Telegram Web Link
Анар муаллим ўзбек китобхонларига “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати”, “Қизил лимузин”, “Оқ кўрфаз” асарлари билан яхши таниш. Ўзига хос адиб, учрашувда ўзига хос инсонлигига ҳам гувоҳ бўлдим. Самимий, содда, доно... Жони соғ бўлсин! Куни билан суҳбатлашдик, шундаям суҳбатимиз чала қолди.
Салим Бобулла ўғли оға ҳам ўзига хос шоир ва инсон, илгари ғойибдан таниш эдик, янада яқиндан танишдик. Умри узоқ бўлсин!
Ҳозирда ўзбек китобхонлари менинг таржимамда Анарнинг “Мен, сен, у ва телефон”, “Оқшомнинг тонги”, “Рақамларнинг саргузашти” ҳикояларини, “Сизсиз” автобиографик романини, “Мулла Насриддин — 66” ҳажвий асарини, Салим оғанинг бир қатор шеърларини ўқишлари мумкин.
Гўзал учрашув бўлди! Ширин дийдор бўлди! Миннатдорман!

Р. Б.


2023 йил, март. Тошкент.

#учрашув | @Rahmat_Bobojon
👍83👏1
Салим Бобуллаўғли (1972)
Озарбойжонлик шоир, таржимон ва эссенавис.

ИЮНДА ЎҚИЛГАН ҚЎШИҚЛАР


Деразам олдидан машиналар ўтар,
қушлар живирлашар деразам оғзида,
машиналарнинг ичида одамлар,
одамларнинг ичида қўшиқлар,
қўшиқларнинг сўнггида сукунат —
англашилмасдир абадият қадар.

Оналар болаларини ухлатар — алла айтар,
бувилар чой ичар — бу саҳнага ғурурла боқар
тушлари синган ёлғиз ва техноман амакилар
ненидир ўрганар, чамалар,
ҳамманинг ичида қўшиқлар —
англашилмасдир абадият қадар.

Эфирда энг кўҳна филмлар энг янги дубляжда —
сўзлар ўша-ўша, овозлар тамомила бошқа овозда
гўё нимадир ўзгарар,
қаҳрамонлар яна болакай,
лабларидаги титрашга ўхшар гўзал қўшиқлар —
англашилмасдир абадият қадар.

Бу оқшом режиссёр дўстимнинг
Расколниковнинг уйига ўхшаган уйида
янги шеърни қандай ёзиш ҳақда ўйладик —
ҳаётни кадрга, сўзга, образга ва яна неларга бўлдик,
энг оргинал шакллар ҳақда мулоҳазалар
айтилса, ҳаётнинг ўзи қадар гўзал,
демак, бу маънисиз мусобақа сукунатда ўтиши керак эди — ўтди,
бу на ғалаба, на мағлубият, бор-йўғи ҳаётнинг оддий бир кўриниши...
Хулласкалом, бу жимликнинг сеҳрида
бир йўловчи бораётир —
бу менман, ичимда англашилмас қўшиқлар —
гўзалдир абадият қадар.

Деразам олдидан машиналар ўтар,
миямда аввалги қўшиқ айланар,
қушлар чивирлашиб япроқлар орасида учар
ва ёзнинг тўртинчи оқшоми
бир яшил япроқ шоҳидан қўпар —
на тинар,
на битар,
на қўлларидан чормихга тортилгани билинар,
на яшаш ҳаваси,
на ўлим ҳавфи,
нада қотил қушлар ҳақида гапирар —
ёҳуд булар барин жим қолгайдир шаън,
мен эса абадият қадар
англашилмас қўшиқлар ўқигайдирман.

НОЯБР КУНДАЛИГИ
Онамга

I (04.XI.2016)

Ёзган тили ўлик ҳисобланган
қадим шоирларнинг шеърларини ўқийман таржимада,
ўзимдан иложи борича олисга қочишнинг
яна бир йўлини тажрибадан ўтказаман ҳар жумлада,
уларнинг нағмалари, севинчи ва кадари менинг ботиқ сасли
ҳорғин нутқим билан бу жума гўёки тирилганда ҳам
мени ҳеч ким ва ҳеч нарса овута олмайди энди ҳеч қачон.
Чунки, сен йўқсан, она,
ва ўша болакай ортиқ бош қўймайди тиззанг парқусига.
Демак, инсон яшай-яшай шундай ўларкан, тириклайин.

VII (11.XI.2016)

Дейишади, граматика тилнинг асосий қисми.
Ким билар, буни айтганлар ҳақдир, эҳтимол.
Бироқ агар ёзув қоидаларидан узоқ ва хабарсиз
тўрт мисралик битта алланг
“Илоҳий комедия”дан ҳам қадимийроқ, теъран ва тирик эрса,
сен тилнинг жони, асоси ва руҳисан, она.

X (16.XI.2016)

Бироз аввал ҳамкасбинг Сурайё ҳола билан юзлашдим.
— Онангиз яхшими? — дея сўради.
— Вафот этди... Ўлганига икки йил бўлди, — дедим оҳиста ва ўз беҳис овозимдан сесканиб кетдим.

XII (20.XI.2016)

Менинг умрим ва ёзганларим икки қисмга бўлинган энди:
сен бор бўлган кунлар ва ўша кунлари ёзилганлар,
сен йўқ кунлар, ўша кунлари ёзилганлар ва жим қолинганлар.

* * *
“Қисматинг бошқа қандай бўларди?” саволига
жавобинг йўқ эса бу — қисматдир,
бор эса — топишмоқ.

* * *
Ҳавони алмаштириш учун
деразани очаман.
Ичкари тўлади азон сасига.

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси

#таржима_дафтаридан | @Rahmat_Bobojon
👍31👎1
Бу менман, ичимда англашилмас қўшиқлар —
гўзалдир абадият қадар...


#лаҳза | @Rahmat_Bobojon
МАҲКУМ

Соат 23. Бекат. Кенг кўча,

Уловлар тизилган ташвишдай узун,
Ва янграр кимнингдир шўхчан овози.
Бу ёмғир — шаҳарни чарчатган ҳузун,
Бу одам — ҳузунга талпинган осий,
Бу ҳузун — сенга ҳам бегона эмас.

Зотан, кунларингда бузилган тартиб,
Юрагинг тепади орзиқиб ҳассос.
Ўйлайсан, қанақа чизган бўларди
Бу ғамгин шаҳарни жаноб Пикассо?


Одамлар ҳовлиқиб ишидан қайтар,
Рўзғор тўрвасида: олма, анор, қурт...
Кечиккан ойликдек ҳузурбаҳш ҳаво,
Чироқлар ёрқинлик қўшиғин айтар, —
Қайтасан қисматдан бўлиб норизо,
Бир тўрва ташвишни кўтариб сен ҳам.

Юрак орзусига бўлмади ноиб,
Бироз инжиқ келди ахир бу фасл.
Ичингда яшайди бир ибтидоий,
Кўчада XXI аср.


Тан олгинг келмайди.
Айтмайсан дангал:
“Нафс малакалари кўнгилни олган.
Бу ойдин кечалар ҳақоратланган,
Бунда зўрланмаган битта Ой қолган...”

Кўзлар косасига уйқу қуяр меш,
Мудроқлар ўлкаси, салом, мангулик!
Одамлар чекинар узлатга ҳар кеч,
Сен ҳам чекинасан. О, фақат... лирик!

...Сўнг уйга кирасан. Парчаланар дод,
Ҳавотир қўлини лабга босар: жим!
Кечаси, эртаси, бугунидан шод,
Кўзларингга боқар бошқа бир маҳкум.

Соат 23...


6 апрел, 2023 й.

Р. Б.

#бугун... | @Rahmat_Bobojon
👍4👏1💔1
Кечаси, эртаси, бугунидан шод,
Кўзларингга боқар бошқа бир маҳкум...


#лаҳза | @Rahmat_Bobojon
4👏3
راغب علامة يبدع في أغنية "نسيني الدنيا" ❤️😍 #سهرانين
سهرانين
«Кўзларингдан бир сония узоқда қолсам
соғиниб ортимга қайтаман дарҳол...»


#бирга_тинглаймиз | @Rahmat_Bobojon
👍52🔥1
ҒУЛУ

1
Эй, мангу аланга! Руҳим совқотар,

Ҳамонки чорлайман бўзлаб, зорланиб.
Балки, қаердадир эшилиб ётар
Бўйнимни қиймаган дунё дорлари.

Фалакдан бу дилнинг толейи маҳсус,
Бу дард ҳақда очмас кўнгил бир бор лаб.
Балки, қаердадир гуркирар ҳануз
Бошимни чопмаган мағрур болталар.

Балки, қаердадир ухлар хавотир,
Пинжига яшириб ёниқ туйғуни.
Балки, қаердадир ярадор ул ғам,

Оғриққа дош бермай чинқираётир.
Балки, қаердадир шундай қайғуни
Интиқиб кутади мангу бир Одам...

2
Мен — ғам мамлакати аро йўл солиб
,
Босиб ўлдираман эркка ҳавасим.
Ҳар кун зир чопаман кўтариб олиб
Тити чиққан қисмат гувоҳномасин.

Кўзимни ўйнатар ёлғон шиорлар,
Ижарачи ташвиш боқади қаро.
Яшашга ҳақлисиз, сиз — бахтиёрлар,
Бир мен Бобожонов — ғариб фуқаро.

Йўлдан адаштирар, э-воҳ, бу ҳурлик,
Қўрқаман, бу қўрқув — ёлғиз меросим.
Дард билан шартномам — бутун умрлик,

Қарзга олинган қалам, қоғозим.
Наҳот, бошпанасиз бу исён шўрлик,
Наҳот, етим дилда мангу қасосим?

11 апрел, 2023 й.

Р. Б.

#наҳот... | @Rahmat_Bobojon
👏3👍2🔥2💔1
Бир мен Бобожонов — ғариб фуқаро...

#Мен... | @Rahmat_Bobojon
👍5👏4🔥1💔1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Бу шеър бутун дунёда уруш ва турли офатлардан жабр чекаётган қоракўзларга бағишланади!

«Ўйнаб ўтирибди болалар» — Жуманазар Юсупов


#бугун... | @Rahmat_Bobojon
4👍2
Ҳалил Жуброндан бир ҳикоя ўқиймиз!

У шу вақт оломон орасида ўзи каби яна бир саҳроийга кўзи тушди. Қалби шодликдан тоғга айланиб, от устидан унга бақирди: — Эй, дўстим! Билсанг, айт-чи, биз қаерга келиб қолдик? Бу қандай саодатли кун? Қара, бу ерда қанча саҳоватпеша одамлар бор. Тасодифий одамни саройида меҳмон қилишади, шаҳзодалар шарафига зиёфат беришади, ҳукмдор эса олий нишон билан мукофотлайди, бу не сир-синоат дўстим, Оллоҳнинг лутфи бўлган бу оломон ҳам уни бир кўрмоқ илинжида кўчага чиқади, камига қўллари қабаргунча олқишлайди.
Саҳродан келган ўша одам унга бирор сўз демади. Фақатгина табассум қилиб, калласини енгилгина кўзғади.

Давоми: https://nodirabegim.uz/archives/5551

#таржима_дафтаридан | @Rahmat_Bobojon
👍4
Машҳур турк адиби Азиз Несиндан ҳикматлар

* * *
Биласан, гуноҳларни ёзувчи фаришта чап елкада. Шунинг учун ҳам юрак чап томонда жойлашган. Шунинг учун ҳам ишқ энг катта гуноҳ саналади.

* * *
Эҳтимол, қучоқлайдиган севгилимиз йўқдир, эҳтимол, ёлғиздирмиз. Бироқ билиб қўйингки, одамдек севганимиз туфайлидир бу танҳолигимиз.

* * *
Хариталарга қарадим, ҳеч бирида уйинг йўқ.
Энсиклопедияларни титдим, ҳеч бирида суратинг йўқ.
Луғатлардан изладим, ҳеч бирида исминг йўқ.
Кўзгудаги аксимга боқдим, сени кўрдим.
Билдимки, сен менсан.

* * *
Совуқ қотсанг – бу илиқлик, қоронғулик чўкса – бу нур йўқлигидандир. Агар ҳар томон қоронғу, сен совуқ қотаётган бўлсанг, бу унинг йўқлигидандир.

* * *
Орзуйим бир болакайга “Қанчалик яхши кўрасан?” саволини берганида қўлини икки томонга очиб “Мана шунча” дейдиган ўша масъум севгини топиш эди...

Тўпловчи ва таржимон:
Раҳмат Бобожон

Давомини яқинда ўқийсизлар...

#таржима_дафтаридан | @Rahmat_Bobojon
👍3
* * *
Хариталарга қарадим, ҳеч бирида уйинг йўқ.
Энсиклопедияларни титдим, ҳеч бирида суратинг йўқ.
Луғатлардан изладим, ҳеч бирида исминг йўқ.
Кўзгудаги аксимга боқдим, сени кўрдим.
Билдимки, сен менсан.

#лаҳза | @Rahmat_Bobojon
7💔3
«Қора китоб» — Ўрхон Помук

Ёзувчидан муаллифлик олинди!

Худо хоҳласа, бу китобни каминанинг таржимасида ўқийсизлар.

Кейинги режага яна учта китоби ҳам киритилган, мутолаага тайёр туринглар!

#таржима_дафтаридан | @Rahmat_Bobojon
🔥15
Туркманистоннинг “Насл” газетасида бир туркум шеърларим чоп қилинибди!

Таржимон Ўрозмурод Муродовга раҳмат!

Оға сўнгги пайтлар ўзбек адабиётидан туркманчага ўгирмалар қиляпти. Ўткир Ҳошимов ва Назар Эшонқул ҳикояларини, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи каби бир қатор шоирлар шеърларини таржима қилганидан бохабарман!

Меҳнатингиз учун раҳмат, оға!


Бу ноёб суратимни ҳам ўзи Ўзбекистонга келган пайти, берилиб шеър ўқиётганимда олган экан.

#бугун | @Rahmat_Bobojon
👍97👏1
МУҲЛАТ

“Эпиграф ёзманг, чунки у ёзаётган нарсангизнинг сирини ўлдиради”
Отлий

Ёлғизлик ҳувуллар беш йил нарида,
Қаро сочларини ташвишга ювар.
Ортимдан надомат ўлкаларида
Раҳмат Бобожоннинг сояси қувар
.

Йигирма беш йилки сўрайдирман афв,
Йигирма беш йилки бир ғам дилни ер.
Йигирма беш йилки шодлик хоҳлайман,
Йигирма беш йилки ҳар гуноҳ шараф.
Йигирма беш йилки ўзни оқлайман,
Йигирма беш йилки қоралайман шеър.

Тўғри эшитдингиз! Йигирма беш йил...
Гувоҳликка ўтар соқов жавониб —
Кимдир соям билан, ҳа, топишди дил,
Ким эса шарҳлади куюниб, ёниб.

Мен нима ҳам дердим? Жимман. Бу жимлик
Соямни алдашга урунишимдир.
Ишим ва ижара уйга маҳкумлик
Менинг оддийгина кўринишимдир.

Армон ато этган сўзларга ташна
Нафс бедор кечалар ҳеч тортмайди “уф”.
Эрта кунларимга кулиб қарашга
Дош бермай ёрилар фақир таассуф.

Ҳа, соям ҳақида. У шундай аблаҳ,
Зулматда умримга тутади мотам.
Гоҳ қўлимга ўтар, оёғимга гоҳ,
Тақлидидан ҳатто уялмайди ҳам.

Ёлғизлик ўксинма, қолди жуда оз,
Битади умримни титган ёлғоним.
Сояси мангулар айтманг, илтимос,
Соямнинг беш йиллик умри қолганин...

Йигирма беш йилки сўрайдирман афв...

10 май, 2023.

Р. Б.

#Йигирма_беш_йилки... | @Rahmat_Bobojon
🔥61😢1💔1
Ортимдан надомат ўлкаларида
Раҳмат Бобожоннинг сояси қувар...


#лаҳза | @Rahmat_Bobojon
😁4👍3🔥32👏1
ҚИЧҚИРИҚ

Ногоҳ...
Дарз кетади минг йиллик сукут,
Ўзгарар дунёнинг ғариб ҳолати.
Ғам мавжуд дегандай, андуҳлар тирик,
Тунни чирмовуқдай ўраб олади,
Кўчани бошига кўтарар беҳуд —
Қичқириқ.

Кўзлар ишқаланиб очилар секин,
Зериккан қулоқлар шанғиллар, гаранг.
Мен эса шу маҳал бу қичқириқнинг
Қачон бор бўлганин эслайман аранг —
У ахир сўнгги бор, гар адашмасам,
Ҳобил ўлганида янграган эди,
Янграганди буюк урушлар пайти.
Ҳар бир аждодимга таниш бу фарёд...
Бобом эшитганди қуллик замони,
Отам эшитганди ўтган асрда.

...Бугун билиб ахир соқов, кар ғаним,
Ана бораётир бир манзил сари.
Ғазабла ёпилар шу пайт қарғаниб
Беташвиш шаҳарнинг деразалари.

Оломон устига отилади тик,
Сўрайди аламкор кўзини қадаб:
“Олий давримизда бу қандай шўхлик,
Ривожланган юртда ким бу беадаб?”


Баттар юксалади қичқириқ эса
Авжига минг йиллик дардин қилиб жо.
Одамларга нима? Уларга мазза,
Бу мен учун жазо, энг катта жазо.

Қисматимни сўроқ қилар бир ғужур,
Изтироб юзига қўйилган менгман.
Чунки, асримдаги сўнг қичқириқ бу,
Дунёдаги ёлғиз кар эмас менман...

11 май, 2023.

Р. Б.

#бугун... | @Rahmat_Bobojon
👏4👍31
Баттар юксалади қичқириқ эса
Авжига минг йиллик дардин қилиб жо...


#тараддуд | @Rahmat_Bobojon
👏21👍1
Ўрҳон ПОМУК

МЕНИНГ ИСМИМ ҚИРМИЗИ

“Шоҳнома” асари муаллифи, шоир Фирдавсий Ғазнага ташриф буюриб Шоҳ Маҳмуд саройининг шоирларини “қишлоқи” дея камситгани ва ўша уч мисраси беҳад гўзал қофия билан битилган тўртликнинг ҳеч ким тугаллай олмаётган сўнгги сатрни лутф этганида мен ўша ерда, Фирдавсийнинг чопонида эдим. “Шоҳнома”нинг афсонавий қаҳрамони Рустам ғойибдан тушган оти ила олис ўлкаларга йўл олганида қурол қинида, афсонавий девни ғаройиб қиличи билан иккига бўлиб ташлаганида қонлар ичида, меҳмони бўлган шоҳнинг гўзал қизи билан ошиқи-маҳбуб ўлароқ ўтказган кечаларида тўшак астарида эдим. Ҳар ерда эдим ва ҳали ҳамон ҳар жойдаман...
Тур биродари Иречнинг бошини узиб ташлаганида, афсонага айланган лашкарлар кенг майдонда бир-бирига қарши уруш бошлаганида ва Искандарнинг бошини қуёш уриб бурнидан миқир-миқир қон оққанида ҳам ўша ерда эдим.
Ҳафтанинг ҳар кунида турфа ранг қубба остида турли иқлимлардан келган жонон билан оқшомларини ўтказиб, у ҳикоя қилган воқеани тинглаган сосоний шоҳи Баҳром Гурнинг сешанба куни учрашган ва у кўрсатган суратга ошиқи-беқарор бўлган маликанинг кийимида ҳамда Шириннинг суратини кўрибоқ мубтало бўлган Ҳусравнинг тожидан чопони қадар ҳар жойида бор эдим.
Каълаларни зир титратган лашкарларнинг музаффар байроқларида, шоҳона зиёфат дастурхонларининг чеккаларида, болалар ҳикояларда мафтун бўлган афсонавий қиличлар тасвирланган ерда ҳам мавжуд эдим.
Ҳиндистон ва Бухородан келтирилган қимматбаҳо қоғозтўплар устида ўтирган қарокўз шогирдларнинг, моҳир наққошларнинг нигоҳлари остида норин мўйқаламлар билан сурилган гиламлар, девор нақшлари ҳамда боши қуйи эгилган ҳушсуврат аёлларнинг деразанинг бир бурчидан кўчани кузатаётганда кийган кўйлаклари, хурпайган хўрозларнинг тожлари, афсонафий мамлакатларнинг афсонавий меваси саналган анорлари, Шайтон оғзи, суратлар ичидаги инжа чизиқлар, чодирларнинг ўзига хос нақшлари, наққош кўнгли учун чизган кўзолар чечаклар, шакардан ясалган қуш ҳайкалларининг олчали қўзлари, чўпонларнинг пайпоқлари, афсонага айланган шафақлар ва минглаб, ўн минглаб жангчининг, шоҳнинг, ошиқнинг мурдаси ва яраларида ҳам умр ўтказганман.
Қон худди чечакдек сочилган кураш мажлисларига, олийжаноб йигитлар ва шоирлар қирда шароб ичиб, қўшиқ тинглаётганидаги энг истеъдодли шоирнинг чопонига, малакларнинг қанотларига, аёлларнинг дудоқларига, ўликларнинг жароҳатлари ва қонлар гулобида ётган кесик бошларга сурилишни ҳам хуш кўраман.
Ҳозир нима деб сўраётганингизни ҳис қиляпман: “Нима ўзи ранг бўлиш?”
Ранг кўзнинг қораси, соғирларнинг мусиқаси, қоронғуликда эса бир калимадир. Ўн минг йиллар давомида китобдан китобга, ашёдан ашёга кечиб шамол ғувиллаши каби руҳлар суҳбатини эшитганим учун менинг бу ҳаракатим фаришталар ҳаракатига менгзашини таъкидлашади. Бир томоним бу ерда кўзларингиз билан сўзлашади, у менинг оғир томонимдир. Бир томоним нигоҳларингиз билан қаноатланади, у менинг енгил томонимдир.
Нақадар бахтиёрман қирмизилигимдан!
Ичим ёнмоқда, қудратлиман, англаниб боряпман ва англаяпман тобора менга қарши туролмаслигингизни ҳам.
Тўхтамайман. Мен учун нозиклик ожизлик ёҳуд кучсизлик билан эмас, барқарорлик ва ирода билан юзага чиқади зотан. Худо ҳаққи, бошқа ранглардан, гавжумлик ёки танҳоликдан ҳайиқмайман. Нақадар гўзал мени кутаётган жойни музаффар оташим билан тўлдириш! Мен бор жойда кўзлар порлайди, нафсларга жонланади, қошлар қалқади, юраклар тезроқ тепади. Менга бир назар солинг, англанг яшамоқ қанчалар гўзаллигини. Менга бир қур нигоҳ ташланг, қанчалар гўзал ахир кўра олиш. Яшамоқ бор бўлмоқдир. Ҳар жойда борман. Ҳаёт мен билан бошланади, ҳар нарса менга қайтади, ишонаверинг.
🔥1
2025/07/14 15:44:20
Back to Top
HTML Embed Code: