Telegram Web Link
Бизнес эгалари Open Market’ни танлайди!

Open Market Ўзбекистон бозорида ишончли B2B-платформа сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда ва ўз соҳаларида стандартларни белгиловчи компаниялар учун мустаҳкам ҳамкор бўлиб келмоқда. Ушбу савдо майдонида Dafna, AMG, Kanstik, Nout.uz, Asaxiy, EPA.uz каби йирик компаниялар мавжуд бўлиб, бу рўйхатнинг фақат бир қисми.

Компаниялар Open Market’ни қулайлик ва самарадорлик каби сифатлари учун танлайди. Платформа сотиб олиш жараёнини соддалаштиради ва Open экотизимининг бошқа лойиҳалари билан муаммосиз бирлашади.

Open Market — технология бизнес учун ишлайдиган ва ҳамкорлик натижа берадиган замонавий бозорни шакллантиришга ёрдам беради.

📞 +998 78 333 1550
Open-Market.uz

Реклама
Апрелда кредит фоизлари 17 ойлик минимумгача пасайган, бу янги трендми?

2025 йил апрель ойи якунлари билан банк кредитларининг ўртача тортилган ставкаси 22,8%гача (-0,3%) тушган. Бу 2023 йил октябрдан буён янги минимум.

Кредитларнинг арзонлашиши чакана кредитлар ҳисобига рўй берган. Ой давомида чакана кредитлар ставкаси 1 фоиз бандига пасайиб, 22,6%ни ташкил этган. Корпоратив кредитлар ставкаси эса 22,9%гача (+0,2%) қимматлаган. Яъни, ўртача олганда корпоратив кредитлар чакана кредитлардан қимматроқ бўлган ғаройиб картина юзага келган. Бошқача айтганда, кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг тушиши фазаси ҳақида гапиришга бироз эрта, токи таркибий ўзгаришлар ва қайта тақсимланишлар жараёни якунига етмагунигача.

Депозитлар бозорида эса қарама-қарши тренд кузатилмоқда. Депозитларнинг ўртача тортилган ставкаси 19,5%гача (+0,7%) қимматлаган. Бунда омонатлар ставкалари 0,5 фоиз бандига арзонлаб 21,6%ни ташкил этган бўлса, корпоратив депозитларнинг нархи бирданига 1,1 фоиз бандига қимматлаб, 17,5%га етган.
"Қарз ҳисобига молиялаштирилаётган инвестицион лойиҳаларнинг самарасизлиги рейтинг прогнозини пасайтириши мумкин"

S&P агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини "барқарор"дан "ижобий"га ўзгартирган. Мамлакатнинг узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтинги ВВ-/В даражасида сақланган.

Ижобий прогноз фискаль консолидация чораларни қўллаш билан бирга ҳукумат иқтисодий ва маъмурий ислоҳотларни давом эттириши, шунингдек, Ўзбекистон экспорт ва фискаль тушумларини рағбатлантираётган юқори даражадаги олтин нархлари бўйича кутилмаларни назарда тутади.

Агентлик ташқи ва фискал дефицит кутилмалардан кўра ёмонлашуви, доимий юқори давлат харажатлари ва баланд қарз таннархи рейтинг прогнозини яна барқарорга қайтариши мумкинлиги қайд этган. Шунингдек, прогнознинг пасайиши ўсиш масалан, қарз ҳисобига молиялаштирилаётган инвестицион лойиҳаларнинг самарарасизлиги ҳисобига сезиларли даражада секинлашса, юз бериши мумкин.
bakiroo
"Қарз ҳисобига молиялаштирилаётган инвестицион лойиҳаларнинг самарасизлиги рейтинг прогнозини пасайтириши мумкин" S&P агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини "барқарор"дан "ижобий"га ўзгартирган. Мамлакатнинг узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтинги…
Олтинга раҳмат!

Рейтинг шарҳидан олтин ва олтин нархлари яхшиланган прогнознинг қувватловчи негиз омил бўлганини кўриш мумкин.

"Юқори олтин нархлари Ўзбекистон экспорти ва бюджет даромадларини рағбатлантириши, шунингдек, юқори валюта захираларини сақлаши керак".

"...қулай олтин нархлари ва ЯИМнинг юқори номинал ўсиши Ўзбекистон фискаль дефицитни 2023 йилдаги 4,9%, 2024 йилдаги 3,3%дан 2025-2028 йилларда 3,0%гача пасайтиришига ёрдам бериши керак".

"Олтин нархларининг 2025 йилда рекорд даражагача ўсиши ҳукуматнинг солиққа боғланган даромадларини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон бюджетининг учдан бир даромадлари хом ашё, хусусан олтин ва мисга оид тушумларга боғлиқ".

"Ўзбекистон экспортининг катта қисми хом ашё, асосан олтин ташкил этади, олтиннинг улуши 2024 йилги товар экспортида 38%ни ташкил этган. Олтиннинг қулай нархлари 2025 йилдаги экспорт ўсишини ҳам рағбатлантиради".
"Ерни чуқурроқ ҳайдадик"

S&P агентлиги ўз шарҳида Ўзбекистон рейтинг прогнози оширилишини далиллаш учун 19 марта "олтин" сўзини ишлатган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ўзбекистон суверен рейтинги прогнози яхшилангани бўйича баёнотида "олтин" сўзи бирон марта ишлатилмаган.

Беихтиёр, раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг "Пахта яхши бўлмаса, об-ҳаво айбдор, пахта зўр бўлса, ерни чуқурроқ ҳайдадик-да" қабилидаги латифаси эсга тушади.

Маълумот учун, олтин нархи 2024 йил бошига нисбатан 2025 йил максимумларида 75%гача қимматлади.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Олтин бор жойда саноат бўлиши керак

Тошкентда “Uzbek Jewellery Fair – 2025” халқаро кўргазмаси очилди. Тантанали маросим, компаниялар кўргазмаси, Италия, Германия, Туркиядан ташрифлар... Ҳамма нарса яхши. Лекин асосий масала бу ерда эмас. Бироз кеч қолган бўлсак ҳам, биз заргарликни дизайнерлик эмас, саноат сифатида кўрсатишга энди жиддий киришаяпмиз.

Ҳозирча кўргазмада 100 га яқин компания қатнашяпти. Ўзбекистонда 1 874 та корхона заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқараётгани, 4 ойда 4 300 кг заргарлик буюмлари тайёрлангани, 57 млн долларлик экспорт амалга оширилгани статистикада кўрсатилмоқда. Аммо бу рақамлар ҳали саноат занжирининг тўлиқ ишлаётганини англатмайди. Чунки саноат – бу жуда бошқа нарса. Саноат – хом ашёни қайта ишлаб, ички бозорни қоплаш, ишлаб чиқаришда инновация, маҳсулотни юқори қиймат билан экспорт қилиш демакдир. Энг муҳими, олтинни хом ашё сифатида эмас, қайта ишлаб, сифатли заргарлик маҳсулоти сифатида сотиш зарур.

Кўргазма — бошланиш. Заргарлик — дизайнерлик эмас, саноат. Бу нарсани энди очиқ тан олиш ва шунга яраша ҳаракат қилиш керак.
Захиралар ва ФРРУ ҳақида

"Тахминимизча, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фойдаланиши мумкин бўлган захиралари жорий йилдаги энг юқори чўққисидан 2028 йилгача пасайиб боради, бу қисман олтин нархларининг кутилаётган тушиши билан боғлиқ баҳолаш таъсири туфайли юз беради. Марказий банкнинг монетар олтин захиралари умумий валюта захираларининг тахминан 77% ни ташкил қилади, бу олтин нархлари пасайиши ҳолатида концентрация хавфини келтириб чиқаради. Шунга қарамай, фойдаланиш мумкин бўлган захиралар 2025-2028 йилларда жорий ҳисоб тўловларини тахминан етти ой давомида қоплаш имконини беради. Биз ФРРУ (Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси) ташқи активларини Марказий банк захираларидан чиқариб ташлаймиз, чунки фикримизча, бу активлар биринчи навбатда фискал мақсадларда сақланади, монетар ёки тўлов баланси эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш учун эмас. Бизнинг қарашимиз сўнгги тўрт йил давомида ФРРУ активларининг ички иқтисодиётда бюджет мақсадларида ишлатилгани билан тасдиқланади".

"Ҳукуматнинг ликвид активлари 2024 йилда ЯИМнинг 9,3% гача камайган (2017 йилда 33,0%). Ушбу активларнинг аксарияти 2006 йилда ташкил этилган ФРРУ орқали эгалик қилинади. ФРРУ дастлаб ҳукумат томонидан капитал қўйилмалар, шунингдек, 2019 йилгача олтин, мис ва газ сотувидан маълум чегирма нархларидан юқори даромадлар билан молиялаштирилган. Ҳукуматнинг ликвид активларини ҳисоблашда биз фақат ФРРУ активларининг ташқи қисмини ҳисобга оламиз. Ички қисм давлат корхоналари ва банкларга капитал киритишлар учун берилган кредитлардан иборат бўлиб, биз уни асосан ликвидсиз деб ҳисоблаймиз ва қарзларни тўлаш учун фойдаланилиши эҳтимолдан йироқ деб топамиз".

Агентлик прогнозларига кўра, захираларимиз 2026 йилда 36,3 млрд.доллар, 2027-2028 йилларда эса 30,1 млрд.долларгача қисқариши мумкин (бу ҳисобларда фойдаланиш мумкин бўлган захиралар, халқаро захиралардан ФРРУнинг Марказий банкдаги депозитларини айириш орқали тузатилган).

Маълумот учун, Марказий банк халқаро захиралар таркибидаги ФРРУ активларини алоҳида эълон қилмайди.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
“Ўзбекистон совғалари”: ҳунармандчиликнинг янги нафаси

Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан 23–25 май кунлари “Tashkent City” сайилгоҳида “Ўзбекистон совғалари” кўргазма-савдоси бўлиб ўтади.

Тадбирда энг маҳоратли ҳунармандлар иштирок этади. Ташриф буюрувчилар ноёб қўл меҳнатига асосланган асарлар ва бебаҳо сувенирларни ҳунарманд усталарнинг ўзларидан харид қилиш, уларни яратиш жараёнида иштирок этиш ва ҳунармандчилик сирларини ўрганиш имконига эга бўлади. Кириш бепул.

Шу ўринда айтиш керак, бугунги кунда ўзбек ҳунармандчилиги янги босқичга кўтарилмоқда. Илгарилари қўлбола товар сифатида баҳоланган маҳсулотлар, эндиликда юксак санъат асари сифатида, қадимий технологияларнинг замонавий дизайн ва ишлаб чиқариш техникаси билан уйғунлашган шаклида эътироф этилмоқда.

Бу маҳсулотлар нафақат миллий меросимизни акс эттиради, балки келажакда Ўзбекистонни дунёга машҳур қиладиган брендлардан бирига айланиши мумкин. Чунки жаҳонда handmade — қўл меҳнатига асосланган маҳсулотлар жуда юқори қадрланади ва баҳоланади.

Шу боис, бундай маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш, экспорт ҳажмини ошириш долзарб вазифалардан бири. “Ўзбекистон совғалари” каби тадбирлар ана шу мақсад сари қўйилган муҳим қадамлардан.
Марказий банк мустақиллиги ва валюта курси шаклланиши ҳақида

"Ўзбекистоннинг пул-кредит сиёсати самарадорлиги сўнгги йилларда яхшиланди. Фикримизча, энг муҳим чоралар 一 2017 йил сентябр ойида валюта курсининг эркинлаштирилиши ва "crawl-like peg" (боғланган сирғалувчи) режимга ўтилиши бўлди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта бозорида вақти-вақти билан аралашувлар орқали ўзгарувчанликни юмшатади ва катта ҳажмдаги олтин харидлари натижасида юзага келадиган маҳаллий валюта ликвидлигини қайтаради. Марказий банк Ўзбекистонда қазиб олинган олтинни сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга. У олтинни маҳаллий валютага сотиб олади, сўнгра интервенциянинг ўзбек сўмига таъсирини қоплаш учун маҳаллий бозорда АҚШ долларини сотади".

"Ўзбек сўмининг валюта курси режими боғланган сирғалувчи тартиб сифатида таснифланади. Марказий банк томонидан валюта бозорида вақти-вақти билан аралашувлар амалга оширилади, шу жумладан маҳаллий сотиб олинган олтинни стерилизация қилиш учун. Марказий банкнинг мустақиллиги сиёсий аралашувлар ва имтиёзли кредит дастурлари туфайли маълум даражада чекланган".

S&P прогнозларига кўра, АҚШ долларининг сўмга нисоби 2025 йил охирига 13 566,50 сўм, 2026 йил охирига 14 244,83 сўм, 2027 йил охирига 14 957,07 сўм, 2028 йил охирига 15 704,92 сўм даражасида баҳоланган.
S&P давлат банкларини хусусийлаштириш эҳтимоллари ҳақида

"Давлат банклари секторида устунлик қилади ва умумий активларнинг 65% ини эгаллайди. Бу, ҳукуматнинг имтиёзли кредит дастурлари (гарчи улар камайиб бораётган бўлса ҳам) билан биргаликда, фикримизча, пул ўтказиш механизмининг самарадорлигини пасайтиради. 2023 йилда Ипотека Банк сотилгандан сўнг, ҳукумат энди иккита йирик давлат банки – ЎзСҚБ ва Асакабанкни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда ва ундан кейин кичикроқ банклар билан давом этиши мумкин. Бироқ, тахминимизча, бу жараён бироз вақт талаб этади, чунки давлат банклари инвесторлар учун жозибадор бўлиши учун фойдалилик ва самарадорликни ошириш мақсадида ўзгаришлар қилиши керак бўлади. Сўнгги бир неча йилда истеъмол кредитларининг жуда кучли ўсишини бартараф этиш учун Марказий банк янада қаттиқроқ кредит талабларини хусусан автокредитлар, микроқарзлар, кредит карта ва овердрафт кредитларига банкларнинг умумий кредит портфелидаги чекловлар ва чакана қарз олувчилар учун қарз хизматининг даромадга нисбати бўйича қаттиқроқ чекловларни жорий қилди. Марказий банк сиёсати туфайли долларизация пасаймоқда бўлса-да, у ҳали ҳам юқори: 2024 йил охирига келиб кредитларнинг тахминан 41% ва омонатларнинг 26% АҚШ долларида эди.

Ўзбекистон банк сектори барқарор ишлашни давом эттириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Фикримизча, иқтисодий ўсишнинг қулай истиқболлари, бир марталик даромадларнинг мустаҳкамланиши ва Ўзбекистонда молиявий қамровнинг пастлиги, шу жумладан чакана кредитлашнинг паст даражаси (уй хўжаликлари қарзи ЯИМнинг 10%идан кам), келгуси бир неча йил ичида банк бизнесининг ўсиши ва кредитларга бўлган талабнинг кучли бўлишига ёрдам берадиган асосий омиллар бўлиб қолади. Ўзбекистоннинг энг йирик давлат банклари ва бир нечта хусусий банклар давлат ва халқаро молия институтларидан катта ҳажмдаги молиялаштириш, шунингдек, ўсиб бораётган корпоратив ва чакана депозитлар томонидан қўллаб-қувватланадиган барқарор ва диверсификацияланган молиялаштириш профилига эга. Шу билан бирга, маҳаллий капитал бозори кичик ва саёз бўлиб қолмоқда ва маҳаллий бозорда узоқ муддатли молиялаштиришга кириш имконияти кам. Ўзбекистонда банк регуляциясини фаол эмас, балки реактив деб ҳисоблаймиз. Тартибга солиш ҳаракатлари ҳар доим ҳам олдиндан айтиб бўладиган ва шаффоф эмас, лекин аста-секин яхшиланиб бормоқда".
Давлат мажбуриятига айланиши мумкин бўлган давлат компаниялари қарзи ва ДХШ лойиҳалари ҳақида

S&P тобора ортиб бораётган қарзнинг таркибий мундарижасига ва янги хатарларига ҳам эътибор қаратган.

"Ялпи ҳукумат қарзи (ҳукумат томонидан кафолатланган қарзни ўз ичига олган ҳолда) 2028 йилда ЯИМнинг ҳали ҳам ўртача даражадаги 40% га ошиши прогноз қилинмоқда, бу 2024 йилдаги 33% дан кўп. Биз ҳукумат томонидан кафолатланган қарзни умумий ҳукумат қарзи билан бирлаштирамиз, чунки Ўзбекистоннинг давлат корхоналари билан яқин боғланган...
Фикримизча, 2024 йилда ЯИМнинг тахминан 4,6% ини ташкил этган кафолатланмаган давлат компаниялари қарзи ҳукумат балансида аниқ шаклланиши мумкин бўлган баъзи хавфлар мавжуд. Сўнгги йилларда Давлат компанияларининг қарз олиши, айниқса хорижий валютадаги қарзлар сезиларли даражада ошган. Қарз асосан энергия ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун олинмоқда. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларидан фойдаланиш тез суръатлар билан ошдмоқда ва ҳозирда имзоланган суммалар ЯИМнинг тахминан 27% ини ташкил қилади. Маълумотларимизга кўра, янги ДХШ доирасида келажакдаги ДХШ мажбуриятлари чекланади. Бизнинг фикримизча, агар ушбу лойиҳалар кутилганидан ёмонроқ натижа берса ёки бошқарув ёки назоратда камчиликлар юзага келса, улар қарзларини тўлашда қийинчиликларга дуч келиши мумкин".

Тенденция сақланса, 2025 йилнинг ўзида корпоратив дейилган, аслида давлат компанияларининг қарзлари давлатнинг ташқи қарзидан ўтиб кетади.

Маълумот учун, ҳукуматнинг ДХШ лойиҳалари ҳажми (ЯИМнинг 20%и) бўйича ўлчовлари S&P берган рақамлардан камтарроқ. Шу билан бирга, Давлат бюджети олдидаги хатарларни камайтириш мақсадида 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ДХШ лойиҳалар учун 6,5 млрд АҚШ долларлик лимит киритилган.
S&P "прихватизация" кейсларига умуман тўхталмаган

2024 йил давомида жуда фаоллашган, янги тарихда аллақачон муҳрланган, ҳаттоки 90-йилларда шимолдаги моховларнинг шармандали "прихватизация схемаларини" бир тупуриб ортда қолдириб кетган ўзбекча хусусийлаштириш кейслари ва уларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари ҳақида рейтинг агентлиги умуман тўхталмагани қизиқ.

Ëпиқ хусусийлаштирилган UNG Petro тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводидан тортиб, сопи ўзидан чиқариб берилган Humo'гача, қайтариб олинган Кварц, блокловчи Давлат улуши ювиб юборилган Ипотекабанк воқеалари - ҳаммаси 2024 йилда бўлдику.

Балки S&P таҳлилчиларининг "ўзбекча хусусийлаштириш оталари" билан фикр алмашишга имкони бўлмаган.
Маркировкалаш тизими янада кенгаймоқда

“Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 190-сон қарори асосида фармацевтика ва истеъмол маҳсулотлари бозорида назоратни кучайтириш чоралари белгиланмоқда.

Қарор билан маркировка кодларини маҳсулотларга қўллаш тизими ўзгармоқда, хусусан, маркировка кодлари маҳсулотга бевосита қўлланилгандан кейин улар учун тўлов қилиш белгиланмоқда. Аввал кодлар учун тўлов аванс тарзда амалга ошириларди. Энди эса катта пул айланмаси олдиндан йиғилиб турмасдан, тўлов маҳсулот тайёр бўлгач амалга оширилади. Яъни, маркировкаланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларнинг айланма маблағлари четланишининг олди олинмоқда.

Шунингдек, илгариги тизимда кодлар ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи томонидан олдиндан пуллик харид қилинар ва уларни ишлатиш ёки ишлатмасликдан қатъи назар маблағ сарфланарди. Энди эса бу амалиёт тугади.

2025 йил 1 июлдан бошлаб рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи сотиш фақат нақд пулсиз шаклда, банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.

Солиқ қўмитаси таркибида тузиладиган махсус инспекция олдига Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни турини кенгайтириш учун синов тадбирларини ўтказиш вазифаси қўйилмоқда.

2025 йил 1 сентябрдан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш солиқ хавфи даражаси юқори деб ҳисоблаш учун асос бўлади. Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди киритилгандан сўнг онлайн назорат-касса техникасининг касса чеки шакллантирилади.
"Солиқ-сервис" ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" хусусийлаштирилмайди ва АЖга айлантирилади

2 йил аввалги қарор билан Солиқ қўмитаси қошидаги "Солиқ-сервис" ДУК ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" ДУКнинг 100% давлат улуши сотилиши белгиланганди.

Янги қарор билан ҳар икки ДУК хусусийлаштириладиган активлар рўйхатидан чиқариб ташланган. Шунингдек, "Солиқ-сервис" ДУК ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" ДУК Солиқ қўмитаси муассислигида акциядорлик жамиятлар сифатида қайта ташкил этилади.

"Солиқ-сервис" хусусан, солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш билан шуғулланади.

"Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" эса машҳур Soliq.uz иловасининг оператори ҳисобланади. Ҳар икки унитар корхонанинг акциядорлик жамиятига айланиши ҳисоб, ҳисобдорлик ва маълумотлар очиқлигини кенгайтиради.

Ўзи 2025 йил 8 майдан бошлаб Ўзбекистонда унитар корхона мақоми қонун билан бекор қилинди. Лекин ўнлаб унитар корхоналар мақомини ўзгартирмай фаолият кўрсатишда давом этмоқда. Уларнинг орасида Ўзбекистондаги энг йирик корхоналар ҳам бор. Мазкур унитар корхоналарни "Солиқ-сервис" ДУК ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" ДУК мисолидаги каби акциядорлик жамиятига айлантирилиши тўғри қадам бўлган бўларди.
Масофавий текширишларда аниқланган қоида бузилишларга нисбатан жарималар киритилмоқда

2026 йил 1 январдан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатларини солиқ органларининг ахборот тизими орқали аниқлаш бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартиби жорий этилади.

Бунда мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари масофавий текширишлар жараёнида аниқланганда, аввалига қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш берилади.

2-марта огоҳлантириш берилгандан сўнг қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда, жарима охирги чоракдаги соф тушумнинг 0,2%идан бошланади.

Ҳозирда маркировка қоидаларини бузилса, охирги чоракдаги соф тушум миқдорининг 2%и даражасида жаримага тортилади.
Visa ва Mastercard антимонополия текширувидан ўтади. Humo қачон текширилади?

Еврокомиссия Visa ва Mastercard'ни антимонополия қонунлари бузишда гумон қилмоқда. Иттифоқнинг антимонополия регулятори молия муассасалари ва чакана савдо субъектларидан глобал тўлов тизимларининг йиғимлари борасида суриштирув ва сўровларни ўтказмоқда. Устун мавқени суистеъмол қилиш ҳолатлари тасдиқланса, Visa и Mastercard' йиллик тушумининг 10%и миқдорида жаримага тортилади.

Худди шу хабар фонида Ўзбекистонда "хусусийлаштирилган" Humo тўлов тизими тарифларни кескин оширгани маълум қилинди. Хусусан, тўлов тизими интернет-эквайринг учун комиссияларни 3,3 каррага оширган. Visa/Visa Domestic, Mastercard/Mastercard Domestic карталари учун банкомат эквайринг хизмати нархи транзаксия суммасининг 0,59% дан 0,6% гача (аммо камида 2875 сўм), UnionPay International учун — 0,19% дан 0,2% гача, Mastercard International карталарига хизмат кўрсатиш 2,3 фоиздан 2,8 фоизга кўтарилган. Шунингдек, Humo банкоматдаги қўшимча хизматлар учун ойига 1 БҲМ (375 минг сўмлик), Alipay+ QR-кодидан фойдаланган ҳолда трансчегаравий тўловлар хизматига уланиш ҚҚС билан бирга 8000 БҲМ (3 млрд сўм) даражасида комиссия киритган. Айтишингиз мумкин, бу комиссияларни тўлов ташкилотлари ва банклар тўлайди деб, лекин якуний тўловчи сифатида сиз ва биз бўламиз (банк ва тўлов ташкилотларининг тегишли ва бошқа хизматлари қимматлашиши ҳисобига).

Қизиғи шундаки, Рақобат қўмитаси Humo тарифлари кескин ошишига нисбатан бирон бир муносабат билдирмаган.

Зеро, антимонополия органида осон важ ҳам бор: Тўлов тизими банк ва тўлов ташкилотлари занжирида барча белгилари билан уникал монополистга айланганига қарамай, Humo ҳалигача монополист деб топилмаган.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
5-10 июн кунлари Тошкентда “Ўзбекистон – истеъдодлар замини” ёшлар ҳаракати доирасида оммавий тадбирлар ўтказилади. Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси ва ҳукумат кўмаги билан ташкил қилинаётган тадбирлар Миллий кутубхона олди майдонида бўлиб ўтади. Дастурга концертлар, мотивацион чиқишлар ва футбол ўйинларининг жонли намойиши киритилган. 5 июн куни БАА-Ўзбекистон, 10 июн куни эса Ўзбекистон-Қатар ўйини катта экранда намойиш этилади.

Тадбирларда иштирок этиш учун (16 ёшдан 40 ёшгача) Telegram’даги @land_uzbot орқали рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Тадбирлар соат 19:00 дан бошланади. Уларнинг бир қисми Zo‘r TV орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади.
Электромобиль импортига янги тақиқлар қўшиладими?

Сустлашаётган талаб фонида BYD ўз моделлари учун Хитойда 35 фоизгача чегирма бериши
шўрпешона ва танловсиз ўзбекистонликлар учун яхши хабар эмас. Бу худди бутун дунёда нефть нархи тушса, Ўзбекистонда бензин қимматлашгани сингари бўлади.

Ўзингиз ўйланг, 7 745 долларлик Seagull’га қарши чайқовчи монополист нима қилади? Ахир чайқовчи монополист Seagull’ни Ўзбекистонда 2 баробардан қимматга (208,3 млн.сўм ёки 16 100 доллар) сотишда давом этиши учун яна ёпиқ кабинетларда ёпиқ қарорлар чиқариб олишдан бошқа чораси йўқ. UzTest’нинг ойларга чўзилган полигон синовлари ҳам энди кам. Бензинли мошинларникидан ҳам қимматроқ, каррасига ошган утилизация йиғими ҳам етмайди.

Зудлик билан янги тақиқлар ўйлаб топилиши лобуд (айтайлик, антидемпинг божлари ё осмон солиғи). Шундай тақиқлар бўлсинким, нафақат ўлмаётган моккиларни қийратворсин, нархларни янада қимматлаштириб берсин.

Ҳа, яна бир йўли бор: 7 745 долларлик Seagull’ни маънавиятга коппор зид, деб эълон қилса ҳам бўлади.
Имкониятлари кенг кредит карта!

🚀 Hamkorbank сизга молиявий имкониятларингизни кенгайтирувчи ва қулайликни янги босқичга олиб чиқувчи янги маҳсулотни тақдим этишдан мамнун!

Нега айнан Hamkorbank'нинг янги кредит картаси?

Бу 50 кунгача имтиёзли кредит муддати нафақат харидларга, балки пул ўтказмалари ва нақд пул ечиш операцияларига ҳам татбиқ этиладиган Ўзбекистон бозоридаги биринчи кредит картасидир!

Асосий афзалликлари:

50 кунгача имтиёзли муддат: Дўконларда харид қилинг, нақд пул ечинг ёки пул ўтказинг – фоизсиз муддат барча операцияларга амал қилади!
Бепул чиқариш ва хизмат кўрсатиш: Карта учун ҳеч қандай комиссия олинмайди ва йиллик хизмат кўрсатиш мутлақо бепул!
50 млн сўмгача кредит лимити: Кутилмаган харажатлр ёки режалаштирилган харидлар учун ишончли молиявий захира.
Қайта тикланувчи кредит: Бир марта расмийлаштириб, кредит маблағларидан қайта-қайта фойдаланиш имкониятига эга бўлинг.

* Карта Visa платформаси асосида ишлайди.

Батафсил маълумот олиш ва картани расмийлаштириш учун Hamkor иловасини юклаб олинг !

Реклама
2025/07/06 03:04:38
Back to Top
HTML Embed Code: