Telegram Web Link
****

Шақиқи Балхий Ҳижозга борди. Иброҳим Адҳамга учради. Дедики:
– Ё Адҳам ўғли! Қандай тирикчилик қилурсизлар?
Иброҳим айтди:
– Топсак – шукр қилурмиз, топмасак – сабр қилурмиз!
Шақиқ дедики:
– Бизнинг Балх итлари ҳам шундай қилурлар.
– Сизлар не қилурсизлар? – деди Иброҳим Адҳам.
Шақиқ айтди:
– Топсак – эҳсон қилурмиз, топмасак – шукр қилурмиз.
Иброҳим турди-да, Шақиқни қучди.
– Устозим сизсиз,– деди.


Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё"асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.





@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Минг турли усту бош – энгилларга боқ,
Юки оғирлару енгилларга боқ.
Жонсиз жасадларни кўрмоқ истасанг,
Эй дўст, муҳаббатсиз кўнгилларга боқ!


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
#Ғазал_садолари

ЭЙ ЖОН, НЕЧУН ЁНУРСЕН?. .

Бағри бутун будунинг
бу тунда хоб ичинда,
Эй, жон, нечун ёнурсен
минг изтироб ичинда?!

Гул кўзида ўзимни
кўрдимман-о, ёнурмен
Ҳануз бу ўт ичинда,
бу офтоб ичинда.

Секин-секин сузардим
сувдан сўраб саодат,
Қалқа-қалқа қайиғим
қолмиш сароб ичинда.

Эй дўст, мен оғангман,
мадад берай деганлар
Нетай, рақиб эканлар
асли ниқоб ичинда!

Мен ишқда эркни истаб,
овораларни кўрдим,
Бири туроб ичинда,
бири шароб ичинда!

Эй ёрижон, бу фурсат
одамлиғимни кўрсат,
Токи руҳ ўлса-ўлсин
зўр инқилоб ичинда!

Эй, дўстлар-о, бу дардим
Ошкор этиб нетардим,
Нетарман ул самарсиз
қолса китоб ичинда?!

1985

МИРЗО КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 19-куни.
Милодий 2025 йил, 15-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
#Ғазал_садолари

****

АЖАБМАС

Хуш бўй келар узоқдан,
Эмин бўлсак тузоқдан,
Биз кўз тиккан бу боғдан
Райҳон чиқса, ажабмас.

Дема: «Қалбим гирёна,
Ишқ биноси вайрона...»
Қум ичиндан энди бир
Қўрғон чиқса, ажабмас.

Хафа бўлма йиллардан,
Чекин ёвуз диллардан,
Бу бесадо тиллардан
Қуръон чиқса, ажабмас.

Нелар ўтди қошингдан,
Ёр, айланай, бошингдан,
Тўккан қатра ёшингдан
Уммон чиқса, ажабмас.

Аҳли ишқ, аҳли иймон
Бошида минг имтиҳон,
Гирён яшаб, дунёдан
Хандон чиқса, ажабмас.


2002 й

Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

«Ҳеч бир киши, токи муҳаббат аҳлининг ҳимматини топмагунича, мукаммал сифатлиғ ҳимматни топа олмайди. Муҳаббат аҳли эса бу сифатлиғ ҳимматни, албатта, суннатга эргашиш ва бидъатлардан қочиш билан топдилар.

Чунки Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳиммат жиҳатидан бутун халқдан устун эдилар ва яқинлик жиҳатидан муҳаббат аҳлининг энг сазовори эдилар».

****

«Авлиёларнинг валоятини инкор этиш жоҳилларнинг қалбларида бўлади...»

****

«Аллоҳни билган зотлар Ҳақ таоло белгилаган одоб ҳудудида тўхталган бўладилар. То Аллоҳнинг изни бўлмагунича, бу ҳудуддан асло ташқари чиқмайдилар».

****

«Кимки машойихи киромнинг ишларига ва адабларига рози бўлмаса, у Аллоҳнинг Китобига ва Пайғамбарнинг суннатига адаб сақламаган бўлади».



Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК,
«Буюк Термизийлар» китобидан.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
****

Раббим! Ҳар ижодинг ҳикматга мосдир,
Коинот низоми бекаму костдир.
Йўқдан бор қилиш-ку мангу санъатинг,
Бордан йўқ қилиш ҳам Ўзингга хосдир.


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 20-куни.
Милодий 2025 йил, 16-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ШАРҚИЙ

Махтумқули шеърига назира


Кўнгил, йироқларга боқмагил пурғам,
Баҳорлар боғлардан кўчган чиқадир.
Кўз солсанг, мен каби нодон шоир ҳам
Дунёнинг бир сирин очган чиқадир.

Муҳаббат кўнглингда куйларкан қўшиқ,
Ўкинма, бир ҳолни айтайин очиқ:
Ердан чиққан бўлар ҳар шўрлик ошиқ,
Ҳар малак осмондан тушган чиқадир.

Хоҳ четни кезайин, хоҳ ўз еримни,
Дўстона ташладим мен кўз қиримни,
Э дунё! Топмадим лекин сирингни –
Дўст деб юрганларинг душман чиқадир.

Зот десанг оламда мукаммал, ҳотам,
Дўстгаю душманга тутавер мотам:
Жаннатдан қувилган чиқар ҳар одам,
Ҳар шайтон Бадрдан қочган чиқадир.

Бир маълум ҳолатни айтай, ёронлар,
Қайси юрт бўлмасин, қайси замонлар,
Зоҳиран шўх кулиб юрган инсонлар
Ботинан заҳри ғам ичган чиқадир!

Фироқлар сўрса ҳам кўздан сиришким,
Худо-ё, кўнглимда ўлмасин ишқим!
Дунёдан севгисиз кечмасин ҳеч ким,
Кечса, дунё ундан кечган чиқадир!..

1987


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
* * *
Боязид деди:

"Банда учун лозим бўлган нарса ўзини йўқ деб билмоқдир. На илм, на амал ва на зуҳд бусиз бўлгай. Шубҳасиз, барчасини топгилки, бу қиссага илм керакдир, қалам керак эмас".

* * *

Ҳақ дўстлиги бўлмас эса, ҳаққоки, орифларнинг ҳеч завқи йўқдир.

* * *
Ҳақ севгиси нишони уч нарса ила белгили бўлур: саховатда денгизга ўхшар, шафқатда қуёшга ўхшар, тавозуъ ва масканатда (мискинлик, хоксорликда) туфроққа ўхшар.

* * *
Ҳар иш мужоҳада бирлан бўлмоғи керакки, ундан Аллоҳнинг фазли кўрилгай.

* * *
Ҳар ким Ҳақни билди, унинг саволга эҳтиёжи қолмади. Ҳар ким Ҳақни билса, ориф сўзини ҳам билур.

* * *
Ориф улдурки, ҳеч нарса унинг машрабини (табиатини) булғай олмас, ҳар (қандай) кадар унга соф бўлур. Ҳар ким халққа орифдир, Ҳаққа жоҳилдир. Ҳар ким халққа жоҳилдир, Ҳаққа орифдир...


“ҲИКМАТ ХАЗИНАСИ” китобидан.
Мусанниф Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
****

Дунёда сир борки, сочма-соч дунё,
Қорни тўқ, усти бут, кўзи оч дунё.
Азал орифларнинг кўзи ўнгида
Кийимлари қат-қат – яланғоч дунё!


✍️ Мирзо КЕНЖАБЕК,
🎙Қамариддин БЕКМУҲАММАД.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
* * *

Эй дўст! Ким бўлсанг ҳам, бир ғаминг бўлсин,
Мол-мулк кўп бўлса ҳам, бир каминг бўлсин.
Дунёнинг ғамида бўлсанг ҳам тун-кун,
Охират аҳлидан ҳамдаминг бўлсин!..

16. 06. 2025.

Мирзо Кенжабек


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 21-куни.
Милодий 2025 йил, 17-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
БОТИНИЙ ЖАВОБ

Эй дўст, менга таънавор боқма,
Айбимми бу, замон чоҳида
Хайрхоҳим топилса гоҳи,
Китобларим чиқса гоҳида?

Гоҳида иш, ташвиш ғалваси
Шеър йўлига қўйса тамбалар,
Юрагимнинг ҳовурин босди
Якшанбалар билан шанбалар.

«Ташқарига олиб чиқ» дея
Эшигимни тирнаса болам,
Ташқарига чиқсин деб ёндим
Юрагимни тирнаган нолам.

Гар ўтказдинг сен бўш пайтингни
Сув чанғиси деган ҳузурда,
Чанғи қилиб мен қўш байтимни,
Сирпанурман қоғозлар узра.

Қор бўрони ичра кезсанг сен
Бир эринчак армонлар аро,
Эй, дўст, менга яшамоқ бахтдир
Фақат шеърий бўронлар аро.

Кўтармайди ҳаргиз шеърият
Баҳонангни, найрангларингни,
Қурбон қилгин тўрт девор ичра
Сен ҳам гўзал байрамларингни.

Илҳом сенга – бегона эллар,
Денгизларда – долға куйлари.
Эшигимдан оқса ҳам, менга
Азиз бўлди Салор бўйлари.

Эй, дўст, менга таънавор боқма,
Ёнгил. Ёнгил. Таратгил шарар.
Дунёда энг тошюрак зот ҳам
Ёнаётган одамга қарар...

1986

Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Шайх Абул Ҳусайн Нурий, қоддасаллоҳу руҳаҳул азиз, қутби замон эди.
Уни Амир ул-қулуб ва қомар ус-сўфия (қалблар амири ва тасаввуф ойи), дер эдилар.

Сирри Сақотийнинг муриди эди. Нурий деб аталишининг сабаби - қоронғуда сўз айтса, муборак оғзидан нур чиқар эди.

Ҳазрати Аҳмад Харроз дер эдики:
«Шайх Ҳусайн каби тоат қилгувчи кишини кўрмадим».

- Жунайддан ҳам ортиқми? - дедилар.

Жавоб бундай бўлди:
- Унинг ҳоли бошқа, бунинг ҳоли бошқа. Зеро, ҳар кимнинг бир турли муомаласи бўлур. Уларни Ҳақ таолодан бошқа зот билмас.

Абул Ҳусайн Нурий ҳазратлари дер эдики:
« Мужоҳада ва риёзат чексам-да, ҳеч шум нафсимнинг дастидан неча йиллар қутула олмадим.

Нафсимга дедимки: «Кел, бу уйга кир. Сени ёмон ўғрилардек ҳибсга - зиндонга солайин. Тирик қолсанг давлат сеники, агар ўлсанг, - Ҳақ йўлида ўлган бўлурсан...» деб, қирқ йил шундай қилдим».

(давоми бор)


Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё"асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Агар нидо бўлсанг, нурли нидо бўл,
Билол овозидек боқий садо бўл.
Дунё заҳматлари ичра ҳамиша
Мард бўл, бўлганда ҳам марди Худо бўл!


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Чоршанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 22-куни.
Милодий 2025 йил, 18-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
БОРДЕК БЎЛСИН

Муҳаббатинг ёйгил аҳли муҳаббатга,
Кўнгил аҳли суҳбатингга зордек бўлсин.
Сўзинг дорбоз дори каби бўлсин баланд,
Лек хислатинг кир ёйилган тордек бўлсин.

Шукри беҳад, Раббимнинг ҳақ сўзи – тугал,
Дунё ичра ҳар мавсумнинг ўзи – тугал,
Тўрт фаслнинг баҳор, ёзи, кузи – тугал,
Қиши – қишдек, қорлари ҳам қордек бўлсин.

Ҳар кимсанинг дўсту ёри саноқлидир,
Энг ашаддий душман – икки оёқлидир,
Душманинг-ку аниқ душман сиёқлидир,
Энди дўстинг – дўсту ёринг – ёрдек бўлсин.

Дилда кибру салобатинг йўқ бўлса ҳам,
Ҳақдан ўзга ҳимоятинг йўқ бўлса ҳам,
Молу давлат, бизоатинг йўқ бўлса ҳам,
Киборларнинг кўз олдида бордек бўлсин.

Ҳақ йўлида ҳаво ила юриб бўлмас,
Нафсинг синмай, Ҳақ наздига бориб бўлмас,
Иззат истаб қурбат қасрин қуриб бўлмас,
Бандаликда табиатинг хордек бўлсин...

22.11.2020.


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ҲАЗРАТИ ШАЙХ АБУЛ-ҲУСАЙН НУРИЙ
қуддиса сирруҳу зикри

****
ОЛОВ ИЧИДАН БОЛАЛАР ОЛИБ ЧИҚИЛДИ...

Нақлдир. Бағдод шаҳрига ёнғин тушди. Қатор уйлар ёнди. Бир бозургон - бойнинг ҳам уйига ўт тушиб, икки ўғли олов ичида колди.

Ўт шу даражада баланд эдики, бой ва унинг аёли фарёд уриб, тўрт томонга чопишар, бироқ ҳеч бир чора топа олишмасди.

Ҳазрати Нурий ўша ердан ўтаётган эдилар, норасида болаларнинг оҳу-ноласини эшитиб, дарҳол ўт ичига кирдилар ва иккала гўдакни оташ ичидан олиб чикдилар. Болалар соғ – омон, Шайх Нурий ҳазратларининг бир туки ҳам куймаган эди.

Бой беҳад севиниб, қўйнидан тилла тўла ҳамён чиқарди:
- Мана шу тиллолар сизга, олинг, - деди.
Шайх:
- Агар Нурий тилло олгувчи кимса бўлса эди, оловдан гўдакларни асло қутқара олмас эди, - дея жавоб бердилар-да, ўз манзилига кетдилар.

КАМБАҒАЛНИНГ ЭШАГИ ТИРИЛДИ...

Яна нақлдирким, бир куни ҳазрати Нурий йўлда кетаётиб кўрдиларки, бир камбағалнинг эшаги ўлибди. Юклари ерда ётибди.

Йўқсил оҳ уриб йиғлар; “Энди болаларимнинг ҳоли нима бўлади, шу жонивор кунимизга яраб турган эди!.." – дея нола чекар, фиғони фалакда эди.

Ҳазрати Нурий эшакка яқин бордилар, жониворни оҳиста тепиб:
- Тур, бу ер ётадиган жойми!? - дедилар.
Ҳақ амри билан эшак тирилди.

Шўрлик камбағал-мискин ўз кўзларига ишонмас, шодлиги чексиз эди, у эшагига юкларини ортиб, миннатдорлик билдирганча ўз йўлига равона бўлди.

Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё"асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
****

Қалбин ёлғиз Ҳаққа тута олган ким?
Кутганин бир Ҳақдан кута олган ким?
Дунё бозоридан ҳеч кимни кўрмай,
Ҳақнинг ёди ила ўта олган ким?..


Мирзо КЕНЖАБЕК



m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2025/07/04 14:30:27
Back to Top
HTML Embed Code: