (Пайғамбар ороли) Ҳаким Термизий билан Хизр алайҳиссаломнинг учрашув жойи бўлганини қайд этган.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«БУЮК ТЕРМИЗИЙЛАР» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍19🔥4
ПАЙҒАМБАР ЗУЛ-КИФЛ АЛАЙҲИССАЛОМ МАҚБАРАСИ

****

ЗУЛ-КИФЛ ИШИКИМ, ҲАҚҚА ДАЛОЛОАТ ЭРДИ,
ҲАҚ РАҲМАТИДИН ЭЛГА КАФОЛАТ ЭРДИ...

МИР АЛИШЕР НАВОИЙ

«Таърихи анбиё ва ҳукамо»дан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍12🔥4
МИР АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИДА
ҲАЗРАТИ ЗУЛ-КИФЛ алайҳиссалом зикри
(«Таърихи анбиё ва ҳукамо»дан)

****

Ал-Ясаъ алайҳиссалом бани Исроил анбиёсидиндур. Атосини Ахтуб дебдурлар. Ва анинг иши деҳқонлиқ эрди.
Илёс алайҳиссаломға ваҳий еттиким, ани валиаҳдинг қил! Ул ҳазрат анинг тарбиятиға машғул бўлди, иши элга хилофатқа етти. Ва муддате бани Исроилни Ҳақ таолоға даъват қилди.

Ва андин хориқ одот ва мўъжизот кўп воқе бўлубдур. Ул жумладин бири буким, биров уйига меҳмон бўлди ва ул мезбониға фарзанд орзуси эрди ва бўлмас эрди. Анинг дуоси била Тенгри таоло анга фарзанд берди. Ва ул фарзандиға неча вақтдин сўнгра ажал етти. Яна анинг дуоси била руҳ баданиға кириб, кўп вақт тирилди. Бу нав мўъжизоти кўптур.

Бовужуди бу нав ҳолот бани Исроил гоҳи анга мунқод эрдилар, гоҳи йўқ. Хотири ул элдин ториқиб, Зул-Кифлни ўз хилофатиға тайин қилди. Ва ўзи муножот қилиб, Тенгри таолоға восил бўлди. Ва бу муродини Тенгри таоло ҳосил қилди.

Р у б о и й:

Илёс чу Ал-Ясаъни волий этти,
Ҳақдин анга анвори нубувват етти.
Гар ул қочиб эл малолатидин кетти,
Ул кетгондек бу доғи кетмай нетти.


Зул-Кифл алайҳиссалом бобида ихтилоф кўбдур. Баъзи ани Дизқил дебдурлар. Баъзи дебдурларки, Айюб алайҳиссаломнинг ўғлидур, оти Бишр. Ва агар бу ривоятлардин ҳар қайси рост бўлса, Ал-Ясаъ замонидин йироқ тушар.

Ул асаҳ ривоят била Ал-Ясаъ бинни Ахтуб алайҳиссаломға васийдур. Ва бу лақаб била мулаққаб бўлғанида ақвол кўптур. Бу мухтасарда икки қавл била ихтисор қилинур.
Бири улким, Ал-Ясаънинг ва соясиға бани Исроилнинг Тенгри таолоға далолат қилмоғида Мусо алайҳиссалом динининг ривожида ва Таврот аҳкомининг ижросида ва таълимида мутакаффил бўлди.

Яна бир қавл улким, Тенгри таоло бир кофир подшоҳ даъватиға амр қилдиким, оти Канъон эди. Ул айттиким, мендин кўб исён воқе бўлубдур. Сўзунг била иймон қабул қилсам, не билайким Тенгри таоло қошида қабул борму ё йўқ? Магар сен ҳақ таоло раҳматиға кафил бўлғайсенким, мен кўнгул тинчи била иймон кетургаймен. Зул-Кифл алайҳиссалом Канъонға кафил бўлди, кафолат хати битиб берди. Ул иймон қабул қилиб, салтанат таркин тутуб, Тенгри ибодатиға машғул бўлди. Чун ажал етти, ул хатни васият қилдиким, анинг била дафн қилғайлар. Ривоят будурким, Ҳақ таоло пайғамбари кафолати жиҳатидин Канъонға раҳмат қилиб, биҳишт насиб қилди.
Ва бир малакка амр бўлдиким, ул хат била элга зоҳир бўлуб, Канъон башоратин еткурди. Қавм ул ҳолдин мутаассир бўлуб, иймон қабул қилиб, анинг рисолатиға эътироф қилдилар. Баъзи дебдурларким, эътироф аҳлининг иймонлариға ҳам қабул учун кафил бўлди. Чун иши Тенгри таоло раҳматиға эътимодидин бу нав ишларга кафолат эрди, бу лақаб била машҳур бўлди.

Ва муддат қавми ҳидоятиға иштиғол кўргузуб, олами фонийға видо қилди.

Р у б о и й:

Зул-Кифл ишиким, Ҳаққа далолат эрди,
Ҳақ раҳматидин элга кафолат эрди.
Чун қавмнинг ойини залолат эрди,
Ўтти чу замириға малолат эрди.




УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«БУЮК ТЕРМИЗИЙЛАР» китобидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍22🔥3
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Рамазон ойининг 11-куни.
Милодий 2025 йил, 11-март.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍16🔥2🤝1
ВАТАН ТАРИХИ
ТЕРМИЗ

****

ЖАЙҲУН СОҲИЛИДА ҚАДИМИЙ ТЕРМИЗ,
БИЗ, АЛБАТ, ШАЪНИГА ҚАСИДА ДЕРМИЗ...


МИРЗО КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍13🔥4
****

Термиз – Ўзбекистон жанубида, кўҳна Жайҳун, яъни Амударёнинг ўнг соҳилида жойлашган бандаргоҳ шаҳар. У асрлар давомида Тармита, Антиохия-Тармита, Деметриас, Тармид, Тармиз, Тами, Тамо сингари турли номлар билан аталиб келган. Х асрдан Термиз деб номланган (араб ва форс манбаларида Тирмиз дейилади).
Эскидан маъмурий жиҳатдан Термизга қарашли бўлган ҳудуд Термиз деб аталган. Шунинг учун мазкур шаҳар ва унинг атрофларида етишган зотларнинг ҳаммалари Термизий деган нисба билан шуҳрат топганлар.
Шубҳасиз, башарият тамаддуни шаклланишида, жумладан, қадимги Шарқ илму фани равнақ ва ривожида Термизнинг ўз ўрни бор.
Термиз жаҳондаги энг ҳароратли – иссиқ шаҳарлардан биридир. Оламдан ёш кетган раҳматли шоир Теша Сайдали шаҳарнинг бу сифатидан ҳам яхшилик аломатини излаб, гўзал ташбиҳ тузган эди:

Тўғри, дўстим, тўғри, шаҳрим ҳавоси
Оловдай иссиқдир ҳаттоки тунда.
Чунки машъал қилиб эл муддаосин,
Олов қалблар яшайди унда!..



УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«БУЮК ТЕРМИЗИЙЛАР» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍14🔥5
ТЕРМИЗ
(«Ватан минтақаси» достонидан)


Мен уни билмасдим...
Фасллар билан
Насллар дастидан кўриб минг хатар,
Юзма-юз турган не асрлар билан
Мен билан юзма-юз турган бу шаҳар .

Шу ерда туғилиб, шунда уйғониб,
Кезмадим воҳанинг адирларида.
Мен илк бор танидим Сурхондарёни
Рўзи Чориевнинг тасвирларида.

Кўрганим – Бандихон пахтазорлари,
Мактаб – уй. Жазира. Узун сойлари.
Шуларни шеър қилиш мумкинлигини
Менга маълум қилган – Теша Сайдали.

Ҳаёт абадий, деб Шукур Холирза
Қадим Бақтриядан сўйлади манга.
Шу йўсин, муҳаббат қўйдим мен, тоза,
Ватан остидаги буюк Ватанга.

Ҳозир ҳам ўзим зап жаҳонгаштаман,
Кўрганим – ўзбекнинг икки-уч шаҳри.
Шулар орасида Термизга томон
Тушиб қолган экан қуёшнинг меҳри.

Мен уни билмасдим.
Бу камтарин кент
Яшарди аскарлар урҳоси билан.
Уй-жой, бола-чақа ғалвасию
Кенг
Дунёнинг мўътабар ғавғоси билан.

У, етмиш саккизнинг савр ойи ҳам
Оғриқлар ҳис қилиб жонгинасида,
Яшарди гўё жим, гўё хотиржам
Шундоқ Инқилобнинг ёнгинасида.

Бу ажиб манзилга, тўзиб ҳар ҳафта,
Афғон шамолининг ҳавоси келур.
Унинг боғларига Бойсун тарафдан
Шоберди бахшининг овози келур.

Термиз Тешасидан айрилди бир кез,
То ҳануз дўстларнинг далдалари бор.
Лекин бу маъвога олайтирма кўз -
Шаҳарнинг ғаройиб Болталари бор!*

Тарих тўзонлари ичра улоқиб,
Мамлакат қуёшин кўтариб бошга,
Келажак кунларга музаффар боқиб
Турган зотлари бор бу юртнинг бошқа.

Шоир, носирлари – ўзин овутган
Ёвқур халойиқнинг чин завқларидир;
Аср елларига кўксини тутган
Жанубнинг кўп қаттиқ дарахтларидир.

Юзма-юз турибмиз
Мен билан Термиз.
Дилда Амударё суви гупургай.
Мен кимман?..
У ҳали ўзбекнинг тенгсиз
Шоирлари билан бетма-бет тургай!

Бу сўзим на мақтов, на қасидадир.
То кемам етгунча бандаргоҳ қадар,
Қалбим дарёсининг ўртасидадир
Дарё ёқасида турган бу шаҳар!


Мирзо КЕНЖАБЕК

*ИЗОҲ. Сатрларда шоир Теша Сайдалиев, шоир Болта Ёриев, шоир Болтажон Содиқовлар назарда тутилган.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍20🔥3👏1
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Чоршанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Рамазон ойининг 12-куни.
Милодий 2025 йил, 12-март.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍9🔥3🤝2
****

Эй, дўст, гўзалликка ўч бўлсанг азал,
Ҳикмат диёридан тингла бир масал:
Баҳор ҳам, хазон ҳам Ватанда гўзал! –
Тўлсин хуш рангларга диёр, навбаҳор...


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍17🔥6
****

НАВБАҲОР

Юртим боғларида сайр этар хушҳол,
Дилларда сайр сайёр навбаҳор.
Туйғулар исини фош этар шамол,
Сўзлари рангларда ошкор – навбаҳор
.

Кўкламнинг ҳар элда ўз номи мавжуд,
Ҳар эл янги кундан кутар янги қут.
Янги нафасларга тўлгин, она юрт,
Атрин пулга сотмас аттор – навбаҳор.

Боғлар қиш қўйнида сукут этган чоғ,
Меҳнат қилмайди, деб ўйлама, бу боғ,
Янги ҳаёт учун куч йиғар кўпроғ,
Кейин тасбиҳ бошлар ифор – навбаҳор.

Оҳ, дарвиш дарахтлар чилла ўлтириб,
Кейин ҳосил берар юртни тўлдириб,
Бас, сабру бардошга ўзни кўндириб,
Сўнгсиз неъмат топар баҳор – навбаҳор.

Эй, дўст, гўзалликка ўч бўлсанг азал,
Ҳикмат диёридан тингла бир масал:
Баҳор ҳам, хазон ҳам Ватанда гўзал! –
Тўлсин хуш рангларга диёр, навбаҳор

Ўлик ер кўкариб, топганда ҳаёт,
Қайта тирилишин ўйлар одамзот,
Кундузни кечага киритгувчи Зот
Қудрати ҳар нафас ошкор, навбаҳор.

Эй, кўнгил, маънодан сен топсанг дарак,
Инсондан узоқроқ яшар капалак:
Умри пок, қони йўқ, гул учун ҳалак,
Сеҳри мўл, ҳикмати бисёр, навбаҳор.

Гул фасли, ишқ фасли, суҳбат чоғидир,
Мирзо, бу тирилиш, ҳайрат чоғидир,
Ўзбекистон учун ғайрат чоғидир,
Кўнгилларда сўнмас шарор – навбаҳор.


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
👍13🔥6
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
****

НАВБАҲОР

✍️Устоз
Мирзо КЕНЖАБЕК,
🎙Рустамхон ҚУРБОНЗОДА.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍14🔥4
2025/07/13 18:26:37
Back to Top
HTML Embed Code: