Telegram Web Link
Дорихоналар учун ўлпон бекор бўладими?

Кейинги вақтда товони бизнес бўйнига илиниб, пировардида истеъмолчилар чўнтагидан олинадиган ўлпонлар роса урчимоқда, бу кетишда, тўхтатилмаса, яна авж олади. Йўқ жойдан оқиб турадиган охур яратиб олиш амали бизнеси билан чатишиб кетган корчалонларнинг севимли усулига айланиб бормоқда.

Ўтган ҳафта Фармацевтика агентлиги Ўзбекистонда дорихоналар учун жорий этилган мажбурий GPP сертификати учун тўловларни кўзда тутувчи ҳужжатни ички қарор билан тасдиқлаб олиб, тўловлар ундирилаётгани ҳақида Кунўз суриштируви эълон қилинганди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Адлия вазирлиги GPP сертификати учун мажбурий тўлов белгилаш ҳақидаги идоравий ҳужжатни ноқонуний деб топиб, уни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш юзасидан Фармацевтика агентлигига тақдимнома киритгани маълум бўлмоқда. Албатта, йўқдан кўра юпанчиқ. Адлия вазирлигига раҳмат.

Лекин бу ўлпон ҳужжати бекор бўлди дегани эмас. Бу ҳали дорихоналардан ноқонуний ундирилган миллионлар тадбиркорларга қайтарилди, дегани эмас. Эртага шу каби қийшиқ регуляция яна қайтмади, дегани эмас.

Агар давлатчиликни ичдан емирадиган олигархия, клептократия ва непотизм каби иллатлар Ўзбекистон устидан ғалаба қозонишини истамасак, бу каби кўринишларга, хусусан хусусий чўнтакларга тушадиган мажбурий кўринишдаги тўловларнинг барчасини қатъий ва қонун йўли билан тақиқлаш керак бўлади.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бухорий, Термизий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур сингари буюк аждодларимиз ҳақида фильмлар ишланган. Аммо бу фильмларнинг ҳаммаси уларнинг етуклик, айни камолотга ва кучга тўлган даврлари ҳақида.

Ҳатто 11-12 ёшида тахтга ўтирган Бобурнинг ҳам болалиги ҳақида ҳеч нима билмаймиз. Улар қандай оилада вояга етган, ота-оналари, устозлари кимлар эди ва таълим-тарбияни қандай инсонлардан олишган – болаларимиз-ку майли, биз катталар ҳам деярли бехабармиз.

Болалар контентини ривожлантириш маркази ана шу бўшлиқнинг ўрнини тўлдириш мақсадида "Улуғлар болалиги" туркумига қўл урибди. Бунда буюк аждодларимизнинг болалик даври ҳақида бадиий ва анимацион фильмлар суратга олинар экан.

Бугун туркум доирасида илк лойиҳа – "Темурбек" тарихий бадиий фильмига ижодий танловлар эълон қилинди.

Танловга ҳужжатлар 16 октябрдан 1 ноябрга қадар қуйидаги манзилда қабул қилинар экан: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зиё кўчаси, 2-"А" уй.

Марказнинг лойиҳалари болаларимизда танлов пайдо қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Франция Тараққиёт агентлиги Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор

Франция Тараққиёт агентлиги Ўзбекистондаги 10 йиллик фаолиятини нишонламоқда.

Франция ҳукуматининг барқарор инвестициялар ва халқаро бирдамлик сиёсатини илгари сурувчи молиявий институти Ўзбекистондаги “яшил ўсиш”, электроэнергия соҳасида трансформацияси, ирригация ва сув ресурсларини оқилона бошқариш ҳамда чорвачилик каби соҳаларидаги устувор йўналишлардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

“Сўнгги ўн йил давомида 1,6 миллиард евродан ортиқ миқдордаги сармоялар орқали ФТА Ўзбекистоннинг барқарор ва фаровон келажак сари йўлида ишончли ҳамкори бўлиб келди", — деди Амели Обер хоним. “Бизнинг ҳамкорлигимиз инклюзив ривожланиш ва экологик масалалар бўйича умумий мақсадларимизни ифодалайди".

Кеча ўтган анжуманда агентликнинг кейинги йилларга тузилган ҳаракатлар стратегияси тақдим этилган.

Расмий маълумотларга кўра, Франция тараққиёт агентлиги хорижий мамлакатлар молия институтлари орасида Ўзбекистоннинг йирик беш кредиторларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон шимолдан газ импортини оширмоқдами ёки камайтирмоқдами?

Spot'нинг Россия ҳукумати сайтига таяниб ёзишича, Ўзбекистон 2025 йилда шимолдан газ импортини 2 млрд.кубга, 7,7 млрд.куб.гача оширади. Россия ҳукумати сайтида Газпром Ўзбекистон йилига 7,7 млрд.куб газ етказиб бериш бўйича шартномани давом эттрилаётгани қайд этилган (хабар таҳрир этилган бўлиши мумкин). Ўзбекистон энергетиклари тарқатган тегишли шаблон хабарда босқинчилардан газ импорти ошишига оид ёки умуман биронта рақам келтирилмаган.

Гап шундаки, расмий статистикага кўра, 2025 йилда Ўзбекистон газ импортини оширмаган, қайтанга кескин камайтирган Ўтган 8 ойда 885,9 млн.долларлик ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,9% кам газ импорти бўлган. Минтақамизда шаклланган импорт нархлардан келиб чиқилса, бу ўртача 5,5 млрд.куб газ дегани. Бу ҳали ҳаммаси босқинчиларнинг гази дегани эмас, бунинг ичида туркман гази ҳам бор.

Хўп, босқинчилар иддао қилаётгандек газ импорти қолган ойларда оширилади ҳам дейлик. Кимдан, яна гонконгдаги ўртамчиларданми? Бу газ нима қилинади? Ўғри олигархия бюджетдан субсидия олиб яширин қарорлар билан реэкспорт қиладими?

Қишга тезак жамлашга ундалаётган ўзбек халқига импорт газнинг қанчаси етиб боради, масалан? Иссиқхоналарга қанчаси боради? Метан заправкаларига-чи?

Балки йилига 3 млрд.кубга етаётган газ экспортини тўхтатсак, импортни оширишга умуман ҳожат бўлмас?
bakiroo
"Бухоро туристик маркази" лойиҳаси музлатилдими? Манбаларга кўра, ўтган йили январь ва февраль ойларида аёвсиз бузилган Бухоро шаҳри маркази ўрнида бунёд этилиши эълон қилинган, "Боқий Бухоро" туристик маркази қурилиши ёки қурилмаслиги тақдири шу кунларда…
Шунча вақт, пул ва репутация йўқотилганига яраша Бухоро туристик марказини эски аэропорт ўрнида қурса бўлмайдими?

Бухоронинг тарихий биқинида ўнлаб бинолар ва стадиони бузиб теп-текис қип ташланганига яқинда 2 йил бўлади. Бухоро туристик марказини бу манзилда қуриш хато эканини ўша пайтда ҳам билишарди, ҳозир ҳам билишади (ҳатто бир муддат соғлом ақл ғолиб бўлиб, ЮНЕСКОнинг талаблари инобатга олиниб, бошқа манзилда қуриш ҳам айтилганди).

Бухоро шаҳрида туризм маркази қурилиши давом эттирилиши яна кун тартибига чиқарилаётган экан, балки хато устига хатоларни такрорламай, лойиҳани эски аэропорт ўрнида қуриш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир. Янги аэропорт қачондир қуриб битказилгач, барибир эски аэропорт ўрни бўш қолади. Эски аэропорт ўрни шаҳарнинг баҳаво биқинида, Нақшбанд комплексига ҳам яқин. ЮНЕСКО ҳам ўз мезон ва принципларига қарши боришига тўғри келмайди. Бузиб теп-текис қилиб ташланган шаҳар марказини яшил маконга айлантирса бўлади, авлодлар бу ишни асрлар давомида олқишлайди.

Агар мақсад ростанам Бухоро манфаати йўлида туристик марказ қуриш бўлса дейман-да
Масъулиятсиз ва етарли ахборотсиз қарз олишнинг зарари алкоголь ва тамаки зараридан кўп бўлса кўпки, кам эмас

Рақобат қўмитаси аҳолига таклиф этилаётган кредит, жумладан микроқарзлар реклама қилинганда, реклама майдони ва вақтининг камида 10 фоизи бундай молиявий хизматлардан фойдаланиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарлар тўғрисидаги огоҳлантиришга ажратилиши қоидасини Реклама тўғрисидаги қонунга (43- модда) киритмоқчи.

Албатта, аҳоли молиявий хабардорлигини ошириш, онгли қарз олиш маданиятини шакллантириш ҳамда ортиқча қарз юкининг олдини олишга биринчи қадам учун бу яхши, лекин етарли эмас.

Масъулиятсиз ёки оқибатлар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган, кўпинча эътиборсиз қарздорлар учун эҳтимолки майда ҳарфларда ёзиладиган ва ўқилмайдиган ёки бир неча секундлик огоҳлантиришлар етарли бўлмайди.

Шунинг учун, огоҳлантиришда қўлланиладиган шрифтлар асосий матн шрифтидан фарқланмаслиги, табиийки, реклама матни умумий майдони ва вақтининг 25%игача оширилиши ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.

Зеро, масъулиятсиз ва етарли ахборотсиз қарз олишнинг зарари алкоголь ва тамаки зараридан кўп бўлса кўпки, кам эмас.

Шунингдек, "плашка"да масъулиятсиз ва етарли ахборотсиз қарз олиш оқибатида қарз ботқоғига ботиб криминал йўлга ўтиш, қимор ва онлайн лотореяларга кириб кетиш, қарз қайтариш учун қарз олиш ва якунда ҳаёти бутунлай издан чиқишнинг аниқ оқибатлари тасвирланиши керак (худдики, масалан, чекиш ўлдиради, каби).
bakiroo
​Энг кам ойлик иш ҳақи тезроқ ошадими? Соатбай ёки кунбай минимумга қачон ўтамиз? Марказий банк 2025 йил 2- чорак якунлари бўйича Меҳнат бозори шарҳида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори пастлиги масаласини кўтарган. Ҳозирда Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ…
Давлат раҳбари энг кам иш ҳақини белгилашда адолатли ёндашув бўлишига эътибор қаратди

Бугунги йиғилишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори билан боғлиқ масала ҳам кўтарилган.

Давлат раҳбари ўз чиқишида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори давлат идораларининг ҳисоб-китоби ва таклифи билан ҳал қилинаётганини эслатиб, келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини (Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси) ҳам жалб қилишни таклиф қилган.

Ҳозирги ёндашувларда меҳнаткашларнинг эмас, бизнеснинг ва бюджет тақсимловчиларининг кўз қараши ифода этилмоқда. Чунки бизнес ва бюджет ҳар доим кам маош тўлашга интилади. Бу тор манфаатлар ва қисқа муддатли режалар ҳолатида табиийлигини инобатга олиш керак, лекин узоқ муддатли истиқболда паст даражадаги энг кам иш ҳақи меҳнат унумдорлигини ёмонлаштиради, яширин иқтисодиётни рағбатлантиради, инсон сифатини яхшилашга хизмат қилмайди. Охирги йилларда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақининг ўсиши Марказий Осиёдаги қўшнилардан ҳам ортда қолмоқда.

Шунинг учун энг кам иш ҳақини белгилашда меҳнаткашларнинг овози ва манфаатлари акс этиши керак. Шунда адолат бўлади.

Акс ҳолда бу кетишда камбағалликнинг ижтимоий хавфли кўриниши — ишловчи камбағаллар тоифаси пайдо бўлади.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Octobank’нинг “Football CUP” биринчи корпоратив турнири!

11 октябр куни Jar стадионида Octobank ходимлари ўртасида биринчи футбол турнири бўлиб ўтди. Тўрт жамоа — FC OCTO CITY, OCTO STARS, OCTO UNITED ва OCTO ATHLETIC ғалаба учун кураш олиб борди. Стадион эса диджей, мухлислар ва кaрнай-сурнай садолари билан ҳақиқий байрам муҳитига айланди.

📱 Ғолибларга iPhone 16 Pro Max, иштирокчилар ва мухлисларга эса совғалар топширилди.

«Бу ўйин ҳам бизга ишда ҳам, спортда ҳам янги ютуқларга илҳом бағишласин!», — деди Octobank бошқаруви раиси ўринбосари Сардор Шавқиев.


Реклама
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Контрабанда ўз мавқеини йўқотмоқда, аммо Фарғона водийси курашнинг асосий жабҳаси бўлиб қолмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ноқонуний бозорнинг улуши водий бўйича 19,3 фоизни, Фарғона шаҳрида эса 30,3 фоизни ташкил этади.

Тўққиз ойда вилоят бюджетининг йўқотишлари 139,2 миллиард сўмдан ошди. Биргина Фарғона вилоятида 486 миллион сўмлик 34 600 қутидан ортиқ қалбаки сигареталар давлат идоралари вакиллари ва журналистлар иштирокида йўқ қилинди.

Фарғонада Божхона қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида давлат тузилмалари вакиллари "тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш самарадорлигини ошириш ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича" йўл харитасини имзолади. Ҳужжатда қайд этилишича, "ушбу йўл харитасига киритилган чора-тадбирлар минтақада тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланиши кўрсаткичларини кескин камайтиришга қаратилган."

Бу ишларнинг натижасини кузатиб борамиз.
Тошкентда ҳам қачондир ҳоким сайланса, трамвайни қайтарса керак

Урбанист Ҳусан Мукимов Франциянинг энг гўзал шаҳарларидан бўлган Страсбургга сайланган ҳоким трамвайни қайтаргани ҳақида ёзмоқда:

"1960-йилларда Франциянинг Страсбург шаҳрида келажак автомобилларда, деб ҳисоблаб, трамвайлар эскилик қолдиғи сифатида қабул қилинган. Шу сабабдан барча трамвай линиялари бузиб ташланди, вагонлар эса металлаломга топширилди.

Бироқ 1980-йилларга келиб вазият тубдан ўзгарди: шаҳарда тирбандликлар кўпайди, атроф-муҳит ифлосланиши ортиб борди. Энг муҳими, Страсбург ўзининг тарихий қиёфасини йўқотди. Велосипедчилар ҳам, пиёдалар ҳам деярли йўқолиб кетди.

Бу вазиятни ўзгартиришга 1989 йилда шаҳар мэри этиб сайланган Катрин Траютман (Catherine Trautmann) ўз харакатини бошлайди. У таваккал қилиб, оммабоп бўлмаган қарор қабул қилади ва шаҳарнинг транспорт фалсафасини тубдан ўзгартиришни бошлайди. Ва шаҳарга трамвайни қайтаради.

Натижада Страсбург Франциядаги трамвай шаҳар дизайнининг ажралмас қисмига айланган биринчи шаҳарга айланди. Архитектор ва муҳандислар нафақат трамвай йўллари ва станцияларини, балки шаҳар кўчаларининг қиёфасини ҳам лойиҳалашди.

Трамвай рельслари променадлар, фонтанлар ва яшил ҳудудлар орқали ўтказилди. Alstom компанияси ишлаб чиққан пастполли трамвайлар барча учун қулай бўлди - болали ота-оналар, кексалар ва ҳаракати чекланган одамлар учун ҳам.

1994 йилда биринчи А-линия ишга тушди. Бу йўналиш нафақат муваффақиятли бўлди, балки шаҳарда янги транспорт маданиятини яратди.

Лойиҳа шунчалик омадли чиқдики, қисқа вақт ичида Страсбургда трамвай йўналишлари сони олтитага етди ва ҳозирда кунига 300 мингга яқин аҳоли трамвайдан фойдаланади.

Энг муҳими шаҳар ҳавоси анча тозаланади, аҳоли яна сайр қилишни бошлайди, кафе ва ресторанлар жонланади.

Кейинчалик бу тажрибани Франциянинг бошқа шаҳарлар: Нант, Бордо ва Лион ҳам қўллайди.
Страсбург тажрибаси бутун Европадаги кўпгина шаҳарлар учун яхши мисол бўлди.

2017 йилда янги D-йўналиш ишга тушди, у Германиянинг Кель (Kehl)
шаҳригача боради. Бу Европа бирлигининг ҳақиқий тимсолига айланди.

Тасаввур қилинг: трамвайда дарё устидан ўтасиз ва бошқа давлат ҳудудига ўтганингизни фақат телефон операторингиз юборган SMS-хабар орқали биласиз.

Мен ҳам шахсан шу йўналишдан фойдаланиб, Кельдан Страсбургга трамвайда борганман".

Кеча тармоқ фойдаланувчилари қурилиши режалаштирилаётган BRT автобус маршрутлари Тошкентнинг эски трамвай йўлларидан бирга-бир ўтишига эътибор қаратишди. 2016 йилда Марказий Осиёнинг энг қадимий ва энг катта юзйиллик трамвай тармоғи тугатиб юборилган эди. Албатта, пойтахт жамоат транспортини издан чиқарган бу зараркунандалик ҳалигача хато сифатида тан олингани йўқ. Трамвай йўллари ўрнига яна юз миллионлаб доллар совуриб ер усти метроси қураяпмиз, BRT йўллари қурилмоқда. Лекин буларнинг ҳеч бири трамвай ўрнини боса олмайди. Ўзбек чиновникларида трамвайларга нисбатан қанақадир тушуниб бўлмас нафрат бор.

Дарвоқе, қўшни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ер усти метроси қуришдек қиммат ва самарасиз ғоядан воз кечишипти, Бишкекка замонавий трамвай тизими қуриладиган бўпти.
Трансформаторларга импорт божи ошириладими?

Қарор билан Ярим тайёр мис симлар ва мис маҳсулотлари экспортини ҳамда ТИФ ТН коди 8504, 8541 ва 8544 бўлган товар позициялари бўйича импортни чуқур таҳлил қилган ҳолда, зарур ҳолларда, тегишли божхона божи ставкаларига вақтинчалик ўзгартириш киритиш вазифаси белгиланмоқда. Ижрочи сифатида Бош вазир ўринбосари, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раҳбари Ж. Ходжаев белгиланган (муддат 2025 йил октябрь).

Мис симлар учун экспорт божлари оширилаётгани ҳақида аввал ёзган эдик.

Энди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш учун Трансформаторлар (ҳозирда 5% бож), ярим ўтказгичли асбоблар (бож йўқ), оптик толали кабеллар (ҳозирда 10% бож) оширилиши мумкин бўлади.

Қизиқ тарафи, 2 ой аввал Ангренда трансформатор ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилганди. Ўзбекистонда қайсидир "маҳаллийлаштирувчи" корчалон пайдо бўлса, кўп ўтмай лобби ясаб, аждарҳо божлар қўйилиши нормага айланиб қолган. Масалан, 420 млн.долларга тушган ва навбатдаги зараркунандага айланган Тошкент металлургия заводи манфаати учун божлар киритилганди.

Маҳаллийлаштириш афераларидан иборат аксар лойиҳалар аждарҳо божлар киритилмаса, сон-саноқсиз имтиёзлар берилмаса, аввалбошдан иқтисодий самарасиз. Лекин шуни кўра-била туриб яна қайта ва қайта хато қарорлар қабул қилинаверади.
Нега одамларни кўчада тўхтатиб, ўзини ўзи банд қилдираётганлар пайдо бўлди?

Газета Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовдан интервью олган.

Суҳбат давомида вазир бандлик рақамлари бўйича қатор саволларга ҳам жавоб берган.

Хусусан, кўчада одамларга ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиш таклиф қилинаётгани ҳолатлари бандлик органлари томонидан амалга оширилмаётгани таъкидланган (бу усул бандлик режасининг энг катта юкламаси тушган давлат банклари томонидан қўлланилмоқда, таъкид бизники).

"KPI барча тармоқ ва ҳудудларда мавжуд, лекин ҳеч қаерида Бандлик вазирлиги фалонча ишчи ўрни яратсин дейилмаган. Бандлик бўлими ходимларига бундай KPI қўйилмаган". Бандлик бўлимлари ходимлари, менинг раҳбарлигимдаги вазирликнинг ходимлари иш ўрни яратмайди, — дея таъкидлаган вазир.

Шунингдек, яратилаётган иш ўринларини yangiish.mehnat.uz электрон платформасига киритишда 7 босқичли фильтрдан ўтказилиши айтилган. Вазирга кўра, агар ходим бирор корхонада бир неча кун фаолият юритиб, кейин ишдан бўшаб кетган бўлса, ахборот тизими уни «ишга жойлаштирилди» деб ҳисобга олмайди.

Айтилишича, платформага битта ЖШШИР эгасини ҳисобот ойи учун фақат бир маротаба киритиш мумкин бўлди. Бу чеклов, ўз навбатида, фуқароларни бандлар рўйхатига такроран киритилишининг олдини олади.

Жамоатчилик ва ОАВда пайдо бўлаётган эътирозли саволларга вазирнинг ўзи жавоб бера бошлагани жуда тўғри қадам. ОАВ орқали мана шундай чиқишларни доимийга ва даврийга айлантириш керак. Масалан, юзминглаб куръерларни ё меҳнат мигранти ё яна камбағалларга айлантириши мумкин бўлган янги ўлпон ва тўсиқларга нисбатан, пахта теримига мажбурий меҳнатга ундовлар кўпаёятгани ҳақида, янги йилдан 9- синф битирувчиларининг 50%и қайси усулда техникумларга тақсимланиши ҳақида пайдо бўлаётган саволларга вазирлик позицияси ва муносабати билдириб борилса бўларди.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Олимлар ва тадбиркорлар учрашуви бўлиб ўтади

Илм-фан ва бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида бугун, 18 октябрь куни соат 13:30 да Lotte City Hotels Tashkent Palace меҳмонхонасида учрашув ташкил этилади.

Учрашувда инновацион ғоялар, илмий ишланмаларни тижорийлаштириш, инвестиция жалб қилиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Маълумот учун, 2021–2025 йилларда 2 200 дан ортиқ фан доктори ва 13 мингдан зиёд фан номзодлари илмий иш ҳимоя қилган бўлиб, шуларнинг 863 таси бевосита бизнес соҳалари билан боғлиқ.

Тадбиркорлар лойиҳа доирасидаги видеолавҳалар билан танишиб, ўзларига мос илмий ғояни танлаб, ҳамкорликни бошлашлари мумкин.

Бу — фан ва ишлаб чиқаришни яқинлаштириш, илмий салоҳиятни амалиётга татбиқ этиш йўлидаги жуда зўр ғоя. Барча олимлар, тадбиркорлар ва инновацияга қизиққанлар ушбу учрашувда иштирок этишга таклиф этилади.
Шантаж қилиб урушга юборилган ватандошимиз Ўзбекистонга қайтишга ҳукуматдан ёрдам сўрамоқда

Бухорода туғилган ватандошимиз Зухриддин Йўлдошевни Россия полицияси гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ишда айблаб, 12–18 йилга қамаш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг унга «қамоқ ёки фронт» деган танлов қўйилган.

Йўлдошевнинг айтишича, фронтга етиб келганида уни украин ҳарбий дрони пайқаган ва у дарҳол қуролсиз ҳолатда таслим бўлган.

Анҳорнинг ёзишича, ватандошимиз Ўзбекистон ҳукуматидан ватанига қайтишда ёрдам сўрамоқда.

Россияга ишлашга борган ўзбекистонликларни гиёҳванд моддалар билан ушлаб, уруш ёки қамоқни танлашга мажбурлаш оммавий тус олмоқда. Украина босқинига мажбурий жалб қилинган ватандошларимизнинг аниқ ҳисоби ҳам йўқ. "Яшашни истайман" лойиҳасига кўра, Россия минглаб ўзбекистонликларни Украина босқинига юборган.
Ўзсаноатқурилишбанкнинг халқаро капитал бозорида дадил қадами — иқтисодий ривожланишда янги босқич

Жорий йил октябрь ойида Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Лондон фонд биржасида қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг бўлган биринчи даражали қўшимча капитал (AT1) халқаро облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди.

Биринчи даражали қўшимча капитал халқаро облигациялари муддатсиз, субординар (таваккалчилик даражаси юқори) молиявий инструмент ҳисобланиб, тижорат банкларининг регулятив капитал таркибига киради.

Мазкур амалий қадам банкнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, халқаро бозорда замонавий молиявий инструментларни жорий этиш ва Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш йўлида муҳим босқич бўлди.

Еврооблигацияларни жойлаштириш жараёнида 22 та давлатдан 130 дан ортиқ инвесторлар иштирок этди. Улар томонидан келиб тушган таклифлар умумий 1,4 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, белгиланган миқдордан 4,8 баравар кўпни ташкил этди. Юқори талаб натижасида облигациялар бўйича фоиз ставкаси 9,75–10 фоиздан 9,45 фоизга пасайтирилди.


Инвесторлар географияси кенг қамровли бўлиб, уларнинг 45 фоизи Буюк Британия, 28 фоизи АҚШ, 8 фоизи Бирлашган Араб Амирликлари, 6 фоизи Швейцария ва бошқа мамлакатлардан бўлди. Жойлаштириш жараёнида “Citibank”, “J.P. Morgan”, “Societe Generale”, “Standard Chartered”, “Raiffeisenbank” ва “Mashreqbank” каби жаҳоннинг етакчи молия институтлари воситачи сифатида иштирок этди.

2024 йилда Грузиянинг TBC Bank шундай турдаги B2 даражали облигацияларни 10,2 фоиз, жорий йилда Туркиянинг Sekerbank ССС даражали облигацияларни 10,8 фоиз ставкада жойлаштирган эди. SQB’нинг бу галги натижалари халқаро молия бозоридаги юқори ишонч ва мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигининг амалий тасдиғи бўлди.


АТ1 халқаро облигацияларини муомалага чиқариш қуйидаги имкониятларни яратди:

1.
Банкнинг биринчи даражали регулятив капитали Базель III халқаро стандартларига мувофиқ ошди. Бу молиявий барқарорликни таъминлаш ва рискларни диверсификация қилишда муҳим омил бўлди.

2.
Капитал етарлилик кўрсаткичи
15,9 фоиздан 19 фоизга
(ўсиш 3,1 фоиз)
, биринчи даражали капитал етарлилиги эса
11,3 фоиздан 14,7 фоизга
(ўсиш 3,4 фоиз)
етди.

3. Қўшимча кредит имконияти:
мазкур натижа банкка 2026–2027 йиллар давомида қўшимча
2,1 миллиард АҚШ доллари
миқдорида кредитлар ажратиш, шу орқали тахминан
80 миллион долларлик
соф фоиз даромадини шакллантириш имконини берди.

4. Инвестиция фаолиятини кенгайтириш:
кредит қўйилмаларининг ўсиши мамлакатдаги ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни янада кенгайтиришга замин яратди.

5. Тизимли аҳамият:
мазкур тажриба давлат иштирокисиз капитал жалб қилиш ва бозор механизмларига асосланган молиявий барқарорликни таъминлаш йўлида бошқа тижорат банклари учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилмоқда.


АТ1 халқаро облигациялари эмиссияси Ўзсаноатқурилишбанкнинг молиявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Учинчи чоракда банклар асосан ўз ресурслари ҳисобидан ипотека ажратган

2025 йил учинчи чорагида 5 630,8 млрд.сўмлик ипотека кредитлари молиялаштирилган (2- чоракда 4 977,9 млрд.сўм, 1- чоракда 4 458,6 млрд.сўм). Ипотеканинг фаол ўсиши нафақат чорак-чорак қирқимида, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ҳам юқори суръатда давом этмоқда (+28,5%). Кўчмас мулк бозорида бир ярим йиллик танаффусдан кейин яна нархларнинг қимматлаша бошлагани нафақат сўмнинг мустаҳкамланиши, ипотеканинг фаоллашаётганига ҳам боғлиқ.

Қизиқ тарафи, 3- чоракда молиялаштирилган ипотеканинг энг катта қисми - 3 874,3 млрд.сўми ёки қарийб 69%и банкларнинг ўз ресурслари ҳисобига тўғри келмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан 1 042,2 млрд.сўмлик, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ресурслари ҳисобидан 714,3 млрд.сўмлик ипотека молиялаштирилган.

Ипотеканинг нархи бироз қимматлашган. Тижорий ипотека бўйича 22,8%гача (+0,1%), имтиёзли ипотека бўйича 17,1%гача (+0,1%).

Ипотекада олган қарздорлар орасида аёлларнинг улуши 40%га етган (ўтган чоракда 39%, ўтган йили шу даврида 37%), яъни аёллар қўрқмай, ипотека ҳисобига мулкдор бўлмоқда. Қарздорларнинг 25%и 18-30 ёшлилар (ўтган йили шу даврда 27%).

2025 йилнинг 9 ойида ажратилган ипотеканинг ўртача миқдори 300,7 млн.сўмни ташкил этган (ўтган йили шу даврда 274,0 млн.сўм).

Ипотекада бирламчи бозорнинг улуши 74%га етган (ўтган йили шу даврда 65% эди).

9 ойда ажратилган ипотеканинг энг катта қисми пойтахт Тошкентга тўғри келади: 4 816,5 млрд.сўм (жами ипотеканинг 31,9%и). Ўтган йилнинг шу даврида пойтахтликларга 3 536,9 млрд.сўмлик ёки жами ипотеканинг 30,1%и ажратилганди.
2025/10/27 08:16:46
Back to Top
HTML Embed Code: