Telegram Web Link
​​НАВРЎЗ

"Ҳаёт гули" туркумидан

Тонг отди –
Худонинг тансиқ бир куни,
Уч юз олтмиш беш кун ичра ёруғ рўз.
Коинот энтикиб кутганди уни,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Атак-чечак қилган гўдак тилидан
Сут тишига тегиб, тўкилди илк сўз –
Акси садо берди Олам дилида,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Шерлар орасида юрган бўзйигит
Кийиклар ичидан топди нозик дўст.
Ва боши айланди – маст қилди хуш ҳид,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Қирга чопиб чиқди чаққон чучмома,
Бинафша…
Табиат – моҳир гиламдўз.
Қизлик қўшиғини эслади момо,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Қирқ кун ўсал ётган хаста ногаҳон
Жилмайиб, дераза сари солди кўз.
Заиф томирларда боз мавжланди жон,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Кошки шеърим шифо бўлса шу дамда,
Кимхоб топилмаса, ярайди-ку бўз.
Жилғадан уммон ҳам олгайдир далда,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

@nodir_jonuzoq
​​​​#Yoshlik_daftaridan

ҚИШЛОҚ

Барибир қайтаман...
Олифта шаҳар –
ялтироқ йўллар-у сунъий гузарлар
илон-у чаёндай чирмашиб чақар...
Дод солиб қолса-да дардсиз гўзаллар –
барибир қайтаман,
қайтмасам бўлмас;
қайтаман энг тоза шеърларим билан.
қишлоқ пешвоз чиқар,
чиқар басма-бас –
мен суйган қизлар ҳам...
...эрлари билан!

1997

@nodir_jonuzoq
БЎРИ

Кеча ғажир эди кимга тушса кўзи.
Бугун тиш тўкилган. Қувват ариган.
Отини бошқа қўйган: «Бўриқўзи»,
Эзгулик элчиси – вегетариан.

Иқбол МИРЗО
​​​​​​РАМАЗОН

Нурли тахтиравонда
келди моҳи Рамазон,
Ўн бир ойнинг султони,
улуғ шоҳи Рамазон.

Жаннатнинг калитлари
ярақлайди илгида,
Фирдавс сари текис йўл,
раҳмат роҳи Рамазон.

Тақводан талқон туйиб,
тоатдан тотгил таом –
Ютмас очкўз дунёнинг
тубсиз чоҳи, Рамазон.

Нафсини пуфак каби
ҳаволатур қай ғофил,
Воҳ, унга ҳам умидвор
боқур гоҳи Рамазон.

Улуснинг илтижосин
йиғар тун-кун қоп-қоплаб,
Яратганга элтгай у
мўмин оҳин Рамазон.

Буюк синов чоғи бу –
кипригимда қатра ёш:
"Дардли элга табиб бўл
ўзинг, ёҳу, Рамазон".

Ноқис бандангман, Раббим,
гарчи Нодир дегай эл,
Чин нодирлик толейин
бер, илоҳи... Рамазон...

@nodir_jonuzoq
​​​​#Рамазон_дафтаридан

Қалб – турмуш қуруми қорайтган қозон,
Остин кул, ичини тўлдирган хазон.
Қулай фурсат келди: ювгил тозалаб –
Рамазон ғанимат, эй дўст, рамазон!

@nodir_jonuzoq
​​​​#Рамазон_дафтаридан

Рўзадор одамга ёмон хўй ётдир:
Ёмон иш, ёмон сўз, ёмон ўй ётдир.
Аттор дўконидан чиқарми бадбўй?!
Агар чиқар бўлса – ёмон уётдир!

@nodir_jonuzoq
​​#Рамазон_дафтаридан

Дилни уйғотмаса гар – азон бекор,
Жонинг титрамаса – намоз ҳам бекор.
Очликдан қуриса силланг, озсанг, лек
Руҳинг семирмаса – рамазон бекор.

@nodir_jonuzoq
​​​​#Рамазон_дафтаридан

Ҳайратга кўмилди ҳайвонот боғи –
Бир қафасда яшар шер билан оҳу.
Ҳайрон бўлганларга дер қўшни қоплон:
Ахир, қон тўкилмас рамазон чоғи!

@nodir_jonuzoq
​​​​#Рамазон_дафтаридан

Митти чумолини кўрдим ногаҳон,
Устига ортмоқлаб олган эди дон.
Рўпарамга келиб тўхтади. Деди:
“Фитр садақамни қабул қил, инсон!”

@nodir_jonuzoq
​​#Рамазон_дафтаридан

Умринг нур ва зулмат аро кечадир,
Дейсан: бугун, эрта, индин, кечадир.
Ёлғон тақвимларга инонма сира,
Бор ҳаётинг бир кун ва бир кечадир.

@nodir_jonuzoq
​​МУҲАММАД ЮСУФНИНГ ТАНЛАНГАН АСАРЛАРИ ТУРКИЯДА ЧОП ЭТИЛДИ

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг "Танланган асарлар"и Туркияда нашр этилди. Халқаро туркий маданият ташкилоти (TÜRKSOY) ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси томонидан турк тилига ўгирилган мазкур китобнинг тақдимоти шу йилнинг 5 апрель куни Анқара шаҳрида тантанали равишда ўтказилди.
TÜRKSOY бош қароргоҳида бўлиб ўтган тақдимот маросимида ҳамюртларимиз – Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, устоз шоиримизнинг рафиқаси Назира Саломова, қизи Нозима Юсупова, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бўлим бошлиғи Маъруфжон Йўлдошев, ушбу институт кафедра мудири Дилноза Жумаевалар билан бирга иштирок этиб, тадбирнинг халқаро аҳамияти, юртимизда адабиёт ва китобхонлик, жумладан, Муҳаммад Юсуф ижодини оммалаштиришга берилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритдик.
Анжуманда сўзга чиққан TÜRKSOY бош котиби ўринбосари Билол Чақижи, миллий адабиётимизни кенг тарғиб қилиб келаётган туркиялик мутахассислар Режаи Қизилтунч, Вели Саваш Йелок, Йилмаз Ўзқая, Эмине Бакар, Ҳамза Ўзтуркчи каби фидойи олим ва таржимонлар ўзбек адабиёти, хусусан, Муҳаммад Юсуф асарларининг туркий дунёдаги юксак ўрни ҳақида ўз фикрларини баён қилдилар.
Тадбирда Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм ва қўшиқлар янгради. Турли қардош халқлар вакиллари иштирокида ўтган тақдимот маросими чинакам адабиёт ва дўстлик байрамига айланиб кетди.
Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг барҳаёт ижоди билан эзгуликка, кўнгилларни бирлаштиришга хизмат қилиб келаётгани яна бир бор ёрқин намоён бўлди.
Сўзимиз сўнгида ушбу тадбирни ташкил этишда ва сафар мобайнида бизга яқиндан ёрдам берган Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ходимларига, TÜRKSOY ташкилоти координатори, миллатдошимиз Шаҳноза Бурҳониддиновага алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

@nodir_jonuzoq
​​#Рамазон_дафтаридан

Дил эриб, мижжада ёшга айланди,
Ёш қуриб, дил бежон лошга айланди.
Саждада тош қотди не бошлар, кўринг,
Не тошлар меҳробда бошга айланди.

@nodir_jonuzoq
​​#Рамазон_дафтаридан

“Юкингиз борми?” – дер бозорда ҳаммол,
“Юрагим юкини, – дедим, – ола қол!”
Мени телба дея бош чайқади у,
Не қилай, бўлмаса менда бошқа мол!?

@nodir_jonuzoq
​​ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР

Қандай оқшом,
Бу қандай кеча,
Юлдузлардан ёғар мушк-атир.
Фалак тузар бир йиллик режа –
Лайлатул қадр.

Ҳар лаҳзаси биллурдек тоза,
Ёғдули шаб – минг ойга татир.
Ланг очилур ёруғ дарвоза –
Лайлатул қадр.

Фаришталар тушажак ғуж-ғуж,
Нурланади барча кент, адир.
Салом йўллар бизга Буюк Куч –
Лайлатул қадр.

Дуру гавҳар сочгай соҳир Руҳ,
Ошиқ аҳли тушаркан садр.
Дилга сиғмас шавқу таважжуҳ –
Лайлатул қадр.

Само – мисли очиқ дастурхон,
Ой – ушатиб қўйилган патир.
Ўз ризқидан розидир ҳар жон –
Лайлатул қадр.

Тонгга қадар эсон-омонлик,
Ҳеч дил билмас ғам-ғусса надир.
Сидирилар ҳамма ёмонлик –
Лайлатул қадр.

Шеър оқади – тоза бол каби,
Қуюлгайдир сатрма-сатр.
Илҳом сахий бу тун... Сабаби – 
Лайлатул қадр...

@nodir_jonuzoq
Channel name was changed to «Nodir ijod xazinasi»
Ассалому алайкум, азиз дўстлар.
Мавзуларимиз қамрови ва ранг-баранглигини ошириш мақсадида каналимиз номини Nodir ijod xazinasi деб ўзгартиришга қарор қилдик.
Энди нафақат Нодир Жонузоқ ижоди, шунингдек, бошқа адибларнинг асарларидан намуналар, ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар, атоқли инсонларнинг турли мавзуларга доир фикр-мулоҳазаларини ҳам бериб борамиз.
Ўйлаймизки, мулоқотимиз янада мароқли бўлади. Биз билан бирга эканингиздан миннатдормиз.

@nodir_ijod
​​АЛИШЕР НАВОИЙ

("Ғаройиб ус-сиғар" девонидан)

Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл,
Мендин-у кимдинки, кўнглинг истамас, озод бўл.

Гарчи сабрим уйи янглиғ, айладинг вайрон мени,
Доимо, ё Рабки, ҳуснинг мулкидек обод бўл.
 
Мен чекиб андуҳ ўлай, эл жони бўлсун ул Масиҳ,
Соврул, эй чархи нигун, в-эй даҳри дун, барбод бўл.

Бевафолар зулму бедодиға эрмассен ҳариф,
Эй синуқ кўнглум, агар худ шиша, гар пўлод бўл.

Туттум ўлмакдин тирилмак ҳажрида тенгдур манга,
Эмди гар бергил зилоли Хизр, агар жаллод бўл.

Чекма бошким, эмин эрмассен хазон яғмосидин,
Бу чаман ичра агар савсан, агар шамшод бўл.

Эй Навоий, олам аҳлиға чу йўқ эрмиш вафо,
Кел-у мундин нари, бекаслик била муътод бўл.


ИЗОҲЛАР:
Ҳариф
— қарши, муқобил.
Яғмо — талон-торож, бузғунлик.
Муътод — одатланган, ўрганган.

@nodir_ijod
​​ЧУМОЛИНИНГ УВОЛИ

Алишер Навоийнинг замондоши, муаррих Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” китобида бир воқеани баён этади. Унга кўра, Алишер Навоий масжидда умум билан намоз ўқиб, бандалик вазифасини адо этгач, жамоат билан суҳбатлашар, ҳол-аҳвол сўрар, бемор ва эҳтиёжмандларнинг кўнглини кўтарар экан. Аммо нимагадир бир куни одатга хилоф равишда қаергадир шошилиб йўл олади ва бир муддатдан сўнг қайтиб келади. Бу ҳолга одатланмаган жамоа бунинг боисини қизиқиб сўраганида ҳазрат Навоий шундай изоҳ берган:
– Икки елкамга салом берганда кўрдимки, устимда бир чумоли турибди. Бу чумоли таҳорат олганим жойдан чиққанини билдим ва бир жонзотни ошиёнидан жудо қилмоқнинг гуноҳини ўйлаб уни ўз жойига қўйиб келдим…

@nodir_ijod
​​#Кун_ҳикмати

Ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла, гўзал яша.

Жалолиддин Румий
2024/05/19 04:18:30
Back to Top
HTML Embed Code: