Telegram Web Link
— Аёллар учун дўст йўқ. Улар ё ёқтиради ё ёмон кўради...

© Оскар Уайльд
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
БИЛАМАН

Биламан: мен унинг тенги эмасдим,
Лекин севдим тенгсиз муҳаббат билан.
Ҳижрон тунларида бор эди қасдим,
Мен уни ўқидим ёниқ дард билан.
Қачондир юракка жазиллаб босган
Ишқ эди – Қуёшнинг тош узра йўли.
Биламан: мен унга ҳеч ким эмасман,
У – менга Тангрининг узалган қўли!
На ёғду бўлолдим, на ойман тўлган,
Шамоллар пойида ўйнаган хасман.
Ёмғирлар қўлида титраб эзилган,
Бир хазон баргчалик севилганмасман…
Биламан, у менга тақдир этмаган,
Умидлар ҳаққига умримни қўйдим.
Ўз бағрини ўйган шамдай аламли
Жимгина ёндим-у, жимгина куйдим.
Биламан: исми оқ – жисми қоралар
Бир масъум севгимнинг дилини еди.
Минг эмас, милён йил кутганимдаям,
У мени барибир тан олмас эди.
Биламан… ҳаммасин энди биламан,
Мени барбод қилган шу ишққа қасам:
Худо ҳаққи севдим!
Худо ҳаққи… кам —
Уни деб қанчалар тўкилган бўлсам!

© Зебо Мирзо
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olam
Кайфият учун!😁

“Шоиру ёзувчиларни бари касал...”

https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ТАБИАТ

Узоқларда қолди туғилган уйим,
Ажиб болалигим қолди узоқда.
Қолди ҳаммопишга кўмилган ўйим,
Қолди сингилларим бари йироқда.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Ўша йилларимнинг оташ сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман гоҳи-гоҳи дам
Мунис сингилларим маьюс меҳрини,
Шундай пайтда ўзинг айлагил шафқат,
Сингил бўла қолгил, менга, табиат.

Ақлим танидиму қошимда шу кун,
Жасур акаларим сафини кўрдим.
Уларнинг бари ҳам ботир ва дуркун,
Мен улар сафига шеьр билан кирдим.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Ўша давраларнинг оташ сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман гоҳи-гоҳи дам,
Жасур акаларим ажиб меҳрини.
Шундай пайтда ўзинг айлагил шафқат,
Ака бўла қолгил, менга, табиат.

Ўтган кунларимга боқиб мунтазир,
Соғинчдан ёнади ёнган бу жоним.
Афсуски, ёнимда эмассиз ҳозир,
Донишманд устозим - сиз, Отажоним.
Энди мен эслайман кўзларимда нам.
Ҳикматли сўзларнинг оташ сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман гоҳи-гоҳи дам,
Донишманд отамнинг шафқат, меҳрини.
Шундай пайтда ўзинг айлагил шафқат,
Ота бўлақолгил менга, табиат.

Мен азиз онамни тупроққа қўйдим,
Ҳали тинган эмас кўздаги ёшим.
Олис кечалари ҳижронда куйдим.
Энди қай сийнага қўяман бошим.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Она деган сўзнинг қайтмас сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман ҳар зум, ҳар қадам
Онам оғушини, онам меҳрини.
Шундай пайт ҳам ўзинг айлагил шафқат,
Она бўла қолгил менга, табиат.

© Абдулла Орипов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
БАТТОЛ ОРЗУСИ

Халақит беради
ҳамиша бу вақт,
бемалол ишлашга қўймас бизларни.
Қанча чўлпонларни отувдик пақ-пақ,
зўрға яширгандик қонли изларни...
Аммо вақт очворди...
биз гумдон қилган
ҳозирча... ўттиз-қирқ милёнта мурда
содда — гўл халқларга жи-и-ндай тешилган
калла чаноқларин кўрсатиб турар.
Хўш, мунча ваҳима...
ахир сиёсат
вақти -вақти билан қон талаб қилар,
ахир ҳурфикрлик деган риёзат
ҳар қандай давлатни йиқита билар.
Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ,
ҳалиям тошларни кесар болтамиз.
Агар керак бўлса,
ўқларимиз кўп,
ҳаммани бир бошдан пақ - пақ отамиз.
Чўлпон - пўлпон дейсиз,
ишимиз катта,
тарихга сиғмасдан турар ўжарлар,
жаҳолат босган тўрт асрни ҳатлаб
Бобурни олувдик энди мўлжалга.
Аммо сал кечикдик...
чала қолди иш,
вақт ҳам мудраб қолар — ҳали кўрамиз,
Навоий мулла бор, тағин Яссавий,
нарида Қошғарий,
бор - ку Тўмарис...

© Шавкат Раҳмон
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *
Насиб этгай сенга олий бахт –
Ўз осмони бўлган бир лочин!
Сен ҳам уни эркалаб хушбахт,
Қанотида куйламоқ учун
Ел бўласан, шамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Бошгинангнинг оғриғи кетар,
Асаб дардинг бўлур фаромуш.
Ва аксингни тортқилаб кулар
Тиниқ сувлар, сен боқсанг хомуш.
Сувда қувноқ ҳилол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Бегинг мамнун ишдан, ўзидан,
Гоҳ сархуш, гоҳ ҳушёр келади.
Бир кун... унинг тўрхалтасида
Тўрт донами анор келади:
Ўқтин-ўқтин беҳол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Унутасан заҳил рангингни,
Тўлишасан, ғамларинг кетар.
Баъзан тонглар орзуларингни
Тебратади бешиктебратар.
Тағин соҳибжамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Гулга кўмар бир гўдак даҳо
Умрингнинг бўш кўчаларини...
Мен ҳам сева биларманми, о,
Унинг жажжи қўлчаларини?
Унда такрор аён бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.

Бахт шу сенга – тинч бўлса жонинг,
Юпатишмас, бу – вақт шиори.
Бахтдир сенга Ўзбекистоннинг
Ёзи, кузи... биринчи қори.
Ўзинг бахтга тимсол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан!

Тугамайди ҳаёт эртагинг,
Кўп йилларни кўриб яшайди.
Умр бўйи масрур эркагинг
Сочларингни ўриб яшайди!..
Сен бир бахтли аёл бўласан,
Менинг учун хаёл бўласан.

© Мирзо Кенжабек
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
КЎРАСИЗ...

Кўрасиз, сизни ҳам қийнайди соғинч,
Муҳаббат шамоли эсар сиз томон.
Кўрасиз, менинг дек тополмай овунч,
Тунлари ҳижронлар қийнайди ёмон!

Кўрасиз, юзингиз сарғаймай туриб,
Қалбингиз оташга кўмилар ҳали.
Севгимиз қийнаган юрагингизга,
Хотирага кўчар, шеърим машъали!

Кўрасиз, кўраман бир - биримизни,
Балки умр йўллар учраштиради.
Иккимиз билган, кўп сиримизни,
Ўтмиш деб, кимлардир, достон қилади.

Кўрасиз, бу юрак уради дук - дук
Санчиқлар не бўпти, тўхтамаса - бас.
Сиз қолдирган, ҳислар оғриқли - суюк,
Озор бермаган ҳис, муҳаббат эмас.

Кўрасиз, бу қисмат ўтмас шунчаки,
Чунки шоир умри, шарафли йўлдир.
Ёлғон сўзни битган шоирнинг баъри,
Ўзи тан олмайди, шеърлари кулдир.

Кўрасиз, қоғозга бир сўзлар битай,
Бир шеърлар ёзай, қон ютиб майли.
Керак бўлса шеърчун, жонимни тикай,
Фақат кўтарса бас, замоннинг - зайли.

Кўрасиз, ишонинг бир кунлар келиб,
Шеърларим сизга ҳеч, бермас ҳаловат!
Ўшанда мен учун, фотиҳа ўқинг -
Бориб қабрим олдида қилинг тиловат.
Шоирнинг қабрини айланг - зиёрат...

Кўрасиз ҳали шундай кунлар келади...

© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
KO'RASIZ
AHMADI EVEREST
© Абдувоҳид Сувонов
🎤 Аҳмади Эверест
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
37-ЙИЛ ЙИҒИСИ

Олов эди, шўх эди ўғлим,
Шамол эди, ўқ эди ўғлим,
Уйимда нон йўқ эди, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?

Майли изинг қолсайди, ўғлим,
Ўғил-қизинг бўлсайди, ўғлим,
Кўриб кўнглим тўлсайди, ўғлим.
Энди менинг холим не кечар?

Тўлишган ой, тўлин ой, ўғлим,
Кетган еринг қайси жой, ўғлим?
Тилаб олган Турсунбой ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?

Ёниб кетсанг майлийди, ўғлим,
Чўкиб кетсанг қанийди, ўғлим.
Айбли бўлсанг қанийди, ўғлим
Энди менинг ҳолим не кечар?

Деҳқон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим
Чўпон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим,
Ёмон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?

Ўқимай ўл, унмай ўл, ўғлим,
Ўқиб олим бўлмай ўл, ўғлим,
Олти тилни билмай ўл, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?!

© Муҳаммад Юсуф
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Чиройли муқова ёмон китобнинг жонига оро киролмайди.

© Расул Ҳамзатов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *
Ўзимча бир аср яшашга шайман
Ва лекин эмасман
ҳаким ё ҳакам –
Мен яхши билмайман. Аниқ, яшайман
Худо буюргандан
на кўп ва на кам.

Албатта, бандага хос бўлган ҳолат –
Ҳаётга муҳаббат.
Ҳаётдан мастлик.
Шу боис, кўнгилга солар малолат
Гоҳида ортиқча
қисматпарастлик.

Аммо ким қутулган қочиб қисматдан?
Бу гаплар “ку-ку”дек,
биз бир қумримиз.
Не бўлсин, элингга қилган хизматдан –
Тўқилиши керак
бизнинг умримиз.

© Омон Мухтор
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
#ТАБРИК

Бугун, Ургутнинг фарзанди, устоз Абдусаид Кўчимовнинг таваллуд кунлари, устозга узоқ умр, бахт саодат тилайман, яқинлар бахтига омон бўлинг, сизга икки дунё саодатини тилайман, Аллоҳ умрингизни барокотли қилсин илоҳим...

Ҳурмат билан
© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
МОРБОЗ

Қир четида ёлғиз хонадон –
Овлоқ эди қирнинг бу бети.
Бу томонда кўп эди илон,
Бу уйда ҳам илон кўп эди.

Ётар эди бедапояда,
Сирғаларди токзор оралаб.
Гоҳ қўрқинчли, сирли соядай,
Турар эди шифтда мўралаб.

Ажиб экан, инсонда ҳавас
У ҳам дилда хуш сеҳр туйди.
Ҳайвон ёхуд қушларга эмас,
Илонларга меҳрини қўйди.

Ажабсиниб қаради ҳамма,
Ота-она норози бўлди.
Илонбозлик ҳаваси, аммо
Ҳавасларнинг дорози бўлди.

Бирга ўсди илонлар билан,
Эсламади хавфу хатарни.
Тунлари бу совуқ махлуқни,
Қучоғида олиб ётарди.

Одамлигин унутди одам,
Илонлигин илон унутди.
Икки қутб – иккита олам,
Бир вужудга айланиб кетди.

Довруғ солди илон ўйнатиб,
Донғи юлдузларга қўндилар.
Морбозларни қўйди ўйлатиб,
Қойил қолди ҳатто ҳиндулар.

Кўплар унга ташаккур айтди,
Кўплар кулди, кўплар кулдирди.
Ҳайҳот! Бир кун томоша пайти
Уни илон… чақиб ўлдирди.

© Абдусаид Кўчимов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Yur Muxabbat (www.Marvarid.net)
Nuriddin Haydarov
ЮР  МУҲАББАТ

Ой юзидан нур ёғди сим-сим,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан.
Ширин тушлар кўрсин севгилим,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан…

Биз кетсак ер кенгайиб қолар,
Осмонлар ҳам энкайиб қолар.
Бир қора кўз жилмайиб қолар,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан…

На қилдим, эй юзлари зебо,
Айбим на деб сўрама асло.
Бу дунё шундайин бевафо,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан…

Севги дилда яшнаган чечак,
У биз билан қайда яшасак.
Не қипти бир қизга ёқмасак?
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан!

© Муҳаммад Юсуф
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Севги — қуёш, севги — шараф-шон
ФОНТАН ЁНИДА
(Петергоф эсдаликлари)

Ҳаво тиниқ, кўнглимдай оппоқ,
Булутлардан асар кўринмас.
Шабнам билан чўмилган япроқ,
Гулшанларга кўзларим тўймас.

Енгил шамол Самсон ёнида
Гуллар билан ўйнашар эди.
Фин тўлқини баъзан ғувиллаб,
Қирғоқ билан сўйлашар эди.

Бу ер бўлди бизнинг сайргоҳ,
Фонтан сочар мунчоқ доналар.
Сеҳрланиб қолади нигоҳ,
Ором берар шўх шаббодалар.

Кўз олдимда чўмилган денгиз,
Мўъжизаси дилни тортади.
Оқшом бўлса, кўкдаги ой ҳам
Шундан чиқиб шунга ботади.

Завқим қайнар ҳуснингга боқиб
Сайр этганда сўлим боғингда.
Гулларингдан чаккамга тақиб
Қолсам дейман шўх қучоғингда.

© Шароф Рашидов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *
Бир куни Диоген бозорда ўзининг оташин нутқини ирод қилар экан, донишманд файласуфнинг нутқига ҳеч ким эътибор бермай, ўтиб кетаверибди. Шундан кейин у хўроз бўлиб қичқирибди ва бирпасда унинг атрофида тумонат одам йиғилибди. 
Шунда донишманд Диоген бу оломонга қараб, ғазаб билан:
– Сенларнинг тафаккур даражанг шу қадар пастки, ақлли гапларни айтганимда, менга эътибор ҳам бермадиларинг, лекин аҳмоқларча хўроз бўлиб қичқирганимда, ҳамманг мени маймунона қизиқиш билан ўраб олдиларинг, – деган экан!

https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *

Ақлимнинг измидан чиқаман ўзим,
Сизсиз дунёсида, айтинг, нeтаман?
Уйга етиб-етмай қайтади изим,
Сиздан кeлмай туриб Сизга кeтаман.

Майли бўрон қўпсин, қор уриб тиздан,
Сизни жоним билан ёпганим-ёпган.
То тирик eканман, атрофингизда
Жилғадай айланиб чопганим-чопган.

Бугун мeнинг борим тортиб олинган,
Бугун барин Сиздан топгани кeлдим.
Асир қушим, бугун Сизга солинган
Кишанингизнида ўпгани кeлдим.

© Ҳалима Худойбердиева
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Барчамизнинг иккита ҳаётимиз бор. Иккинчи ҳаёт фақат бир марта яшашимизни чин юракдан англаганимизда бошланади.

© Андре Моруа
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *
Диоген ҳайкалдан ҳайр-садақа сўрарди; одамлар ундан, нима учун сен бундай қиласан, деган саволга у шундай жавоб берган экан: “Ўзимни рад жавобларга ўргатиш учун”...

Хулоса қилиш ўзингиздан!

https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
2025/06/30 18:06:17
Back to Top
HTML Embed Code: