Telegram Web Link
ЎЗБЕК ТИЛИГА БАҒИШЛАНГАН ДЎСТЛИК ТАНТАНАСИ

21-октябрь куни Хўжанд шаҳридаги Сирдарё соҳилида жойлашган “Соҳил” маданий-маиший мажмуаси залида Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан Ўзбек тили кунига бағишланган тантанали маданий тадбир бўлиб ўтди.
Тил ва дўстлик руҳида ўтган ушбу тадбирда Тожикистон ва Ўзбекистон зиёлилари, санъат ва адабиёт намояндалари, таълим соҳаси ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этдилар.
Қатнашчилар орасида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Элчихонаси дипломати Файзулло Иноятов, Тожикистон “Дўстлик ва маданий алоқалар” жамияти вакили Латифжон Султонов, Тошкент шаҳридан ташриф буюрган Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма ва комедия театрининг бош режиссёри Ҳақбердиев Достон Исматулла ўғли, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали солист-вокалчи, театр ва кино актёри Турғун Бекназаров, шу театрнинг истеъдодли санъаткорлари Бозорбек Холмўминов, Феруза Саримсоқова ва Юлдуз Сиримбетова ҳамда кўплаб меҳмонлар иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Илҳом Юсупов очиб, барчани байрам билан табриклади ва ўзбек тилининг дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрнига тўхталиб ўтди.
Марказ раиси биринчи ўринбосари, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони соҳиби Озод Мелибоев тадбирни маҳорат билан олиб борди.
Тожикистон “Дўстлик” жамияти вакили Латифжон Султонов ўз нутқида икки қардош халқ — тожик ва ўзбекларнинг асрий дўстлиги, маданий ва маънавий ҳамжиҳатлиги ҳақида самимий фикрлар билдирди.
Муқимий театри бош режиссёри Ҳақбердиев Достон Исматулла ўғли ўзбек тили ва маданиятини тарғиб этишда театр санъатининг муҳим ўрни ҳақида сўзлади.
Б.Ғафуров тумани ўзбек тили ва адабиёти методисти Роҳинисо Раҳмонбердиева Тожикистон мактабларида ўзбек тили ўқитилиши ва ёшлар орасида она тилига қизиқишнинг ортиб бораётгани ҳақида маълумот берди.
Турғун Бекназаровнинг шеър, монолог ва қўшиқлар ижроси, шоир ва таржимон Сайфуллохон Қорихоновнинг она тили имкониятлари ҳақидаги чиқиши иштирокчилар қалбида катта таассурот қолдирди.
Ёш шеърхонлар Гуласал Абдуазизова ва Шаҳло Бобоеваларнинг она тилига бағишланган шеърлар қироат қилишди.
Устоз шоирлар Ёқубжон Очилов ва Эрали Жиянбоев шеърлари ҳамда Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма ва комедия театри ҳофизи Бозорбек Холмўминовнинг қўшиқлари тадбирга руҳий юксаклик бағишлади.
Тадбир доирасида Тожикистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, болалар шоири Султонмурод Ҳожибоев ўзбек тилининг қадри, унинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўзлаб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шу билан бирга, шоир номи билан таъсис этилган ёш ижодкорлар адабий мукофоти Жаббор Расулов туманида истиқомат қилаётган ёш шоир Аброржон Болтабоевга (тахаллуси — Аброр Олимхон) тантанали равишда топширилди.
Тожикистон маданият аълочилари, хушовоз хонандалар Абдумуталиб Норматов ва Азимжон Эгамбердиев ижросидаги қўшиқлар байрамга янгича руҳ улашди.
Раққоса қизлар Феруза Саримсоқова ва Юлдуз Сиримбетова дилрабо рақслари билан тадбирни янада чиройли безадилар.
Тадбир сўнггида Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази раиси ўринбосари, адиб ва журналист Ҳаким Зокир Муқимий театри китобхонасига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўмагида нашр этилган “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси” китоби ҳамда “Шарқнома” журнали нусхаларини совға қилди.
Икки давлат зиёлилари ва санъатсеварлари Сирдарё соҳилида хотира учун суратга тушдилар.
Байрам тадбири нафақат тил байрами, балки қардош халқларнинг дўстлик ва биродарлик тимсоли сифатида узоқ ёдда қоладиган бўлди.

Тожикистон Республикаси Суғд вилояти Ўзбеклар маркази матбуот хизмати
🔥1
🔥1
🔥1
2025/10/24 12:30:25
Back to Top
HTML Embed Code: