Telegram Web Link
****

Эй одам, васфинг кўп ҳикоятдадур,
Олий ахлоқ васфи китобатдадур.
На иссиқ, на совуқ тоқатингга мос,
Тўрт фасл тилларинг шикоятдадур.


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 12-куни.
Милодий 2025 йил, 7-июль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ҲАЗРАТИ МОЛИК ИБН ДИНОР
ҲИКМАТЛАРИ

****

Нақлдирки, Молик айтар: «Ҳар кимки қирқ кун гўшт емаса, унинг ақлига нуқсон етади», деган сўзнинг маъносини била олмадим. Мен эса йигирма йилки, гўшт емадим ва ҳар куни ақлим зиёда бўлганини сезаман».

****

Яна бир нақлда Молик нафсига хитоб қилиб деди: «Эй нафс, янги хурмо есанг, оёқ бўлурсен; сабр қилсанг, бош бўлурсен!».

****

Сўрадилар: «Зуҳд авлодирми ёки ризо яхшироқми?» Бу саволга жавобан: «Ризо яхшидир, рози бўлган киши ортиқ манзилат-мартаба истамас», деди.

****

Бахтсизлик нишонаси беш нарсадир: бир – кўнгил қаттиқлиги; иккинчиси – кўз ёшланмаслик; учинчиси – ҳаёсизлик, тўртинчиси – дунёни севмоқлик; бешинчиси – дунё учун жондан андиша айламоқликдир.

****

Мўъмин кишининг кўнгли Ҳақдан қўрқувли бўлур ва беҳуда сўздан тилини тияр ва шул қўрқув муносибати билан шаҳват (шиддатли истаклар) оловини сўндирар, дунё севгисини ичидан чиқариб ташлар.

****

Охират маҳрумлиғига рози бўлган киши дунёлиғини (бойлигини) тўплайверсин.

****

Дунёда гўзал либосларга ва тотли емакларга нисбатан олий завқ бўла олмагайдир.

****

Юмшоқ (содда) кўнгилли бўлайлик. Ҳақ Таъоло юмшоқ кўнгиллиларни севар.

****

Уч нарса кўнгилни ўлдирар: кўп емоқ, кўп ухламоқ, кўп гапирмоқ.

****

Умрининг охирида бир киши ундан бир насиҳат истади. Айтди: «Нажот топай десанг, ҳамма вақт Ул иш тузгувчи корсознинг ишига рози бўл, чунки сенинг ишингни тузгувчи Улдир».



“ҲИКМАТ ХАЗИНАСИ” китобидан.
Мусанниф Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ШЕЪРИЯТДАГИ ТАҚЛИД

Тақлид – аслнинг соясидир. Ижод нур бўлса, тақлид – нур сабабли пайдо бўлган соя. Афсус, шеъриятимизнинг соялари бор.

Адабиётда, шеъриятда тақлид кўп учрайди. Баъзи тақлидчилар тақлид қилаётганини ўзи билмай ёки билмаганга олиб умр ўтказяпти.

Баъзи санъаткор шоирларга тақлид қилиб бўлмайди.
Абдулла Ориповга тақлид қилган киши уятга қолади, унинг ҳар тарафидан улуғ шоирнинг кийимлари кўриниб туради.

Рауф Парфига тақлид қилган киши тез фош бўлади, ясама шоирга ўхшаб қолади. Ўзини ўзи хижолатга қўяди.

Абдували Қутбиддинга тақлид қиладиган кишининг ўзини расво қилишдан бошқа чораси йўқ. Абдували шеърияти руҳ жилваларидир. Улуғ Нақшбандийлар маърифатининг нурларидир.

Абдувалининг шеърлари “Бир шеърий санъат қилайин” деб ёки “Бировни қойил қолдирайин” деб ёки “шуҳрат топайин” деб битилган мисралар эмас.

Соя нурдан пайдо бўлади. Соя бўлмайлик, нур бўлайлик. Тақлидчининг “Асл нусхаман” деб даъво қилиши адабиётнинг қаро кунидир. Устоз Абдулла Ориф ёзадилар:

Тақлид қила бергин етса бардошинг,
Модомики сенда бор экан ҳавас.
Фақат бир қаро кун кўтариб бошинг,
Асл нусхаман деб дод солмасанг бас.




Устоз Мирзо Кенжабекнинг «Ёшларга дил сўзларим» китобидан.
«Адабиёт» нашрёти, 2020 й
.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
УНИНГ ҲУЗУРИДА
ТЎПЛАНАЖАКСИЗ...


Тўртликлар

* * *
Кетмагил, гар кетсанг, фарзона кетгил,
Мажнундек бўлиб чин афсона, кетгил.
Нур бўлиб яшагил, Ҳақ ҳузурига
Бир кун кетар бўлсанг, мардона кетгил.

* * *
Ҳар қаҳат, очликнинг бордир адоғи,
Пурхўрлик, маишат – киборлар доғи.
Очликдан ўлганнинг саноғи бордир,
Тўқликдан ўлганнинг йўқдир саноғи!..

* * *
Дўст, майли, туҳмат қил, ҳақорат қилгин,
Тангрим, сен сабрга ишорат қилгин.
Қалбимга урилган ҳар бир озорни
Бирор гуноҳимга каффорат қилгин.

* * *
Ватан деб қон ютган қалблар, ҳалаксиз,
Асл макондан ҳам қолманг дараксиз:
«Аллоҳдан қўрқингиз ва билинг, шаксиз,
Унинг ҳузурида тўпланажаксиз!»


Мирзо Кенжабек

@m_kenjabek |
2025/07/07 05:14:21
Back to Top
HTML Embed Code: