Telegram Web Link
БОЙСУНЛИК ИРРИГАТОРЛАР МЕТАЛЛ ЙИҒИШДА НЕГА МАСЪУЛИЯТНИ ҲИС ЭТИШМАЯПТИ?

Аму-Сурхон ИТҲБнинг автотранспорт ва механизмлардан фойдаланиш бўлими бош мутахассислари Бойсун тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ мутахассислари иштирокида ўтказган семинар танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.

Жорий йилда туман ирригаторлари зиммасига 7 тонна қора ва рангли металл парчаларини йиғиб топшириш топшириғи берилган. Йилнинг ўтган вақти мобайнида Аму-Сурхон ИТҲБ тизим ташкилотлари ва барча туманлар ДМлари ходимлари қора ва рангли металл парчаларини йиғиб топшириш режасини 50-60 фоизга уддалаган бир пайтда, бойсунлик ирригаторлар ҳар хил важларни рўкач қилиб, бир килограмм ҳам қора металл топширмагани сабаблари семинарда таҳлил қилинди.

Семинарда бу гал ҳам туман ирригаторлари «имкон бўлмаяпти, металл парчаларини қаердан олишни билмай, бошимиз қотган. Имконият бўлиши билан режани бажарамиз» деган ваъдалар билан қутулмоқчи бўлишди.

Таъкидланганидек, туман ҳудудида умумий узунлиги 50 километрдан ортиқ «Бўзариқ», «Эгри», «МР-2», «Сариёзи», «Работ ариқ» каби хўжаликлараро каналлар ва узунлиги қарийб 300 километрдан ортиқ ички ариқ ва бошқа суғориш тармоқлари мавжуд бўлиб, ушбу суғориш тармоқларини тозалаш-таъмирлаш жараёнида чиқадиган металл парчалари ҳамда суғориш тармоқларидан сув ўтказадиган қувурларнинг яроқсизларини йиғиб ҳам режани ортиғи билан бажариш мумкин.

Фақат қизиқиш, иштиёқ бўлса, баҳоналар рўкач қилинмай, масъулият билан меҳнат қилинса, туманда қора ва рангли металл парчаларини йиғиб топшириш режасини бошқалардан барвақт бажариш имконияти мавжудлиги айтиб ўтилди.

Бойсун тумани ирригаторларига Сариосиё ва Термиз туманлари сувчилари қора ва рангли металл топшириш йиллик режасини бажаргани, Олтинсой ва Шўрчи туманлари ирригаторлари йиллик режанинг 50 фоизи миқдорида металл топширгани ўрнак қилиб кўрсатилиб, бошқаларда бор имконият, бойсунлик сувчиларда ҳам бор, фақат ҳаракат қилиш лозимлиги тушунтирилди.

Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати
Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги вазифалар ижроси муҳокама қилинди

2025 йил 12 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлар ижроси, субсидиялардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига республика бюджетидан 2024 йилда 1716,2 млрд. сўм ажратилган. Шундан, вазирлик ва тизимдаги республика бюджетидан молиялаштириладиган 128 та ташкилотнинг 1 693,1 млрд. сўмлик харажатлар сметаси рўйхатга олинган. 2024-йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ривожлантириш дастурлари бўйича ажратилган маблағларнинг йиллик аниқланган режаси 829,7 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан, 784,6 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Ахборотда келтирилганидек, Сув хўжалиги вазирлигига ривожлантириш дастури ва мақсадли индикаторлар учун 2024 йилда 10440,1 млрд. сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар пахта хомашёсини етиштирувчилар томонидан томчилатиб ва дискрет суғориш тизимини жорий этиш, сув сарфини камайтириш, насос станциялари орқали суғориладиган ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш, обйектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструксия қилиш) ва жиҳозлаш, ирригатсия тизими ва суғориш тармоқларида сувнинг йўқолишини камайтириш, сув иншоотларининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда суғориладиган ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш учун йўналтирилган.

Шунингдек, вазирлик томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун субсидиялар ажратиб берилмоқда. Хусусан, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонларга сув ўлчаш ускуналари ўрнатилганда сув солиғидан 50 фоиз имтиёз қўлланилмоқда.

Натижада, пахта майдонларида жорий қилинган томчилатиб ва дискрет суғориш технологиялари учун қишлоқ хўжалиги корхоналарига 2019-2024 йилларда 1 трлн. 366 млн. сўм ажратилган.

Сув хўжалиги вазирлигининг сув билан боғлиқ муаммолар ечими ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш мақсадида ташкил этилган ишонч телефони 24/7 режимида ишлаши йўлга қўйилганини депутатлар эътироф этишди. Шунингдек, 2025 йилнинг 5 ойида сув хўжалиги вазирлигига 1562 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти ўз ечимини топган.

Савол-жавобларга бой бўлган эшитувда ўзаро мақсадли мулоқотлар асосида соҳани такомиллаштириб бориш, мавжуд муаммоларни ечиш чораларини кўриш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.


Манба: https://parliament.gov.uz
Самарқанд вилояти

ИРРИГАЦИЯ ТЕХНИКАЛАРИНИНГ ИШЧИ ҲОЛАТИ ЎРГАНИЛДИ

Самарқанд вилоятида сув хўжалиги соҳасида хавфсиз ва узлуксиз хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида “Оқ-Қорадарё” ирригация тизими бошқармасига қарашли техникаларнинг ҳолати атрофлича ўрганилди.

Мазкур ўрганиш ишлари Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси масъул ходимлари томонидан амалга оширилди.

Автомобилларга техник ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи У. Раҳмонов таъкидлашича:

“Об-ҳаво шароити кескин ўзгариб турган ҳозирги пайтда сел ва тошқинларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, барча хизмат кўрсатиш техникаларининг доимий равишда тайёр ҳолатда бўлишини талаб этади. Шу мақсадда жойлардаги аниқ вазиятни ўрганмоқдамиз.”


Ўрганиш натижаларига кўра, айрим техник ва ташкилий камчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ тавсиялар ва амалий кўрсатмалар берилди.

✍️ Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати
2025/07/14 09:24:47
Back to Top
HTML Embed Code: