Telegram Web Link
"ЯРИМ АСР ДЕВОНИ" — ЯРИМ АСР МАНЗАРАЛАРИ

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг янги китоби чоп этилди. Унда ярим асрлик ижод намуналари жамланган.

Юртдош, дарсдош ва дарддош дўст — Мирзо Кенжабекка бир бетлик самимий дастхати ҳам бор. Дўстга бағишланган тўртта шеър китобдан ўрин олган. Улардан биринчиси — "Талабаликдан сўнг"ги (1980) соф ва изтиробли ёшлик туйғуларидир:

БИЗ ҚАЙСИ ОЛАМГА КЕТЯПМИЗ, МИРЗО?...
(Парчалар)

Бизнинг номимизни ёзмаслар қўшиб,
Гоҳ мискин янградик, гоҳида жўшиб,
Бир бўғиздан чиққан иккита қўшиқ -
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?..

***
Қадим қумликларда - қадимий ёдим,
Қадим Бақтрия, қадим фарёдим —
Сенинг тарихингдир, менинг ҳаётим,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?..

***
Китоб сўнгида муаллифнинг азиз ўқувчига хитоби бор:

"Сиз билан ҳали хайрлашмаймиз.
ХУДОЙИМ ДИЙДОРДАН АЙИРМАСИН".


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 28-куни.
Милодий 2025 йил, 24-июнь.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ОНА ҚИЗИМ

Қизим, тарих қатларидан бу бир садо,
Охиратга салом бўлгай ҳар бир видо,
Дўст эмасдир, ким Тангридан қилса жудо,
Мен ким билан дўстлашаман, она қизим?. .

Юракларни сув юволмас, ювгай зиё,
Зоҳири пок, ботинлари вайрон дунё!
Ҳақталабга энг олий дўст – Ҳақдир танҳо!
Мен ким билан дўстлашаман, она қизим?

Мен бир қулман, пинҳон юм-юм йиғлагувчи,
Нурдан бошқа бирор бойлик йиғмагувчи,
Бу дунёси юрагимга сиғмагувчи,
Мен ким билан дўстлашаман, она қизим?

Ҳориб-тўзиб, ёниб келсам, бўлиб абгор,
«Ло илоҳа иллалоҳ»ни қилсанг такрор,
Чарчоқларим буткул тарқаб, кетгай ғубор,
Мен ким билан дўстлашаман, она қизим?

Тўғриликдан ортиқ ерда ғазот бўлмас,
Агар озод бўлмаса руҳ, ҳаёт бўлмас,
Раббига қул бўлмаган зот озод бўлмас!..
Мен ким билан дўстлашаман, она қизим?

Қизим, фикри катта қулнинг дарди катта:
Жангга кирган Бобурдекман Банипатда,
Келди-кетди, алғов-далғов бу бекатда
Мен ким билан дўстлашаман, она қизим?

1994

Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Эй табиб! Ҳақ сўзга забонинг йўқми?
Ҳеч ғафлат дардига имконинг йўқми?
Ухлатгувчи дори-дармонларинг кўп,
Қалбни уйғотгувчи дармонинг йўқми?

****

Табиб дер: комил сўз тилимдан келмас,
Ҳар кимни даволаш илмдан келмас.
Оқилни ухлатиш қўлимдан келар,
Ғофилни уйғотиш қўлимдан келмас.


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
"ОНА ҚИЗИМ"
(1994)

Устоз Мирзо Кенжабек шеъри.
🎙Хонимжон Ражабова ўқиган.
(2025)


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Чоршанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 29-куни.
Милодий 2025 йил, 25-июнь.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ТЕРМИЗ ДАРАХТЛАРИ

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Еллари қалбимга берур фараҳлар.
Лекин хаёлимни тортар дафъатан
Хиёл бир томонга оғган дарахтлар.

Аён, эркаликдан бу боғлар холи,
Чунки касби бўлмиш кураш ва сабот:
Ниҳоллик чоғидан афғон шамоли –
Аччиқ қумлар билан сийламиш ҳаёт!

Ҳар шажар китобин еллар варақлар –
Яширин сир қолмас бирор япроқда:
Довуллар қўйнидан урён дарахтлар
Менинг юрагимга қараб келмоқда.

Тириклик ҳамиша талошли бўлур,
Ҳар кўчат бошида бўлғуси на ҳол? –
Ҳаёт жабҳасида бардошли бўлур
Силтовлар ичида ўсгувчи ниҳол.

Игналари билан игна барглилар
Шамолдан ўзига тикибдир ридо:
Яшил салтанатин сақлашга улар
Рақибдан ҳимоя топибдир ҳатто!

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Тафти ҳам қалбимдан оташ сўроқлар.
Лекин хаёлимни чулғар дафъатан
Шамолда силтаниб ўсган дарахтлар.

Шамоллар боғланиб, тинганда қуюн
Боғларни кузатдим: нечоғ бахтиёр!
Елларда – мозийлар саломи тайин,
Елларда ёмғирлар хушхабари бор!

Ҳар юрак шажардан топур фараҳлар,
Ҳар дилни яшиллик яшнатар тағин.
Лекин силтовларда ўсган дарахтлар
Кўнглимга яқиндир, кўнглимга яқин!..


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

АВЛИЁНИНГ ҒАЗАБИ

Нақлдирки, Шайх Ҳаким Термизийнинг аҳлу аёлидан сўрадилар: «Агар Шайх ғазабланса, сизлар ғазабланганини билар эдингизларми?» Улар айтдиларки: «Билар эдик. Агар бизлардан Шайхга бирор озор етса, ўша куни биз билан янада юмшоқроқ муомала қилар ва йиғлар эдилар. Йиғлаб, зорилиқ билан ёлвориб дер эдиларки: «Илоҳий, мен Сени нима иш билан ғазаблантирдим эканки, буларни менга қарши ғазаблантириб қўйдинг!.. Илоҳий, Ўзингга тавба қилдим! Буларни яхшиликка қайтар!..» – дер эдилар. Шунда биз ғазабланганларини билар эдик ва Шайхни бу балодан чиқариш учун тавба қилар эдик...»


Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё" асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Лутф айладинг дўсту ёрларга,
Дўстларни яширдинг сирли ғорларга.
Сўз ила ҳаммага хитоб қилсанг ҳам,
Хос икром кўргуздинг қалби борларга!..
(Каҳф, 10: Қоф, 32-33-34).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

"Зилол булоқ"  нашриётида тўртта шеърий китоб чоп этилди.

Шулардан бири -- истеъдодли шоира Гули Зебо Иброҳимованинг "ДИЛ МАКТУБЛАРИ" китоби.
Бу китоб кўнгилнинг кўнгилга мактубларидир.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ижтимоий тармоқда журналист Сайёра Шодиеванинг "ИСЛОМ МАМЛАКАТЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ" ҳақидаги мақоласи кенг тарқалмоқда. Мақола матнини эътиборингизга ҳавола этамиз, азизлар.

****

15 ЙИЛЛИК МАШАҚҚАТ, ИЖОД ВА ИЗЛАНИШ МАҲСУЛИ...

****

Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар сокинлик билан улкан ишларни амалга оширишади. Ҳатто биз оддий ижод аҳли бундан бехабар юрамиз. Ва кутилмаганда улкан меҳнат маҳсулидан ҳайратга тушамиз.

"ИСЛОМ МАМЛАКАТЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ" китобининг нашр этилиши Ўзбек илмий, ижодий майдонида ўзига хос янгилик бўлди. Чунки бу Ўзбекистон маънавий, маърифий ҳаётидаги илк бор тасниф этилган энциклопедиядир.

Мазкур китоб тузувчи-муаллифи ёш олима, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Рахшона Кенжабоеванинг салкам 15 йиллик машаққатли изланишлари маҳсулидир...

Китобнинг нашр этилиши ва уни менга ҳам туҳфа этилиши, очиғи мен учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Китобда қандайдир жозиба, руҳан жонли тетикликни ҳис қилади одам. Интернет титкилаб инсон бу ҳузурни топа олмайди.

Албатта, юртимизда шундай бутун ҳаётини илм ва фан ривожига бағишлаган ва мана шундай ажойиб йирик китобларни кенг китобхонлар оммасига тақдим этаётган маърифатпарвар инсонларнинг борлиги одамни қувонтиради.

Мазкур китоб билан энди танишиб чиқишни бошлар эканман, бир жиҳат эътиборимни тортди. Унда нафақат ислом мамлакатларининг исломга оид тарихи, балки аҳолиси, географик ўрни, сиёсий харитаси иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, маорифи ва яна кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Китоб жуда йирик ҳажмда бўлиб, 660 саҳифадан ошиб кетган. Ва юздан ортиқ исломий ва ислом маданияти етиб борган ўлкалар тарихи ва улар ҳақидаги кўплаб маълумотларни ҳам қамраб олган.

Хусусан, илк саҳифалардан ўрин олган Афғонистон тарихини алоҳида қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда Афғонистон Ислом Амирлиги тарихига доир малумотлар янада мукаммал баён қилинган.

Дунёларга достон бўлган қадим Афғон диёри, бу ўлкага ислом динининг қандай кириб келгани, аҳолиси, бугунги кундаги ижтимоий сиёсий ҳаёти, қишлоқ хўжалиги, саноати, маорифи, ташқи ва ички савдоси, соғлиқни сақлаш тизими ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслигимга амин бўлдим... Афғон диёрида яшовчи миллатлар ва у ерда ўн миллиондан ортиқ миллатдошларимизнинг истиқомат қилиши бу мамлакатга бўлган қизиқишимни ниҳоятда оширди.

Ҳазрат Навоийдек зотлар нафаси кезган бу диёрга ҳурматим ошди.

Албатта, бу ҳали бошланиши. Яна юзлаб элат ва миллатлар тарихи билан танишиш имкони ҳали олдинда.

Шундай ўринда мазкур китоб тузувчи-муаллифи, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Рахшона Кенжабоевага ва барча таҳририй гуруҳга ўз миннатдорчилигимни билдираман...🙏

Ва уларга янада улкан ижодий ютуқлар тилаб қоламан!

Сайёра ШОДИЕВА
23.06.2025.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛ КИРДИ:
1447

БУГУН:
ПАЙШАНБА.
ҲИЖРИЙ 1447 ЙИЛ.
МУҲАРРАМ ОЙИНИНГ 1-КУНИ.
Милодий 2025 йил, 26-июнь.

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
***

ҲИЖРИЙ 1447 ЙИЛ ТАҚВИМИ

(Ҳижрий 1447, милодий 2025–2026 йиллар)

• 26 июнь (2025) – Ҳижрий янги йилнинг бошланиши.
• 5 июль (2025) – Ашуро куни.
• 3 август (2025) – Мавлид мавсуми.

• 21 декабрь (2025) – уч ойларнинг бошланиши
(Ражаб, Шаъбон, Рамазон).
• 25 декабрь (2025) – Рағоиб кечаси.

• 15 январь (2026) – Меърож кечаси.
• 2 февраль (2026) – Барот кечаси.

• 19 февраль (2026) – Рамазон ойининг бошланиши.
• 16 март (2026) – Рамазон ойининг 27-кечаси.
• 19 март (2026) – Рамазон ҳайитининг арафаси куни.
• 20 март (2026) – Рамазон ҳайити.

• 18 май (2026) – Зулҳижжа ойининг бошланиши.
• 26 май (2026) – Арафа куни.
• 27 май (2026) – Қурбон ҳайити.

***

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

***

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Ҳеч туганмас саховатинг бор,
Ҳар жонга ризқ учун кафолатинг бор.
Ҳар ишга Сен қодир, фақат Сен вакил,
Ҳар ишга бир Сенинг ваколатинг бор!..

(Ҳуд, 6; Анъом, 102; Зумар, 62).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Forwarded from Muhammadbobur Moʻmin
* * *

Дунёга киришмоқ осон, илло қайтиб чиқмоқ мушкул.

* * *

Юмшоқ (чиройли) кийимга ва тотли емакларга чалғима, эртага (охиратда) кийимингдан кўрк ва емагингдан тот топа олмайсан.

* * *

Ҳамиша юмшоқ-содда кўнгилли бўл, Аллоҳ таъоло юмшоқ-содда кўнгиллиларни севар!

* * *

Ҳар ким ўз менлигини қимматли тутса, тавозуъдан насиби бўлмагай.


“Ҳикмат хазинаси” китобидан,
Мусанниф Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Термиз. Ҳазрати Шайх Ҳаким Термизий зиёратларида.
1447 йил, 1-муҳаррам, пайшанба.
2025 йил, 26-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Сурхондарё вилояти, Узун тумани, кўҳна Ашуржийлон (ҳозирги Меҳнат) қасабасида ҳазрати Шайх, улуғ авлиё, шаҳид Ашур Жийлон Бобо қабрлари зиёрат қилинди ва фикр-таклифлар дафтарига эсдалик ёзуви битилди.

Ҳижрий 1447 йил, 1-муҳаррам, пайшанба (янги йилнинг биринчи куни).
2025 йил, 26-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
ЖУМЪА.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 2-куни.
Милодий 2025 йил, 27-июнь.

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ ВА КУНЛАРНИНГ САЙЙИДИ - ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ТЕРМИЗ МАНЗУМАСИ

Дунёда борми ҳеч қалъа – безавол?
Тарих биздан кулар: «Бу нечук савол? –

Инсон қўли билан неки бунёддир,
Охир-оқибатда бир кун барбоддир...

... Аммо Термизийлар шавкати боис
Термизни безавол атамоқ жоиз...


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****
Бутун файзу баракотнинг калити сабрдир: то иродат (муридлик) сен учун дуруст бўлгунича, иродат манзилида сабр этмоқ лозим. Иродат дуруст бўлгач, баракотлар энг биринчи бўлиб сенга очилажакдир.

****
Тонгда тураман, одамларга қарайман: ким ҳалол луқма еганини биламан ва ким ҳаром еганини ҳам биламан.
- Қандай биласиз? – деб сўрадилар.
Шайх айтди:
- Кимки тонгда туриб, тилини лағв-беҳуда, ғийбат ва фаҳш сўзлар билан машғул қилиб турган бўлса, биламанки, у ҳаром луқма еган. Кимки тонгда туриб, тилини Ҳақ зикри - таҳлил ва истиғфор билан машғул қилиб турган бўлса, биламанки, у ҳалол луқма еган.

****
Ҳазрат Одам алайҳиссалом даврларидан бошлаб, то бугунгача юз берган фитналарнинг ягона сабаби оломонга аралашувдир. Ва яна ўша даврдан бошлаб то бугунги кунгача ихтилотни – оломонга аралашувни дафъ этмаган бирор-бир инсон борки, омонлиқ топмади.


Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК,
«Буюк Термизийлар» китобидан.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2025/07/01 23:57:24
Back to Top
HTML Embed Code: