Telegram Web Link
Қашқадарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Судья ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни Қашқадарё вилоят судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов очиб, ёшлар ва хотин-қизларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, таълим ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизлар муаммоларини тизимли ўрганиш ва ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган фармон ҳамда қарорларнинг аҳамиятини таъкидлади.

Шундан сўнг Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Камол Намозов маъруза билан чиқди. У 2024 ва 2025 йиллар давомида вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан кўриб чиқилган оилавий низолар статистикасини тақдим этди. Хусусан, 2024 йилда 9 991 та, 2025 йилнинг 9 ойи давомида эса 9 162 та иш кўриб чиқилгани маълум қилинди. Улардан тегишли ҳужжатлар етарли бўлмагани сабабли 2024 йилда 259 та, жорий йилнинг 9 ойида 256 та иш рад этилгани қайд этилди. Шу муносабат билан судья келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун никоҳ шартномасини ихтиёрий тузиш ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувда иштирок этган судьялар томонидан Оила кодексида белгиланган никоҳланувчи шахслар ҳамда эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил тушунтирилди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Учрашув якунида судьялар томонидан никоҳ шартномаси тузиш бўйича тайёрланган ахборот буклетлари бўлажак оила соҳибларига тақдим этилди.

Сайт I Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
Нукус туманлараро иқтисодий судининг раиси С. Ниязов, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг раиси Ш. Шамамбетов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг раиси М. Сапаев Нукус шаҳридаги “Жаңа заман”, “Бес тобе”, “Жийдели байсин” ва “Жайҳун” маҳаллаларида фуқаролар билан учрашув ўтказишди.

Учрашувлар давомида фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган турли масалалар — ер ва уй-жой билан боғлиқ низолар, мерос, қарздорлик ва бошқа ҳуқуқий муаммолар юзасидан мурожаатлар билан чиқдилар. Суд раислари ҳар бир масалани алоҳида тинглаб, фуқароларга аниқ ҳуқуқий ечимлар ва амалий тавсиялар беришди.

— Бундай очиқ мулоқотлар фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Энг муҳими, одамлар ўз муаммосига қонун доирасида ечим топиш мумкинлигини англаб етади, — деди Нукус туманлараро иқтисодий судининг раиси С. Ниязов.

Шунингдек, тадбирларда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Жумладан, 2025 йил 26 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Мазкур қонун орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ўзгартишлар амалга оширилгани таъкидланди. Шу билан бирга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий (маиший) зўравонликка қарши курашиш ҳамда бу каби ҳолатларда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Оиладаги зўравонлик жамият барқарорлигига таҳдид солади. Шу боис, ҳар бир фуқаро ҳуқуқини билиши ва қонун асосида ўзини ҳимоя қила олиши лозим, — деди жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг раиси Ш. Шамамбетов.

Фуқаролар бундай учрашувларнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, суд тизими вакилларига ўз миннатдорликларини изҳор этишди.

Сайт I Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
2025/10/27 07:04:07
Back to Top
HTML Embed Code: