Telegram Web Link
****

“БОБУРНОМА - ҚОМУСИЙ ИЛМЛАР ХАЗИНАСИ

“Бобурнома” асаридан адабиёт, шеърий санъат, тилшунослик, луғатшунослик, китобат, сиёсат, иқтисод, жуғрофия, мактубнавислик одоби, таърихнавислик (таърих жанри) санъати, дин ва дунё, шариат ва тариқат, фиқҳ ва тасаввуф, этнография, жамиятшунослик, инсоншунослик, фалакиёт (астрономия), тиб-табобат илми, ҳарбий таълим, боғдорчилик, мироблик, халқ оғзаки ижоди, математика, бинокорлик ва ободонлик, оила ва жамият, ислом аркони ва аҳкоми, тушлар таъбири каби кўплаб соҳаларга оид илмлардан намуналар, маълумот ва тушунчалар топиш мумкин.

Бу жиҳатдан мазкур асар хилма-хил илмлар хазинаси, қомусий маълумотномадир. Бу далиллар Заҳируддин Муҳаммаднинг болалик ва ёшликдан улуғ устозлардан таълим олиб, соғлом қалб ва ақл билан камол топиб, етук шахс бўлиб етишганининг исботидир.

“Турли соҳаларда денгиздек илм олган” деган сўзнинг исботи ҳам ана шудир.
Таниқли бобуршунос олим Ваҳоб Раҳмонов айтганларидек: “Бу асар мазмуни, воқеаларига эътибор қилган зийрак китобхон: “Бобурнинг қизиқмаган ва билмаган соҳаси қолмаган экан!” деган ҳайратли хулосага келади”.

ОТАБЕК УСТОЗЛАР ТАРБИЯТИДА

Зиёли шахслар хонадонида уларнинг фарзандларини болаликдан тарбият қилиб, илм ўргатувчи мураббийлар отабек деб аталган.

Барча темурий шаҳзодалар каби Заҳируддин Муҳаммад ҳам махсус отабек мураббийлар, йирик фозилу уламолар устозлигида камол топади, ҳарбий таълим ва исломий илмларни эгаллайди, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарларни мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди.

Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Йўлбарс») деган лақабни олади (Ҳасанхожа Нисорий, «Музаккири аҳбоб»).


БОБУР МИРЗОНИНГ МАЪНАВИЙ ОЛАМИ

XVI аср тазкираларининг нодир намуналаридан бўлмиш Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» («Севимли зотлар ёдномаси») асарида: «Заҳируддин Муҳаммад Бобур подшоҳ ибн Мирзо ибн Умаршайх ибн Султон Абусаид Кўрагон ибн Султон Муҳаммад Мироншоҳ Мирзо ибн Амир Темур Кўрагон зикри» дея махсус бир боб ажратилган.

Бобур Мирзо истеъдодининг турли қирраларини тавсиф этиб, уни: «Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди…» деб таърифлайди.

Шундан сўнг муаллиф Бобурнинг маънавий ҳоли, шоирлик истеъдоди ва фақиҳлик қобилияти ҳақида сўзлаб, айтади:

“Подшоҳнинг Нақшбандия (тариқати) олий хонадонига иродат нисбати бор эди. Юқори шон-шавкатли бобоси ва салтанат нишонли отасининг ҳазрати Хожа (Убайдуллоҳ) Аҳрорга иродати бўлган. Бобур подшоҳ ҳам бу улуғлар хонадонига нисбатан иззат-икромни соатма-соат оширар ва бирор дақиқа бу ишни канда қилмас ва ғафлатда қолмас эди”.

Нодир хислат ва кароматлар соҳиби бўлган ҳазрати Хожа Аҳрори Валий билан улуғ подшоҳ, аллома ва шоир Заҳируддин Муҳаммад Бобур ўрталарида кучли маънавий иртибот мавжуд эди.

Бунга сабаб улуғ валийнинг маънавий тасарруфи қувватли экани ҳамда Бобур Мирзонинг Шайхга бўлган муҳаббат ва эътимодининг самимий эканидир. Бу боғлиқлик Хожа Аҳрор ҳазратларининг шоҳ ва шоир ҳаётига тегишли бир неча кароматларида намоён бўлади.
(давоми бор)

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
("Бобур Мирзо ва маънавият" китобидан)

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍15🔥5
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
ЖУМЪА.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 15-куни.
Милодий 2025 йил, 14-февраль.

КУНЛАРНИНГ САЙЙИДИ - ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

****

БУГУН УЛУҒ АЖДОДИМИЗ, БУЮК АЛЛОМА, ДАВЛАТ АРБОБИ, ШОИР ВА МУТАФФАККИР ЗАҲИРУДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

* * *

Бу дунёдин фараҳ йўқтур мени маҳзунға жононсиз,
Жаҳондинким, десун, биллоҳ, керакмас манга жон онсиз!

* * *

Мурод васлинг эрур - айла ёд Бобурни,
Унутмоғил яна бу номурод Бобурни.


Суратда Заҳируддин Муҳаммад Бобур мақбараси. Боғи Бобур. Қобул шаҳри. Афғонистон.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍12😢5🤝2
****

НАҚАДАР БУЮК ВА ГЎЗАЛ ДУО!..

Бобур Мирзо “Ҳаж китоби”нинг Арафот бобида ҳажнинг фарзи бўлмиш Арафотда туриб ўқиладиган дуоларнинг энг афзалини баён қилади. Имом Ғаззолийнинг “Иҳйо ал-ъулум ад-дийн” китобидан олинган бу дуо аллома тасаввуфий қарашларининг зубдасидир:

“Эй бир эшитиш иккинчи эшитишдан Ўзини машғул қилмайдиган Зот, эй Ўзи учун овозлар аралашиб кетмайдиган (ҳар бир овоз эгасининг дуосини ижобат қиладиган) Зот, эй сўраладиган нарсаларнинг кўплиги адаштириб қўймадиган Зот, эй (турли миллат) тиллар(и)нинг ҳар хиллиги халақит бермайдиган Зот, эй ҳожат сўраб илтижо қилувчиларнинг сўрови малол келмайдиган Зот, эй ҳожат сўровчиларнинг ҳожатлари Ўзини оғринтирмайдиган Зот! Бизга авфинг лаззатини ва раҳматинг ҳаловатини тоттир!”


Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК
«МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍30🔥4😢4🙏1
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Шанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 16-куни.
Милодий 2025 йил, 15-февраль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍10😢2🤝2🔥1
****

АБАДИЙ ҲИКМАТ


Фақиҳ Абул-Лайс Самарқандий
ҳазратларининг сўзлари
абадий ҳикматдир



«Яхшиликдан олдин яхшилик қилиш – фазилат.
Яхшиликдан кейин яхшилик қилиш – мукофотлаш.

Ёмонликдан кейин яхшилик қилиш – олийжаноблик.
Ёмонликдан олдин ёмонлик қилиш – жабр-зулм, ноҳақлик.
Ёмонликдан кейин ёмонлик қилиш – тенглашиш.

Яхшиликдан кейин ёмонлик қилиш тубанлик ва бадбахтликдир».



Устоз Мирзо КЕНЖАБЕКНИНГ
«Ер юлдузлари» китобидан.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍16🔥5🤔1
****

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЗИЁРАТИДА

Нурга тўлғун ётар ҳазрат Бухорий
Тангри насиб этган иморатида.
Димоғларга етар ҳикмат ифори
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Эй дўст! Ихлос ила иссиқ нафас қил,
Танни пок, дилни соф, овозни паст қил,
Аллоҳ ризосини юракдан қасд қил
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Кўп эзгу ишларга инсон чоғланур,
Гуноҳ, хатолардан кўнгил доғланур,
Ҳақнинг Расулига хаёл боғланур
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Илмидан бир насиб тегдими бизга?
Ҳеч амал қилдикми бирор ҳадисга?
Кўнгил тўлиб-тошар анвойи ҳисга
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Чин ризо қилдикми ота-онани?
Йўқладикми бирор ғариб хонани?
Босмоққа ҳад борми бу остонани
Имом Бухорийнинг зиёратида?

Дўст-ёр, қўни-қўшни, қавму қариндош
Мушкул ишларида бўлдикми йўлдош?
Қалбинг саволларга берурми бардош
Имом Бухорийнинг зиёратида?

Ғийбатдан тиндими бирор кун тиллар?
Омонатни омон элтдими қўллар?
Айланар умрлар, асрлар, йиллар
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Ўлимни ёд этиб, титрайди виждон,
Қаро ер барчани истарми бежон? –
Дунё ва охират турар ёнма-ён
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Ҳазрат Навоий ҳам ғами дин қилмиш,
Қирқ ҳадис назм этиб, Арбаъийн қилмиш,
Ҳирот ичра қалбин сарзамин қилмиш
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Ватан ифтихори, Ислом шонидир,
Пайғамбар издоши, ҳикмат конидир,
Юрак илму ҳикмат сиёҳдонидир
Имом Бухорийнинг зиёратида.

Мирзо, ким азиз зот руҳин шод этар,
Мақбара, илмгоҳ, юрт бунёд этар,
Халқ ҳам дуоларда уни ёд этар
Имом Бухорийнинг зиёратида!..

2009

Мирзо КЕНЖАБЕК
("ҲАЁТ САДОЛАРИ" китобидан)


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷
👍16🔥6👏1
MAX-49877 MA'RIFAT CHIROQLARI 10.01. 2025. 22.00
<unknown>
САТРЛАРДА ИМОМ БУХОРИЙ ЁДИ

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК ШЕЪРИЯТИ ГУЛШАНИДАН « ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЗИЁРАТИДА»
ШЕЪРИГА БАДИИЙ ЧИЗГИЛАР

📻"Маҳалла" радиоканалининг "Маърифат чироқлари" эшиттиришида шоира Гулзебо Иброҳимова иштирок этди.

Муҳаррир Умида Ғаффорова




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍11🔥3👏1
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 17-куни.
Милодий 2025 йил, 16-февраль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
🤝6👍3🔥1🙏1
ҲАЗРАТИ ШАЙХ ҲАСАН БАСРИЙ
Қуддиса сирруҳу ҳикматлари


****

Кимнинг сўзи ҳикмат бўлмаса, айни офатдир, кимнинг сукути тафаккур бўлмаса, шаҳват ва ғафлатдир. Кимнинг назари ибрат бўлмаса, у фақат лағв ва зиллат – эрмак ва тубанликдир.

****

Кўнгил аҳли бўлганлар доимий сукутни одат қилурлар, то қалблари тилга кирмагунча, сўзламаслар.

****

Вараънинг (ҳаром ва шубҳали нарса ва ишлардан чекинишнинг) уч мақоми бордир:
1. Вараъ соҳиби, хоҳ ғазабли, хоҳ сокин ҳолда бўлсин, фақат ҳақ сўзни сўзлар.
2. Иззат ва жалол соҳиби бўлган Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган нарсалардан аъзоларини сақлар.
3. У фақат Ҳақ таъоло рози бўладиган ишларнигина қасд қилур.

****

Амалларнинг энг афзали тафаккур ва вараъдир.



“ҲИКМАТ ХАЗИНАСИ” китобидан.
Мусанниф УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍8🙏5🔥1😢1
УЛУҒ ДАРЁНИ БОШЛАБ КЕЛ...


* بِسْمِ الله الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ *

Келар бўлсанг, менга, эй дўст,
дили донони бошлаб кел,
Сўник ғофилни дуч қилма,
асл шайдони бошлаб кел!

Фалак, менга келар бўлсанг,
ҳама сайёралар қолсин,
Тун – ой, кундуз – қуёш, тонглар
ёниқ зуҳрони бошлаб кел!

Кўлу кўлмакни бахш айла
кўлу кўлмак фидосига,
Менга, эй ёр, улуғ уммон,
улуғ дарёни бошлаб кел!

Куну тундан насибам бер:
ато эт энг узун кундуз,
Сиридан энг узун кеча –
шаби Ялдони бошлаб кел.

Жаҳонда бахтга тўйганлар
манга дўст бўлмаги мушкул,
Манга ишқ ичра хор бўлган
дали, расвони бошлаб кел!

Санга бўлсин бу ирфонда
бари ашрофу аъёнлар,
Манга, эй дўст, дили султон,
руҳи подшони бошлаб кел!

Неча кенг дашту саҳрони
дили торларга тортиқ эт,
Манга ул Карбало янглиғ
буюк саҳрони бошлаб кел!

Рафиқ ўлмас муҳаббатда,
жунунда ҳиммати пастлар,
Ол-эй дўст, қитъалар – санга,
манга дунёни бошлаб кел!

Чала дўсту чала душман,
чала ул марду номардинг,
Менга қалби салим бир дўст,
етук барнони бошлаб кел!

Бисотда битта жоним бор,
уни мен Сенга бахш этдим,
Ҳудудсиз раҳматинг бирла
дари уқбони бошлаб кел!

Қиёмат кун Раҳим Раббим
ки, шояд раҳм этиб, поклаб,
Буюрса хос малакларга:
“Манга Мирзони бошлаб кел!..”


Мирзо КЕНЖАБЕК


1444, 13-зулҳижжа. 2023, 1-июль. Шанба.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍19😢8🙏5🔥1🤝1
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 18-куни.
Милодий 2025 йил, 17-февраль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
🤝4🔥3👍2🙏1
#публицистика

МУҲАММАД РАҲМОН ШЕЪРИЯТИНИНГ МАЪРИФИЙ МОҲИЯТИ

****
Муҳаммад Раҳмон шахс сифатида камтарин, хоксор инсон эди, лекин у ижодкор сифатида адабиётда ўз муносиб ўрнига, ўз сози ва овозига эга бўлган забардаст шоирдир...

“ЎЧМАС НОМ БИЗ УЧУН
ВАТАН БЎЛҒУСИ”


Ватан ҳақида ҳар бир ҳақиқий шоир ўз дил сўзини айтади. Муҳаммад Раҳмоннинг ватанпарварлиги сохталикдан холи. Бу сўз унча ўринли эмасдек туюлади, лекин Ватан мавзуйини тамаъ манбаи ва хўжакўрсинга айлантириб олган маддоҳлар кўпайганини ҳисобга олсак, бу ифодани тушуниш мумкин. Шоир фалсафасига кўра, инсон яшаши учун ҳар қайда бир бурда нон топилиши мумкин, ҳар ерда бир макон топилиши мумкин, лекин ҳеч қаерда Ўзбекистондек Ватан топилмайди. «Топилар» шеъридан:

Ҳар қайдан топарсан бир бурда нонни,
Қайда бор бундай юрт, садқа қил жонни,
Бағрингга маҳкам бос Ўзбекистонни,
Ватан топилмайди! – макон топилар.


Яна «Қора кўйлак» эртак-достонида навкар тилидан ушбу мардона ҳикмат ирод қилинади:

Қўймас ҳеч ким хор қилиб
Ўзи унган чаманни.
Боши кетса кетарки,
Бермас ёвга Ватанни!

Шоир шеърларида Ватан, Тарих, Она тил, Буюк шахслар мавзулари уйғунлашиб, бир-бирини тўлдириб, бир-бири билан ўрин алмашиб – бир ғояни ифодалаб келади. “Вайрон Дишон қалъа, Оқсарой вайрон” деб бошланган шеърида шоир қирғин қилувчи мустабидларнинг ниқоби очиладиган кун борлигини баралла эълон қилади:

Вайрон Дишон қалъа, Оқсарой вайрон,
Оғзи очиқ қолган – даҳмалар ҳайрон...
Кимдир у қатағон – одамми ҳайвон?
Юзидан ниқобин юларман бир кун.


Ўлимнинг турлари ва хиллари кўп. Лекин шоир наздида Ватан қўрғони учун ўлмоқ – ўлимларнинг афзалларидандир.:

...Оҳ, тилим, туркулар айтган Туроним,
Насл-насабимдан белгим, ўроним,
Ёв ишғол қилмаган сўнгги қўрғоним,
Ўлсам – шу қўрғон деб ўларман бир кун.


Шоирнинг теран фалсафасига кўра, Султон Ҳусайн Бойқаронинг шамлари -миллат тарихининг шамларидир. Шунинг учун шоир нидо қилиб айтади:

Ёнса ҳамки гарчи олис Ҳиротда,
Пайдо эди барқи ҳар музофотда,
Бойқаронинг акси гўё миръотда...
Бойқаронинг шамларини ёқинглар!


“Қуёш шаҳри” – Термиз шаҳрининг 2500 йиллигига бағишланган шеър. Шоир қалби учун қадимий Термизнинг кечмиши ҳам Уйғотгувчи тарихдир. Хотиротни, виждонларни, иймонларни уйғотгувчи тарих:

Ўтди-кетди оламдан, ҳа,
Доролари, Чингизлари.
Қолди фақат, қолди мангу
Термизийдек тенгсизлари.


Улуғ аллома, шайх ва валий зот Абу Бакр Варроқ номидан шоир гўзал бир ҳикмат чиқаради ва вароқларда мавжуд бўлган ҳидоят нишонасидан кўнгилларда ва қароқларда нури иймон барқарор бўлишини баён қилади:

То ҳидоят иншоси бор
Варроқлардан вароқларда,
Барқарордир нури иймон
Кўнгилларда, қароқларда...


(давоми бор)


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍9👏3🔥2🤔1
ТАЗМИН

Гулшанингдин елдек, эй раъно ниҳол,
Мен ёмон бордим, вале сен яхши қол.
(Алишер Навоий)

Келмагу кетмак сирин қилсам хаёл,
Бир келиб, бир кетадур аҳли камол,
Неча нуқсоним ила мен бозавол,
Кетмак азмига тушубмен бемалол;
Гулшанингдан елдек, эй раъно ниҳол,
Мен ёмон кетдим, вале сен яхши қол.

Ҳақки руҳ кўзгусида кўргай Ўзин,
Соҳиби руҳ софу пок тутгай юзин,
Менки олуда этиб кўнгул кўзин,
Не хижолатда кетарман бу йўсин! –
Гулшанингдан елдек, эй раъно ниҳол,
Мен ёмон кетдим, вале сен яхши қол.

Яхши дарё оқса қирғоқлар аро,
Хуш насимлар кезадур тоғлар аро,
Мен ғарибинг аҳли муштоқлар аро –
Маърифат бемориман соғлар аро.
Гулшанингдан елдек, эй раъно ниҳол,
Мен ёмон кетдим, вале сен яхши қол.

Менга андуҳ манбаъисан гарчи сан,
Сен – ҳаёт муҳрин самовий нақшисан,
Чорасиз дилнинг ҳаловатбахшисан,
Мен неча бўлсам ёмон, сен яхшисан! –
Гулшанингдан елдек, эй раъно ниҳол,
Мен Ёмон кетдим, вале сен Яхши қол.

Ишқ қуёшига дилимни Шарқ этиб,
Ғарбу Шарқини ғамимга ғарқ этиб,
Бас, бақо бирлан фанони фарқ этиб,
Бу кетиш бирлан ўзимни тарк этиб,
Гулшанингдан елдек, эй раъно ниҳол,
Мен ёмон кетдим, вале сен яхши қол!..

1989

Мирзо Кенжабек

•┈❁✿❁┈•
@m_kenjabek
•┈❁✿❁┈•
👍10😢7🔥6🙏2
17 февраль — шоир Мансур ЖУМАЕВ туғилган кун!


Мансур Жумаевнинг "Ҳадис муждалари" туркуми ҳақида
Ўзбек адабиётида “Арбаъин” (“Чил ҳадис”) ёзиш анъанаси улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийдан мерос. Ҳазрат Навоий ўз “Арбаъин”ида замонаси аҳли учун эслатишни лозим топган қирқта ҳадиснинг мазмунини назмга солади. Санади ва бошқа тафсилотлари билан каттагина ҳажмга эга бўлган бир ҳадис Навоий назмида тўрт сатрлик бир рубоийда ўз ифодасини топади.
Бу анъана кейинчалик даҳо шоир Абдулла Орипов қалами билан ҳадди аълосига етди, десак, янглишмаган бўламиз.

Абдулла Орипов ўзининг “Ҳикмат садолари” туркумида шаклан ва мазмунан янгиликлар қилишга эришди: ҳар бир ҳадисни уч бандлик шеърга солди; ҳадиснинг мазмунини бериш билан бирга, ҳадисдан озиқланган шеърни ўзининг оригинал хулосалари билан халқчил тилда элга тақдим қилди. Булар ўзига хос янгича ёндашув эди.

Абдулла Ориповдан сўнг ҳам бу анъанани давом эттирган замондош шоирларимиз талайгина. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг саккизликлардан иборат замонавий “Арбаъин”и ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Таниқли шоирлар Шукур Қурбон ва Ғайрат Мажиднинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор.

Эндиликда бирор шоир “арбаъин” ёзмоқчи бўлса, албатта, ё баён тарзида, ё шаклда бирор-бир янгилик киритмас экан, бу йўлда тер тўкмай, ўзини ҳам, ўқувчини ҳам қийнамай қўя қолгани маъқул бўлиб қолди.

Ана шундай бир паллада “Ҳадис муждалари” туркумининг муаллифи, шоир Мансур Жумаев анъана тусини олган арбаъинчиликка жасорат билан қўл уриб, айтиш лозимки, устозлардан тубдан фарқ қиладиган замонавий тўртликлар туркумини ярата олди.

Мансур Жумаевнинг мазкур тўртликларини алоҳида шеър – тўртлик сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. У устозлар изидан бориб, ҳадиснинг мазмунини шеърга солмайди, балки ўзи танлаб олган ҳадиснинг мазмунига нозик ишоралар қилиш орқали гўзал ва оригинал шеърлар ёзади. Ўқувчини ўйлашга, изланишга, китоб титишга мажбур қилади.

Мансур Жумаев ҳадислардан олган хулосаларини шеърга солади, уларга гўзал ишоралар қилади, шунингдек, ўзининг оригинал хулосаларини ҳам тўрт қаторга сиғдира олади. Устига-устак, у бунинг барини жуда енгил, қийналмасдан, чиранмасдан, маҳорат билан амалга оширади.

Шоирнинг битта тўртлигини шарҳлаш учун бутун бошли битта мақола ёзиш мумкин. Масалан, “Ҳадис муждалари”дан ўрин олган ушбу тўртликни олайлик:

Хожамсан, нафсим, не қилай ман энди?
Йиғлаб жойнамозга қулайман энди.
Эрким вафотингга боғлиқ мудаббар
Қул каби ўлмоғинг тилайман энди.

Бу ерда, аввало, шоир қайси ҳадиси шарифга таянганини билиб олишимиз зарур. Чунки бу тўртлик бир қарашда бирор-бир ҳадисга алоқаси йўқдек туюлиши мумкин. Аммо, аслида, бу шеър “Сунани Термизий”даги 1219-рақамли ҳадис воқеаларига ишора қилади.

Ибн Абу Умар, Суфён ибн Уйайна, Амр ибн Динор, Жобир (р.а) санадидан келган бу ҳасан саҳиҳ ҳадисда шундай воқеа баён қилинади: “Ансорийлардан бир киши ўзининг қулини мудаббар қилди ва вафот этди. У бундан бошқа мол-дунё қолдирмаганди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни сотдилар. Уни Нуайм ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳом (р.а.) сотиб олди. Бу ўтган йили Ибн аз-Зубайр (р.а)нинг амирлик даврида вафот этган қибтий қул эди” (Абу Исо раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳасан – саҳиҳ ҳадисдир!” дедилар. “Сунани Термизий”, 1219-рақам).
Ҳадисда исмлари тилга олинган кишилар ҳақида манбаларда қуйидагича маълумотлар келган: Нуайм ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳом – илк мусулмон бўлган саҳобалардан бири бўлиб, ҳижрат қилмай Маккада қолган. Фатҳдан олдин Мадинага келганида Расулуллоҳ (с.а.в.) уни қучоқ очиб кутиб олган экан. Унинг йўталини жаннатда эшитганини пайғамбар башорат қилганлар, дейишади. Шунинг учун “ан-Наҳҳом” (кўп йўталувчи) деган лақабга эга бўлган.

У мазкур ҳадисда тилга олинган Яъқуб исмли қулни 800 дирҳамга сотиб олган эди. 636 йил Ярмук жангида вафот этган. Ибн аз-Зубайр – Абдуллоҳ ибн Зубайр (624–692)ни 683 йил мусулмонлар халифа қилиб кўтаришган. Унинг бошқаруви 9 йил давом этган.

Давоми бор...
👍1
У мазкур ҳадисда тилга олинган Яъқуб исмли қулни 800 дирҳамга сотиб олган эди. 636 йил Ярмук жангида вафот этган. Ибн аз-Зубайр – Абдуллоҳ ибн Зубайр (624–692)ни 683 йил мусулмонлар халифа қилиб кўтаришган. Унинг бошқаруви 9 йил давом этган.

Мана, ҳадиснинг мазмуни ва қаҳрамонлари билан танишдик. Бироқ тўртликни бу ҳадис билан тўла-тўкис шарҳлаб бўлмайди. Энди калит сўз – “мудаббар”нинг нима эканлигини билиб олишимиз керак бўлади. Мудаббар – қул озод қилишнинг бир тури бўлиб, бунда бир киши қулига: “Менинг вафотимдан кейин озодсан!” – деган бўлса, ўша қул мудаббар ҳисобланади.

У икки хил бўлади: 1) ҳеч қандай шартга боғланмасдан, вафотидан кейин озод қилиниши айтилган қул (у хўжаси вафот этгандан сўнг, ўз қийматининг учдан бирини тўлаш эвазига озод қилинади); 2) бирор шартга боғлаб озодлиги айтилган қул(у ушбу шартни бажарганидан сўнг озод бўлади). Демак, “мудаббар қул” – қачон хўжаси вафот этса, ўшандагина озодликка эришиши мумкин бўлган бечора ғулом.

Бироқ шоир Мансур Жумаев мазкур ҳадисга ва ўша даврдаги воқеаларга ишора қилиш орқали, диққатни бутунлай бошқа томонга қаратишга ундайди. У нафсни хожага – яъни қулдорга, инсонни эса хожасининг, яъни нафснинг қулига қиёслайди. “Нафсим, сен менинг хожамга айландинг, нима ҳам қила олардим. Жойнамозга йиғлаб бош уришдан бошқаси қўлимдан келмайди. Озодлиги хожасининг вафотига боғлиқ бўлган бечора мудаббар ғулом каби ўлимингни тилайман энди”, – дейди.

Бу биргина тўртлик мисолида кўрганимиз, шарҳлаганимиз, холос. Ҳолбуки, шоирнинг ҳар бир тўртлигида мана шундай оригинал ёндашувни кўришимиз мумкин.

Мирзо КЕНЖАБЕК

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍8👏1😢1
Мансур ЖУМАЕВ
"ҲАДИС МУЖДАЛАРИ"дан


***
Ватанни севиш ҳам иймон матлаби,
Демак, унга элтар соғинч маркаби .
Юртга шош Мадина деворларини
кўриб от тезлатган пайғамбар каби.

* * *
Абу ибн Ҳужр – Исмоил ибн Жаъфар – Ҳумайд –Анас:
“Расулуллоҳ (с.а.в.) сафардан қайтиб, Мадина деворларини кўрса, туяларини тезлаштирар эдилар. Агар улов устида бўлсалар, (Мадинани) севганидан уни ҳаракатга солар эдилар”.
“Сунани Термизий”, 3441-рақам.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍9🙏1
Мансур ЖУМАЕВ
"ҲАДИС МУЖДАЛАРИ"дан


***
Ислом – юракларда қурилган бино,
Дарз кетса, тузолмас мадади Сино.
Зоний зино чоғи мўмин эмасдир,
Мўмин – мўмин ҳолда қилмагай зино.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят:
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Зинокор зино қилаётганида мўмин ҳолида бўлмайди, ўғри ўғирлик қилаётган пайтида мўмин ҳолда бўлмайди, ичувчи хамр ичаётган чоғида мўмин ҳолда бўлмайди”.

Икки шайх ва бошқалар ҳам Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилганлар.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
👍3🔥3🤷‍♂1
Мансур ЖУМАЕВ
"ҲАДИС МУЖДАЛАРИ"дан


***
Етти хил гуноҳи кабирадан қоч,
Фақат яхшиликдан қидиргин илож.
Ўзни асрамасанг дўзах норидан,
Сени қутқаролмас ҳеч бир ялавоч.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят:
Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Етти катта ҳалок қилувчи гуноҳлардан четланинглар”. Саҳобаи киромлар сўрашди: “Нима улар?” Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр қилиш, Аллоҳ ҳаром қилган нафсни ноҳақ ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, душман ҳужум қилганда қочиш, пок, мўмина, ҳеч нарсадан хабарсиз аёлларни бўҳтон қилиш, иснодда қолдириш”.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Молик ривоят қилган.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
🔥5👍2👏1
Мансур Жумаевнинг “Ҳадис муждалари”
(Арбаъийн) туркумидан

4
Либосингга боққай ёш ҳам, катта ҳам,
Осию ғозию мард ҳам, муттаҳам.
Кибор кийим кийган кимсага фақат
Аллоҳ назар солмас Қиёматда ҳам.

5
Акам, ранжимасман, таъна тошин от,
Укам, ранжимасдан маломатим тот.
Ҳалол саналмайди, қарибим, зотан,
Гинамиз чўзилса уч кундан зиёд.

6
Набиюллоҳ деди: Бўлгил бадастир,
Кимки иззат қилмас каттани — пастдир,
Кимки кичикларга қилмагай раҳм,
У биздан эмасдир, биздан эмасдир!

14
Майли, бир хурмони қилгину пора,
Бергин, есин уни битта бечора.
Яримта хурмо ҳам Қиёмат куни
Жаҳаннамдан сени асраса зора.

17
Шайтоний нафсига қул бўлса, гарчи
Яккадир, тебранур Худонинг арши.
Ҳақиқий мужоҳид шунинг учун ҳам
Жанг қилгай энг аввал нафсига қарши.

18
Ҳар ким ўз қалбига бекдир, бекадир,
Қадр билмаган кас бўлгай беқадр.
Ҳар садақа, аслан, битта яхшилик,
Ҳар бир яхши сўз ҳам бир садақадир.

20
Қирда ўтов тикиб, қўноқ кутган дам,
Эслангиз чодирдўз меҳнатини ҳам.
Яхшилик қилолган кимса билан тенг
Яхшиликка сабаб бўлгувчи одам.

26
Порласин ҳар кимнинг юлдуз-иқболи,
Кафтлари дуодан бўлмасин холи.
Ўтган аёлидан рози бўлса эр,
Жаннатда кутгайдир ўша аёли.

27
Тангрим ишонч сўрар иноятига,
Боқмас ғофилларнинг ибодатига.
Қачон дуо қилсам Аллоҳга, доим
Ишонганман унинг ижобатига.

28
Шукр қил насиба, ризқу рўзига,
Қулоқ тут Роббимнинг айтган сўзига:
“Ким рози бўлмаса қазойимга гар,
Мендан бўлак илоҳ топсин ўзига!”

29
Яхшидир олимлар пурзиё бўлса,
Илм замин бўлса, ҳам само бўлса.
Жаҳаннамга элтар илмсиз фатво,
Оми элга жоҳил раҳномо бўлса.

30
Қалбингга тушса бас нури ҳидоя,
Аллоҳ сифатлари топмас ниҳоя.
Хоҳ бармоқ, хоҳ данак, хоҳи тош санаб,
“Субҳоналлоҳ” дея айтсанг кифоя.

34
Аллоҳдан Китоблар мактуб қилинган,
Набавий муҳаббат матлуб қилинган:
Бизга бу дунёда дилбар аёллар
Ва хушбўй нарсалар маҳбуб қилинган.
(Балли!)

35
То ҳаёт кўчангдан ўтиб турганда,
Тавба қил, тавба қил, тавба қил, банда.
Жонинг ҳалқумингга келганда аммо
На фурсат, на имкон қолгуси санда.

39
Тўрт сабаб – никоҳга олингай аёл:
Ё насаб, ё давлат, ё дин, ё жамол.
Муҳаммад Мустафо алайҳиссалом
Марҳамат қилгандек, диндорини ол.
(Балли!)

41
Етти хил гуноҳи кабирадан қоч,
Диннинг беш рукнидан ахтаргил илож.
Ўзни асрамасанг дўзах норидан,
Сени қутқаролмас ҳеч бир ялавоч.

Мансур ЖУМАЕВ.
2019 йил, Тошкент.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
😢13👍8🔥3🙏1
TAKLIFNOMA

   2025-yil 17-fevral kuni soat 15:00da O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida uyushma aʼzosi, taniqli shoir Mansur Jumayevning “Mikrokreditbank” homiyligida "Ijod Nashr" nashriyotida chop etilgan "Hazrati ishq" kitobi taqdimoti bo‘lib o‘tadi. Barchani tadbirga chorlaymiz. Keling, shoir sheʼriyati haqida ko‘proq bilib oling.

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati
👍3😢1
2025/07/14 21:01:21
Back to Top
HTML Embed Code: