Telegram Web Link
ДУНЁ СИЗНИКИДИР
(Баъзи дунёдорларга)

Дунё сизникидир, киринг қатига!
Менинг озуқамдир хўрлик, ҳақорат.
Мен элнинг муборак маломатига,
Қутлуғ таънасига қилгум таҳорат.

На дўст, на қўлловчи бирор кишим бор,
Қиёмат кун каби муҳтожман Ҳаққа.
Дунё сизникидир, нима ишим бор,
Гарчанд оғриқларим етгай суякка.

Борлиқ сизникидир, ястанинг ийиб,
Дод демам ҳеч аҳли олам дастидан.
Сўзлагим келса гар, дунёни қўйиб,
Сўзлайман ё осмон, ё ер остидан.

Қулоқни келтиринг, майли, қоматга,
Бордир на даъвомиз, на дил комимиз.
Ҳалал берса сизнинг истиқоматга,
Битсин шуҳратимиз, ўчсин номимиз.

Қани, ким кияркан йўқлик абосин,
Иброҳим Адҳамдек, жазб этиб висол!
Ул ечиб дунёю давлат либосин,
Охират хирқасин кийгани мисол!

Бу борлиқ, бу кибор ҳаловат, ҳавас
Сизгадир, ишратлар, бахмал, барқутлар.
Бас, энди англадим, менга керакмас,
Намруд, Фиръавндан қолган сарқитлар.

Дунё сизникидир, мана – қуруқ тан,
Менга ўлимнинг ҳам йўқдир зиёни.
Бу моддий дунёда мен йўқман, зотан,
Бўшатиб берганман сизга дунёни!..

1997
Мирзо Кенжабек


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ҳазрати Шайх, улуғ авлиё, шаҳид Ашур Жийлон Бобо зиёратларидан хотира.

Суратда: Мирзо Кенжабек, меҳмонлар ва дўстлар.

1447 йил, муҳаррам ойининг 1-куни, пайшанба.
2025 йил, 26-июнь.

Сурхондарё. Кўҳна Ашуржийлон.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни!

ИЖТИМОИЙ ДАРД

Сен учун синдирдим синмас созимни.
(Рауф Парфи).

Тенгдошларим масрур ютуқлар билан,
Парвозу донглари – кимгадир армон.
Мен эсам курашчан нутқлар билан,
Мақолалар билан бўлдим андармон.

«Мирзо қолиб кетди...» – Ўқлар бесаноқ,
Учар нафсу тамаъ пастликларидан.
«Соф» шоир бўлардим, олмасам сабоқ,
Фақат ҳақ ва қасос дарсликларидан.

Келгайдир мени ҳам тушунгич замон:
Елларга совурдим қонли додимни,
Истиқболинг учун, юртим, онажон,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни!

Қалбимнинг қаъридан шеър унган кундан
Борми ҳаётимда қутлуғроқ сана!
Қон силқиб турганда сенинг кўксингдан,
Мен қандоқ шод куйчинг бўлайин, она?!

Бас! Иқбол қуёши бу кун тутилган,
Жонимда дарёлар қизиб, тошадир.
Кўзлар осмонидан юлдуз тўкилган,
Тоғлар вужудимда юрар, учадир...

Мен тинглаб бир мубҳам қирғоқдадирман,
Қисматнинг гулдирос кулгуларини.
Балки, ўз жисмимда кўрмоқдадирман
Бу кун охирзамон белгиларини.

Оҳим! Осийларни оёққа қалқдир,
Қиёмат кўргузмай далил-ҳужжатин –
Ки, бу ҳам яшашга ҳаққи бор халқдир,
Қалбларга қадаб қол қасос кўчатин!

Мағлуб қисматимиз – англанмас тилсим,
Кўкламни алишдик мунглуғ хазонга.
Энди интиҳолар, туганчлар бўлсин,
Ҳур қалбни банд этиб қўйган давронга!

Ким дўзах тузумни яшар «қуллуқ»лаб?
Ўликлар тушунмас қонли додимни.
Юртим! Эркинг учун ўзим куллуклаб,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни.

На ижод, на довруқ истак-нажотим,
Дилларни поклайин ноҳақ шубҳадан:
Буткул сабил қолсин менинг ижодим,
Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!..

1989

Мирзо Кенжабек


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Шанба.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 3-куни.
Милодий 2025 йил, 28-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
СУЛТОНИ СОДОТ

****

Мангу лабларини юммас соҳиллар,
Жайҳун калом бўлсин, Султони Содот.
Келдик саодатга ташна кўнгиллар,
Дилдан салом бўлсин, Султони Содот.

Тарих тазкираси, Термиз келбати,
Саййидлар даҳмаси, шоҳлар марқади,
Инсон ким бўлса ҳам, ердир иззати –
Иззат-икром бўлсин, Султони Содот!

Темурий султонлар кўргузиб эъзоз,
Мақбара қурмишлар – муҳаббат асос.
Янги наслларга бу ҳурмат, ихлос
Ибрати том бўлсин, Султони Содот.

Кўнглим маъно топар харобалардан,
Офтоб иси келар офтобалардан.
Сиздан салом келгай саҳобалардан,
Салом мудом бўлсин, Султони Содот!

Бўлур ҳар даврда ўзгача шитоб,
Ўзга сўз, ўзга ғул, ўзгача итоб,
Ўлик кўнгилларга қабрдан хитоб –
«Йуҳйил-ъизом»¹ бўлсин, Султони Содот!

Ҳар туннинг тонги бор, ҳар куннинг шоми,
Тузоқдан узоқдир қушлар илҳоми,
Қалбин Ҳаққа берган поклар мақоми – 
Юксак мақом бўлсин, Султони Содот.

Дунёда на шон, на дунё талашдим,
Талашсам, нур ила маъно талашдим,
Букун болалардек бобо талашдим – 
Менинг бобом бўлсин Султони Содот!

Юртимда нубувват изи турганда,
Набий зурётларин ўзи турганда,
Раббимнинг муқаддас сўзи турганда,
Сўзлар тамом бўлсин, Султони Содот!

Султонни кўп кўрди дунё, ниҳоят,
Барида юз низом, юз хил риоят,
Ҳикмат шу: то абад адлу ҳидоят
Олий низом бўлсин, Султони Содот!..

2001 й.

(1) ИЗОҲ. Ёсин сураси, 78-79-оятларидан, маъноси: “У (инсон) ўз асли – яратилишини унутиб, Бизга мисол келтиришга ўтди: «Шу чириб кетган суякларни ким тирилтиради?!» – деди. (Эй Расулим!) айтинг: «Уларни илк марта яратган Зот тирилтиради! У ҳар турли яратишни билгувчидир!»


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим, умидимни барбод айлама,
Бу ношод кўнглимни ношод айлама.
Қалбга нидо келди: «Гар ошиқ бўлсанг,
Минг жафо кўрсанг ҳам, фарёд айлама!»


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 4-куни.
Милодий 2025 йил, 29-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****
Фақат қалби борлар келсин биз томон.

****

Бир ошиқ дарвишман, дардимни уқгин,
Тўлқинингга бекор боқмадим, боқгин,
Азим дарё бўлсанг, қалбимда оқгин,
Асрларга йўлдош Жайҳуним менинг!..


Мирзо КЕНЖАБЕК




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ЖАЙҲУН БИЛАН МУЛОҚОТ

Қирғоғингда ётар сирли мазорат,
Пайғамбар ороли – қалбга ишорат,
Сувингда бир карра олсам таҳорат,
Дилимда эрир тош, Жайҳуним менинг!

Сирдошсан не юртлар, не-не элларга,
Агар омон борсанг олис йилларга,
Биздан салом етказ ғариб дилларга,
Дилимдан бир талош – Жайҳуним менинг!

Бордир мавжларингда салом ва видо,
Ҳикматлар таратиб йиллар бесадо,
Сени кузатади Термизий бобо,
Ҳакимларга сирдош Жайҳуним менинг!

Тақдир сирлар қўймиш дарё лабига –
Сен сирдош бўлгансан Шамъун¹ набийга!
Етсанг ҳам асрлар – сирлар тубига,
Сирларин этмас фош Жайҳуним менинг.

Тақир ер кўксига гул тақгувчисан,
Кўрдинг не зотларни, жим боқгувчисан,
Мен ҳам тингувчиман, сен оқгувчисан,
Мавжлари доим ёш Жайҳуним менинг.

Дарёнинг иқболи доим шахт эмас,
Инсон мақоми ҳам мудом тахт эмас,
Узоқ яшамоқ ҳам, балки, бахт эмас,
Улуғ сабру бардош – Жайҳуним менинг!

Зул-Кифл² набийни қучиб, ўргилган,
Қизилқум оралаб, олға интилган,
Оролга етмасдан қўли қирқилган,
Сайҳунга тақдирдош Жайҳуним менинг.

Аввал дарёларни кўзга илмасдим,
Дарёлиғ ҳикматин, афсус, билмасдим,
Дарёдай дўст топсам, сенга келмасдим,
Сиримни этма фош, Жайҳуним менинг!

Бир ошиқ дарвишман, дардимни уқгин,
Тўлқинингга бекор боқмадим, боқгин,
Азим дарё бўлсанг, қалбимда оқгин,
Асрларга йўлдош Жайҳуним менинг!..

2001 й.


Мирзо КЕНЖАБЕК

****

1. Шамъун Набий – бугунги Қорақалпоғистон ҳудуди – Хўжаэли туманида, қадимий Амударё соҳилида мақбараси мавжуд бўлган ва “Пайғамбарлар қиссаси” китобида муборак номлари зикр қилинган пайғамбар (алайҳиссалом).

2. Зул-Кифл – Термиз яқинида, Амударё ўртасидаги Пайғамбар оролида мақбараси мавжуд бўлган, Қуръони каримнинг Анбиё ва Сод сураларида муборак номлари зикр қилинган пайғамбар (алайҳиссалом).


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Шайхнинг онасидан қолган кўп моли бор эди. Бир кун халқни чақириб, бутун молини тарқатди ва ўзи оладиганларини ҳам бағишлаб юборди. Яёв Каъба сари йўлга чиқди.

Йўл юриб Куфа шаҳрига етиб келди. Нафси у ерда балиқ ва нон емоқни истаб қолди. "Нафсимни то Маккага қадар инжитмайман", деб шаҳарга кирди. Ун тортаётган от тегирмонини кўрди.
- Бу отнинг кираси бир кунда қанча? – деб сўради.
- Икки дирҳам нафақаси бор, - деган жавоб бўлди.
- Бугун отни қўйиб, ўрнига мени боғланг, бир кунда бир дирҳам беринг, - деди.

Отни ечиб ўрнига Саҳлни боғладилар. Кечга қадар тегирмонни юргизди. Бир дирҳам бердилар. Балиқ билан нон олди ва нафсига айтди:

- Ҳар қачон мендан бирор нарса тиласанг, сенга лойиқ шундоқ хизматни қилгайман ва тилагингни шу суратда бажо келтиргайман, - деди ва нафсини хўрлади.



Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг,
"Тазкират ул-авлиё" асаридандан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 5-куни.
Милодий 2025 йил, 30-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
***

Бор бўлиб шундай гўзал Пайғамбаринг,
Соҳиби Фурқону ҳикмат сарваринг,
Не учун бўлди разолат корларинг,
Масъиятлардин келур душворларинг,
Ким деди: «Умрингни исроф айлагил»? –
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

АВВАЛ ИНСОФ АЙЛАГИЛ

Одам ўғли, ўзни дилсоф айлагил,
Сўнгра фикри гирду атроф айлагил,
Одил ўл, оламда кўп хавф айлагил,
Мосиводин қалбни ҳам соф айлагил,
Охират тўнини зарбоф айлагил,
Ҳар не қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Боқ, ёруғдир кунларинг офтоб ила,
Боқ, ёруғдир тунларинг моҳтоб ила,
Кечди пайғамбар неча асҳоб ила,
Адлу инсоф, нури оламтоб ила,
Сен-да фикри нури ашроф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Бор бўлиб шундай гўзал Пайғамбаринг,
Соҳиби Фурқону ҳикмат сарваринг,
Не учун бўлди разолат корларинг,
Масъиятлардин келур душворларинг,
Ким деди: «Умрингни исроф айлагил»? –
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Аҳли иймон мазлуму афтодадир,
Аҳли инкор зулм ила яғмодадир,
Фиръавнлар изни ҳам Мавлодадир,
Боқ, алар ҳукми фақат дунёдадир.
Охиратдин сен фақат хавф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Боқки, душман хоину маккор эрур,
Шакли дўст-у, касби истисмор эрур,
Кимгаки иймон, саодат ёр эрур,
Маҳрум этмак истаюр, ғаддор эрур,
Эт ҳазар, андин дилинг соф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Иста Роббингдан мудом ҳикмат, билим,
Ҳақ дегайдир: молу авлод, эй қулим,
Фойда бермас, бўлмаса қалбинг салим,
Бир ўлимдан бошқа сўнг йўқдир ўлим,
Ёди маҳшар эт, дилинг соф алагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Бермиш Аллоҳ қулга жузъий ихтиёр,
Нурга ёр ўл, бўлмоқ эрсанг бахтиёр,
Тавба қилган зотга неъмат бешумор,
Тавбакор бир қалб ила Раббингга бор,
Ўйла, фикри сураи Қоф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Етмагайму Хақ санга, Қуръон санга,
Имтиҳондир ҳар нафас, ҳар он санга,
Бас, ғаниматдир гўзал даврон санга,
Йўқ, берилмас бошқа бу имкон санга,
Баски, тақво бирла дил соф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Қалб гўзал бўлса, келур илҳом гўзал,
Дин гўзал, эҳсон гўзал, икром гўзал,
Сўз гўзал, афъол гўзал, инъом гўзал,
Ҳақ гўзалдир, неъмати Ислом гўзал,
Шукр этибон, қалбни кўп соф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

Илму ирфон изла, Мирзо, топ камол,
Ишқу шавқу жаҳду ғайрат бемисол,
Пири комилдин гўзал келди мақол:
Сенга бўлгай оқибат жаннат-жамол,
Ўзни турли соҳиб авсоф айлагил,
Ҳар на қилсанг, аввал инсоф айлагил.

2002 йил, ноябрь-декабрь.


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
#ҳикмат

****

« ДУНЁДА НАФСДАН КЎРА ҚАТТИҚРОҚ ТИЗГИНЛАНИШИ ЗАРУР БЎЛГАН ҲЕЧ БИР УЛОВ ЙЎҚДИР ».

ҲАЗРАТИ ШАЙХ ҲАСАН БАСРИЙ
қуддиса сирруҳу

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
“ҲИКМАТ ХАЗИНАСИ” китобидан.
Мусанниф: Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК
.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Ҳар оятинг қалбга нур бўлур,
Англайдиган қалблар бахтга ёр бўлур.
Қалблар англамаса ҳақиқатларни,
Демак, кўзлар эмас, қалблар кўр бўлур.
(Ҳаж, 46)


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Forwarded from Hilol Nashr
«Маснавийхонлик дарслари»нинг 34-суҳбатига марҳамат

❤️ Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг «Маснавийи маънавий» асарини тушунишга ва ҳаётимизга татбиқ этишга қаратилган «Маснавийхонлик дарслари» суҳбатининг 34-дарси 1 июль куни бўлиб ўтади.

✔️ Суҳбатга Рустамжон домла Раҳматуллоҳзода ва Мирзо Кенжабек устоз ташриф буюрадилар.

Марҳамат, навбатдаги илм мажлисига ташриф буюринг! 😊

🗓 01.07.2025 | 14:00

📍 «Hilol Nashr» нашриёти 

@hilolnashr
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 6-куни.
Милодий 2025 йил, 1-июль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Сен жонингдан кечмасдан
Жонон орзу қиларсан,
Белдан зуннор кесмасдан
Иймон орзу қиларсан.

“Ман арафа нафсаҳу... ”*
Дерсан, ундоқ эмассан,
Малаклардан юқори
Сайрон орзу қиларсан.

Бир тифли наврастадек
Этагингни от қилиб,
Қўлга чавгон олмасдан
Майдон орзу қиларсан.

Билмадинг сен ўзингни,
Садафда не гавҳарсан,
Мисрга султон бўлиб,
Канъон орзу қиларсан!

Ул азал оламинда
Сен кутмадинг абадий,
Пар ва болинг битмасдан
Жавлон орзу қиларсан.

Етмиш етти парда бор -
Дўстингни қилма орзу,
Еттисин ўтмай, васлин
Чунон орзу қиларсан.

Ўттизтаси кўздадир,
Ўттизтаси - кўнгилда,
Буни билмай, кўрмоқни
Чандон орзу қиларсан.

Бунда хизматга келдинг,
Бандалик эт, хизмат қил,
Ҳал қул бўлмай туриб,
Султон орзу қиларсан!

Юнус, тушдинг бу дардга,
Аййубдайин сабр айла,
Дардга чидай олмассан,
Дармон орзу қиларсен!..


Усмоний турк тилидан Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК таржимаси.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
#ҳикмат

****

«Қуш ердан юқорига учса, агарчи осмонга етмаса ҳам, аммо тузоқдан узоқ бўлади.

Худди шундай, агар киши дарвиш бўлса (тариқатга кириб, Пирға боғланиб, аҳли тасаввуф бўлса), гарчи дарвишлик камолига етмаса ҳам, аммо шунга эришадики, халқнинг зумрасидан ва бозор аҳлидин халос ва устун бўлади ҳамда дунёнинг заҳматларидан юки енгил бўлади.

Чунончи, юки енгиллар қутулдилар, юки оғирлар ҳалок бўлдилар».


МАВЛОНО ЖАЛОЛУДДИН РУМИЙ
қуддиса сирруҳу


❁•┈•┈•┈•❁ ✿ ❁•┈•┈•┈•❁


«ҲИКМАТ ХАЗИНАСИ» китобидан.
Мусанниф Устоз Мирзо
КЕНЖАБЕК.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

БЕРКИНИШ

Мени ҳам соғинган бирон зот борми?
Дунёда ҳижрондек истибдод борми?
Сизиб гул юзиндан умрим ўтарми? –
Тиниқ кўз ёшингга беркингим келди.

Учаман, юксакроқ чорлар самолар,
Тубанга тортолмас мени иғволар.
Ғаюр ғийбатчилар, шум бенаволар,
Бас! Само тўшингга беркингим келди.

Ерда на зўрим бор менинг, на зарим,
Қуллик не? Зулм не? Узлатим, қаърим –
Ҳақ йўл иморати – Қуръони карим,
Шаффоф оғушингга беркингим келди.

Дўстлардан юз бурдим, эркдан беркиндим,
Чангидим, тилсимот сочига индим,
Ёмон парчаландим, мен ёмон синдим –
Бир шафиқ очунга беркингим келди.

Сиз мени на шовқин-ғавғодан изланг,
На исён, на шеър, на дунёдан изланг,
Ёронлар, Мирзони Мирзодан изланг,
Ўз ичу тошимга беркингим келди!

1990 й


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2025/07/01 07:18:23
Back to Top
HTML Embed Code: