Telegram Web Link
Навоий вилояти

ПАХТА МАЙДОНЛАРИ ЭГИЛУВЧАН ҚУВУРЛАР ОРҚАЛИ СУҒОРИЛМОҚДА

Навбаҳор туманидаги “Очил Полбон” фермер хўжалигининг пахта майдонида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг авфзалликлари тўғрисида семинар бўлиб ўтди.

Унда соҳа мутахассислари, қурувчи пудратчи ташкилотлар, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда сув тежовчи технологияларнинг турлари ҳамда пахта майдонларини эгилувчан қувурлар орқали суғоришнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш берилди.

Шундан сўнг, семинар иштирокчилари “Очил Полбон” фермер хўжалиги томонидан 22 гектар пахта майдонларини эгилувчан қувурлар орқали суғориш жараёни билан танишди.

Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати
Хоразм вилояти

Гурлан тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг 14 нафар муҳандис-гидротехник ходимлари ҳамда сув хўжалиги назоратчиларига скутер, планшет ва махсус кийим-бошлар топширилди.

Туманда 162,8 км хўжаликлараро каналлар ва 465 км ички ариқлар мавжуд бўлиб, улар 14 та ҳудудга бўлинган.

Ходимларнинг транспорт билан таъминланиши ҳудудлардаги фермерлар ер майдонлари ва аҳоли томорқаларига сувнинг ўз вақтида етиб бориши, тенг тақсимланиши ҳамда сувнинг ҳисоб-китобини юритишда муҳим роль ўйнайди.

Ўз навбатида ишчи-ходимлар давлатимиз томонидан яратилаётган бундай шароитлардан мамнун эканликларини билдиришди.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати
Навоий вилояти

“СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ” ИНСПЕКЦИЯСИ МУТАХАССИСЛАРИ ЎЗ БИЛИМЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” ҳамкорлигида “Гидрометрия асослари ва сув ресурсларини ҳисобга олиш” мавзусида жойларда бир кунлик амалий машғулотларни ўтказмоқда.

Инспекция мутахассис ходимлари учун машғулотларнинг навбатдагиси белгиланган график асосида Навоий вилоятида ўтказилди.
Машғулотни “Кармана-Конимех” ирригация тизими бошқармасининг тажрибали гидрометр мутахассислари “Ўнг қирғоқ” каналининг “Учтут” сув ўлчаш гидропостида олиб боришди.

Тадбир давомида иштирокчиларга замонавий сув ўлчаш воситаларидан тўғри фойдаланган ҳолда каналларда сув миқдорини аниқ ўлчаш усуллари кўрсатилиб берилди ва бу орқали ходимларнинг сув ресурслари ҳисоботини аниқ юритиш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш бўйича назарий ва амалий билимлари мустаҳкамланди.

Шунингдек, машғулот сўнгида сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг мутахассис ходимларига сертификатлар топширилди.

Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати
Тошкент вилояти

ТОПШИРИҚЛАР ИЖРОСИ ЎРГАНИЛДИ

Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Т.Бутунбаев жорий йилнинг 20 май куни Қуйичирчиқ туманида ўрганиш ўтказган эди.

Ўрганиш чоғида туманнинг “Сурум” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи РК-5 каналидан сув билан таъминланадиган “Тошариқ-1” ички ариғининг оқим бўйича ўнг томон қирғоқ бўйи муҳофаза минтақа майдонида номаълум ташкилот томонидан шағал қазиш ишлари олиб борилгани, натижада суғориш тармоғига зарар етказилгани аниқланган.

Мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилган эди.
Ҳозирда 1 дона экскаватор, 1 дона бульдозер, 1 дона юклагич, 2 дона юк ташувчи автомашина, жами 5 та техника жалб қилинган ҳолда атрофни текислаш, чуқурларни кўмиш ва суғориш тармоғини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Бугун вазирнинг биринчи ўринбосари ушбу манзилда бўлиб, топшириқлар ижроси қандай ташкил этилганлиги билан танишди.

Шу билан бирга, тумандаги 5 та маҳаллада “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида бажарилган ишларни кўздан кечирди.

Туманнинг “Дўстлик” МФЙ ҳудудидан ўтган ички суғориш тармоғининг муҳофаза ҳудудида ўрдакчиликни йўлга қўйган фуқаро Ф.Назарова каби ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳавза бошқармаси бошлиғига вазифа юклатилди.

Шундан сўнг туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМнинг тақдимоти билан танишилди.

Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати
2025/07/05 04:57:50
Back to Top
HTML Embed Code: