Telegram Web Link
Биринчи чоракда жорий операциялар ҳисоби манфий сальдоси 8 йиллик минимумга тушган

2025 йил 1- чораги жорий операциялар ҳисоби 160,7 млн.доллар манфий сальдо билан шаклланган (2024 йилнинг 1- чорагида 2,1 млрд.долл). Бу конвертация ҳали ёпиқ бўлган 2017 йил 1-чоракдан буён манфий сальдо бўйича қайд этилган энг паст кўрсаткич. 2018 йил 1-чоракда манфий сальдо 226 млн.доллар эди.

Бу натижа қайси омиллар ҳисобига?

Савдо балансининг манфий сальдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга қисқарган, 2,6 млрд долларни ташкил қилган. Бу экспорт
ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши (айниқса олтин) шароитида импортнинг деярли ўзгаришсиз сақланиб қолиши билан изоҳланган. Хусусан, жами экспорт ҳажми 22 фоизга ошиб, қарийб 8 млрд.долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10,5 млрд доллар атрофида шаклланган.

2025 йилнинг 1-чораги давомида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалар ҳажмининг ўсиши бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси ижобий сальдо (мос равишда 148,9 млн долл ва 2,2 млрд долл) билан шаклланишига сабаб бўлган.
Навбатдаги мулоқот - ҳунарманд ва заргарлар билан

Айни дамда Президентнинг тадбиркорлар билан Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ҳунармандчилик ва заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда.

Унда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, Ҳунармандлар, Заргарлар ва Кичик бизнес уюшмалари раҳбарияти иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида Президентнинг “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан очиқ муҳокамалар олиб борилмоқда. Тадбирни жонли эфирда кузатишингиз мумкин.
Фермерлар билан яқин орада учрашув бўладими?

Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувига тайёргарлик доирасида турли бизнес сегментлар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилмоқда.

Шу кунларда фермерлар билан мулоқотга катта зарурият бор. Оғир йил келгани етмаганидек, тизимда уларни эшитиш камайган, бир сўз билан айтганда, фермерларнинг дарди, алами йиғилиб қолган. Ўтган йилги учрашувларда янграган муаммолар ҳам ечимини топмаган. Балки шунинг учун фермерлар устида янги деструктив тажрибаларга қўл уриш тўхтамаётгандир?
bakiroo
Янгилик йўқ. Яна Сағбон ва яна Тошкент тумани светсиз Тошкент туманининг ярми олтинчи соатдирки, яна светсиз ўтирипти. Бу машҳур Сағбон подстанциясидаги охирги 10 кундаги камида 5- авария. Авария бўлаверади, таъмирлашаверади. Ҳеч ким сўрамайди, ўтган сафар…
15 соатдан бери свет йўқ

Кеча оқшом Сағбонда яна авария бўлган (охирги 15 кунда 6- авария). Олмазордан Тошкент туманигача қарийб 100 минг аҳоли 15 соатдан бери светсиз, сувсиз ўтиргани ҳақида на Энергетика вазирлиги, на ҲЭТ хабар берди. Бир кун олдин навбатдаги ёлғонларни тиркаб қасам ичишганди.

Жазо йўқ, жавобгарлик йўқ.

Номини Сағбонга қўйиш керак бўлганлар жазо олмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди. Энерготўда тўдаси билан даф бўлмаса, ҳеч нарса ўзгармайди.
bakiroo
Айни вақтда Президентнинг тадбиркорлар билан Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида меҳмонхона соҳаси, мувофиқликни баҳоловчи ва аудит идоралари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда. Унда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Солиқ қўмитаси…
Айланмадан солиқ бекор қилинадими?

Кечаги учрашувда тадбиркорларга айланмадан солиқни бекор қилиш масаласини муҳокама қилиш таклиф этилган.

“Сиз гипотетик фараз қилиш ҳақида нима деб ўйлайсиз: айланма солиқ умуман керакми?” — деб сўраган Кудбиев йиғилганлардан.

Кудбиевнинг сўзларига кўра, мажбурий ҚҚСга ўтиш учун белгиланган 1 млрд сўмлик чегара “кейинроқ ошириш мақсадида жорий қилинмаган”. У бухгалтерларга мослашиш учун вақт бериш учун чегара 2020 йилда киритилганини эслатган.

Ҳа, 2019 йилда Солиқ ислоҳоти даврида “1 млрд сўмлик чегара” кейин оширилиши ҳақида ҳеч ким гапирмаган ва ваъда бермаган. Лекин биронта расмий ёки ислоҳотга алоқадор эксперт айланмадан солиқ ҚҚСга мажбурий ўтишгача мослашиш учун, вақтинча эканини ҳам айтганини эслай олмадим (бу ҳақда протокол, далил ва бошқа ҳужжатлар бўлса, берилса бўларди).

Қўмитанинг ҚҚС қамровини максималлаштириш, занжирлардаги узилиш ва имтиёзларни йўқотиш, сервис ва айниқса, умумий овқатланишга ҚҚСни пасайтириш (зачетсиз) таклифларига қўшилган ҳолда, юзминглаб микробизнес субъектлари учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган айланмадан солиқ тизимини бекор қилиш чақириқларини қувватлаш қийин.

Балки фақат умумий овқатланиш сегменти субъектлари учун айланмадан солиқни бекор қилиш назарда тутилгандир, деган яхши гумон ҳам йўқ эмас.
Ёлғоннинг эви қолмаган, уят-чи?

Нима учун шонли энергетикларнинг устози, шогирди ва шотирларигача бўлган тўдасининг биронта сўзига ишонч йўқ, биласизларми? Чунки улар юрган йўлида ёлғон тўқишади.
Эмишки, «Сағбон» подстанциясида авария ҳолатида ўчишлар кузатилмаган, белгиланган режа - график асосида пудратчи ташкилот томонидан реконструкция ва модернизация ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Ваҳоланки, ҲЭТ бераётган ҳаволанинг ўзида авария деб тан олинган, МЭТ хабарида носозлик дейилган, режаланган, графикли таъмирлаш деган сўз йўқ. ҲЭТ хабарининг ўзида, учинчи хатбошида носозлик, тўртинчи хатбошида аварияни бартараф этишга бригада чиққани ёзилган.

Хўп, ёлғоннинг чегараси қолмаган, ўзларингни ўзларинг ҳам алдайверасизлар, уят борми, ҳеч бўлмаса сизларда?

Дарвоқе, 100 минггача аҳолини жазирама иссиқда 15 соатгача светсиз (сувсиз) қолдиришгани учун бир оғиз узр сўралмаган. Авария деб тан олмасак, узр шартмас, деб ўйлашган чоғи.

Ҳа, бехтиёр, Чернобилдаги фалокатниям авария деб тан олишмагани эсга тушади.
Ҳеч қурса қирғизлардан ўрнак олишмайди

Омад одамдек саналадиган, истеъмолчининг ҳаққи муқаддас Германиядан, Финландиядан эмас, шундоқ ёнимиздаги Қирғизистондан ўрнак олса, ўрганса бўлади. Ҳадеб ёлғон гапириб, шарманда бўлавермасдан.

Кыргызстан улуттук электр тармагы бутун Қирғизистон ҳудудлари бўйлаб режали таъмирлаш ишларини аниқ вақти, туманлар, ҳудудлар қирқимида, айнан нима иш қилинишигача кўрсатиб эълон қилиб боради. Олдиндан. Ўзбошимча ўчириб, билган номаъқулини еб, халқ дод-фарёд солингач эмас.

Масалан, Бишкекда эртага 7 июль куни таъмирлаш олиб бориладиган ҳудудлар рўйхати 4 июль куни очиқланган.

Яна узр сўрайди олдиндан. Бўлиши шу деб Безбетлик қилмайди.
Солиқ ислоҳотлари давом эттирилиши керак!

Юлий Юсупов 2019 йилда бошланган Солиқ ислоҳотида ҚҚС ва фойда солиғи билан боғлиқ мантиқий якунига етказилмаган бўшлиқларни тўлдиришни, охирги 5 йилдаги амалиётда юзага келган фарқликларни инобатга олиб, иқтисодиётга солиқ юкини адолатли пасайтиришда давом этишни таклиф этмоқда.

Юлий ака айнан солиқ юки юқорилиги ва фарқлилиги туфайли сояда қолаётган ва сояга интилаётган қатор хизмат соҳаларига (тиббиётдан тортиб умумий овқатланишгача) нисбатан табақалаштирилган ва пасайтирилган ҚҚС ўрнатиш миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширади ва инфляцияни жиловлашга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.

Шунингдек, фойда солиғи ва дивиденд солиғини тақсимланадиган фойда солиғига (Distributed Profits Tax) алмаштириш ғояси яна илгари сурилган (бу муҳим тезис ўзи 2019 йилдаям бор эди, лекин қўллаб қувватланмаган). Юсуповга кўра, 12%дан паст ва 20%дан юқори бўлмаслиги керак бўлган тақсимланадиган фойда солиғи маъмурчиликни осонлаштиради, солиқ юкини пасайтиради ва компаниялар фойдасини реинвестиция қилишга ундайди.
Чайқовчи монополистлар ғолиб: электромобиль импорти яна кескин ўса бошлаган

Июнь ойида умумий қиймати 67,32 млн.долларлик 4 566 та электромобиль импорт қилинган.

Электромобиллар импорти қишдаги қулашдан кейин учинчи ой кескин ўсмоқда, май ойида 65,3 млн.долларлик 3 935та, апрель ойида 57,2 млн.долларлик 3 197та, март ойида 13,2 млн.долларлик 1 103та электромобиль импорт қилинган.

Электромобиль импортидан турли рақобатчилар ва моккилар ақл бовар қилмас нобож чекловлар ва бюрократик тўсиқлар орқали, Техник тартибга солиш агентлиги ва UzTest воситасида сиқиб чиқарилди, бозор чўнтак чайқовчилари учун тозаланди. Моккилар ва хусусий ўйинчилар синдирилди. Мана энди қишда прогноз қилганимиздек, импорт каналлари чайқовчи монополистлар қўлида.

Электромобиллар импорти борасида миссия тугалланди. Энди уни ўзларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар деб атайдиганлар, аслида монополист чайқовчилар назорат қилади.
Соҳалар кесимидаги навбатдаги мулоқот

Президент билан бўладиган навбатдаги очиқ мулоқот арафасида тадбиркорлар иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилмоқда. Унда IT-компаниялар, контент провайдерлар ва давлат харидларида фаол иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этмоқда.

Мазкур учрашув тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммолар ва тўсиқларни ўрганиш, уларга ечим топиш ҳамда келгусидаги Президент билан очиқ мулоқотда кўтарилиши мумкин бўлган масалаларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилган.

Мулоқотда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Рақамли технологиялар вазирлиги, солиқ, молия ва бошқа масъул идоралар вакиллари иштирок этмоқда.

Йиғилиш YouTube орқали жонли эфирда намойиш этилмоқда.
Июнда гўшт субмаҳсулотлари импорти 5 карра ошган

Июнь ойида кетма-кет 5 ой давом этган гўшт импортининг рекорд ўсиши ниҳоят тўхтаган ва барқарорлашган (лекин йил-йил ҳисобида ўсиш давом этмоқда). Ой давомида жами 70,6 млн.долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган бўлса, шунинг 52,9 млн.долларлик қисми мол гўштига тўғри келган (май ойида 71,2 млн.долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган, унинг 57,8 млн.долларлик қисми мол гўшти).

Июнь маълумотларида эътиборли жиҳат бу гўшт субмаҳсулотлари (калла-поча, ичак-чавоқ каби) импортининг 5 карра ошиши билан боғлиқ. Гўшт субмаҳсулотлари импорти йиллик ҳисобда қўй гўшти импортини ҳам ортда қолдирган.

Ой давомида мол гўшти ўртача 4,01 доллардан, товуқ гўшти 1,09 доллардан, қўй гўшти эса 1,41 доллардан импорт қилинган.
Зараркунанда ўзбек амалдорлари витрина совутгич ва музлаткичлари импортини чеклагани статистикада акс этган

Техник тартибга солиш агентлигининг ўзбек бизнеси ва истеъмолчиларига етказаётган зарари ҳақида гапирилмаган гап қолмади.

Ишлаб чиқарувчилар томонидан Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесга бепул фойдаланиш учун олиб кирилаётган витрина музлатгичлари сертификатлашдан ўтказилмай тургани ҳақида аввал ҳам ёзгандик. Президент фармонига зид равишда яна.

Хуллас, Божхона статистикасига кўра, июнь ойида 6,4 млн.долларлик совуткич ва музлатгичлар импорт қилинган. Ўтган йили июнда 7,0 млн.доллардан кўпроқ совуткич ва музлаткичлар импорти қайд этилган. Атига 8,2%га қисқариш бўптику дейишга шошилманг.

Ўтган йили июнда ҳар бир совуткич ва музлатгич ўртача 262 доллардан импорт бўлган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 103 долларга тушиб кетган. Яъни амалда фақат маиший музлатгичлар импорт қилинган холос, нархи каррасига қимматроқ бўлган витрина совуткич ва музлаткичлари Ўзбекистонга кирмаган, аниқроғи киритилмаган.

Тиши ўткир ОАВлар Божхона қўмитасига сўров йўллаб, импортнинг чуқурроқ ва кенгроқ (коди билан) маълумот сўраб олишса, аниқ рақамлардан бутун жамоатчилик хабардор бўлади.

Ва яна савол шундай қўйилиши керак: Техник тартибга солиш агентлигининг ўзбошимчалиги ва қонун-қоидаларни менсимаслиги ортидан бизнесга ва истеъмолчиларга етказаётган зарарларни Агентлик ва директоридан ундиришни талаб қилиб даъволар бериш вақти келмадими?

Рақобат қўмитаси нима дейди?
Бозор кимнинг қўлида?

Gashtak лойиҳаси бир неча ой аввал импорт каналларининг монополлашгани, бозор концентрация муаммолари ҳақида қизиқарли подкаст тайёрлаган экан.

Вақт ажратиб, Отабек Нуритдинов, Одилбек Исаков ва Нодир Нуритдиновларнинг қизғин суҳбатини албатта кўринг.
Смит, Фридман ва Мишкин каби иқтисодчиларнинг китоблари ўзбекчага ўгирилади

Макроиқтисодиёт ва банк тизимига оид китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш ҳаракатлари бошланган.

Дастлабки рўйхатга қуйидаги ўнта китоб киритилган:

Sebastian Edwards. The Chile Project: the Story of the Chicago Boys and the Downfall of Neoliberalism.

Peter Conti-Brown. The Power and Independence of the Federal Reserve.

Cassidy John. How Markets Fail: The Logic of Economic Calamities.

Adrian Wooldridge. Aristocracy of Talent: How Meritocracy Made the Modern World.

Milton Friedman. Capitalism and Freedom.

Adam Smith. The Wealth of Nations.

Gregory Mankiw. Macroeconomics.

Hal Varian. Intermediate Microeconomics: A Modern Approach.

Wooldridge Jeffrey. Introductory Econometrics: A Modern Approach.

Frederic Mishkin. The Economics of Money, Banking, and Financial Markets.
Валюта курсининг ўзгариши хавотири асосий уч хавотир рўйхатидан чиқиб кетган

Июнь ойи сўровлари бўйича инфляцион кутилмалар аҳоли наздида 13,2%гача (2024 йил октябрдан бери минимум), бизнесга кўра 11,8%гача (2024 йил июлдан бери минимум) пасайган.

Кутилмаларнинг пасайишида валюта курси ўзгаришлари хавотирлари пасайиши асосий омиллардан бўлган. Аҳоли сўровларида валюта курси ўзгариши хавотирини кўрсатганлар улуши 10 фоиз бандга, бизнес орасида эса 9 фоиз бандига камайган. Сўровлар ўтказилаётгандан буён биринчи марта Валюта курсининг ўзгариши хавотири асосий уч хавотир рўйхатидан чиқиб кетган (ўзбек сўми июнь ойи давомида мустаҳкамланиш трендида бўлди).

Инфляция омиллари борасида коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши йил бошидан бери асосий хавотирлигича қолмоқда.

Инфляцион кутилмалар Тошкент шаҳрида ҳалиям энг юқори: аҳоли бўйича - 15,2%, бизнес бўйича 13,6%.

Аҳоли гуруҳлари орасида даромадга эга бўлмаганларнинг инфляцион кутилмалари кескин, 14,9%гача ёмонлашган (+3,4%).

Ҳудудлар кесимида 17% ва ундан юқори инфляция кутаётганлар улуши Сурхондарёда энг юқори: 39%.
Июнда шакар ва қандолат, тухум ва ижара қимматлаганини сезганлар кўпайган

Июнь ойи сўровларига кўра, сезилган инфляция 13,4%гача пасайган (2024 йил октябрдан буён минимум).

Тошкент шаҳри респондентлари 16,2%гача инфляция сезишаётганини қайд этишган.

Товар ва хизмат гуруҳлари орасида гарчи улуши пасаяётган бўлсада, гўшт ва сут, электр ва табиий газ, бензин ва ёқилғи, дорилар, йўлкира ва ташиш хизматлари нархлари юқори даражада ўсмоқда деб ҳисобланилмоқда. Ой давомида шакар ва қандолат, тухум ва ижара қимматлаганини сезганлар улуши кўпайган.

Даромадга эга бўлмаганларнинг сезган инфляцияси 13,8%гача кўтарилган (+0,3%).
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Давлат харидлари билан ишлайдиган кўп кадрлар ўз ишининг 50 фоизини ҳам билмайди” — бу гапни очиқча айтишга жасорат топганлардан бири, Давлат харидлари ассоциацияси директори Анвар Муҳитдинов бўлди.

Бу жуда оғир, бироқ ачинарли ҳолат. Давлат харидларида, яъни бюджетнинг ҳар бир сўмининг тақдири ҳал бўладиган жараёнда ўтирган инсон, нимани мумкин, нимани тақиқланганлигини билмаса — бу нафақат самарасизлик, балки тизимнинг ўзини хатар остида қолдиради.

Мулоқот давомида Муҳитдинов айтадики: “Мен қонунда ёзилганни кўрсатсам, бошини силкиб қўяди. Барибир ўз билганини қилади”.

Бу бир шахснинг инжиқлиги эмас — бу кадр танлови, малака ва масъулият тизимининг деформацияга учрагани. Олдин биржада брокерлар ҳар йили аттестациядан ўтарди. Бугун эса аттестацияни тушида ҳам кирмайди.

Савол: нега давлат соҳасида муомала қилувчи кадр ҳамиша «ўрганиб кетади» деган умидга ишонтирамиз? Бир йил ишлаб, ишни билмаса — бугунги иқтисодиётда унга жой борми?

Муҳитдиновнинг сўзлари, аслида, ислоҳотлар учун сигнал. Ким бу ишни қилишга тайёр, ким шунчаки жой эгаллаб ўтирган — фарқ қиладиган вақт келди. Давлат бюджети — тажриба майдони эмас.

Агар хусусий секторда ходим бир йил ишлаб ҳам натижа бермаса, унга иккинчи имконият берилмайди. Давлат тизимида-чи? Қачонгача «ўрганиб кетар» кадрларга ишонамиз?

Муҳим таклиф: давлат биржаларида ҳам аттестация, малакани доимий текшириш ва керак бўлса — кескин қарорлар қабул қилиш амалиёти жорий қилиниши лозим. Акс ҳолда, муаммолар эмас, фақат сўзлар алмашади. Мазмун эса қотиб қолаверади.
2025/07/13 01:42:41
Back to Top
HTML Embed Code: