Telegram Web Link
Бир шогирд бор экан. У ҳар доим катта бойликка эришишни, катта пул тасарруф этишни, қўлига кўп пул тушишини орзу қилар экан. Унинг устози, доно ва тажрибали инсон, шогирдининг бу қатъий хоҳишини билиб, уни синовдан ўтказишга қарор қилади.

Бир куни устоз шогирдига бир халта тилло ва кумуш бериб:
— Бу пулни менинг номимдан бутун қишлоқ аҳлига бўлиб бер, лекин ҳар бир оилага ўз эҳтиёжларига қараб тақсимла, — деб топшириқ беради.

Шогирд пулларни олиб, қишлоқ аҳли орасида тақсимлашга киришади. Аммо бир неча кун ўтиб, қишлоқда шов-шув кўтарилади. Кимдир кўп олган, кимдир оз. Кимдир олган пулини беҳуда сарфлаган, яна кимдир унга етмагани учун шикоят қилади. Хуллас тинч яшаган аҳолида норозилик авжида ва шогирт маддоҳлик ва улуғланиш жомига чўмиб, туғёнда мақтовлардан ўзидан кетиб, қўшимчасига маломатга ҳам қолди. Унинг қарорлари адолатга яқин бўлмади.

Шогирд устозига қайтади ва айтган вазифасини бажара олмаганини тан олади. Устоз эса унга шундай дейди:
— Пулга эгалик қилиш осон, лекин уни тўғри тасарруф этиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Агар сен тасарруф этиш қобилиятини ўзингда ривожлантирмасанг, катта бойлик сенга фақат муаммо келтиради. Аллоҳ бандасини севади ва уни муаммога соладиган, узидан узоқлаштириши мумкин бўлган нарсани чеклайди.

Шогирд тушуниб етади: бойлик ва катта пул — бу фақат имконият. Лекин уни бошқариш учун ақл, қобилият ва масъулият керак. Кўп ўтмай у ўз устози билан бирга янги билимлар ўрганишга, қийинчиликларни енгишни, пулни ва имкониятларни қандай бошқаришни ўрганишга киришади.

Бой бўлиш учун кучли хоҳиш керак, лекин энг асосийси — уни тасарруф этиш қобилиятидир. Катта пул инсоннинг кучини ҳам, камчилигини ҳам ошкора қилади. Агар сиз пулни бошқаришни ўрганмасангиз, унинг таъсири остида қолишингиз мумкин. Бойлик сизни йўлдан адаштирмаслиги учун, уни тўғри йўналтиришни ўрганинг. Сиз унинг устида бўлинг, ичингизга киргазманг.

Пул, бойлик, амал — бу синов. Унга ҳақиқий эгалик қила олган инсонларгина муносиб бўлади. Бошқалари ўзига муаммо орттиришдан ўзга наф олмайдилар.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Жамиятда турли фикрларга тоқатли бўлиш, уларни ҳурмат қилиш ва турли қарашларга очиқ бўлиш жамиятнинг тараққиёти ва инновацияларнинг ривожланиши учун асосий пойдевор ҳисобланади.

Турлича фикрларга тоқатли жамият (инакомыслие) бу — инсонларнинг ҳар хил фикр ва қарашларга эга бўлиши, уларни ўз нуқтаи назаридан туриб ўрганиши, сабр ва мулоҳаза қила олиши демакдир. Бу ҳолат жамиятга янги ғоялар, янги ечимлар ва янги имкониятларни тақдим этади.

Толерантлик эса, бошқаларнинг фикрини, танловини, қарашини, ишончи ва қадриятларини ҳурмат қилишни англатади. Ҳар бир инсон ўзига хос ва унинг ўзига хослиги жамият учун катта бойликдир. Ҳар хил фикрлар ва ёндашувлар бирлашган жамиятда инновациялар тезроқ ривожланади, чунки турли қарашлар ўзаро муаммоларга янги ечимлар яратишга ёрдам беради.

Исломнинг “Олтин асри” бунинг ажойиб мисолидир. IX—XII асрларда Бағдоддаги “Ҳикмат уйи” (Байт ал-Ҳикма) дунёдаги энг йирик илмий марказлардан бири бўлган. Бу ерда турли миллат ва дин вакиллари — мусулмонлар билан елкама-елка - биргаликда ишлаб, астрономия, математика, тиббиёт ва фалсафа соҳаларида катта ютуқларга эришган. Масалан, ал-Хоразмий алгебра фанини асослаб берган бўлса, Ибн Сино тиббиётда шоҳ асарларни яратган. Уларнинг асарлари кейинчалик Европада Ренессанс даврида ҳам муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилган.

Ҳозирда эса, дунёдаги энг ривожланган компаниялардан бири - айланмаси давлатларга тенг бўлган Google ҳам худди шу тарзда ишлайди. Улар ўз ходимларининг турли фикр ва ғояларини бирлаштириб, миллионлаб инсонларга манфаат келтирадиган инновацион ечимлар ишлаб чиқади. Бу эса, ҳеч кимнинг фикри камситилмайдиган муҳитда мумкин бўлади.

Шундай экан, биз ҳам турли фикрларга очиқ бўлиб, янгича ёндашувларни қўллаб-қувватласак, ўз ҳаётимизда, жамоамизда ва жамиятимизда катта ўзгаришларга эришамиз. Ҳар бир инсон ўз нуқтаи назарини билдиришга ҳақли ва уни тинглашдан биз фақат фойда топамиз.

Турли қарашларга очиқ бўлиш орқали ўз салоҳиятингизни очинг ва ҳаётингизни янги чўққиларга олиб чиқинг!

Эслаб қолинг, фикрлар хилма-хиллиги — ривожланишнинг калитидир.

✍️
Umid Hudoyberdiev|Online
Самарали вақт бошқаруви сирлари

Эйзенхауэр матрицаси — бу вақт ва вазифаларни самарали бошқаришнинг энг кучли услубларидан бири ҳисобланади. Унинг моҳияти вазифаларни икки муҳим мезон: аҳамиятлилик (муҳимлик) ва шошилинчлик бўйича баҳолашдан иборат. Бу техника ҳаётимизда муҳим бўлган вазифаларни тўғри аниқлаб, уларга эътибор қаратган ҳолда самарадорлигимизни оширишга ёрдам беради.

Қандай қилиб вазифаларни тўғри белгилаш мумкин?

Муҳим вазифалар — булар сизнинг шахсий ёки профессионал мақсадларингизга олиб борадиган ишлар.

Муҳим бўлмаган вазифалар — булар сизга ёки сизнинг мақсадингизга фойда келтирмайдиган ишлар.

Шошилинч вазифалар — бу ишлар вақтида бажарилмаса, ҳаётингизда муаммолар юзага келиши мумкин.

Шошилинч бўлмаган вазифалар — улар кечикса ҳам ҳаётингизда жиддий ўзгаришлар бўлмайдиган ишлар.

Матрицадан фойдаланиш усули

1. Барча кундалик ишларингизни битта рўйхатга ёзинг.
2. Ҳар бир ишнинг олдига қайд қилинг: муҳим ёки аҳамиятсиз? шошилинч ёки шошилинч эмас?
3. Кейин барча ишларингизни тўрт тоифага бўлинг:
Муҳим ва шошилинч
Муҳим, лекин шошилинч эмас
Шошилинч, лекин муҳим эмас
Муҳим эмас ва шошилинч эмас

Масалан:

Илм олиш учун курс ўтиш — муҳим, лекин шошилинч эмас.
Маркетологни ишга олиш — муҳим ва шошилинч.
Офисни таъмирлаш — муҳим эмас ва шошилинч эмас.

Қандай ҳаракат қилиш керак?

Муҳим ва шошилинч ишлар: биринчидан бажаринг. Бу ишлар асосий эътиборни талаб қилади. Масалан, таътилни ташкил қилиш учун ҳужжатлар топшириш ёки муддати келган ҳисобот тайёрлаш.

Муҳим, лекин шошилинч эмас ишлар: асосий вақтингизни 80% шу ишларга сарфланг. Бу сизнинг келажакдаги ривожланишингиз учун асосий ҳудуддир. Масалан, янги малака ўрганиш, соғлиққа эътибор қаратиш.

Шошилинч, лекин муҳим эмас ишлар: бу ишларга жуда кам вақт сарфланг ёки уларни бошқа одамларга топширинг. Масалан, майда ижтимоий мулоқотлар ёки вақтинчалик муаммолар.

Муҳим эмас ва шошилинч эмас ишлар: умуман бажармасликка ҳаракат қилинг. Масалан, ижтимоий тармоқларда ортиқча вақт сарфлаш.

Буюк самарадорликка эришиш йўли

Эйзенхауэр матрицасидан фойдаланиш орқали сиз вақтингизни муҳим бўлмаган ишларга сарфлашдан қутуласиз. Энг муҳими, ҳаётингиз ва ишингиздаги асосий мақсадларга яқинлашасиз.

Доимо ўзингиздан сўранг:
• Бу вазифа менинг мақсадларимга олиб борадими?
• Унинг шошилинчлиги қанчалик даражада?

Ҳаётингизни тартибга солинг ва катта натижаларга эришинг!

✍️
Umid Hudoyberdiev|Online
Кўп эмас, тўғри гапиринг

Машҳур бир фикр бор: “Кўп эмас, мазмунли гапиринг.” Ушбу фикр ҳаётда, мулоқотда, ҳатто иш ёки шахсий муносабатларда жуда катта аҳамиятга эга. Чунки инсоннинг гаплари унинг фикрлаш тарзи, билим даражаси ва шахсий тарбиясини акс эттиради. Аммо ҳар доим ҳам узоқ ва чиройли сўзлар керак эмас. Уларнинг мазмунсизлиги фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради.

Ҳар сўзнинг аҳамияти

1. Кам сўз — кўп маъно:
Инсон кам, лекин ўйланган сўзлар билан гапирса, бу сўзлар ҳар доим таъсирли бўлади. Мазмунли гаплар одамнинг фикрини янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради. Ҳатто кўпчилик буюк шахслар ўз нутқларида кам, лекин кучли сўзлардан фойдаланган.

2. Кўп гапириш — мазмунсизлик аломати:
Ўйланмаган, кераксиз кўп гаплар эътиборни сустлаштиради ва инсонни жиддий қабул қилишни қийинлаштиради. Мазмунсиз сўзлар вақтни бекорга сарфлашдан бошқа нарса эмас.

3. Тингловчини ҳурмат қилиш:
Қисқа ва мазмунли гапириш — бу нафақат ўзингизни, балки тингловчини ҳам ҳурмат қилиш белгисидир. Узоқ ва бемаъни гаплар орқали инсонлар ўртасидаги мулоқот сифатини тушириб қўйиш мумкин.

Қандай қилиб мазмунли гапириш мумкин?

1. Ўйланиб гапириш:
Ҳар қандай ҳолатда гапирмасдан олдин фикрлаш керак. Гапингиз бошқаларга қандай таъсир қилиши ва унинг мантиқли бўлиши муҳим.

2. Тинглашни ўрганиш:
Фақат гапириш эмас, тинглаш ҳам инсоннинг савиясини кўрсатади. Тинглаганда, суҳбатдошингизнинг фикрини тўлиқ тушунишга ҳаракат қилинг.

3. Ортиқча нарсалардан қочиш:
Мулоқотда ортиқча ва фойдасиз гаплардан воз кечинг. Фақат муҳим ва зарур маълумотни етказишга ҳаракат қилинг.

Ҳар сўзингизда мазмун ва моҳият бўлиши учун унга эътибор қаратиш жуда муҳим. Кўп гапириш эмас, тўғри гапириш — бу билимдонлик ва маданиятнинг аломатидир. Шунинг учун, ҳар бир гапингиз таъсирли бўлиши учун унинг мазмунига аҳамият қаратинг.

“Тил — инсоннинг ички дунёси ойнаси. Мазмунли гапиринг, шунда дунё сиз учун ёрқин рангларда акс этади.”

✍️
Umid Hudoyberdiev|Online
Инсоннинг билими унинг ўқишга бўлган хоҳиши билан чамбарчас боғлиқ.

Билим инсоннинг фикрлаш тарзи, дунёқараши ва ҳаётини ўзгартиришнинг энг муҳим омилларидан биридир. Лекин билимнинг чегаралари кўпинча инсоннинг ўзига боғлиқ. У қанчалик ўқишни хоҳласа, шунчалик билимга эришади.

Билимга интилиш – ривожланиш калити

1. Хоҳиш билимнинг асосидир:
Инсонда ўқиш ва ўрганишга бўлган ички хоҳиш бўлмаса, у қўлига қанчалик кўп китоб олади ёки курсларда иштирок этади, натижа кам бўлади. Билимга интилиш — бу аввало қизиқиш ва ўрганиш орзусидан келиб чиқади.

2. Билим ҳеч қачон тугамайди:
Билим олишнинг ёши ва чегараси йўқ. Хоҳиш бўлса, ҳатто ёши катта одамлар ҳам янги нарсаларни ўрганишлари мумкин. Лекин аксарият одамлар ўзларининг ривожланишини ёш ёки бошқа сабаблар билан чеклашади.

3. Танланган йўналиш:
Билимга бўлган хоҳиш, аввало, инсоннинг қандай соҳада ривожланишни исташига боғлиқ. Кимдир ўз соҳасида эксперт бўлишни орзу қилса, бошқалар янги тиллар ўрганиш ёки шахсий ривожланишга эътибор қаратмоқчи.

Нега ҳамма бир хил даражада билимга эришмайди?

1. Мотивация етишмаслиги:
Инсон ўқишга сабаб топмаса, у билим олишга ҳам интилмайди. Масалан, инсонни қийинчилик ёки кучли орзу олға ҳаракатга мажбур қилади.

2. Қўрқув ва камчиликка ишониш:
Кўплаб одамлар янги нарсаларни ўрганишда ўзларини ночор ҳис қилишади. Улар: “Мен буни ўргана олмайман”, “Мени ёшим катта” каби фикрлар билан ўзларини чегаралайдилар.

3. Танлашни билмаслик:
Ҳар бир билим қийматли, лекин унинг ҳаётдаги фойдалилигига қараб танлаш муҳим. Танловсиз ўрганиш — вақтни беҳуда сарфлашга олиб келади.

Қандай қилиб билимга бўлган хоҳишни ошириш мумкин?

1. Мақсад аниқлаш:
Ўқиш ва ўрганишнинг мақсади аниқ бўлса, инсон ўзига йўналиш белгилайди ва унга эришишда барча кучини ишлатади.

2. Қизиқиш уйғотиш:
Инсон учун қизиқ бўлган мавзулар доимо осонроқ ўзлаштирилади. Шунинг учун қизиқувчанликни рағбатлантириш муҳим.

3. Кичик қадамлар билан бошлаш:
Билимга бўлган хоҳиш кучайиши учун, аввал кичик натижаларга эришиш керак. Масалан, кундалик бир неча саҳифа китоб ўқиш ёки бир неча дақиқа ўрганишга вақт ажратиш.

Инсоннинг билими унинг хоҳишига боғлиқ бўлганида, у доимо ривожланиш йўлида бўлади. Унутманг, билимга бўлган интилиш сиз учун янги эшикларни очади. Шундай экан, доимо ўрганишга ҳаракат қилинг ва ўқиш орзусини йўқотманг.

“Ўрганишга бўлган хоҳишингиз кучли бўлса, имкониятларингиз чексиз бўлади.”

✍️
Umid Hudoyberdiev|Online
Энг ёмон ёвузлик — ўзини яхшиликдек кўрсатадиганидир.

Юзма-юз келган ёвузлик хавфли бўлса-да, уни таниб, ўз вақтида ҳимояланиш мумкин. Аммо ёвузлик ғамхўрлик ёки адолат ниқоби остида тирноқларини яширганда, у чуқурроқ сингиб, дарҳол сезилмайдиган жароҳатлар етказади.

Бундай сохта яхшиликлар хавфли, чунки улар ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини фалаж қилади, ақл ва ҳис-туйғуларингизга шубҳа уйғотади.

Баъзан биз хавфсизлик ва бахт ваъда қилувчи ширин сўзларга ишонамиз, бу иллюзиянинг нархи эса эркинлигимиз, ишончимиз ёки биз ҳақиқатан яқинлар билан муҳаббатимиз бўлади.

Агар нимадир жуда «тўғри» ёки «идеал» кўринса, тўхтанг! Ўзингизга савол беринг: бу ваъданинг ортида бўшлиқ ёки манипуляция яширилмаганми?

Ҳушёр бўлинг, чунки кўпинча ёруғлик олиб келишга қасам ичганлар сизнинг қалбингизга кирволиб, уни ўчириши мумкин.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Менинг иш ва ҳаётий қувватимни сақлаш сирларим

1. Кўп ва мунтазам дам олиш орқали тикланаман. Ҳар ҳафта ва ҳар 6 ойда тикланиш циклларига амал қиламан. Бу дам олиш кунлари ва таътиллар орқали амалга оширилади. Фурсат бўлганда таътилга чиқаман, бошқа кунга қолдирмайман. Иш юзасидан сафар бўлсада орада 2-3 кун тана ва мияга дам берадиган юмушларни режа қиламан.

2. Тўғри овқатланаман ва етарлича ухлайман.
Уйқу энг катта энергия манбаи хисобланади. Вақтида ва/ёки танада уйқуга талаб бўлса қисқа дам бераман. Овқатланишда меъерга қатъий риоя этаман, хеч нарсадан воз кечмаган ҳолда “бир шингил” (фақат татиб кўриш) қоидасига риоя этаман. Шакар ва газли ичимликлар рационимда йўқ.

3. Мунтазам равишда тиббий таҳлил топшираман ва соғлигимни кузатиб бораман.
Алоҳида бу маълумотларга ажратилган картотекам бор. Тишлар, юрак, бош мия, тери ва умумий тана хотлатини ҳабарчи сифатида кузатиб дарров ўша захоти юз берган ўзгарига таъсир этаман. Танани холатини доим сезиб, кузатиб юраман. Вазнимни доимий кузатаман. БАДлар истемол қиламан.

4. Актив хаёт кечираман
. Спорт билан шуғулланишга ҳаракат қиламан. Кўплаб спорт турларига ўзимда қизиқиш топиб, уларга кайфиятга ва вазиятга қараб қатнашаман. Мажбурий равишда ҳар куни иложи борича жисмоний машқлар бажариб юраман (отжимание, тортилиш, ўтириб-туриш, бел машқлари, зинадан чиқиш, пиёда юриш ва бошқалар).

5. Мени асабийлаштирадиган, майда ва қувватимни бекорга ейдиган ишлар билан шуғулланмайман. Бундан вазифаларни тезроқ бошқаларга топшираман (ҳайдовчи, асистент, шогирд, офис менеджер) ва бу ишларни бажаришдан завқ оладиган одамларни топаман.

6. Ҳаётимга “бузуқ” нарсаларни киритмайман: Синган телефон, идиш-товоқ, кир ва йиртиқ кийим, ифлос машиналар, энергия сўрувчи ва бадхулқ одамлар, сифатсиз меҳмонхоналар, хароб уй ва ҳоказо. Бундай нарсалар энергияни талайгина ейди. Аксинча бўлса инсон эстетикасини ошириб унга қулай ҳаёт кечиришга имкон яратади. Мураккаб ва оғир бузилишларда мутахасисига мурожаат этаман, зеро бу иш - маблағ, вақт ва энергияларнинг бир варакайига кушандаси. Кўпинча бузилган нарсаларни ўзим тузатаман ва таъмирлашга ҳаракат қиламан. Бузуқ нарсани хуш кўрмайман, унга кўникиб ва бепарво бўлмайман.

7. Инсонларнинг ёмонлигини тез унутаман. Ундан хатто ибрат олиш учун ҳам ўйлаб ўтирмайман. Биров ёмон деб хулоса берган инсонни, менга ёмонлик қилмагунича “ёмон” деган тамғани урмайман. Инсонларни хеч қандай тоифа ва табақага ажратмайман.

8. Иш қуролларим доимий равишда аъло кўринишда бўлиши ва замонавий бўлишига эътибор қиламан. Сифатсиз, секин ишлайдиган техника ишлатмайман, замонавий барча янги инструментларни (task manager, AI, online booking, замонавий тўлов усуллар) чиққан захоти ўзлаштираман. Эскисини оммалашган бўлиб турсада, ишлатмайман. Чўзиб ўтирмайман - янги, тез ва қулай трендга тез мослашволман. Ҳамма ўтишини кутиб ўтирмайман.

9. Молия. Пулни кўп ўйламайман. Аллоҳ барчамизни ризқимизни зиммасига олган экан, буни ўйлаб бекор энергиямни сарф этмайман. Сабабини қилиб, ҳаракатни қилиб олға кетавераман, баракасини Худодан доим сўрайман. Бекорчи нарсаларга пул харж этмайман, кераклик нарсадан пул аяб ўтирмайман. Тўлайдиган нарсани чўзиб ўтирмасдан ўша захоти тўлаб қутуламан, қарз (насия) олмайман ва бермайман. Эхсон қилишга (молиявий ва маънавий) кўп ҳаракат қиламан. Нақд пул билан муомалани четлашга ҳаракат қиламан - у инсон энергияни ейди деб хисоблайман.

Фойдали бўлган бўлса комментарийда ўзингиз ҳақингизда ёзиб қолдиринг.

Сиз иш ва ҳаётий қувватингизни қандай сақлайсиз?

✍️
Umid Hudoyberdiev|Online
Ҳар бир инсоннинг ички онги ва виждони унинг амалларини белгилаб беради. Ҳатто фикрларига таянган атеист ҳам виждонини юракдан тинглайди ва атрофдагиларга яхшилик қилишга интилади. У бундай эзгу ишлари учун ҳеч қандай мукофот ёки тақдир кутмайди, сабаби унинг юрагидаги инсонпарварлик ва адолат ҳисси уни шунга ундайди. Бу каби атеистлар, ўзлари билмаган ҳолда, ахлоқий поклик ва эзгулик йўлидан бораётган бўлади.

Айрим мўминлар эса диний қоидаларни бажариб, ташқи кўринишда ибодатдаги барча шартларни тўлиқ адо этади, аммо қалблари ҳасад, кибр ёки манфаатдорлик билан тўлиб-тошган бўлиши мумкин. Улар қилган яхшиликлари орқали мукофот олиш ёки одамлардан мақтов кутса, бу холис ният бўла олмайди.

Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром,
Феруза гумбазли осмон остида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.

/Умар Хайём/

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Аста-секин…

Бизда бу сўз кўпинча «Ишларингиз қандай?» деган саволга жавоб бўларди.

У илиқ, самимий, дабдабадан холи, юмшоқ сўз, худди чарчаган бошни силаб турган ота-она қўллари каби.

У балки ҳозирги воқеликка тўғри келмас. Чунки «аста-секин» бор жойда ҳаммаси барқарор, одатий, сокин бўлади… Ҳозир эса аксинча, шовқин шунчалик баландки, товушни пасайтиргингиз келади.

Бу сўз таскин беради, сизни севиб-асрашга, ичингизда сақлаб келган тинчликка қайтаради. Уни йўқ қилиб бўлмайди, ўчириб ҳам, обрўсизлантириб ҳам, сотиб ҳам бўлмайди.

Аста-секин…

Эртасига ойна ёнида тўхтаб, қор кўчаларига қараб қоламан. Улар музлаб қолган лойли юзаси билан норозилик билдиришмоқда. Ўйлайман: ёмғирлар келиши керак… Ёмғир келиб, бутун ифлосликни ювиб кетади. Гўё у ҳеч қачон бўлмагандай.

Аста-секин…

Сабрим билан келишаман, ташқаридаги ёвузликни енгиш учун куч сўрайман. Ўзимдан илтимос қиламан: нафратланиб қолмаслик, қўрқувга сотилмаслик, глобал манфаатларга қурбон бўлган ҳар бир юрак оғриғини ҳис қилишдан тўхтамаслик.

Энг катта суянч: вақт ва табиат.

Ҳеч бир дақиқа узайиб ёки қисқариб қолмади, ҳеч бир фасл ўзига хиёнат қилмади. Бу — барқарорлик.

Шунинг учун мен эрталабки қаҳвамдан воз кечмайман, ҳақиқий қувончларга шодланишдан тўхтамайман, севимли мусиқамни тинглашдан чарчамайман ва муҳаббатдан ҳам тўхтамайман.

Кўнгилга яқин одамларга чин дилдан миннатдорлик билдираман… Инсонларни ҳис қиламан.

Ҳеч кимга ўзингизни сиз эмасга айлантиришга йўл қўйманг! «Ишларингиз қандай?» - саволига ростини айтаверинг…

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Ақл ўз чегарасини бир марта кенгайтирар экан, ҳеч қачон аввалги ҳолатига асло қайтмайди.

Бу сўзлар инсон ақлий ва руҳий ўсишининг қайтмас ва чексиз эканлигини эслатади. Бир марта одатий доирамиздан чиқиб, янги билимлар, янги имкониятлар ва янги тажрибаларни қабул қилсак, энди олдингидай тор фикр юритиш мумкин бўлмайди. Ҳар бир янги тажриба ақл ойнасини янада чуқур ва ранг-баранг қилади.

Ақл чегараларини кенгайтириш — бу ҳар куни ўзингизга чақириқ ташлаш демакдир. Қийинчиликлардан қўрқмаслик, хатолардан қочмаслик ва доимо янги билимларга интилиш. Ҳар бир қўйилган қадам, ҳар бир ўрганилган сабоқ, сиздаги имкониятларни янада очади, сизни яхшироқ ва мукаммалроқ шахсга айлантиради.

Ўзингизга катта орзу қилишга рухсат беринг, доимо янги нарсалар ўрганинг ва эришганларингизда тўхтаб қолманг. Қанча оғир бўлмасин, ҳар сафар янги чегараларни забт этсангиз, сиз ўтмишдаги ўзингизга қайтишни хоҳламайсиз. Янгиланган, кучлироқ дунё сизнинг кўз олдингизда намоён бўлади ва буни энди унутиш ёки инкор этишнинг иложи йўқ.

Олисга интилгувчи бўлинг, ҳеч қачон ўрганишдан чарчаманг ва ўзингизга ишонинг. Сиздаги салоҳият — чексиз, унинг чегараларини фақат ўзингиз белгилайсиз.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Сабр ва тушуниш йўлидаги қадам

Ҳар бир инсон ўз ҳаётида турли вазиятларга дуч келади. Айрим ҳолатлар бизга оддий ёки осон кўриниши мумкин. Масалан, бировнинг муаммосини эшитганимизда ёки унинг юзлаган қийинчиликларини кузатиб туриб, тезда хулоса чиқариб юборишимиз табиий. “Мен бўлганимда шундай қилар эдим”, деб ўйлаймиз. Аммо шунинг ўзи кифоя эмас. Ҳар бир вазиятни чуқур тушуниш учун ўша ҳолатни ўзимиз ҳис этишга, юракдан қабул қилишга ва ҳиссий жиҳатдан англашга эҳтиёж бор.

Тасаввур қилинг, бир дўстингиз катта қарзга ботган ва сизга ёрдам сўраб келди. Агар сиз ҳеч қачон қарзга тушмаган бўлсангиз, унинг қийинчилиги ва ички изтиробларини тўла тушуниш қийин бўлади. Ёки боласини йўқотган ота-онани тасаввур қилайлик. Бундай аламни сезиш учун ўша йўқотиш дардини бир лаҳза бўлса ҳам ўз қалбингизда туйишингиз керак бўлади.

Аслида, инсонни руҳан бой қиладиган ва уни камолот сари етаклайдиган омил — бу ҳамдардлик ва сабр. Ҳар бир воқеага енгил-елпи баҳо беришдан олдин, уни “ўзингизга кийиб кўриш” — яъни, ўша ҳолатда ўзингизни тасаввур қилиш, сабр ва тушуниш билан ёндашиш жуда муҳимдир. Бу йўлда сабрли бўлиш инсоннинг қалбини кенг қилади, унинг тушуниш доирасини кенгайтиради ва муҳокама қилишдан аввал фикрлашга ўргатади.

Шундай экан, ҳеч қачон вазиятни енгил баҳолаб, юзаки хулоса қилманг. Ҳар доим бошқаларнинг ўрнида ўзингизни тасаввур қилинг ва шундагина адолатли ва инсофли қарор чиқарасиз. Ҳаётдаги ҳақиқий тушуниш мана шундадир.

Ҳар бир инсон ҳаётидаги синовларни тушуниш учун уларни “аста-секин” ўрганиш, ҳис қилиш ва бағрикенглик билан ёндашиш керак. Шундагина биз тўғри тушуниб, оқилона хулоса чиқара оламиз.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Сиз бугун катта мақсадларни ўзингизга белгилаб, бирон нарсани ўрганишни ёки катта ишларни амалга оширишни ният қилган бўлсангиз, шошилманг. Бир қарашда энг оддий нарса ҳам осонгина қўлга киритилмайди. Ҳар қандай муваффақият ортида кеча, бугун ва эртага қилинган меҳнат, сабр ва ирода ётади.

Бугун сиз бирор ишга қўл урдингиз, аммо у дарҳол уддасидан чиқа олмадингизми? Бу мағлубият эмас. Бу фақатгина бир қадам. Ҳар бир уринишингиз билан сиз катта мақсадингизга яқинлашаётганингизни унутманг. Оёқда туришни ўрганаётган бола бир зумда юриб кетмайди. У йиқилиб, қайта-қайта уриниб, кичик қадамларни босади. Ана шу кеча-кундузлик ҳаракатлар орқали у бир куни юриб кетади. Сиз ҳам шундайсиз — бир куни албатта мақсадингизга етасиз.

Йўл осон бўлмаслиги мумкин. Йиқилишлар, қийинчиликлар ва муваффақиятсизликлар бўлиши табиий. Лекин сиз таслим бўлмасангиз, уларнинг ҳар бири сизга сабоқ беради. Сизга нимани ўзгартириш, нимани яхшилаш кераклигини кўрсатади. Бу йўлда сабрли бўлиш — энг катта кучингиздир. Бу — бугун уриниш, эртага яна уриниш ва бугун яна такрорлаш демакдир.

Ўйлаб кўринг, дунёдаги барча буюк одамлар — олимлар, санъаткорлар, спортчилар ёки тадбиркорлар — улар ҳам бирданига ўз мақсадларига эришмаган. Улар узоқ вақт меҳнат қилишган, сабр қилган ва ҳар куни қайтадан уринишган. Улар йиқилган, аммо йиқилган жойда қолиб кетмаган. Улар қайта кўтарилган. Бунинг ортидан уларнинг орзулари амалга ошган.

Ҳар куни бир қадам қўйинг, ҳатто у кичик бўлса ҳам. Бу қадамлар сизга бир кун келиб катта натижаларни тақдим этади. Мақсад сари ҳаракат қилган инсон йўлида қўрқувлар, шубҳалар ва муваффақиятсизликлар бўлиши мумкин, аммо таслим бўлмаган одамга муваффақият албатта ёр бўлади.

Ҳар қандай муваффақият вақт талаб қилади. Шошманг. Ҳар куни уриниб кўринг. Агар сиз бугун уринишни бошласангиз, эртага ва бугун ҳам ҳаракатни давом эттирсангиз, орзу қилганингиз амалга ошади. Юракдан ҳаракат қилганлар ва сабр билан интилишни билишганлар бир куни албатта ўзининг мукофотини олади.

Сиз ҳам ишонинг — ҳаракатларингиз ҳаргиз зое кетмайди!

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Бир онкожарроҳ айтган экан: озгина мазангиз бўлмаса, қувватингиз қочиб, бошингиз оғриса, менинг олдимга дарҳол келинг, саратон касалликлари жарроҳлик бўлимимда бирга айлантираман, ҳеч қандай бош оғриқ ва қувватсизлик сизни йил давомида безовта қилмайди.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Лоақал бир маротаба мақсад сари ўқ узмаган инсон - 100% нишонга тегмаган хисобланади.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Ўзгартириш сўзига энг лойиқ инсон ўзингиз. Лекин бу фикрга кўпинча бепарво бўламиз ва дарҳол бошқаларни ўзгартиришга киришамиз. Бошқаларнинг танқидига дарров ўтиб , уларнинг ислоҳига хайрихоҳ бўламиз.

Ўзгариш йўлидаги энг муҳим қадам – бу ўзингизни ўзгартиришдир. Кўпинча биз атрофдагиларни танқид қилиш ва уларни яхшилашга уринамиз, лекин ҳақиқий тараққиёт ўзимиздан бошланади. Ҳар бир кишининг ҳаёти – бу ўз-ўзи билан кураш, ўз нуқсонларини енгиб, юқори поғонага кўтарилиш жараёни.

Шунинг учун, аввал ўзингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Чунки сиз ўрнак бўлганингизда, атрофдагилар ҳам ўзгаришни хоҳлайди.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Дунёдаги энг қийин иш - инсоннинг ўз ақли билан фикрлаши. Шунинг учун бўлса керак, бу иш билан кам сонли одамлар банд.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Инсонларга одилона ва чин қалбингиз билан муомала қилинг. Ҳар бир сўзингизда самимият ва ҳурмат бўлсин, чунки вақт ўтиб, ўша муносабатларингиз сизга хотира бўлиб қайтиб келади.

Адолат ва самимийлик – бу дўстлик ва ишончнинг пойдевори. Агар сўзларингиз ва ишларингиз рост бўлса, келажакда ҳеч қачон пушаймон бўлмайсиз.

Ҳар бир инсонга қадр билан ёндашинг, чунки бу дунёда ҳар ким меҳр ва ҳурматга лойиқдир.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Ҳаракат – бу инсоннинг энг қудратли кучларидан бири. Доимо ҳаракатда бўлиш нафақат мақсадга яқинлаштиради, балки инсоннинг қалбини ҳам, танасини ҳам тетик сақлайди. Ҳар бир қадам, ҳар бир ҳаракат – бу ҳаётга қўшилган янги маъно, янги куч. Сиз бирон ишни бошласангиз, қувватингиз ошади, руҳиятингиз мустаҳкамланади ва янги имкониятлар эшиги очилади. Бу сиз учун энг арзон, лекин энг самарали “давo”дир.

Жойида қолиб, қўрқув ёки иккилaнишлар билан яшаш инсонни руҳий ва жисмоний чарчатади. Аммо ҳаракатда бўлсангиз, ҳаётингизда ўзгаришлар рўй беради. Қандай натижа бўлишидан қатъи назар, ҳаракат сизни ўстиради, янги кўникмалар беради ва келажакдаги муваффақиятларингиз учун пойдевор яратади. Ҳаракат – бу енгилмас куч, у сизни мақсадингизга етаклайди.

Умидни йўқотманг, ҳар қадамингиз – ғалабангизга яқинлаштирувчи қадамдир. Ҳар кунингизни кичкина ҳаракат билан бошланг, ҳаракат қилаверинг. Чунки ҳаракатда бўлиш – бу ҳаётнинг ўзидир. Фақат ҳаракат қилганларгина ўз орзуларига етадилар.

Ҳаракатда бўлинг! Ҳаракат ер юзидаги энг арзон ва самарали дори воситасидир!

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Гўзаллик эффекти

Инсон мукаммал ва гўзалдир. Унинг жисми Одам алайҳиссалом тимсолида жаннатни кўрган! Жаннат эса беқиёс гўзалдир! Инсон доим мукаммалликка интилади, ошиқади. Инсон ўз ҳаётини гўзаллик билан бойитишга беихтиёр интилади, жаннатга хос сокинлик ва латофатни ер юзида излайди.

Ҳаётингизни гўзаллик билан бойитиш учун ҳар куни гўзалликни ҳис қилиш, ҳосил қилиш ва уни кузатишни одат қилинг. Бу сизга нафақат тинчланиш, балки ҳаётингиздаги қадриятларни қайта ҳис қилиш имконини ҳам беради.

Гўзалликни ҳаётга жорий қилиш бўйича амалий тавсиялар .

Кунни бошлашда гўзалликни ҳис қилиш:
1. Эрта тонгда тоза ҳавода нафас олинг. Ер юзидаги ҳар бир тонг – янгича имконият. Тонгдаги ҳаво, қушларнинг овози, кун чиқиши – буларнинг барчасини ҳис қилинг.
2. Бир неча дақиқа сукунатда ўтказинг. Эрталаб 5-10 дақиқа гўзал бир жойда (боғда ёки уйдаги тинч бурчакда) сукунатни кузатинг.
3. Шукр қилишга ўрганинг. Эрталаб шукр қилишни одат қилинг. Миннатдорчилик ҳиссини туйинг. Бу онгингизни ижобий қувват билан тўлдиради.

Кун давомида гўзалликни излаш:
1. Табиатга эътибор беринг. Дарахтлар, гуллар, оқиб турган сув, тоғлар, осмон, булутлар – буларнинг барчасида ҳайратланарли гўзаллик бор.
2. Атрофдаги инсонларга эътибор қилинг. Инсонларнинг табассумлари, ёрдам кўрсатишлари, меҳрибонликлари – буларнинг барчасида гўзаллик мавжуд.
3. Ўзингизга эътибор қилинг. Ўзингизнинг кучингиз, гўзаллигингиз, қобилиятингиз ва имкониятларингизни тан олинг.

Кунни якунлашда гўзалликни кузатиш:
1. Кун бўйи содир бўлган ижобий воқеаларни ёдга олинг. Ҳар кеч сизга хурсандчилик келтирган кичик бўлса ҳам воқеаларни эслаб қўйинг.
2. Сукунатда нафас олиш машқларини қилинг. Тиниқ осмонни ёки уйингиздаги бирор тинч нуқтани кузатиб, чуқур нафас олиб, гўзалликка чўминг.
3. Дуо ёки шукр қилиш билан кунни якунланг. Кечки пайт яратганга шукр қилиб ёки яхши ниятлар билан уйқуга ётинг.

Ижобий фикрлар: Ҳар доим онгингизни ижобий фикрлар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг.
Гўзал жойларга ташриф буюринг. Ҳар ҳафта вақт топиб, табиат қўйнига, боғларга сайрга чиқинг. Бу сизга гўзалликни янада кўпроқ ҳис қилишга ёрдам беради.
Тезликни камайтиринг. Ҳаётда барчасини шошмасдан, тиниқлик билан кузатинг, амал қилинг. Шошманг.

Бу одат нафақат сизга ички осойишталик, балки атрофингиздаги гўзалликни кўриш қобилиятини ҳам оширади. Асосийси, ҳар кунни қадрлашга ўрганасиз.

Булар сизни гўзалликка яқинлаштиради.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
Атроф

Агар сиз бешта интеллигент одам билан мулоқот қилсангиз, сиз олтинчиси бўласиз. Агар сиз тўртта ўзига ишонган одам билан мулоқот қилсангиз, сиз бешинчиси бўласиз. Агар сиз уч миллионер билан мулоқот қилсангиз, сиз тўртинчиси бўласиз. Агар сиз икки аҳмоқ билан мулоқот қилсангиз, сиз учинчиси бўласиз.


Биз кимлар билан мулоқотда бўлсак, уларнинг фикрлари, одатлари ва муваффақиятлари бевосита бизнинг шахсиятимизга сингиб боради.

Интеллигент ва ўзига ишонган инсонлар билан мулоқот қилиш — бизга руҳий ва ақлий ўсиш имкониятини беради, ўз мақсадларимизга тезроқ эришишга ёрдам беради.

Сахий бойлар билан мулоқот — молиявий дунёқарашимизни кенгайтириб, ҳалол бойлик сари интилишга рағбатлантиради.

Аксинча, салбий ёки беҳуда вақт ўтказувчи одамлар билан мулоқот қилиш эса, бизни ҳам ўша ботқоққа тортиб кетиши тайин.

Атрофимиздаги инсонларни диққат билан танлашимиз керак. Яхши муҳит ва ижобий таъсир биз учун муваффақият калити бўла олади.

Одам ўз ҳаётининг “режиссёри”дир, ва қачон ким билан мулоқот қилишни, ўз ҳаёт “фильми”да актёрларни танлаш — бу ҳам юксалиш учун муҳим қадамдир.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online
2025/07/04 04:33:20
Back to Top
HTML Embed Code: