Telegram Web Link
Пенсия ёши ва бадалларини оширишга мандат борми?

2024 йил октябрдаги парламент сайловларида биронта партия пенсия ислоҳоти, хусусан, пенсия ёши ва бадалларини ошириш масаласини кўтармаган. Яъни, партиялар ҳам, уларнинг кўп мандатли округларида кўрсатган номзодлари ҳам сайловчиларга қарата "биз кўп ўрин эгалласак, албатта, пенсия ёшини камида 5 ёшга кўтарамиз, бадалларни оширамиз, бюджетга босимни камайтириш учун бундан бошқа чорамиз йўқ" дея рўй-рост чиқмаган.

Қизиғи, сайлов натижалари бўйича ноябрда тақдим этилган 5 йиллик ҳаракат дастурида ҳам (яқин давр ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури) пенсия ислоҳотига умуман тўхталинмаган.

Буям майли. 2 ой аввал қабул қилинган "2025 — 2030 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси"да ҳам бюджет мувозанати учун пенсия ислоҳотига зарурият мавжудлиги баён қилинмаган.

Энди сайловлардан 9 ой ўтиб-ўтмай, нафақат бугунги пенсионерларни, кейинги бир неча авлод авлод пенсионерларининг ҳам кайфияти ва аҳволини белгилайдиган, нафақат бугунги қарор қабул қилувчилар, келгуси янги ва янги даврларнинг қарор қабул қилувчилари кун тартибига таъсир этувчи пенсия ислоҳоти ҳақида сўз очилмоқда (очилгандаям, халқаро ташкилотлар воситасида).

Албатта, айтишингиз мумкин, биз эркин демократик давлат эмасмиз, халқдан сўраб ўтирилмайди, алоҳида мандат шартмас деб. Лекин унда, энг оғир ва бир неча ўнйилларга етадиган мураккаб оқибатли ислоҳотлар учун халқ олдидан ўтилмаса, очиғини айтиб мандат олинмаса, унда ишонч ва қўллов қандай бўлади? Ишонч бўлмаса, қўлловсиз бошланган ислоҳот қанчалик халқ фойдасига бўлиши мумкинми?
Жамғармаси йўқлар улуши юқорилигича қолмоқда

Осиё тараққиёт банки молиявий оммабоплик даражасини баҳолаш бўйича ҳисоботи билан бўлишмоқда.

Аҳоли молиявий саводхонлиги даражасини баҳолаш бўйича Марказий банкка кўмаклашиш доирасидаги тадқиқотда 6та ҳудуддан 1200 нафар респондент иштирок этган.

Сўровнома хусусан, ҳалигача Ўзбекистонда жамғариш даражаси пастлигича қолаётганини кўрсатган. Ўтган йилда сўралганларнинг 39%и умуман пул жамғармаган (йил бошидаги Марказий банк ҳисоботида ҳам жамғармасизлар улуши 40% атрофида экани кўрсатилганди).

Шимолий-ғарбий ҳудудларда пул жамғармаси йўқлар улуши янада кўпроқ (54%). Шунингдек, аёллар (41%), тўлиқсиз ўрта маълумотлилар (53%), кам даромадлилар (47%), нафақахўрлар (46%) орасида жамғармага эга бўлгмаганлар улуши ўта юқорилигича қолмоқда.

Ўзи умуман ҳисоботдаги тадқиқотлар натижалари бир аниқ картинани беради. Молиявий саводхонлик юқори эмаслигининг асосий сабаби пулнинг (даромадларнинг) ўзи йўқлигида. Пул пайдо бўлиши (даромадлар ўсиши) билан ҳар қандай индивиднинг қарор қабул қилишдаги саводхонлиги ошиб бораверади. Бугун топган даромадини бугун ишлатадиган, ойликдан-ойликка, пенсиядан пенсияга учма-уч қадаб яшайдиган ўзбекистонликлар учун чақириқлар ишламайди.
Банкоматлар бозори тўйинмоқдами ё қайта тақсимланмоқда??

Ҳисобот нафақат молиявий хизматлар фойдаланувчимлари учун, банклар учун ҳам айрим ишораларни беради.

Қайд этилишича, ҳар 100 минг аҳолига тўғри келувчи банкоматлар сони 100 тадан ошган ва бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг ҳаммасини қувиб ўтиб, шимолдагилар даражасига яқинлашмоқда. Шунчаки солиштириш учун, бундан 10 йил аввал ҳар 100 минг аҳолига 8тагина банкомат тўғри келган.

Расмий раҳамларга кўра, жами ўрнатилган банкомат ва инфокисокалар сони 36 мингга яқинлашмоқда ва уларнинг ярмидан кўпи тўлов ташкилотларига тегишли. Охирги бир йил ичида банкоматлар сони асосан тўлов ташкилотлари ҳисобига кўпаймоқда, банклар эса банкомат бизнесига илгаригидек қизиқишга эга эмас. Балки яқин келажакда банкомат бозорида тўлов тизимини ютиб юборган айрим севимли тўлов ташкилотларининг гегемонлигини ҳам кўришимиз мумкин.

Айни пайтда ўзбекистонликлар энг кўп фойдаланадиган молиявий хизмат ҳам банкоматлар билан боғлиқ (хабардорлик улуши 91%, фойдаланиш улуши 60%). Шунинг билан бирга, олис ҳудудларда банкоматлар етишмовчилиги ҳалиям мавжуд, масалан Сурхондарёда фойдаланиш улуши 45% холос.
800 минг йўловчига 1,3 млрд.сўм қандай қайтарилади?

Рақобат қўмитаси "O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi" АЖ ва "Shahar atrofida yo‘lovchi tashish" МЧЖ томонидан  сотилган чипталардан воситачилик йиғим қиймати бўйича умумий ҳисобда жами 792 186 нафар истеъмолчидан ортиқча ҳақ ундирилганлиги аниқлангани, бир неча суд инстанцияларининг ҳал қилув қарорлари билан "O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi" АЖ ва "Shahar atrofida yo‘lovchi tashish" МЧЖларнинг аризаларини қаноатлантириш рад қилиниб, Қўмита Махсус комиссиясининг қарори ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилиб, ортиқча олинган маблағларни қайтариши ва молиявий жарима тўлаши белгилани ҳақида маълум қилмоқда.

Албатта, биз истеъмолчилар учун бу қувончли қарор. Ҳеч бўлмаганда, монополистлар диктати ва ўзбошимчалиги остида яшаётган Янги Ўзбекистонда уларни тийиш ва жазолаш мумкинлиги таскин ва умид беради.

Айни пайтда, савол туғиладики, қарийб 800 минг истеъмолчининг 1,3 млрд.сўмлик ҳақи қандай қайтарилади? Ўртача ҳисобласа, ҳар бир ҳақдорга 1 640 сўмдан тўғри келмоқда, бу рўйхатда (агар бўлса) жабрдийда сиз, мен, қўшнингиз ё дўстингиз бўлиши мумкин. Шундай жуда кичик суммаларни юзминглаб истеъмолчиларга қайтариш механизми ё назорати борми ўзи? Маъмурчилиги қандай?

Айни пайтда, мана шунақа кейсларда юзминглаб ҳақдорларнинг жуда кичик суммадаги ундирилган ҳақларини балки алоҳида ва шаффоф жамғармага тушириш тўғри ва осон бўлар? Балки бу маблағлар хусусан, енгиш осон бўлмаган очофат монополистлар ва ўғри олигархларга қарши очилган антимонополия ишларида фойдаланилар? Балки мактабларга, шифохоналарга ўтказилар?
Орзудаги Ўзбекистон бунёдкорлари қандай пайдо бўлади?

Давлат раҳбарининг Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда эълон қилган таклифларидан бу саволга жавоб олиш мумкин.

Хусусан, энди “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “ТОП-300”талик олийгоҳга кирганларнинг ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди. Банклар “ТОП-300” талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит беради.

Шунингдек, нуфузли хорижий олийгоҳларга кираётган барча ёшлар ҳам 100 фоизлик грант олиш имкониятига эга эмаслиги туфайли “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “ТОП-300”талик олийгоҳга кирганларнинг ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди.

Бундан ташқари тармоқ раҳбарлари ҳар йили ўз тизимидаги 100 нафар ёшни селекция қилиб, хорижий стажировкага юборишни йўлга қўяди.

Бугун ёшларга қарата “сизлар - янги тарих яратадиган олтин авлод” дея бекорга мурожаат қилинмади. Мана шу авлод, хорижда, энг нуфузли университетларда таҳсил оладиган, эркин жамият қадриятларини ўзига сингдирадиган, ҳуқуқий-демократик давлат қандай бўлишини ўз кўзи билан кўрадиган олтин авлод, агар йўқотиб қўйилмаса, Орзудаги Ўзбекистонни бунёд этади.
“Кўчат индекси” – янги агролойиҳа умид уйғотяпти
AgroInVitro (Жиззах) — янги марказ, миллионлаб инвестиция жалб қилиб вируссиз мевали кўчатлар етиштиряпти. 2030 йилгача 10 млн дона сифатли кўчатлар ишлаб чиқариш режада.

Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн донага яқин кўчат эҳтиёжи бор. Шундан тахминан 40%и — импорт.

Яъни, бу лойиҳа тўлиқ ишга тушса, $12–15 млн импорт ўрни тўлдирилиши мумкин, ички бозорда эса ҳосилдорлик 35–40%га ошиши мумкин.

Илмий ёндашув билан етиштирилган кўчатлар - бу шунчаки оддий мевали дарахтлар эмас. Бу — валюта тежамаси, экспорт салоҳияти ва ички нархлар барқарорлиги. Ички бозорни сифатли, хосилдор кўчатлар билан тўлдирса маҳсулотлардан олинаётган даромадлар каррасига ошиши мумкин.
Гўшт ва пропан қанчага қимматлади?

Июнь ойи давомида мол ва қўй гўшти қимматлашишдан тўхтамагани, пропан нархи юқори даражада ошишда давом этганига қарамай, инфляция ҳисоботида бу ҳақда маълумот келтирилмаган.

Демак, июнда 0,2 фоизлик ойлик мавсумий дефляция қайд этилган. Бунда озиқ-овқатлар 1,1%га арзонлаган бўлса, ноозиқ-овқатлар 0,2%, хизматлар 0,8% қимматлаган. Йиллик инфляция 8,7% даражасида ўзгаришсиз сақланган.

Ҳудудлар қирқимида Сурхондарё (0,4%), Қорақалпоғистон (0,2%) ва Хоразмда (0,1%) ўтган ойда нархлар ўсиши давом этган. Йиллик ҳисобда энг юқори инфляция Фарғона вилоятида сақланмоқда (10,0%).

Муҳим озиқ-овқатлардан сабзи 12,4%га, тухум 5,3%га, товуқ гўшти 1,8%гача қимматлагани қайд этилган.

Совуқ сув ва канализация хизматларининг ҳудудлар бўйлаб кетма-кет қимматлашиши тўхтагани йўқ. Умумий ҳисобда 6,1%лик нарх ўсиши кузатилган.

Ҳатто кафолатланган давлат секторида ҳам тижорийлашув авж олаётган тиббий хизматларда нархлар 1,3%гача ошган.
Ўзбекистоннинг суверен рейтинги оширилиши муносабати билан мамлакатдаги бир нечта банкларнинг рейтинги ҳам қайта таҳлил қилинди.

Жумладан, “Fitch Ratings” агентлиги Халқ банкининг кредит рейтингини "BB" даражага кўтариб, истиқболини "Барқарор" деб баҳолади.

Сўнгги йилларда банк трасформацияси доирасида ижобий ишлар амалга оширляпти. Активлар сифати, даромад кўрсаткичларининг ошиши кузатиляпти.

Халқ банки рейтингининг юқорилаши банкка хорижий кредит линияларини жалб қилиш, мижозларнинг лойиҳалари учун молиялаштириш манбаларини ошириш имкониятларини беради.
bakiroo
Гўшт ва пропан қанчага қимматлади? Июнь ойи давомида мол ва қўй гўшти қимматлашишдан тўхтамагани, пропан нархи юқори даражада ошишда давом этганига қарамай, инфляция ҳисоботида бу ҳақда маълумот келтирилмаган. Демак, июнда 0,2 фоизлик ойлик мавсумий дефляция…
Гўшт июнда қанчага қимматлади?

Одатда иссиқ мавсум бошланиши билан қимматлашишдан тўхтайдиган гўшт нархи бу йил иссиқ июнда ҳам ошишда давом этган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги юритадиган кунлик ҳисоботга кўра, 2 июндан (31 май ва 1 июнь дам олиш кунларида маълумотлар эълон қилинмаган) 30 июнга қадар мол ва қўй гўшти қуйидаги тенденциялар кузатилган:

Совутилган импорт мол гўшти нархи 79/85 минг сўмдан 80/88 минг сўмгача (+3,5%) қимматлаган.

Қўйнинг бўйин қисми 85/90 минг сўмдан 90/95 минг сўмгача (+5,9%), қовурға қисми 82/90 минг сўмдан 85/92 минг сўмгача (+3,7%), совутилган импорт қўй гўшти 94/96 минг сўмдан 100/105 минг сўмгача (+9,4%) қимматлаган.

Статистика қўмитасининг июнь ҳисоботида мол ва қўй гўшти нархи ошган ва тушгани алоҳида кўрсатиладиган маҳсулотлар қаторига қўшилмаган.
bakiroo
Гўшт ва пропан қанчага қимматлади? Июнь ойи давомида мол ва қўй гўшти қимматлашишдан тўхтамагани, пропан нархи юқори даражада ошишда давом этганига қарамай, инфляция ҳисоботида бу ҳақда маълумот келтирилмаган. Демак, июнда 0,2 фоизлик ойлик мавсумий дефляция…
Пропан июнда қанчага қимматлади?

Июнь ойи давомида биржа савдоларида пропан тоннаси 1 661,4 минг сўмга ёки 32,5%га қимматлади.

Кузатувларга кўра, бир ой аввал чакана савдода литри 4,0-4,2 минг сўмдан сотилган пропан охирги кунларда 5 2-5,5 минг сўмгача кўтарилган.

Пропан учун ўринбосар ёқилғи ўлароқ 80 шиптир лақабли бензин нархи эса ой давомида тоннасига 545,4 минг сўмга ёки 5,9%га ошган.

Статистика қўмитасининг июнь ҳисоботида пропан ва 80 бензин нархи ошган ва тушгани алоҳида кўрсатиладиган маҳсулотлар қаторига қўшилмаган.
Янгилик йўқ. Яна Сағбон ва яна Тошкент тумани светсиз

Тошкент туманининг ярми олтинчи соатдирки, яна светсиз ўтирипти. Бу машҳур Сағбон подстанциясидаги охирги 10 кундаги камида 5- авария. Авария бўлаверади, таъмирлашаверади. Ҳеч ким сўрамайди, ўтган сафар таъмирлаган бўлсанг, нега яна авария бўлди? Нега Сағбонда йилига 50 марта авария бўлади?

Энергетика вазирлиги пойтахтнинг айтайлик, катталар ва бойлар яшайдиган Мирзо Улуғбекида ёки Қибрай мавзеларида свет ўчса, дарҳол хабар беради, чора кўради, свет тикланади. Тошкент тумани ҳар икки куннинг бирида 6-7 соатлаб светсиз ўтиришига эътибор бермасаям бўлади. Доимгидек, хабар берилмаса, муаммоям йўқ.

Эртадан ҳарорат яна 40га яқинлашади. Сиз нима деб ўйлайсиз, яқин 5 кунда Сағбонда яна неча марта авария бўлади?
Сағбонни номлаш керак

Машҳур Сағбон подстанциясига машҳур энергетик номини қўйиш керакми, дейман. Балки шунда нимадир ўзгарар?
Сизнинг-ча, фамилиясини Сағбонга беришга ким кўпроқ муносиб?
Қаттиққўл ҳокимият ва уруш эффекти

Миркомил Холбоев қардош Қирғизистонда даромадлар Марказий Осиёда энг юқори даражада ўсаётганига эътибор қаратган.

Агар ўсиш суръати ўзгармай қолса, Қирғизистон 2026 йилда жон бошига даромад бўйича мамлакатимизни деярли етиб олади, 2027 йилдан эса ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан бойроқ бўлади. 2030 йилга бориб Қирғизистонда жон бошига даромад Ўзбекистонга нисбатан 1,5 баробарга юқорироқ бўлиши мумкин.

Қирғизистонда даромадлар ўсиши тезлашгани кўп омилларга боғлиқ. Улардан муҳими 2021 йилда ҳокимиятга келган Жапаров ва Ташиев маъмурияти юритаётган қайта марказлаштириш сиёсати билан боғлиқ. Янги қаттиққўл ҳокимият бюджет, солиқ ва божхона тешикларини ёпти, қўлдан чиққан кон ва активларни миллийлаштирди, криминал авторитетларни йўқ қилди. Яъни 30 йиллик анархияга барҳам берилди, тарқоқлик ўрнини сиёсий, иқтисодий, молиявий концентрация эгаллай бошлади, давлат куч ишлатиш монополиясини ўзига қайтарди. Табиийки, давлат бюджети 4 йилда 3 карра ошди, давлат ижтимоий функциясини бажара бошлади (аҳоли даромадлар ўсишининг асосий манбаи). Лекин бу жараён қанча давом этади, жуда саволли. Жапаров Қирғизистони Каримовнинг 90- йиллар ўртасидаги хатосини такрорласа, яъни қаттиқлашувни давом эттирса, ўсиш секинлашади. Иқтисодиёт анархияда кенгаймайди, лекин диктатурада ҳам, агар бу непотизм ва клептократик белгилар билан юз берса, ўсиш секинлашади, вақт ўтиб тўхтайди.

Иккинчи муҳим омил бу Россиянинг Украинага босқини ортидан киритилган санкцион чекловлардан “унумли” фойдаланиш билан боғлиқ. ЕОИИнинг аъзоси сифатида айтиш мумкинки, Қирғизистон Россия учун параллел импортнинг муҳим хабига айланди. Грузиядан тортиб Европагача маршрутларда, автомобиллардан тортиб техника ва ускуналарнинг Қирғизистонга импорт қилиниб, Россияда қўним топиши охирги йилларда ҳеч кимни ҳайрон қолдирмай қўйди. Агарда АҚШда демократлар ғолиб бўлганида, иккиламчи санкциялар қўлланиладиган биринчи давлат Қирғизистон бўлиши мумкин эди. Нима бўлгандаям, қардошлар 3 йил давомида ўта устамонлик билан вазиятдан фойдаланишди, урушнинг туманлари уларни бенефициарга айлантирди. Лекин бу омил узоққа чўзилмаслиги тобора ойдинлашмоқда (уруш тугаши ё санкцион каналлар ёпилиши).

Шундай экан, Қирғизистон даромадлар борасида Ўзбекистонни қувиб ўтиши мумкин, лекин бунинг учун қардошлар қанақадир янги импульсни топа олишлари керак бўлади. Майли, бу қўшниларнинг иши. Биз Ўзбекистонликлар эса, нима учун даромадларнинг ўсиши суръатида Қозоғистондан яна ортда қолаётганимиз (каррасига фарқимиз яна катталашаётгани) ҳақида ўйлашимиз керак.
Кичик бизнес муаммоларига ечимларни қандай топиш мумкин?

20 август — “Тадбиркорлар куни” арафасида Президентнинг тадбиркорлар билан навбатдаги анъанавий учрашуви ўтказилади. Ушбу учрашувга тайёргарлик доирасида тадбиркорлардан мурожаатларни қабул қилиш тизими доимий фаолиятга ўтказилди.

Ҳозирданоқ ҳар бир тадбиркор “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” электрон платформаси ёки 1094 ва 1100 қисқа рақамлари орқали ўз таклиф ёки муаммоси билан мурожаат қилиш имкониятига эга. Мурожаатлар Республика штаби томонидан ўрганилади, тегишли идораларга юборилади ва ечимлар ишлаб чиқилади.

Бу йил эътибор асосан кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаларига қаратилади. Бу йўналишда фаолият юритувчи микрофирма ва кичик корхоналар сони ҳозирги кунда 438 мингдан ортиқ бўлиб, уларда 2,8 миллионга яқин инсон ишламоқда. Шу боис, уларнинг кундалик иш фаолиятида учраётган тўсиқлар ва эҳтиёжларни билиш, тегишли чоралар кўриш муҳим вазифа ҳисобланади.

Мулоқотдан мақсад — муаммоларни йиғиш эмас, уларни вақтида ва манзилли ҳал этиш. Шунинг учун тадбиркорлар ушбу имкониятдан фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Ҳар бир мурожаат умумий ечимлар ишлаб чиқишда асос бўлади. Ҳар бир муаммога тизимли ечим топиш мумкин бўлади.
“Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатларини икки хонали кўрсаткичларга яқинлашишини таъминлаши керак”

Жаҳон банкиа иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда эришилган ютуқлар қайд этилган, миллий иқтисодиётни жадал ўстириш ва хусусий секторни ривожлантириш жараёнида асосий вазифалар ва тавсиялар келтирилган “Ўзбекистон бўйича иқтисодий меморандум” ҳисоботини очиқлади.

Ҳисоботда келтирилган қатор тавсиялар эътиборли ва қизиқ. Хусусан:

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад даражаси юқори бўлган давлат мақомига эришиш учун Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатларини икки хонали кўрсаткичларга яқинлашишини таъминлаши керак;

Тартибга солувчи тўсиқлар, бозордаги бузилишлар ва технологик кечикишларни бартараф этиш, халқаро савдога интеграцияни жадаллаштириш ва инсон капитали сифатини ошириш муҳим;

Муҳим товарлар, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармонлар импортига божларни бекор қилиш.

Тавсияларнинг амалга оширилиши, Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонга иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш ва сифатли иш ўринлари яратиш имконини беради.
2 трлн долларлик имкониятлар

Шуша шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 6-бизнес форуми ўтмоқда. Ўзбекистон ҳам мазкур тадбирда ўз делегацияси билан қатнашяпти.

ИҲТ — 10 та мамлакатни қамраб олган ташкилот бўлиб, умумий аҳоли сони 500 миллион атрофида, ички бозор ҳажми эса тахминан 2 триллион долларга тенг.

Президент томонидан маҳаллий тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқиш, инвестиция жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш бўйича аниқ механизмлар яратилаётгани айнан шундай тадбирларда ўз самарасини кўрсатмоқда.

Тадбирда В2В ва В2G учрашувлар орқали ҳамкорлик режалари муҳокама қилинмоқда. 2024 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 11 миллиард доллардан ошди. Демак, бу ҳаракат қилиш, янги шериклар топиш, янги бозорларга кириш учун имконият.

Иқтисодий жиҳатдан қараганда, бундай форумлар Ўзбекистон тадбиркорлари учун фақат халқаро майдонда иштирок этиш эмас, балки 500 миллион аҳолиси бўлган, ўзаро савдо алоқаларига тайёр турган бозорга кириш имконияти сифатида ҳам муҳим.
Бу қоида ҳамма ўзбандларга оид, фақат таксистларгагина эмас

Солиқ қўмитаси йиллик даромади 100 млн.сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган таксичилар солиғини агрегаторлар тўлаши ҳақида эслатмоқда.

Қўмита жорий йил давомида 189 нафар ўзини ўзи банд қилган шахснинг даромади аллақачон 100 млн сўмдан ошганини маълум қилмоқда. Энди минглаб ўзбандлар солиқ ҳисоб-китоблари ва ҳисоботларини топширишдаги оворагарчиликлардан халос бўлади.

Айтиш керакки, ҳукумат қарорига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқ даврида ишларни бажаришдан (хизматлар кўрсатишдан) олган даромадлари юз миллион сўмдан ошганда, улар тўлаши лозим бўлган солиқлар солиқ органларининг юридик шахсларга юборилган хабарномаси асосида юридик шахслар (солиқ агенти) томонидан тўлов манбаида ушлаб қолиниши белгиланган. Яъни қарор фақат таксистларга оид эмас, барча ўзбандларга, курьерлардан тортиб консультантларга ҳам тааллуқли. Моҳият бўйича айланмаси 100 млн.сўмдан ошган ўзбандлардан хизмат олаётган юридик шахслар манбаида солиқ ушлаб қолишлари керак. Лекин ҳозирча амалий механизм фақат таксистларга (қисман курьерларга) ишлайдиган кўринади.
TBC Kredit — имконият излаётган ўзини ўзи банд қилганлар учун!

Агар сиз фрилансер, ҳунарман ёки бошқа шаклда ўз бизнесингизни юритаяпсангиз — ва бизнесни ривожлантириш учун маблағ керак бўлса, TBC Kredit сиз учун қулай ечим.

💼 Гаров ва кафиллар талаб этилмайди
📄 Даромад ҳақида маълумот сўралмайди
📱 Барча жараёнлар — TBC UZ иловасида
Жавоб — 1 минутда

Бизнесингизга янги суръат бериш учун — TBC UZ иловасини юклаб олинг ва ариза қолдиринг.

👉 TBC_UZ
Реклама
Микроқарз 40%гача, автокредит 29%гача

Марказий банк айрим кредит маҳсулотларининг банклар қирқимида ўртача ставкаларини эълон қила бошлади.

Демак, ҳозирда банкларда энг оммабоп бўлган микроқарзлар ўртача 21,4%дан 40%гача ставкада ажратилмоқда. Ставкалар фарқлилиги, гаров таъминоти талаби, муддати, ажратиш шаклидан келиб чиқади (айтайлик, қарздордан гаров талаб қилинмаса, қиммат).

Автокредитларнинг ставкалари эса ўртача 21,1%дан 29%гача. Бунда ҳам дастлабки бадал, муддат, суғурта, турли комиссиялар (иккиламчи бозор бўйича) талабларига қараб ўзгариб боради.

Мазкур маълумотлар истеъмолчиларга бозор ҳақида солиштирма ахборотга эга бўлган ҳолда қарор қабул қилишга имкон беради. Шунингдек, вақт ўтиб банкларда ставкаларнинг фарқлилиги ўртача томон камайиб боради, шаффофлик ортади.
Нега автомобиль ва электромобиллар учун утилизация йиғими қонун билан белгиланмаган?

Ўзбекистонда қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта тиклаш харажатларини қоплаш учун утилизация йиғими жорий этилмоқда. Тегишли қонун лойиҳасини парламентда бизнес ва истеъмолчилар орасида шонли энергетиклар каби машҳур Техник тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров тақдим этган.

Албатта, моҳиятига кўра утилизация йиғими бу солиқ ва у парламент томонидан жорий қилиниши лозим. Давлетовўз аввал жорий этилган утилизация йиғимлари қандай ва қаерга кетаётгани номаълумлигини назарда тутиб, уни “яна бир ўлпон” деб атаётгани бежиз эмас.

Ўзбекистонда транспорт воситалари учун утилизация йиғими 5 йил аввал жорий қилинган. Лекин Қонун биланмас, ҳукумат қарори билан. Ваҳоланки, юқорида айтганимиздек, утилизация йиғими бу қип-қизил солиқ.

Нимага? Чунки ҳукумат қарори билан белгиланган утилизация йиғимига ҳукумат қарори билан яширин, ёпиқ истиснолар ва имтиёзлар бериш мумкин. Амалда ҳам айнан шундай бўлди-ку. Ўзини маҳаллий ишлаб чиқарувчи деб номлаб олган, аслида қимматлаштириб йиғувчи ва монополлашган импорт чайқовчиси бўлган аждарҳолар утилизация йиғими тўлашмайди. Яширин қарорлар билан.

Айни бир пайтда бошқа импортчилар ва моккилардан 5 йилдан бери ундирилаётган утилизация йиғими қаерга кетаётганини ҳеч ким билмайди. Чўнтагимиздан суғуриб олинган триллионлаб маблағлар ҳисобига ҳеч бўлмаса битта утилизация корхонаси тузилгани йўқ.

Энди тушунгандирсиз, нима учун автомобиль ва электромобиллар учун утилизация йиғими қонун билан белгиланмагани сабабини?
2025/07/12 13:53:36
Back to Top
HTML Embed Code: