ЧЕГАРА
Бу динга, мусулмонларга бўлган ва бўлаётган ҳужумларни, қарши ҳаракатларни кўриб қалбим парчаланиб кетаяпти. Гапдан бошқа қўлимдан ҳеч нарса келмайди.
Гоҳида гап тўпдан фойдалироқ ва таъсирлироқ бўлади деб ўзимни-ўзим юпатаман. Гап ҳам, қурол ҳам ўз ўрнида керак. Аммо бир-бирнинг ўрнини ҳеч қачон боса олмайди...

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу масжидга кирса Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу шеър ўқиётган экан. Уни масжидда шеърхонлик қилгани учун Умар розияллоҳу анҳу уришиб берди. Шунда Ҳассон деди:
- Эй мўъминлар амири! Мен олдин масжидда сиздан яхшироқ инсон ҳузурида ҳам шеър ўқир эдим!
Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга деди:
- Эй Абу Ҳурайра! Сен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг менга "Эй Ҳассон! Мен томондан мушрикларга жавоб бер. Уларни ҳажв қил. Руҳул Қудс сени қўлласин!", деганларини эшитмаганмисан?!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди:
- Эшитганман!
Умар ибн Хатттб розияллоҳу анҳу Ҳассонни тинч қўйиб чиқиб кетди!

Жанг қизиганда бу дин Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг, Мусаннонинг қиличига эҳтиёж сезган.
Фикрий жанг қизиганида бу дин Ҳассон розияллоҳу анҳунинг қасидаларига эҳтиёж сезган. Бу ўринда Холид фойда бера олмас эди. Холид розияллоҳу анҳунинг қиличи ишлайдиган ўринларда эса Ҳассоннинг шеълари ўтмас эди.

Айтмоқчи бўлганим, бу диннинг турли чегаралари бор. Бизнинг ҳар биримиз бир чегарада турибмиз. Бу чегарани ташлаб кетмаслигимиз керак. Модомики Аллоҳ сизга сўзларни ишлатиш қобилиятини берибдими, демак динининг бир чегарасини сизга ишониб топширибди. Шу чегарада собит туринг. Ўзингизни арзимас инсон деманг!

Ҳокимларни Аллоҳ бу халқни бошқариш, уни ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини қўриқлаш, қорнини тўқлаш, унга зулм қилмаслик, ҳаққини емаслик чегарасида қўйган.
Бойларни Аллоҳ садақа ва эҳсонлар чегарасида қўйган.
Мутафаккир олимни ақидани ҳимоя қилиш, шубҳаларга раддия бериш ва ҳақни гапириш чегарасида қўйган.
Жангчини уруш ва ватан чегарасида қўйган.
Муаллимни келажак авлодни бино қилиш чегарасида қўйган.
Оналарни фарзандларимиз тарбияси чегарасида қўйган.
Журналистларни бу миллатни ҳимоя қилиш, ҳақни гапириб ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш чегарасида қўйган.
Имомларни эса халқнинг қўлидан тутиб Аллоҳ томон бошлаш чегарасида қўйган.

Ким ўз чегарасида собит тура олса Аллоҳ унга барака беради.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳадис чегарасини ҳимоя қилишда собит турди. Аллоҳ у зотга "Саҳиҳул Бухорий"ни берди.
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ суннат чегарасини лозим тутди. Аллоҳ унга "Саҳиҳу Муслим"ни берди.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ фиқҳ чегарасида собит турди. Аллоҳ унга "Муватто"ни берди.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ақида чегарасида маҳкам турди. Аллоҳ унга "Муснад"ни берди. У дарраланган орқаси билан бу умматнинг ақида чегарасини ҳимоя қилди.

Шундай экан, сизнинг ҳам чегарангиз бор. Собит туринг!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
Узоқлашиш, эшикни ёпиш ва маконни ўзгартириш кишида бошқа эваз борлигига далолат қилмайди, балки қулай фурсатлар захираси тугагач, кишининг ўзига боқиш босқичи бошланганига далолат қилади!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
ҚАНДАЙ ЯШАШ МУҲИМ!
Биз қандай ўлишимизни танлай олмаймиз. Аммо қандай яшашимизни танлашимиз мумкин.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужрасида, унинг қўйнида вафот қилганлар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўшакда вафот этди.
Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар намозда шаҳид қилиндилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қуръон устида сўйилди.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу вабодан ўлди.
Ислом фотиҳи, Аллоҳнинг қиличи Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу тўшакда вафот қилган.
Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ ҳаммомда ўлиб қолган.
Буюк муҳаддис имом Насоийни жоҳил оломон шиаликда гумон қилиб уриб ўлдиришган.


Уларнинг бари турли ҳолатда вафот этишди. Аммо Аллоҳ учун яшашди!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
УМИДСИЗЛИК БИЗГА ЁТ!
Шуни билишингизни истар эдимки, бизга умидсизлик ёт. Биз кўп яхшиликларни умид қиламиз!
Умидсизликни биз билан ютуқларимиз ўртасига тушишига йўл қўймаймиз. Агар умид бизнинг қалбимиздан чуқур ўрин олса иншааллоҳ кўп яхшиликларга етиб бора оламиз!
Биз умидсиз эмасмиз. Умидсизлик бизнинг қалбимиздан жой топа олмайди, алҳамдулиллаҳ!
Атрофимизда ҳаётни оқ-қора рангда кўрадиганлар кўп бўлишига қарамасдан, барча нарсалар бизга умид беради...
Беморни кўргани борганингизда унинг гапиришдан қолиб сукутга чўмганини, ҳаракатдан қолиб қўл-оёғи қимирламаётганини кўрсангиз унинг умри охирлашганини, шифоси қийин кечаётганини ҳис қиласиз. Агар иш аксинча бўлса, унинг яқинда шифо топишини, иши олдинга қараб кетаётганини, тузалиш ва офият сари илдамлаётганини туясиз!
Шунинг учун умидсизликни қўйинг. Ҳаракатда бўлинг. Тушкунлик ва умидсизликни қўйинг. Доимо умид билан яшанг!
Уммат тузалиш арафасида!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
“БУНДАН СЎНГ УСМОНГА ҚИЛГАН ҚИЛМИШИ ЗАРАР БЕРМАЙДИ!”.
Табук ғазоти иштирокчиларини сийрат китобларида “машаққат қўшини” деб келади. Сабаби, ўшанда байтулмолда қўшинни жиҳозлаш учун ҳеч вақо қолмаган эди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни Аллоҳ йўлида садақа қилишга чақирдилар.
Биринчилардан бўлиб Усмон розиёллоҳу анҳу минг динор келтириб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўйинларига тўкди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам динорларни уёқ-буёққа ағдариб туриб шундай дедилар:
“Бундан сўнг Усмонга қилган қилмиши зарар бера олмайди!”.

Дунёда шундай лаҳзалар бўладики, унинг баҳоси жаннат бўлади. Ана шуни қўлдан бой бермаслигимиз лозим.
Итни суғорган Бани Исролиллик зинокор аёл жаннатга ўшандай лаҳзани ғанимат билиб эришган.
Мусулмонларга озор бераётган бир шохни кесиб ташлаган киши ўшандай лаҳзани ғанимат билиб жаннатга ноил бўлган.
Аршнинг соясидан жой оладиганларнинг учтаси бу шарафга айнан ўшандай лаҳзани ғанимат билиб ноил бўлишган:
1. Холий қолганида Аллоҳдан қўрқиб кўзларидан ёш тўккан киши.
2. Гўзал ва мансабдор аёл зинога чақирганида Аллоҳдан қўрқишини айтиб зинодан тўхтаган эркак.
3. Қилаётган садақасини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмаган киши.
Ҳаёт мана шундай лаҳзалардан иборат. Бу лаҳзаларнинг қайси биридадир жаннат бўлиши мумкин!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
"Паст инсонларни мансабга қўйишдан сақланинг. Уларнинг қиладиган иши фақат буюкларни хорлаш бўлади. Битта паст ва разил инсоннинг мансабга кўтарилиши буюк ва шарафли инсонлардан мингтасининг қулашидан зарарлироқ!".

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу

Туртушийнинг "Сирожул мулук" китобидан.
1 жуз 115 бет.

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
МАШВАРАТ
Бадр ғазотида урушга тайёрланиш учун Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир маконга тушдилар. Саҳобалардан Ҳубоб ибн Мунзир келиб сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ерга сизни Аллоҳ туширдими? Бундан олдинга ёки орқага ўтишимиз мумкин эмасми? Ёки бу уруш ва ҳийлами?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Бу фикр, уруш ва ҳийладир!
Ҳубоб деди:
- Ундай бўлса бу ер уруш учун бўлмайди. Бадрдаги қудуқлар ортимизда қолсин. Ана шунда биз сув ичамиз, мушриклар ича олишмайди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам шунда дедилар:
- Жуда яхши фикр!

Эътибор беринг, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг фикри билан бутун бир қўшин қароргоҳини ўзгартираяптилар. Бунда бир муаммо кўрмаяптилар.
Инсон фақатгина ўз фикрини кўра оладиган даражада мустабид бўлмаслиги лозим.
Биз фикрлар ичидан фақатгина ўз фикрига ёпишиб оладиган қайсар бўлмаслигимиз керак.
Ботилда давом этишдан кўра ҳаққа қайтиш яхшироқдир.
Кишиларнинг тажриба ва қобилиятини эҳтиром қилиш оқиллар ишидир.
Фақатгина аҳмоқ ўзининг фикрига худди ваҳийдек ёпишиб олади. Фақатгина мутакаббиргина ўзгалар фикрини ўзгалардан келгани учун рад қилиши мумкин.
Арабларда бир мақол бор:
"Ким инсонлар билан маслаҳатлашса уларнинг ақлига шерик бўлибди!".

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
Ақлини озод қила олмаган киши ерини ҳеч қачон озод қила олмайди. Зеҳн қуллиги ватан қуллигидан хатарлироқдир!

Бизнинг асосий муаммойимиз менимча шунда!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
УЗР
(Узр Ғазоликлар)
Масофамиз бир хил эмас. Ҳеч қачон сизга тенглаша олмасам керак. Мен уйимда юмшоқ тўшак устида қандайдир пост билан ёки намоздаги дуойим билан ўзимча сизга таянч бўлмоқчиман. Сизлар эса уйсиз, ерсиз ва қочоқ бўлсангизда заминингизни қутқариш, ватанни озод қилиш учун Аллоҳнинг душманлари билан жанг қилмоқдасиз.
Менинг атрофимда оилам, дўстларим ва муҳибларим бор. Сизлар эса ҳамма нарсангизни йўқотдингиз.
Мен душман маҳсулотини бойкот қилиш учун икки марта ўйлаб оламан. Олсамми, олмасамми? Сизда эса ҳатто ичишга оддий сув йўқ.
Мен танамда оғриқ сезсам додлаб ҳаммани безовта қиламан. Мени оғриқ қолдирувчи дорилар билан тинчлантиришади. Сизни эса ҳатто наркозсиз амалиёт қилишмоқда.
Мен юмшоқ тўшагим устида мазза қилиб ётибман. Сизлар эса ўликларингизни кафанлашга ҳатто бир парча мато тополмаяпсиз.

Биз битта масофада эмасмиз. Шунинг учун мени маъзур тутинг. Мусибатингизда ожизлигим туфайли ёнингизда тура олмадим. Аммо Аллоҳга қасамки, сизни ёрдамсиз ташлаб қўйишни ҳеч қачон ният қилмаганман. Аммо ожизман. Сизларни жаннат аҳлидан бўлишингизни умид қиламан. Роббим бизни ҳам Ўз фазли ва карами ила жаннат аҳлидан қилсин. Ишонинг , бу гапни минг хижолат билан ёзмоқдаман...

Ишонинг , мен имконим даражасида ҳаракат қилдим. Сизни охиратда сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилишини сўраб қоламан!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
Ассалому алайкум азизлар!
Бу ҳайитда олдинги шодлик туйғуларини ҳис қила олмадим. Сабаби Ғазо...
Нима бўлганида ҳам Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
СИЗ БУЮКСИЗ!
Витас Герулайтес кетма-кет ўн олти марта Жимми Коннорсга теннисда бой берди. Ва ниҳоят ўн еттинчи мартада ғалаба қозонди. Мусобақадан сўнг шундай деб бақирди:
"Шуни билишингизни истар эдим, мени кетма-кет ўн етти марта енгиб бўлмайди!".

Тўғрисини айтсам, мени Герулайтесга ўхшаган инсонлар ҳайратлантиради. Унақалар қарсак чаладиган киши топилмаганида ўзларига-ўзлари қарсак чалаверишади. Елкаларини силайдиган қўл топа олишмаганда ўзлари силаб қўяверишади. Эришган озгина ютуқларини катта нарса деб билишади.
Уни ўн олтита мағлубият эга олмади, синдира олмади. Журналистлар олдида юқоридаги жумласини баралла айтишдан уни бу мағлубиятлар тўса олмади. Эҳтимол унинг рақиби Жимми Коннерс ўшанда кечаси билан ухлай олмай ўзини- ўзи маломат қилиб чиққандир.
Ҳаммамизда кўз бор, аммо бир хил қарашга эга эмасмиз. Бу дунёдаги кўп нарсалар бизнинг назаримиз орқали ўз чегарасига эга бўлади аслида.
Мен уларни фақатгина буюк ғалабалар ва ёрқин муваффақиятларгина қониқтирадиган олийҳиммат кишиларни айбламоқчи эмасман. Аксинча, буни баъзиларнинг табиати эканлигини ҳам тушунаман. Тарихни ўзгартирганлар ҳам асосан шунақалар эканлигини ҳам эътироф этаман. Аммо...
Нега энди инсон доимо ўзгаларга идеал кўриниш хаёли билан яшаши керак?!
Нега энди биз инсонлигимизни унутиб тоқатимиздан ортиқ юкни гарданимизга олишимиз керак?!
Ҳаётда ўзи шундоқ ҳам бизни жазолаш учун етарлича муаммолар тиқилиб ётибди. Нега энди яна янги муаммолар пайдо қилишга уринамиз?!
Ҳаётга доим ҳам жиддий нигоҳ билан боқавериш ҳикматдан бўлавермайди. Баъзида нафсингизни эркалаб ҳам туринг. Уни ўзгалардан кутманг. Саодат ғолибан замиримиздан балқади, атрофимиздан эмас.
Бир китобни ўқиб тугатсангиз нафсингизга бирор нарса ҳадя қилинг. Кишилар билмасада, буюк ишни бажардингиз. Қийин бир фандан яхши баҳо олсангиз Архимеднинг "Эврика"си каби нафсингиз қўлидан тутиб: "Сен муҳим ва буюк ишни амалга оширдинг!", денг. Кўзгу олдига келсангиз: "Сен чиройлисан, хушбичимсан!", денг. Нега энди бу гапларни бировлардан кутиб ўтиришингиз керак?!
Азиз сингилларим! Фарзандингиз ютуққа эришса ортиғи билан уларни қутланг, тақдирланг. Булардан олдин ўзингизни ҳам қутланг: "Мен буюк онаман. Бу менинг мевам, самарам. Муваффақият буни териб олишда!".

Биз оддий бўлсакда, буюклармиз.
Ўзининг қадрига етмаганнинг ўзгалар ҳам қадрламайди. Ўзингизни тақдирланг. Бизнинг ҳар биримиз гарчи саккиз миллиард инсон ичида яшасакда, такрорланмас нусхамиз аслида.
Фақат яҳудийларни буюк деявериш ўзни унутишдир. Улар ҳеч қачон буюк бўлишмаган. Улар Аллоҳнинг ғазабига учраган халқ. Уларни бўрттириб кўрсатишдан ҳам тўхтанг.
Аслида сиз буюксиз!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
ЖАЗО
Ҳар-бир жиноятнинг жазоси бор, дейман. Менга "Мана шунча одам гуноҳ қилаяпти, жазосини олмаяпти-ку! Қандай қилиб бу гапни айтаяпсан?!", дейишади.
Менинг гапимни мутлоқ ҳамма гуноҳга умумлаштириб юборманг. Аллоҳ раҳмли. Мен Аллоҳга ҳукмимни ҳеч қачон ўтказа олмайман. Ҳар-бир гуноҳкор жазоланади дея олмайман. Ҳаммамиз ҳам гуноҳкормиз.
Мени хато тушундингиз ёки ишни кенг олмасдан мен хато қилдим. Тафсилотини айтмасдан ишни мужмал ҳолда қолдирдим. Сизнинг ақлингизни уёқ-буёққа овора қилдим.
Мен жазо деганда ҳар-бир гуноҳкор бошига самодан тушадиган чақмоқни назарда тутмадим. Бундан баттар жазолар ҳам бор. Булардан бири Аллоҳ бандасининг гуноҳи туфайли унинг қалбини Ўзидан буриб қўйишидир.
Ҳамма жазо ҳам Фиръавнники сингари денгизда чўкиш, Қорунники сингари ер ютиши, Намрудники сингари чивин бўлавермайди. Булар Жабборнинг интиқоми дейилади.
Мен айтаётган жазоларнинг ўзгача юзи бор. Бунда ўзингиз тирик бўлсангизда, қалбингиз ўлади. Олдингиздан жаноза ўтсада титрамайсиз. Ўлим таъсир қилмаганларни бошқа ҳеч нарса қимирлата олмайди.
Қуръон оятларини эшитасиз, аммо таъсир қилмайди, кипригингиз қимирламайди. Буни тоғлар кўтаришдан, гарданига олишдан қўрққан аслида. Бундан катта жазо бўладими?!
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг бир гапи бор:
"Бандага қалби қаттиқликдан-да ортиқроқ жазо йўқ!".

Йиллар ўтади, бирор кеча туриб Роббимиз учун ибодат қилмаймиз. Бундан ортиқ мусибат борми?!
Муаззиннинг овозини эшитамиз, аммо қалбимиз бизни масжид сари ҳаракатлантира олмайди.
Рамазон ўтади, аммо биз уни ғанимат билмаймиз.
Намозга худди елкадан оғир тошни ирғитиб ташлагандек, оғир юкдан қутилишни истагандек дангасалик билан турамиз.

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам намоз вақти бўлса муаззинлари Билол розияллоҳу анҳуга: "Эй Билол! Бизни роҳатлантир!", дер эдилар. Охирги марта намоздан қочон роҳат туйдик?!
Интернетдаги арзимаган видеолар билан машғул бўлиб вақт ўтказишдан ҳам ортиқроқ жазо борми?!
Арзимаган блогерлар ҳаётини кузатишдан ва бунинг натижаси ўлароқ ўз ҳаётингизни унутиш ва бой беришдан ҳам ортиқроқ жазо борми?!
Кўздан ёш чиқмаслигидан, қўлларнинг холис дуога кўтарилмаслигидан, тилларнинг тасбиҳ ва зикрсиз қолишидан ортиқроқ жазо борми?!
Жазо деганда фақатгина чақмоқни, сел ва дўлни, ёниш ва чўкишни тушунмаслигимиз керак. Роббимизнинг эшиги бизга ёпилиб қолиши энг қаттиқ жазо аслида!


https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
#ТЕАТР!
(Менимча)
Сионистларга зарба бериш Эроннинг аввало ўзининг сиёсий юзини оқартириш йўли билан ўзини ҳимоя қилишидир. Эроннинг Исроилга қарши очиқ урушга киришиши ақлдан эмас. Бу ерда "ақл" деганда шиаликни назарда тутаяпман. Зеро бу Эроннинг лойиҳалари манфаатига зиддир. Чунки бу билан суннийларга хизмат қилиб қўйган бўлади. Суннийликка хизмат қилиш эса Эроннинг шаръий қонунларига ҳам, сиёсий мақсадларига ҳам тўғри келмайди. Қолаверса Эрон халқаро сиёсатга ҳам хизмат қилишни мақсад қилмайди!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
#ТАМОММИ?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салоам вафот этганларида Мадинани маҳзунлик қоплади. Ҳамма гўё бошқа одамга айланиб қолган эди. Бу ўзгаришга умматнинг "сиддиқ"и Абу Бакр розияллоҳу анҳу нуқта қўйди:
"Ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилса Аллоҳ тирик, ўлмайди!".

Шу гапга таяниб шуни айтаман:
"Ким Рамазонга ибодат қилган бўлса Рамазон ўтиб кетди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса Аллоҳ ҳамма ойнинг Роббисидир!".

Кишиларни эсанкиратишни, уларнинг қанотини қирқишни ёқтирмайман. Мен учун ярим стаканнинг бўш қисми ҳақида тафаккур қилишдан кўра қолган ярми ҳақида тафаккур қилиш муҳимроқ. Қоронғуни лаънатлаб ўтиришдан кўра шам ёқиб ўтиришни афзал биламан.
Роббимиз бизга танлаб берган ойга умматнинг ихлос ва муҳаббат қилиши мени севинтиради, қалбимга таскин беради.
Рамазон ойида бомдодда сафимизнинг кўплиги ва зичлиги кўзларни қувонтиради. Бу умматнинг бемор бўлсада ўлмаслигини ўйлаб қалб хотиржам бўлади. Бир йил давомида ўлган қалбларни қайта тирилтириш учун Аллоҳ Рамазонни жўнатиши қалбни сурурга тўлдиради. Рамазондаги масжидларнинг шукуҳи ўзгача. Кишилар хатмлар ва қорилар ҳақида ҳаяжон билан суҳбатлашишади. Фарзандларимизнинг бу ойда қуръонга юз буриши, қори бўлишни ният қилиши келажагимиздан бизни хотиржам қилади. Иншааллоҳ бунинг ҳосилини кўрамиз.
Қариндошлар ва қўшнилар орасида коса ва товоқлар айланади. Муҳаббат ва улфатчилик зиёда бўлади. Садақа беришлар кўпаяди....

Аммо мен тушунмайдиган нарса шуки, нега энди Рамазондаги хулқимиз бошқа ойларга ўтмайди?! Нега энди йил бўйи Рамазондаги каби ибодатга берилмаймиз?!
Нега энди бомдодларда тўлиб турган масжид Рамазон чиқиши билан ярмидан ҳам камайиб кетади?!
Нега энди Қуръонни умр китоби эмас, Рамазон китоби деб қараймиз?!
Нега энди бошқа ойларда садақа бериш учун фақир қидирмаймиз?! Фақирлар бошқа ойларда овқат ейишмайдими?!
Нега энди қариндош ва қўшниларимизга Шаввол ёки Зулҳижжада овқат улашмаймиз?!
Нега энди болаларимизни бошқа ойларда илм ўқишга, қуръон ёдлашга шижоатлантирмаймиз?!

Рамазонни улуғлаш, намоз, рўза ва садақотлар билан унинг ҳаққини адо қилиш буюк иш. Бу ойга муҳаббат қиладиган, ихлос қиладиган, уни қаттиқ ушлайдиган уммат буюкликка номзод ва инсониятни бошқаришга муносиб, маданият ва инсонийлик байроғини кўтаришга лойиқ умматдир.

Бу уммат Рамазонни бошқа ойларга ҳам олиб ўтмас экан, ўз ўрнини қайтариб ололмайди.
Фақат Рамазонни эмас, Роббимизнинг бошқа ойларини ҳам севайлик. Бошқа ойларда ҳам бизга Рамазонники каби қувват, ихлос ва муҳаббат берсин Аллоҳим!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
"Эркак бўладими, аёл бўладими, ким мўъмин ҳолида яхши амал қилса Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз!".

Наҳл сураси 97-оят

Саъид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ оятдаги "яхши ҳаёт кечиртирамиз" деганининг маъноси Аллоҳ ундай кишиларни бошқаларга муҳтож қилмайди деганидир, деган.
Бу жуда ҳам гўзал шарҳ. Аммо яхши ҳаёт дегани бунгагина чекланмаган. Бемор бўлмаслик яхши ҳаёт, йўқсил бўлмаслик яхши ҳаёт, Аллоҳнинг қадари қандай бўлсада рози бўлиш яхши ҳаёт....
Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлиш танглик, машаққат ва қийинчиликдир.
Аллоҳ сизга ризо неъматини берган экан, кенгчиликка шукр қилиш неъматини ато қилган экан, қийинчиликда сабр неъматини тақдим қилган экан демак сизга яхши ҳаёт кечиртираяпти!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
ҲАММАМИЗ ЁЗУВЧИМИЗ...
"Қилган амалларини (қиёмат кунида) ҳозир ҳолда топдилар. Роббинг ҳеч кимга зулм қилмайди!".

Каҳф сураси 49-оят

Қиёмат куни бизга ҳаёт китобимиз бўлмиш амалларимиз битилган китоб берилади. Унда катта-кичик ҳамма қилмишимиз битилган бўлади. Бутун ҳаётимизни Роббимиз ҳузурида Унга ўқиб берамиз. Ёмон муаллиф бўлишдан бизни Аллоҳ асрасин. Демак бугун ўз сулукимиз билан эрта қиёматда ўқиб беришдан уялмайдиган нарсаларни ёзишимиз керак номамизга. Бугун китобни ўзгартириш имкони қўлимизда. Истиғфор ўчирғичи қўлимизда. Оппоқ саҳифаларга гўзал сатрлар битайлик.
Саҳифаларимиз садақага, кўнгил олишга, тунги намозга, нафл рўзаларга тўла бўлсин.
Тўғри, жаннатга ҳеч ким амали билан кира олмайди. Ҳатто Расулимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳнинг раҳмати билан кирадилар. Аммо ёдимиздан чиқмасин, Аллоҳнинг раҳматини эзгу амалларимиз жалб қилади!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
ИШОНЧ
"Ва Мусонинг онасига: "Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла. Қўрқма, хафа бўлма. Бас, Биз уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз!", деб ваҳий қилдик!".

Қасас сураси 7-оят

Бу оятда балоғатнинг энг юқори чўққиси мужассам. Бунда иккита буйруқ, иккита қайтариқ ва иккита хушхабар ворид бўлган.
Иккита буйруқ "эмизавер" ва "дарёга ташла", иккита қайтариқ эса "қўрқма" ва "хафа бўлма", иккита хушхабар эса "сенга қайтарамиз" ва "пайғамбарлардан қиламиз" жумлаларидир!

Ё Роббий....!
Аллоҳимизнинг Мусонинг онасининг қалбига ташлаган ишончига боқинг. У ўз гўдагини , жигарпорасини, қалбининг бир бўлагини ҳеч иккиланмасдан дарёга ташламоқда. Аллоҳ таоло унга боласини қайтаришига бошидан то оёғига қадар ишонч ва иймонга тўла!

Аллоҳим! Бизга ҳам шунақа ишонч бер!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
ТАРИХ ГАПИРАДИ
Андалусдан мажбуран Жазоир шимолига кўчирилган кўп оилалар Андалус қишлоқ ва шаҳарларидаги тортиб олинган уйларининг калитини ҳали-ҳанузгача ўзларида сақлаб келишади. Улар бу калитларни фарзанд ва набираларига мерос қилиб қолдиришади.
Бу калитлар унутилмас ҳақнинг рамзидир!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
"Гуноҳларимдан қўрқаман. Аммо Роббимнинг раҳматидан умид узмайман. Вафот қилсам мўъминларнинг ва мени яхши кўрадиганларнинг мен учун ўқиган жаноза намозларининг манфаатидан умид қиламан. Ким мендан бир нарса ўрганган бўлса, бир нарса ўқиган бўлса унинг дуосини ўзимга улкан мукофот деб биламан. Битта содиқ мўъминнинг холис дуосини ўзим ҳосил қилган барча одоб, шуҳрат, обрў, эътибор ва бор дунё лаззатларидан яхшироқ деб биламан!".

Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
НАСИҲАТ
1. Ўзгаларнинг сиз ҳақингиздаги фикрлари уларнинг қарашлари холос. Буни воқеликка айланишига йўл қўйманг. Кимдир сизни омадсиз деса, бунга ўзингиз қарор бермагунингизча бу фикр ҳақиқатга айлана олмайди. Қанотингизни кесишларига йўл қўйманг!

2. Мозийни ўзгартириб бўлмайди. Аммо ундан фойда олиш мумкин. Мозийда яшаш келажакни барбод қилишдир. Ундан ибрат олиш сизни кучли қилади. Шунинг учун ўтган саҳифани ёпинг, аммо дарс олишни унутманг!

3. Кишиларнинг нарсалар ҳақидаги фикрлари, бизга нарсалар ҳақиқатидан кўра кўпроқ ўша кишиларнинг аслини фош қилади. Шунинг учун кишиларни англаш учун уларга яқинлашиш шарт эмас. Озгина эътиборли бўлсангиз етади. Кишилар ҳар бир берадиган фикри билан замирларидаги ноаниқ томонларни аниқлаштириб боришади!

4. Бахт юқумлидир. Ташвиш ҳам шунақа. Негатив кишилардан йироқлашиб, позитив инсонларга яқинлашинг. Эйнштейн шундай дейди:
"Позитив инсонларда ҳар муаммонинг ечими бор. Негативлар эса ҳар ечимда муаммо кўришади!".

5. Бахт имконият эмас, аслида сизнинг қарорингиздир. Моддийликни камситмоқчи эмасман. Моддий нарсалар ҳаёт ғилдирагидир. Аммо шуни унутмайлик, улар ҳаётнинг ўзи эмас, ғилдирагидир. Бизни бахтли қиладиган кўп нарсаларни сотиб олиб бўлмайди. Шунинг учун саодатимиз ҳам, ташвишларимиз ҳам ичимиздан балқиб чиқишини унутмаслигимиз керак!

6. Биз йиқилганимизда омадсиз ҳисобланмаймиз, балки тўхтаб қолганимизда муваффақиятни йўқотамиз. Шунинг учун инглизлар: "Қийналганда тўхтама, балки етиб борганда тўхта!", дейишади. Томас Эдисон лампочкани ихтиро қилишдан аввал минглаб тажрибалар ўтказган, аммо омади келмаган. Эдисонни бу нарса тўхтата олмаган. У шундай деган эди: "Уринишларим бекор кетмади. Мен энди лампочка ясаб бўлмайдиган минглаб йўлларни биламан!".

7. Ҳаётингизни ўзгартирмоқчи бўлсангиз аввало фиклашингизни ўзгартиринг. Тўғри, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни озод қилди, аммо бундан олдин Билол розияллоҳу анҳу Аллоҳга иймон келтириб нафсини озод қилган ва ўз-ўзига хўжайин бўлган эди!

8. Дунё чархпалакдир. Замон эса айланиб туради. Нима қилсангиз шуни кўрасиз. Ичадиган жойингиз ширин бўлсин учун кишиларни чиройли услубда суғоринг. Қачонлардир сиз яхшилик қилсангиз Аллоҳ уни зое қилишдан покдир, одилдир. Бугун яхшилик тақдим қилсангиз бу ўзингиз учун келажакда яхшиликла узатиладиган қўлдир аслида. Аллоҳ истаса сизни ҳеч кимга муҳтож қилмайди. Сиз ўзгалардан енгиллатган дард ила Аллоҳ сизни мубтало қилмайди иншааллоҳ

9. Ташвишлар худди тебратма курсига ўхшайди. У сизни турган жойингизда қимирлатиши мумкин, аммо бир қадам ҳам олдинга силжита олмайди. Келажакнинг режасини қилинг, ўзингизни ҳозирланг, аммо унутмангки, эртангиз Аллохнинг қўлида. Сиз Аллоҳга ўз ишингизни топширганингизда У сизни дунёга топшириб қўймайди, дунё сизни ўйин қилишига йўл қўймайди!

10. Бошқалар билан масофа сақланг. Бирданига ўзингизни улар ҳаётига ташламанг. Тажрибали ҳайдовчилар йўлда масофа сақлашни тавсия қилиб буни "омонлик масофаси" деб номлашади. Бузилган машинани тузатиш мумкин. Аммо бузилган қалбни тузатадиган устани топа олмайсиз. Ўзингиздан ўзингизга жой қолдиринг!

https://www.tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov
2024/04/29 09:30:05
Back to Top
HTML Embed Code: