Telegram Web Link
СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛАРГА ЧОРА КЎРИЛАДИ

Ҳаммамиз сувдан фойдаланамиз, ҳар куни фойдаланамиз.
Иқлим ўзгариши таъсирида минтақамизда сув ресурслари йил сайин камайиб бораётган ҳозирги шароитда, айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сувга бўлган талаб ортмоқда.

Қаердадир деҳқон сувга навбати келишини интиқлик билан кутаётган бир пайтда бошқа жойда кимдир ариқдаги сувни ёпиб келишга эриниб, зовурга ташлаб қўйиш ҳолати кузатилаётгани ачинарлидир. Зовурга ташланган ёки мақсадсиз сарфланган ўша сув билан қанча майдонларни суғориш мумкин.

“Сувхўжаликназорат” инспекцияси томонидан сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатилиб, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан кескин чоралар кўриб борилмоқда.

Хусусан, Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган назорат тадбирларида 242 та ҳолатда экин майдонларини кўллатиб юборилганлиги аниқланган бўлса, 132 та ҳолатда фермер хўжаликлари томонидан экинларни суғориш учун берилган сувларни фойдаланмасдан тўғридан-тўғри зовурга ташлаб, сув исрофгарчилигига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Мисол учун, сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан берилган бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Алламурод ота набираси Абдуллоҳ” фермер хўжалиги томонидан 50 л/сек сув зовурга ташлаб қўйганлиги аниқланиб, фермер хўжалиги раҳбари Н.Алламуродовга нисбатан МЖтКнинг 74-модда иккинчи қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судига юборилди.

Тошкент вилояти Пискент туманидаги “Шуҳрат” фермер хўжалиги томонидан пахта экилган майдонларни суғориш жараёнида сувдан оқилона фойдаланмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, бунинг оқибатида экин майдони кўллатиб юборилганлиги ва сув исрофгарчилигига йўл қўйганлиги аниқланиб, фермер хўжалиги раҳбари С.Худойбердиевга нисбатан МЖтКнинг 74-модда иккинчи қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Пискент туман судига юборилган.

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Садулло Омон”, Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги “Дастонбек Аброрбек” фермер хўжаликлари ҳам шу каби ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузган шахсларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланади.

Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Сув – умуммиллий бойлигимиз. Уни асраш, оқилона фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси матбуот хизмати
👍3👏1
СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ТАДБИРКОРЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИГА ЖАВОБ ҚАЙТАРДИ

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда 6 та вилоят – Андижон, Фарғона, Наманган, Хоразм, Сирдарё ва Тошкентда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир август ойида Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўладиган мулоқотига тайёргарлик доирасида ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад муаммоларни тўғридан-тўғри манзилли етказиш ва тизимли ҳал этиш ҳисобланади. Тадбирда Савдо-саноат палатаси, бизнес-омбудсман, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги вазирликлари, банклар раҳбарлари қатнашиб, тегишли таклиф ва саволларга муносабат билдиришди.

Хусусан, Фарғона туманидан фермер Адҳамжон Ҳамдамов тик қудуқларни ишлатишда электр энергияси сарфи бўйича мурожаат қилди. Ушбу харажат фермерлар ҳисобидан тўланиши белгиланган бўлиб, фермер тик қудуқлардан фойдаланиш бўйича алоҳида имтиёз ёки ёрдам берилишини сўради.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев дастлаб насос станциялари учун давлат бюджетидан сарфланаётган маблағлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, республика бўйича насосларнинг доимий ишлаб туриши учун бир йилда давлат бюджети ҳисобидан 7 триллион сўмдан ортиқ, ундан ташқари насосларни таъмирлаш ва бошқа харажатларга 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши айтилди.

Вазир бевосита мурожаат мазмунига тўхталар экан, мазкур масала бўйича Фарғона тумани республикамиздаги энг оғир ҳудудлардан бири эканини таъкидлади. Ҳозирда бу ҳудудларга ёрдам бериш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, яқин кунларда бир тўхтамга келинишини айтиб ўтди.
Фарғона тумани учун алоҳида ёндашув тадбиқ қилиниб, албатта амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Учрашувда айтилган муаммоларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топиш масалалари кўрилди.

Ахборот хизмати
👍7👎1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
ИЛМ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг Сув хўжалиги ва мелиорация йўналиши бўйича таҳсил олаётган 3-босқич талабалари учун бу ёз – илмий билимларни амалиёт билан боғлаш имконини берувчи бой тажриба мактабига айланмоқда.

Хусусан, институтнинг 351 ва 352-гуруҳларидаги 21 нафар талаба Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда унинг тизим ташкилотларида ўқув амалиётини ўтаб келмоқда.

Талабалар бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Эргашев масъуллигида амалиётнинг дастлабки кунлариданоқ бошқарманинг тегишли бўлимлари ва қуйи ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

11 июль куни йирик сув хўжалиги иншооти – Қорадарёда жойлашган Куйганёр гидроузелида талабалар учун экскурсия ташкил этилди. Бу ерда мутахассислар томонидан гидроузелнинг қурилиши, сув ўтказиш қобилияти, у орқали сув билан таъминланадиган майдонлар ва бошқа муҳим техник кўрсаткичлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Талабалар нафақат назарий билимларини мустаҳкамладилар, балки бевосита гидроиншоотдаги муҳандислик ечимлари ва техник жараёнларни кўз билан кўриб, жонли муҳитда ўрганиш имконига эга бўлдилар.

Экскурсия давомида талабалар Катта Фарғона канали музейига ҳам ташриф буюришиб, архив фотосуратлари, макетлар ва ҳужжатлар орқали Катта Фарғона каналининг юртимиздаги сув хўжалигида тутган ўрни, гидротехник иншоотларнинг аҳамияти ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлдилар.

Шундан сўнг Катта Фарғона каналидан сув олувчи "Сиза" каналининг бошланғич нуқтасида замонавий “Доплер” сув ўлчаш ускунаси орқали сув сарфини ўлчаш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Бу жараёнда талабаларга сув ўлчаш технологияси, ҳисоблаш услублари ва натижаларни таҳлил қилиш усуллари ўргатилди.

Ушбу амалиёт талабаларнинг нафақат назарий билимларини мустаҳкамлаш, балки соҳавий кўникма ва тажрибаларини бойитишда муҳим қадам бўлди.

Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати
👍2
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири


ВАТАН УЧУН, МИЛЛАТ УЧУН,
ХАЛҚ УЧУН!

Бу дунёда кураш кетар туну кун,
Ҳар қарич онг, ҳар бир қарич қалб учун.
Уйғон болам, энг бебаҳо бахт учун ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Жаҳолатнинг байроғи ҳам қорадир,
Инсон яшар ёруғлик барҳақ учун.
Ҳар ўғил-қиз, билсанг, жигарпорадир ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Ошу нон деб ном сотганлар, аё, сиз,
Ўйламангким рўзғорлари талх учун,
Кураш кетар тинимсиз ва аёвсиз ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Разолат тинч турмас ахир ҳеч қачон,
Отлангандай ҳар тонг ҳарбу зарб учун,
Ҳушёр бўлгил, бедор бўлгил, болажон ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Боболаринг хокин бориб суриштир,
Туғларию туғроларни кўр кучин:
Умрлари бошдан оёқ курашдир ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Маърифатдан нажот изла, иста ком,
Ўқиган ҳар бир китобинг бир устун,
Бир қўрғондир, мустаҳкам бир истеҳком ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Давр сендан шиддат кутар, жадал қил,
Ёш жонингга шунча таҳдид, хавф учун,
Умрингни ҳар онин жангу жадал бил ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Шу миллатнинг кўрки сенсан, нақши сен,
Жисму жонинг сафарбар эт, қалқ бутун.
Ёвузликка ўзинг тургин қарши сен ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Элнинг шаъну шавкати ҳам зиёси
Сўнмас асло то бор экан бу очун.
То уйғоқдир ҳар бир кўзи қароси ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.
👍3👎2
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотларининг масъул ходимлари учун ижро интизоми, идоралараро ягона электрон ҳужжат айланиш тизими бўйича ўтказилган амалий семинардан лавҳа.
👍8
ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИСИ: ЖАВОБГАРЛИК, ҲАЛОЛЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ

Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат хизматчилари учун белгиланган этика қоидалари, юксак масъулият ва ҳалоллик тамойилларига амал қилишнинг аҳамияти ҳақида айтилди.

Мулоқот чоғида иштирокчиларга “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган асосий принциплар, жумладан, ошкоралик, жавобгарлик ва муросасизликка асосланган ёндашувлар ҳақида атрофлича тушунча берилди.

Шу билан бирга, порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликлар юзасидан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари борлиги ва уларнинг муқаррарлиги ҳақида эслатиб ўтилди.

Бундай тарғибот тадбирлари ходимлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ҳалоллик ва поклик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати
👍3
МАШАҚҚАТНИНГ РОҲАТИ ҲАМ БОР

Бу йил март ойида Марказий Осиё минтақасини кутилмаган иссиқлик тўлқини қоплади. Иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларини ўрганадиган олимлар иттифоқи – World Weather Attribution тадқиқотига кўра, март ойи давомида ҳаво ҳарорати саноат давригача бўлган ўртача кўрсаткичдан 10 даража юқори бўлган. Гуруҳнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши иссиқлик тўлқинини тахминан 4 даражага оширган.
Умуман олганда, сўнгги йилларда минтақада иқлим ўзгариши музликларнинг эриши ва ёғингарчилик миқдорининг камайишига олиб келиб, сув танқислигини янада кучайтирмоқда.

Мана шундай шароитда машаққатларни енгиб ўтиб, халқимизни, иқтисодиёт тармоқларини, қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш Сув хўжалиги вазирлиги олдидаги устувор вазифадир.

Кеча Вазирликнинг ҳайъат йиғилиши ўтказилиб, 2025 йилнинг йилнинг биринчи ярим йиллигидаги натижалар таҳлил қилинди.
Йиғилишни ҳайъат раиси, Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев олиб борди. Унда ҳайъат аъзолари, вазир ўринбосарлари, марказий аппарат бошқарма ва бўлим бошлиқлари, онлайн тарзда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан тизим ташкилотлари раҳбарлари қатнашди. Йиғилишга вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Таъкидланишича, Сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида ва йил бошида белгиланган чора-тадбирлар натижасида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан олти ойда жами 4 млрд 837 млн м3 сув иқтисод қилинди.

80,2 минг гектар майдонда томчилатиб, 28,5 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 59 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар, 16,8 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб, 5,3 минг гектар майдонда дискрет суғориш технологиялари, жами 540,5 минг гектар майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Шу билан бирга, 352 минг гектар ерлар лазер ёрдамида текисланди.

Ирригация йўналишида 437 км каналлар, 21 км лоток тармоқлари, 19 та гидротехник иншоотлар, 38 км ёпиқ суғориш қувури, 3,4 км босимли қувурлар қурилди ва реконструкция қилинди. Мелиорация йўналишида 180 км очиқ ва 48 км ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари, 14 та гидротехник иншоот, 40 та тик дренаж қудуғи ва 12 та кузатув қудуқларини қуриш-монтаж ишлари бажарилди.

Вазирлик тасарруфидаги насос станцияларида маънан эскирган 157 та насос ва 161 та электродвигателлар янгисига алмаштирилди. 165 та конденсатор, 135 та частота, қуввати 752,0 кВт бўлган қуёш панеллари ва 5400 литр сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.

Самарқанд вилоятида 1 та, Жиззах вилоятида 2 та, Фарғона вилоятида 3 та йирик сув хўжалиги объектлари автоматлаштирилди.

Хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган 7 та лойиҳа доирасида 67,2 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий кредитлар ва грант маблағлари ўзлаштирилди.
👍2👎1
Ҳайъат йиғилишида натижалар эътироф этилган ҳолда, камчиликлар, қолоқликларга йўл қўйганлар танқид қилинди.

Хусусан, 2025 йилда 268 та насос станцияларни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторлар бошқарувига бериш қониқарсиз ҳолатда эканлиги айтиб ўтилди.

2 299 та кўчмас мулк объектларидан 319 та (14,0 фоиз) бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлар Кадастр агентлигининг ҳудудий идораларида давлат рўйхатидан ўтказилмагани танқид қилинди.

2025 йилда пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 116 минг гектар майдон, шундан 23,6 минг гектар банк кредити ва 92,3 минг гектар ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Лекин, молиялаштирилган майдонларга нисбатан Қорақалпоғистон Республикасида 49,0 фоиз, Сурхондарё ва Жиззахда 67,0 фоиз ҳамда Тошкент вилоятида 70,0 фоиз майдонларда технология ишга туширилган, холос.

Қораўзак, Андижон, Бўстон, Қўрғонтепа, Қарши, Муборак, Чироқчи, Чортоқ, Пайариқ, Қуйи-Чирчиқ туманларида эса бир гектар пахта майдонида ҳам томчилатиб суғориш технологияси ишга туширилмаган.

Бугунги кунда “Агро-субсидия” тизими орқали асосан ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилган талабгорлар томонидан аризалар келиб тушаётган бўлиб, 6 ой давомида туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбарлари ва бунга масъул бўлган ходимлар томонидан 70 та ҳолатда субсидия маблағларини ҳисоблашда хатоликларга йўл қўйилган.

Фарғонада 16 та ҳолатда, Қорақалпоғистон Республикасида 15 та, Наманган вилоятида 10 та, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида 7 тадан, Сирдарё ва Андижон вилоятларида 4 тадан, Хоразм вилоятида 3 та, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 2 тадан ҳолатда коэффициентлар нотўғри қўлланилиши натижасида 14,6 млрд сўмлик субсидия маблағлари ортиқча ҳисобланган.

Ҳайъат йиғилиши якунида суғориш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш бўйича ва йил якунигача Вазирлик олдидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ҳар қандай машаққатнинг роҳати, мукофоти бўлади. Сувчиларнинг меҳнатига кузда баҳо берилади. Улкан хирмонлар, етиштирилган мўл ҳосиллар, озиқ-овқат тўкислиги, халқимизнинг дуоси – сувчилар учун бундан ортиқ мукофот борми?!


Ахборот хизмати
👍5👎1
2025/07/14 09:36:14
Back to Top
HTML Embed Code: