​​ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

УЙИНГ ҚАЙДА?

Кел эй, жонимга жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?
Кел эй, дардимга дармоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Ўзинг манзурсану нозир, ўзинг пинҳону ҳам ҳозир,
Сен эй, пайдою пинҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Мени маҳжур этурсан ёр, ғам ичра йиғлаюрсан зор,
Сен эй, сен моҳитобоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Ўзинг жонсан, ўзинг жонон, ўзинг ҳусн аҳлига султон,
Сени дерман, сени жоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Мусалсал зулфларинг, ҳайҳот, дилимни айлади барбод,
Ўзинг шоҳ бирла султоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Кел эй, сен Шамси Табрезий, тун оқшом ё саҳар кези,
Даф айла фитна бурҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Қара, арш томига кетдим, сенинг завқинг ҳадис этдим,
Ўзинг жон бирла жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?


ИЗОҲЛАР:

Мусалсал (араб.) – занжир-занжир, ҳалқа-ҳалқа соч.

Бурҳон (араб.) – далил, ҳужжат, гувоҳ.

Сирожиддин Саййид таржимаси
​​#Кун_ҳикмати

Яхши кишиларни Яратган яхши дўстлар билан сийлайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур
​​"МУНОСИБ ТУҲФА"

Бобурнинг энг ишонган беки, кейинчалик қарийб умрининг охиригача садоқат билан хизмат қилган, ҳарбий ишларида етук маслаҳатчи бўлган Қосимбек Бобур салтанати ишларига кўз олайтирган Аҳмад Танбални ҳам сийлаш лозимлиги, шу билан уни муросага келишини осонлаштириш учун туҳфа бериш зарурлигини ва бу муносиб туҳфа фақат Бобурнинг шахсий қиличи бўлиши мумкинлигини айтади.
Бобур даставвал Қосимбекнинг бу таклифига рози бўлмайди, аммо у буни қайта-қайта илтимос қилгач, кейин рози бўлиб, шахсий қиличини Аҳмад Танбалга беради.
Буни қарангки, тақдир тақозоси билан муҳорабалардан бирида Аҳмад томонидан зарб Бобурнинг бошига айнан шу қилич бмлан тушади. Бу ҳолатни Бобур асарида афсус билан қайд этиб, шахсий қуролни бировга бериш асло мумкин эмаслиги, хосияти йўқлигини таъкидлаган.

,,Манба: “Бобурнинг касаллик тарихи” китоби

@nodir_ijod
​​ФИТРАТ ҲАҚИДА

(Мутал Бурҳонов хотираларидан)

"Фитрат ўрта бўй, тўладан келган, гўштдор бурни остидаги тақасимон мўйлови ўзига ярашган, сочи тўкилиб, бошининг ёнлари ва орқа томонида қолган, шунинг учун пешонаси ҳаддан ташқари кенг кўринадиган одам эди...
Фитрат тажангроқ бўлса ҳамки, фикри тез ишлайдиган ҳозиржавоб одам эди. Зарур бўлғанда, бир лаҳзада керакли жавобни айтиб, ҳарифини мот қилар экан. Бир куни бир талаба Фитратга мурожаат қилибди: «Домилажон! Мен сизнинг хатойингизни топдим!» «Хўш-хўш, — дептилар домла. — Қандай хато экан?» «Фалон мақолангизда «га» дейиш ўрнига «да» деб ишлатибсиз». Фитрат дарҳол жавоб берипти: «Эй, мулла! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда «да» тугул, «ба» деб ёзар эдингиз»...
Фитрат устоз сифатида ўта талабчан эди. Гапирган гапингиз, қилган ишингиз, ёзган асарингиз дидига ўтирмаса, ҳеч аяб ўтирмасди. Кимлигингизга қарамай, кўнглидаги гапни рўй-рост юзингизга айтиб соларди...
Фитрат ғоят нуфузли, қисқа муддат ичида одамлар ўртасида иззат-икром қозона оладиган, шоир сифатида ҳам, олим оифатида ҳам эътибори баланд одам эди...
Аниқ эсимда йўқ— 1939 йилмиди ёхуд бироз кейинроқми — ҳар қалай, Лоҳутий билан кўришиб, анча суҳбатлашиб, ўтириб қолдик. Гап айланиб Фитратга келди. Шунда Лоҳутий бир воқеани айтиб берди: «Ҳа, Фитрат «халқ душмани»ку-я, лекин зўр шоир-да! Бир куни мен нима муносабат биландир унга шеърий мактуб ёздим. Кейин унинг жавобини кута бошладим. Ҳадеганда Фитратдан жавоб келавермади. Кута-кута, тоқатим тоқ бўлиб, энди жаҳл отига қамчи урабошлаган эдим, почтачи мактуб келтириб қолди. Фитратдан. У ҳам шеърда ёзипти. О, ана шеъру ана — санъат! Ўқиб чиқиб лол қолдим. Йўқ, шоир мен эмас эканман, «халқ душмани» бўлса ҳам Фитрат шоир экан!»
Айтиш керакки, Абулқосим Лоҳутий ҳазилакам шоир эмас эди... 1934 йилдан кейин, Фитрат ҳақида биронта ижобий гап айтиш хатардан холи эмасди. Юқоридаги гапни айтишга Лоҳутийни ҳеч нарса мажбур қилгани йўқ. Шунга қарамай, Фитратнинг шоирлигига бу даражада баҳо берган экан, Лоҳутий завқ-шавқини ичига сиғдиролмаган, ҳақиқатни айтиб, юрагини бўшатиб олишга эҳтиёж сезган..."

Озод Шарафуддинов ёзиб олган.

@nodir_ijod
​​#Иқтибос

"Эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «Адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда «баёз» ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук... Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса — адабиёт, адабиёт, адабиёт…"

ЧЎЛПОН

"Адабиёт надур?" мақоласидан, 1914 йил


@nodir_ijod
​​ ЧЎЛПОН ҲАҚИДА

(Мутал Бурҳонов хотираларидан)

Чўлпон ўрта бўй, тўлачадан келган, доимо юмалоқ гардишли оддий кўзойнак тақиб юрадиган одам эди. У жуда серандиша, одамларга бехосдан озор бериб қўйишдан чўчийдиган, кўнгилчан ва чинакам шоирона табиатга эга эди. Арзимаган нарсага хуноби ошиб, фиғони фалакка етар, асабийлашар, яна арзимаган сабаб билан кайфияти жойига келиб қоларди.
Шашмақом садолари янграганда Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю, хаёллари жунбушга келиб, нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди. У эшитган куйларини юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди.
Баъзан шундай бўлардики, Чўлпон бир куйни берилиб тинглаб, ундан бағоят мутаассир бўлиб, чиқиб кетарди-да, икки-уч кундан кейин шу куйга мослаб шеър ёзиб келарди. Бу шеър эса авалги сўзларга қараганда, куйга ўн чандон, юз чандон мосроқ бўларди. Чўлпоннинг «Галдир» деган шеъри бунга мисол бўла олади. У халқ куйига мослаб, дутор тилидан, дутор туйғуларини изҳор қилувчи ажойиб лирик шеър яратган. Чўлпоннинг ўзи қўшиқ айтмас эди, лекин, жиндай дутор чертарди. Назаримда у дуторни чертган одамни ҳам яхши кўрарди ва дуторни алоҳида бир меҳр билан суярди...

Озод Шарафуддинов ёзиб олган.

@nodir_ijod
​​ҚАЛАНДАР ИШҚИ

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни,
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

ЧЎЛПОН

@nodir_ijod
​​#Кун_ҳикмати

Одам ҳамиша бахтли бўлиши лозим. Агар бахтинг тугаётган бўлса, яхшилаб разм сол, демак, қаердадир хато қилгансан.

Лев Толстой
​​#Кун_ҳикмати

Агар ўзингни баъзи ўринларда одобсиз, тарбиясиз деб ҳис қилсанг, шунинг ўзи сенинг одобли шахс эканингни билдиради.

Маҳатма Ганди
​​БАХШИ

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов вафотига

Бахши ўтди...
Тўқсон алп хомуш,
Қўнғиротнинг юраги парчин.
"Отам-ов!" – деб инграр Алпомиш,
"Бобожон!" – деб бўзлар Ойбарчин.

Бахши ўтди...
Тугади достон,
Зор тўлғонди тўғрию ўғри.
Ер остини уйғотди Осмон:
— Бошлаб катта элни довруқли,
Қошингизга келди Гўрўғли!

16.05.2022

Нодир Жонузоқ
Channel name was changed to «Nodir Jonuzoq kutubxonasi»
​​Иқтибос

ИМТИҲОН

"Бугунги кунга келиб мобиль телефонидек янги оммавий ахборот воситаси ўз эгаларини ўзига хос имтиҳондан ўтказмоқда. Телефон орқали саломлашиш, суҳбатлашиш, фикр айтиш, мулоҳаза юритиш, ахборот жўнатиш, баҳслашиш маданиятини, одобини, маҳоратини нечоғлик эгаллагансиз, деган саволларга тутмоқда. Ҳозирги яратилган ахборот эркинлиги муҳити ҳар бир ватандошимиз, миллатдошимиз олдига мана шу сингари кўплаб саволларга маърифатли жавоб қайтара олишдек ғоят муҳим вазифани кўндаланг қўймоқда".

Хуршид Дўстмуҳаммад,
ёзувчи, профессор.


"Янги Ўзбекистон" газетаси, 2022 йил 15 июнь
ҚИЗИМ

Дада, дейсан такрор ва такрор,
Эркагинам, жоним, шўх қизим.
Қандай маза сенинг даданг бор,
Менинг эса дадам йўқ, қизим.

Отасизлик хўп оғир экан,
Жон-жонимга санчилар тикан.
Мендан рози бўлдилармикан?
Булар савол эмас, ўқ, қизим.

Жон бўғзимга тиқилиб турар,
Етмиш марта йиқилиб, турар.
Фақат менга тикилиб турар -
Армонларнинг кўзи лўқ, қизим.

Тақдир дея, демагайман "ғинг"
Лек бир дардим бўлади минг-минг.
Мен шўрликка аччиқ қисматнинг
Қилганлари доим дўқ, қизим.

Соғинч ғамга аламни улар,
Тиғ панжаси юрагим тилар,
Ўлганимнинг кунидан кулар
Бу кўз, аммо бағрим чўғ, қизим.

Мен дадангман - дадамдан нишон,
Дадам - шараф, дадажоним - шон.
Тушадилар жаннатга, ишон,
Бундан жуда кўнглим тўқ, қизим.

"Дада" дейсан такрор ва такрор,
Эркагинам, жоним, шўх қизим.
Қандай маза сенга - даданг бор!
Менинг эса дадам йўқ, қизим.

2022 йил 17 июнь
жумъа, соат 09:15

https://www.tg-me.com/Botirjon_Ergashev
✏️Байрам муборак бўлсин азиз ва қадрли ҳамкасблар!
***
Шоирлик деган касб йўқдир дунёда,
Ҳеч кимга “Шоир” деб берилмас диплом.
Юрагинг ёришиб кетар зиёдан,
Туйқус шеър ёзилса –
Йўқласа илҳом.

Ва лекин тириклик урҳоси аро
Сен ҳам эл қатори койитгайсан жон.
Не бахтки, жонингга киргайдир оро –
Газета, радио, ойнаи жаҳон...

Сўз ва тасвир излаб,
Ёруғ ниятда
Мавзулар измида чопгайсан зир-зир:
Ишлайсан тер тўкиб таҳририятда,
Касбинг аниқ – мухбир ва ё муҳаррир.

Ёзасан,
Шеърингни овутиб тунлар,
Кундуз қулоқ тутиб давринг сасига.
Кўксингдан ечилгай чигал тугунлар –
Тўй қилсанг гонорар жамланмасига...

Улкан Таҳририят асли бу – ВАТАН,
Оламга йўллаган ҳар сўзи эзгу.
Балки шоир дея олмас мени тан,
Мухбирим, деса, бас – саодатим шу!

Ахир, шоирлик бу – касб эмас, илло,
Ҳеч кимга “Шоир” деб берилмас ҳужжат.
Ҳилол йўнган ойдин қаламим ила
Элга хизмат қилсам, мен учун шу – бахт.

Ўкинманг, дўстларим,
Ёзмасангиз ҳам,
Сафда турганларнинг собит бирисиз.
Юрт юкин елкага олганингиз дам,
Шубҳасиз, шу элнинг муҳарририсиз.

Неки хато бўлса – қилгайсиз таҳрир,
Тузатгайсиз – неки бўлса гар ғализ.
Давр китобини ёзяпмиз, ахир,
Шу халқнинг ишонган муҳаррири – биз!

Қоғозга тушаркан кўнгил учқуни,
Экранлар ёришиб, зиёга тўлгай.
Демак, ҳар кунимиз – Матбуот куни,
Демак, ҳар кунимиз муборак бўлгай!
Нодир ЖОНУЗОҚ.

@mujdauz
​​​​САФАР

Сафарга отландик Усмон Азим-ла,
Биз мурид, довруқли шоир эшондек.
Булутлар эргашди тирик назмга,
Сўзнинг қудратига якбор ишондик.

Нукус юрагига қўнаркан учоқ,
Банди туйғулардан тўзғиб кетди ғов.
Танти қорақалпоқ очди-ку қучоқ,
Меҳрини пойандоз қилди Бўзатов.

Бунда жинғил жиров, туронғил шоир,
Сездим: ҳар лаҳза шеър тинглаб ўсурман –
Тўқайдан топаркан сўз Маҳмуд Тоир,
Хиргойи қиларкан Рустам Мусурмон.

Гўё кўз очгандай асотир, эртак,
Осмонтой гижинглаб қилгандай парвоз.
Шеър айтиб самодан тушгандай Бердақ,
Дўмбира тутгандай ё Ажиниёз…

Уч кун учиб ўтди учта паридай,
Илҳом бекатига тушдик – жилмадик.
Куйлаган кўнгилдан ғубор аригай – 
Ўзбек, қорақалпоқ бирга жирладик.

Кенгашиб, сирлашиб етдик муродга,
Қақраган қалбимиз бўлди гулистон.
Томиримиз битта: ё қўнғиротга,
Ё юзга тақалар – битта улусдан…

Шу боис эгизмиз – эмасмиз биров,
Шу боис сўз десак, бошқамиз – қойил.¹
Шу боис ўзбекнинг юраги жиров,
Қорақалпоқ кўнгли шу боис шоир.

Абадий сафарда йўлчимиз иноқ,
Бирга енгаяпмиз қору дўлларни.
Саҳролар бағрини қилаяпмиз боғ,
Йўлга солаяпмиз асов чўлларни…

Тошкентдан тўртовлон келган эдик, оҳ,
Кўзлари тўрт бўлган дўстларни кўрдик.
Каттакон шаҳарда тополмай паноҳ,
Даштни ватан тутган сўзларни кўрдик.

"Шеърга тўла экан бу ерлар, во-й-а-а,
Хўшлашмоқ  ғуссали…" – эмранди устоз.
Ҳар қандай сафар ҳам топгай ниҳоя,
Юз йиллик хуш дийдор туюлгайдир оз.

Қуёшга тик боқиб қийилди кўзлар, 
Нурли сўзимизни айтиб келдик биз.
Кузатди ўзбекка айланган дўстлар,
Қорақалпоқ бўлиб қайтиб келдик биз…

10.04.2021

¹Қойил – қорақалпоқ тилида "рози" дегани.

@nodir_jonuzoq
​​20 июль — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли адиб Эшқобил Шукур туғилган кун.

ОЛТИН БЕШИК ҚЎНҒИРОҒИ

Эшқобилнинг шеърлари Олтин бешикнинг қўнғироғига ўхшайди. Одамни бирдан ўзига жалб этади. Унинг “Камбағалнинг шодлиги” деган бир шеъри бор. Ниҳоятда ўзбекона шеър. Лекин бошқаларда учрамайдиган шеър. Унинг шеърларида доимо баландлик бор. Мен Эшқобилнинг бир шеърини жуда яхши кўриб ўқиб юраман. Бу шеър шундай:

Бир парча нон бўлмас балки сўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Бир қултум сув бўлмас балки кўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Хаёл ва ҳижрондир нону тузимиз
Воҳ, бул кун ошиқмиз, ошиқмиз.

Нетонг кўнгил бўлди ризқу рўзимиз
Эртан ҳам ошиқмиз, ошиқмиз,

Йўқ бўлиб кетсак-да, тамом ўзимиз,
Сўнг яна ошиқмиз, ошиқмиз.

Бу эҳтимол Нажмиддин Кубронинг давомидир. Донишманд айтади-ку, биз бошловчи эмас, давомчилармиз деб. Бу тасаввуру тафаккурнинг ва донишмандликнинг давомидир.

Ҳалима Худойбердиева,
Ўзбекистон халқ шоири
(2003 йил)

@nodir_jonuzoq
​​ТИЛАК

Шаҳнозага

Кулсанг –
Гул уйғониб, атир таралар,
Бемажол жонимга югуради ранг.
Қалбимни қон қилиб ётган яралар
Ғунчага айланар ҳар гал жилмайсанг.

Жилмай,
Табассум қил,
Қаҳ-қаҳ отиб кул,
Мушк-анбарга тўлсин самолар тоқи.
Қалбимда ҳар лаҳза очилсин бир гул,
Ҳаётим гулзорга айлансин токи...

20.07.2022

@nodir_jonuzoq
​​Табриклаймиз!

23 июль – истеъдодли шоира Меҳриноз Аббосова туғилган кун.


МЕҲРИБОНИМ

Меҳрибоним, ўзинг бермасанг ёрдам,
Душман қўйнидаги тош тугамайдир.
Қанча бахт берсанг ҳам, қувонч берсанг ҳам,
Нечун кўзимдаги ёш тугамайдир.

На ғамга кўнаман, на бир шодликка,
Руҳимга оғирлик қилар енгил дард.
Милён одам ичра юрибман якка,
Бу ерларда узоқ қолдирма фақат.

Фақат қолмасидан умримда савол,
Ногоҳ нигоҳингга етиб олсам бас.
У ёғига ўлиш мумкин бемалол,
У ёғига яшаб кетиш ҳеч гапмас…


ЯХШИЯМ…

Яхшиям, осмондан баланд ҳислар бор,
Яхшиям, ёмғир бор, яхшиям – кўз ёш.
Дардимни бировга қилмадим ошкор,
Йиғлаганимни ҳеч кўрдингми, Қуёш?!

Бари ҳаддан зиёд яхшидек гўё,
Чўкдим бахт аталмиш денгиз қаърига.
Энди хурсандмисан, азизим дунё,
Жавоб тополмадим саволларимга.

Ҳаёт бошдан-оёқ ўхшар сўроққа,
На олим, на шоир топди жавобни.
Ҳар тонг юрагимни кўчирдим оққа,
Баъзан нон ўрнида едим китобни.

Аммо ҳеч ўзимдан бўлмадим хурсанд,
Ўзимнинг дилимга кўп бердим озор.
Яхшиям, ҳислар бор – осмондан баланд,
Яхшиям, дунёдан катта дардлар бор.

Меҳриноз Аббосова

@nodir_jonuzoq
​​ИСТИҚЛОЛ

Истиқлол, келгайдир сендан шон иси,
Гоҳо порох ҳиди, гоҳо қон иси.
Ўзбек тупроғини тарк этма сира,
Уйлардан таралсин иссиқ нон иси!
2024/05/06 16:39:36
Back to Top
HTML Embed Code: